Кўнгли қаттиқлик билан келмагай меҳру шараф
Суюндик МУСТАФО
Муаллиф ҳақида:
Суюндик МУСТАФО (Мустафоев) 1950 йил Навоий вилояти Нурота туманидаги Чашма қишлоғида туғилган. 1972 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Ўзбекистон миллий педагогика университети)нинг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган.
Иш фаолиятини Нурота туманидаги 10-мактабда бошлаган. Тумандаги “Нурнома” газетаси таҳририятида, Навоий вилояти телевидениесида ва Тошкент шаҳридаги “Сано-стандарт” нашриётида меҳнат қилган.
Кўплаб шеърий ва насрий китоблари нашр этилган.
Ижодкор Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Ватандин яхши ёр йўқдир
Ватандин яхши ёр йўқдир, демуш оқил, бу ҳикматдир.
Кимики англамиш ҳақ рост муҳаббатдин муҳаббатдир.
Чаман боғлар аро танҳо бир гулшанки тенгсиз маъво,
Фидо бўлса ақли расо муҳаббатдин муҳаббатдир.
Она диёр бағри бўстон, оламаро гул, гулистон,
Ҳавас этса жумла жаҳон муҳаббатдин муҳаббатдир.
Офтоб гувоҳ, замин огоҳ, мозийи бор мангу садо,
Ҳар ибтидо, ҳар интиҳо муҳаббатдин муҳаббатдир.
Бунда яшар алпомишлар, оламни қамраб олқишлар,
Баҳорга айланган қишлар муҳаббатдин муҳаббатдир.
Айтсам адо бўлмас достон, зиё сочар илму ирфон,
Нисб дунёга Соҳибқирон муҳаббатдин муҳаббатдир.
Истиқлоли нурли дунё, раҳнамоси улуғ дарё,
Бор оламни этмиш шайдо муҳаббатдин муҳаббатдир.
Эй Суюндик, яйра, шод бўл, диёрингдан айлан, ўргил,
Бу гулшанда ҳар бир булбул муҳаббатдин муҳаббатдир.
Бўлмаса
Олиму дониш бўлурми, сўзида ҳикмат бўлмаса,
Соҳиби давлат бўлурми, ўзида ҳиммат бўлмаса.
Савлату келбат ила ҳар ким эрурми паҳлавон,
Гар кураш майдонида қувват, матонат бўлмаса.
Ҳар мақому нағманинг аслида афсун бўлур,
Оқибат мисдир иши, сиру синоат бўлмаса.
Изҳори тил бирла ҳар ким эт эмас, тирноқ эмас,
Гар кўнглининг қатида тафту ҳарорат бўлмаса.
Бир келиб бир кетгувчи омад мисоли селдурур,
Ҳойдан келган ҳуйга кетгай мислида меҳнат бўлмаса.
Кўнгли қаттиқ кимсадин кутмагил асло самар,
Ибтидо не, интиҳо дилда ҳарорат бўлмаса.
Ҳар пешаю ҳар мақомда айтганинг бори бекор,
Дер Суюндик, жавҳарингда иймон саломат бўлмаса.
Очилмагай
Бесабабдин бесабаб бахту йўл очилмагай,
Бесабабдин бесабаб қулфи дил очилмагай.
Қасду жон айлаб талаб озор учун тиш қайрасанг,
Бир куни етса пушаймон кўнгил гули очилмагай.
Эй жигар, ҳар маънида гўл бўлмагин, қул бўлмагин,
Келса омад ҳансираб, гоҳи ўнг, гоҳи сўл бўлмагин.
Эртада недир насиб, бугунни ўлчов англама,
Тошга тегмай гоҳи бош ақл кўзи очилмагай.
Ким келиб, ким кетмади, ном қолди-ю, жон қолмади,
Деса бўлмас ул сўзниким, султонда армон қолмади.
Дил озордан эл безордир, кўҳна ҳақиқатдир азал,
Қулф тушса кўнгилгаким, зангдир йўли очилмагай.
Ҳар қачон ёдингда тут отанг уйининг тарзини,
Сингдир жон қулоғингга, онанинг малҳам сасини.
Тортсалар ўзни нари, бегонадек жигарларинг,
Таънаю дашном сабаб, иззат дили очилмагай.
Айтдилар панду насиҳат, қанча доною оқил,
Дўст билан обод уйинг, муҳтарамдир бу нақл.
Қилча бўлса ким хатоси филча таъриф айласанг,
Ҳолингга ҳамроз бўлиб, кўпнинг қўли очилмагай.
Эй Суюндик, сўз чўзмагил, кимсалар дашном этар,
Мўлжалга тегса етиб, ким бирлари тош ҳам отар.
Маъқулу хуш кўрганлар, дўсту ёрига эслатар,
Дилга дилдош бўлмаса, дил дафтари очилмагай.
Вақтинчалик
Жисму жон боқий эмасдир, умру хаёл вақтинчалик,
Мубтало бўлма сафога, ҳасбу ҳол вақтинчалик.
Тўймаган кўз тўймагай, гар тупроқ тўлдирмаса,
Учма мансабу амалга, бардор-бардор вақтинчалик.
Ҳар маънида мисли тулки ағёрлардан бўл нари,
Кўнглингга тош отғувчи бедодлардан бўл нари.
Қадрингга етмасдан асло меҳру мурувват кутмагин,
Айлагил сабру тоқатким йўғу бор вақтинчалик.
Донишу ҳикмат талабсан, заҳматин зиммангга ол,
Раҳнамо устоз талабсан, пандини кўксингга сол.
Ўқимоқ бирла уқмоқлик келмасин асло малол,
Тўрт муча собит эмас, ҳам нисор вақтинчалик.
Кимсалар кўз-кўз қилурлар мавқею икромини,
Омаду бахт деб билурлар маишат, оромини.
Соясида соялаб бир номдорнинг номини,
Соялар бўлгай сабил, илму амал вақтинчалик.
Таъма бирла ҳеч қачон дилингни пора айлама,
Олди-бердинг фош бўлиб, юзингни қора айлама.
Ҳийлаи найранг билан ўзингни доно айлама,
Нуқсу нуқсон бирла топган амвол вақтинчалик.
Касбу кор айлаб дилингдан бўлгил азизу муҳтарам,
Соҳиби тужжор бўлиб, топ ҳалолдин бу — карам.
Ўғри-каззоблик ила бўлма бир кун муттаҳам,
Ҳаром-ҳаришли молу давлат вақтинчалик.
Дер Суюндик, аҳли дониш нафсига қул бўлмағай,
Сотмагай, сотилмагай, гоҳ ўнгу гоҳ сўл бўлмағай.
Номусу орли бўлар, нафсига ҳеч қул бўлмағай,
Шул эрур мангу ҳақиқат, амал-тақал вақтинчалик.
Ёнгай
Санинг васфингни ёд этсам, умид ичра азоб ёнгай,
Висолинг васлига ташна кўзим ичра қароқ ёнгай.
Туну кунимда йўқ ором, ичу ташимда йўқ маром,
Бору зорим баён этсам, оҳим ичра фироқ ёнгай.
Кимига дил очиб сўрмай, билмаганим билолмаслар,
Алам олти бўлиб ногоҳ, савол ичра сўроқ ёнгай.
Бўлиб-бўлмас айтур ағёр, бўлолмасман анга гуфтор,
Надоматдан чекиб озор, қошлар ичра қабоқ ёнгай.
Умид бир ён, сукут бир ён, тақдир ишин билиб бўлмас,
Турфа хаёл, турфа ўйда соҳил ичра қирғоқ ёнгай.
Лайли бирла Мажнун ҳоли, дерлар ошиқлик тимсоли,
Алар киму мен кимдирман, сирлар ичра сабоқ ёнгай.
Эй, Суюндик, умидсизлик, ёдингда тут, шайтон иши,
Ҳақдин нури имдот етса, кўнгил ичра чироқ ёнгай.
Бородур
Бир-бирини қувлашиб кунлар ўтиб бородур,
Сирларини сирлашиб тунлар ўтиб бородур.
Тонг отару кун ботар кўзни очиб юмгунча,
Хиргойиси хириллаб умр битиб бородур.
Тутқич бермай хаёллар, ошиб-тошиб саволлар,
Алик кутган саломлар дилни ситиб бородур.
Кўнгилга гул экмоққа хоҳиш бору амал йўқ,
Ҳайрон бўлиб ҳайрати карвон кетиб бородур.
Ҳақлигига талашиб ёқа вайрон қанчалар,
Ғаним бўлса харидор дўстлар сотиб бородур.
Эй Суюндик, огоҳ бўл, умр беҳуд тўкилмай,
Фурсатни бой берганлар ёқа тутиб бородур.
Билгил
Дилимни билмасанг, билгил, менга аслинг латофатдир,
Ажаб хулқу хаёлингга жамолинг чун мукофотдир.
На қилдим ахтариб раъно, ўзинг тамоми бўстонсан,
Намозшомгул этар тасдиқ, ҳар тонг ҳоли хижолатдир.
Бўйингки анбару мушкдир, ҳури ғилмон ҳавас айлар,
Масту беҳуш этур атри, бамисли бўйи жаннатдир.
Шамсу қамар тоқи кўкда, осмонимда ою кун сан,
Кўнглим равшанлиги шундан, менга олий иноятдир.
Хаёл айлаб висолингни кўзимни хоблар тарк этмуш,
Бўлиб Баҳромнинг қурдоши, туну куним ҳикоятдир.
Машраб ҳолига тушибман, икки оламга сиғмасман,
Назора этмасанг армон икки дунё қиёматдир.
Умидимдир сани васлинг, абасдир ўзгаси, эй ёр,
Суюндик зору муштоғинг, бу бахт унга саодатдир.
Пайдо
Агар ҳолингга мағрурсан, бўлур хулқда ҳаво пайдо,
Кибр эрур кори абас, қилур ҳар дам хато пайдо.
Ўзингни осмона чоғлаб, ўзгани қадри паст билсанг,
Содир бўлғай маломатлар, бўлур ортдан бало пайдо.
Шайтоний ҳасад бирлан, бўлма лаънатга мубтало,
Мисли Қобил ўз-ўзингдин бўлғуси қазо пайдо.
Қанча эрса зўру заринг, тарозида кирдикоринг,
Киши молини ебсанки, қилар бир кун жазо пайдо.
Етдим демай кўк тоқига, ер чоҳидан хабардор бўл,
Қорун умридан ол улги, қилар бир кун низо пайдо.
Ўзингни авлиё билма, ҳикмат конига етдим деб,
Бош кўтарса аҳли тупроқ бўлар чексиз ғавғо пайдо.
Оёқ остидаю замин, ичу таши ганжина пок,
Эй Суюндик, ушбу ибрат этсин сенда садо пайдо.
Йўқламас
Бу тириклик шевасида мушкулни осон йўқламас,
Ҳақ сўзинг бўғзингда бўлса, ростингни ёлғон йўқламас.
Ҳар муроду мақсадингда ўзгага этма жабр,
Тегса қарғиш гар нишонга анда Луқмон йўқламас.
Мард эсанг этгил вафо, бўлма қуруқ кўнгил фуруш,
Ўйлама, бир кун келиб таънаю дашном йўқламас.
Нокасу нодон билан бўлсанг агар сирдош, яқин,
Ақрабо қочгай йироқ, хешу қадрдон йўқламас.
Донаю танҳо санаб, бўлма ўзингга маҳлиё,
Оқибат ёлғиз қолурсан, номингни инсон йўқламас.
Кўнгли қаттиқлик билан келмагай меҳру шараф,
Лутфу эҳсон етмаса, номингни меҳмон йўқламас.
Эй Суюндик, билмаса қадрингни гар дўст тутганинг,
Кеч агар султон эса, сўнгида армон йўқламас.

