Сингил
Маъмура ЗОҲИДОВА
Муаллиф ҳақида:
Маъмура ЗОҲИДОВА 1973 йили Наманган вилояти Чуст туманида туғилган. Наманган давлат университетида таҳсил олган. Таълим соҳасида, Қуролли Кучлар тизимида фаолият олиб борган. Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлайди.
“Айтилмай қолган гаплар”, “Ҳикоялар”, “Нажот куйи”, “Манглайдаги ёзиқ” китоблари чоп этилган. Қисса ва ҳикоялари инглиз, рус ва турк тилларига таржима қилинган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
(ҳикоя)
— Саламат опами?
— Ўша.
— Нима кўтарвоган? Оқ нарсайканми?
— Билмасам. Сўраб кўрайми?
— Оғир, шекилли. Ҳозир келсин-чи. Орқасидан иккита ит тушибди, қара.
— Биттаси — ажинаси ўрис кучук. Сашканики. Шуниям қорни бор-да, тирикчилик ғамида.
— Кўтаришармиз.
Аёл томоқ қириб-қириб яқинлашди-ю, ортидаги итларга сал эгилиб ердан тош оладиган сиёқ қилди. “Тур”, деди, ҳайдади. Икки уй наридаги паст кўчага қайрилиб кетди.
— Гўшт, шекилли-да. Худойи қиладиган эди.
— Нимага унда уйига юрмади?
— Зиннатби холасиникида ертўласи ёпиқ-ку. Ўшатга қўярмикан дедим.
— Ҳа-а. Опанинг ўғли тузалиб кетди, а? Шу болани энди ўрнидан туролмас экан дейишувди. Худо шифо бераман деса, ҳеч гапмас.
— Ҳа, опага қойил лекин. Эр қартабоз, доим кўчада. Ўзи тузатволди-ей.
— Эртага ош экан-да.
— Нима экан?
— Ош, шекилли, дейман.
…Кун ботса, овоз яхши юради — аёл ҳаммасини эшитди. “Худойи қилиш керак, тўғри, кейинроқ бўла қолсин”, деди пичирлаб.
У муздек ҳавода лабини маҳкам тишлаб, қўлидагини гоҳ тикка, гоҳ қўлтиқлаб кўтариб борарди. Сирғалиб кетган рўмолининг ўнг учи этагига тегяпти.
Шаҳарнинг уловини атай акасининг кўчаси бошидан қайтарди. Бу тожик йигит “Ким яшайди бу уйда, бу хотин нимага бунақа нарсани ўзи кўтариб юрибди?” деб бировдан суриштирадигандек.
Хаёлида кўча туйқусдан ёришди, рўпарасидан велосипед минган акаси ўқишдан қайтаётибди. Тўққизинчида ўқийди. “Бер сумкангни”, дейди ҳозир, қайрилади, мактабга ташлаб келади.
Илгари болалигида шу кўчадан ҳар куни ўн марталаб қатнарди, борарди-келарди. Мактабга, акасининг ёймасига, сигирни ташлаб, қайтариб олиб келишга. Бир хил йўлдан қатнайверишни ёмон кўрарди. Онасигаям “оёғим оғрияпти, бормайман” деб баҳона тўқирди. “Кўзимни юмсам-у, борадиган жойимда бўп қолсам”, дерди. Кўп ишга акасини ғизиллаттирган.
Аёл оёқлари учига қаради. Бир-икки тўй-издиҳомда музлаб увишиб қолганига қанча тепинибди. “Ҳамма бир яхши ўтирибди, бу ўлгурга нима жин теккан, қуриб кетсин!”.
У яна оҳ тортди. Кўзёши юзини музлатиб юборди. Янаям қовоғи тагини куйдириб иссиқ-иссиқ янгиланиб турибди ёшлари. Охирги марта ўғлини дўхтирхонадан умидсиз олиб чиққан куни йиғлаган. Ўғли мотоциклдан учиб, олти айланиб ерга тушганди. Кейин минг тавба қилди. “Худойим, ношукур бўлмайман, энди ҳеч йиғламайман, — деди. — Шундаям тирик опқоласан-у, мен йиғлайинми?” Эрта-кеч илтижо қилди. Ўшанда акаси ҳасса таяниб неча бор кўргани келганди. Ётиб қолган жиянидан кўра синглисига ачинган. У ёққа ўтса, у ёққа қарайди, бу ёққа ўтса, бу ёққа. Ерга ботиб ётган ўспирин жияни билан иши йўқдай.
Акаси қандоқ забардаст эди. Пенсияга етмай туриб ўқитувчилик ишидан бўшади. Қанд деганиям бирдан чиқаркан-да. Нечта семинар дарслари ўтган биология хонасини бир кунда бўшатиб чиқиб кетган. О, у хона нақ томошахона эди. Ҳамма жиҳозини ўзи олиб келганди.
“Мўмиё ичир, мушални тўхтамай едир, чақонғичдан чучвара қилиб бер, оёқ-қўлига чақонғичда савала”, деганди Сиддиғали жиянининг ёнида оёғини узатиб ўтирганча. Эртасига қуритган гиёҳларидан бердириб юборган. Ҳаммасини қилди. Чақонғич дегани — қичитқиўт, чақса этига нарса тошадиган Саломат уни боғма-боғ ошиб, то сарғайгунча ҳар куни териб келди. Қишда қуруғини едирди, оёғи тагига, қўлига, елкасига ҳўллаб боғлади. Ўғли энг аввал қўрқитиб, “Ойи!” деб қичқирган, кирганида эса кўзи яшнаб, ўнг қўл бармоғи билан ўнг оёқ бошмалдоғини қимирлатиб кўрсатган. У яна акаси, бошқа хотинлар айтганларни едириб-ичиришни тўхтатмади.
Кўз ёши бу гал жилғадек қуйилиб кетди.
Кеч кирибди.
Толибнинг шаҳарда тура тургани яхши бўлди. Юриб кетгани билан ҳали жуда аввалгидек эмас. Сиқилмасин. Бошида дўхтирлар “Энди тўшакда ётади, опа. Янаям Худо билади”, деганида, уйга олиб келиб, “Худойим, менинг оёқ-қўлимни олиб шу боламга бер”, деб кўп сўраган. Акасиям ичида бир нима деганмиди экан?
Аёл энди кенгроқ кўчага қайрилди. Ана, жиянининг уйи. Акасининг қизи ўтиради бу уйда. Куёви ҳозир Тўхтар қоровул билан турпоқбошида.
Бугун ғира-шира саҳарда шу темир эшикни келиб тақиллатганди, чақирганди. Ичкарида куёв аввал томоқ қирди, тўн ёпиниб чиқиб келди.
— Ким экан? — деди эшик ортида туриб. — Ии, ҳа, Саламат опа?
— Шаҳарга тушиб кетяпман. Бугун апарастага олади. Саккизда.
— Борайликми? Энгилимни кияй?
— Йўқ, кечга келаман. Кун ёйилганда Тўхтар қоровулга боринг. Гаплашиб қўйганман. Опамнинг уйи тепасидаги жойдан ёнма-ён уй қилади. Ўзи айтди, росмана қилиб қазиб қўявераркан. Қарашиб туринг. Қиш куни деб оғринмасин, ул-бул тугун бериб рози қиламиз. Лобарга акам ётганини индамай қўёврамизми? Янги бўшанган нарса. Эрталарга секин тушунтирсак, кўргани борар.
— Хўп.
Шу кетганича, мана, энди қайтди. Ўн яримдаёқ дўхтир ҳаммаёғи қизил қон бўлиб чиқди. “Қутулдилар акангиз”, деди. Ундан кейин нима сўрашган бўлса, акасининг Козимбек шогирдига айтди, пулини берди, етказиб келди. Яхшиям шу бор экан шаҳарда, икки кун ортида тик турди. Аканинг ўғли Россияда. Ҳозир шундоқ кириб, бу омонатни жойига қўяди-ю, тағин изига қайтади. Хирургияга кирадиган тарафида бирор уйни ижаралаб ётар. Саҳар акагинасининг ёнига киради. Бу омонатни бирёқли қилсин.
Бу омонат…
“Ичинг узилиб, оғриниб кетяпсанми? Оғринма. Сенга раҳмат, то шу кунгача эгангга эш бўлдинг, ошнангдан ажралмадинг. Тутқа бўлдинг. Иккингга таяниб, акам мени ҳеч якка ташламади. Сенларни бошлаб, югуриб оғир-енгилимга етиб борди. Эсингдами, Толибнинг дадаси ичиб келиб ҳаммаёқни тўс-тўполон қилганда, сен шеригинг билан чопиб келган кунинг? Ўз эрим менга пичоқ ўқталиб турганда ўша қўлига ўхшатиб тепганинг, қўлидагини учирворганинг. Эсингдами? Қайтиб пичоқ кўтармади. Сендан ўзим айланай, акамнинг ўнг оёғи”.
Мозорот ичи ташдан кўра қоронғи кўринади. Эшик долонида тўртбурчак фонар кўтариб уч йигит чиқишаётган экан. Бири югуриб келди.
— Ие, кепқолдингизми? Ўзингизми, опа? Толиб қани, Толиб? Беринг менга!
— Йўқ, ўзим обораман охиригача. Сизлар ҳали бизни елкалайсизлар.
— Опа?
— Қўй, бунга гапим бор.
Йигитлар кетидан юришди.
“Тағин “нимага олдин келдим?” демагин. Роса хизмат қилдинг. Кўп йўл босдинг. Нима қиласан энди? Эгангдан кўра сенинг умринг анча қисқа экан. Ҳозир чин уйингга киргизамиз. Тинчигин. Сенга сўроқ-савол қандоқ бўлади, билмадим. Лекин ҳеч-ҳеч шеригингни чақирмагин, эсингдан чиқар, тузукми? Одам танасидаям ҳар жойнинг умри ҳар турли бўларкан-да. Мен бўлса ҳали акамга кўп гапимни айтмадим, коса-коса овқат ташимадим. Ҳамиша камимни, дард-ҳасратимни ташидим. Мениям тушунгин-да. Акам келмайдимас, келади. Унга анча бор, билдингми, анчалар бор. Акамнинг ўзига қолса, сендан сира кечармиди? Бу қанд дегани оёққа хуштор экан-да. Оёқ еб тинчиркан-да. Билдингми?”
Тўхтар қоровул росмана қабр ичига тушди.
— Опа, нарироқ туринг, бўлди.
— Ўзимиз кўмайлик. Қочинг! Хотин киши, бекор келдингиз.
— Хўп, кўмаверинглар, шу ерда тураман.
Кетмон шиқирлади.
“Эсингдами, сенлар футбол тепсанг, менам қўшилиб кетардим. Мени аяйман деб акам бир марта ўйинда ариққа йиқилган. Суягингни синдириб олган. Эсингдами? Кичкина бўлганман-да. Ақлим йўқ эди. Ҳалиям кирмади ақлим. Мени чин-чиноғич кечириб, кейин киргин гўрингга. Акам тинчиди, ухлади! Сенам тинчи, ухла! Биздан рози бўл!”
Фонарни ёқиб, қабрлар оралаб эшикка келишди.
— Энди йигитлар, бир гап айтай, майлими?
— Ҳа, опа?
— Меҳнатингларга рози бўлинглар.
— Хўп, хўп.
— Опа, ўзингизга қаранг. Акам соғ бўлсинлар энди.
— Гапимни айтай. Сиддиғали акангиз бирортанглардан оёғининг гўрини сўраса, “кичкина, торгина эди, қаердалиги эсда йўқ”, денглар, хўпми? Айланай ўзим.
— Опа…
— Рози бўлинглар. Удуминиям қилайлик. Бировдан бир шиппак қарзи йўқ, ўзим кафилман… Акамнинг оёғи… қандай оёқ эди?
Йигитлар жимиб қолишди.
Аёл йиғламсираб кулди, титроқ овозда деди:
— Яхши оёқ эди…

