“Душанба келмайди!”
Будильник — соат жиринглади. Ётоғим ёнида турган шкаф томон қўл узатиб, пайпаслай бошладим.
“Қарс!” Қидираётиб телефонимни тушириб юбордим, шекилли. Будильник овози очолмаган кўзимни телефоннинг ерга тушгандаги овози мошдек очди.
Пастга қўл узатдим.
— Бутун. Яхши.
Соат олтидан ўттиз икки дақиқа ўтибди. Ҳали эрта, “яна бироз мизғиб олай” деб ётоғимнинг қорнига қоришдим. Яна бир душанба тонги бой берилди.
Каллаи саҳарлаб югураман, кун тартибимни тўғрилайман, овқатимни ошлаб, ёмон одатларни ташлайман деяётган кечаги қўша-қўша гаплар қаерда қолди?.. Ҳайронман.
Ҳа, майли, эртадан бошлайман. Бу ҳафта душанба бўлмаса, кейинги ҳафта-да… Шу гаплар кўпчиликка таниш. Биз ҳар сафар янги бошланишни кутамиз: янги ой, янги йил, янги ҳафта, янги душанба — ҳаммаси “идеал вақт” сифатида кўринади. Аммо қизиқ томони шундаки, ўша “идеал душанба” қачон келади?
Инсон кўпинча иш бошлаш учун мукаммал шароитни кутади. Психологлар буни “прокрастинация” деб аташади — зарур ишни кейинга суриш, ўз мақсадларига етишишдан вақтинча қочиш ҳолати. Сабаби кўпинча шижоат етишмаслиги, қўрқув, муваффақиятсизликдан хавотир ёки ўзини етарли тайёр ҳис қилмасликдир. Шунинг учун биз кўпинча “Агар вақт тўғри бўлса, бошлайман”, “Кейинги душанба билан бошлайман” деган гапларни такрорлаймиз. Аммо аслида мукаммал шартлар деярли ҳеч қачон юзага келмайди. Бу ҳолат инсонни икки томонга ундайди. Бир томондан, у ўзини вақт билан алдайди, ўзини қулай ҳис қилган пайтда иш бошлашни орзу қилади. Иккинчи томондан, вақт ўтади, режа амалга ошмайди ва ўзини танқид қилиш ҳисси кучаяди. Натижада инсон ҳаётидан тўлиқ завқлана олмайди, мақсадларига етиш имконини бой беради. Шу боис интизом ва мунтазамлик муваффақиятнинг асосий калити ҳисобланади.
Етук мутахассислар ва муваффақиятли инсонлар шуни яхши биладики, ҳар куни кичик қадамлар билан мақсад сари интилиш — муваффақиятнинг сири. Илм-фан, санъат, спорт ёки бизнес соҳасидаги етук шахслар бу борада ҳам кунига оз бўлса-да, мақсадга интилишади. Ҳар бир кичик ҳаракат, кўзга кўринмас бўлса ҳам, охир-оқибат катта натижа беради. Америкалик ёзувчи ва тадбиркор Жеймс Клеарнинг “Атом одатлар” китобида шундай таъкидланади: ҳаракатни бугундан бошлаш, мукаммал шароитни кутмаслик, кичик одатларни мунтазам бажариш инсонни ўз мақсадига яқинлаштиради. Шу нуқтаи назардан қараганда, бир ишни бошлаш учун маълум вақтни кутиш шарт эмас. Агар мақсад аниқ бўлса, ҳаракат бугундан бошланиши лозим.
Ҳаётимизни тартибга солиш, ёмон одатларни камайтириш ва мақсадлар сари интилиш учун бир нечта амалий йўллар мавжуд. Катта мақсадлар кўпинча қўрқув уйғотади, аммо кичик вазифалар билан бошлаш психологик тўсиқни камайтиради. Режаларни ёзиш ва кунлик вазифаларни кўз олдида кўрсатиш шижоатни оширади. Мукаммалликни кутмаслик муҳим — ҳеч қачон мукаммал шартлар бўлмайди. Ҳар бир кичик ютуқни қадрлаш ва ўзини рағбатлантириш ишончни кучайтиради. Оила ёки дўстлар билан мақсадларингизни бўлишиш ҳам сизни ҳаракатга ундайди.
Мутахассислар фикрича, мақсад сари интилиш ва ҳаётни бошқариш нафақат муваффақиятга, балки ҳаётдан завқланишга ҳам олиб келади. Инсон ўз вақтини ва энергиясини тартибга солганда, руҳий зўриқиш камаяди, эришган натижаси ҳисси кучаяди ва ҳар бир кун қадрини билиш имконияти ошади. Шу билан бирга, кичик одатларни кундалик ҳаётга татбиқ қилиш, шижоат ва интизомни сақлаш ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилайди.
Бугун бошлаш орқали инсон ўз келажагини қуради, ўз ҳаётини бошқаради ва мукаммал шароитларни кутмасдан, ҳақиқий натижаларга эришишни ўрганади. “Идеал душанба” ҳеч қачон келмайди, лекин бугун мавжуд ва бугун қилган ҳаракатларингиз сизни мақсадингизга яқинлаштиради, ҳаётингизни мазмунли ва самарали қилади.
Фарангиз АБРУЕВА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети
талабаси.
