Самовий муҳаббат қиссаси

Президентимизнинг алоҳида ғамхўрлиги сабабли, барча соҳалар қаторида миллий кинематография соҳасида ҳам катта ўзгаришлар, янгиланишлар юз бермоқда. Энг муҳими, ана шу эътибор боис ўзбек киноси дунёга бўй кўрсатмоқда, элу халқ севиб томоша қиладиган савияси баланд киноасарлар яратилмоқда.

Жорий йилнинг 21 март куни — Наврўз байрами оқшомида пойтахтимиздаги Ўзбекистон миллий кино санъати саройида намойиш этилган “Осмони фалакларда: Авиапарвознинг ягона қурбони” бадиий фильми тақдимоти ҳам юқоридаги фикрларимизнинг амалий ифодасига бир мисол бўлди, десак, хато бўлмайди.

Шу ўринда битта мулоҳаза. Биз мактабни битириб, ўқиш учун Тошкентга келганимизда, шаҳарда ҳаёт қайнарди. У вақтларда Тошкентда кинотеатрлар кўп бўлиб, халқаро фестиваллар вақтида ва ҳинд кинолари намойиш қилинганида чипта топиб бўлмасди. Эринмаган ёшлар учун “Янгиобод”, Лисунов номидаги кинотеатрлар бир қадам бўларди. Кинотеатрларнинг энг нуфузлиси “Панорама” (ҳозирги Ўзбекистон Миллий кино санъати саройи) эди.

Бадиий фильмнинг тақдимот маросимида иштирок этар эканман, ёшлик даврларим эсга тушиб кетди. Тадбирда иштирок этган зиёлиларни кўриб, “Панорама”нинг шукуҳи яна қайтгандек туюлди.

Фильм ҳақида мухтасар сўз юритадиган бўлсак, у томошабинни бефарқ қолдирмайди. Чунки  жуда пишиқ ишланган. Фильмни томоша қилган одам унинг ичига киради, бошқа ҳамма нарсани унутади. Чуқур драматик сюжетга бойлиги асарнинг ва фильм сценарийсининг юксак даражада битилганидан далолат беради.

Албатта, яхши ва умри узоқ кинофильм учун, албатта, кучли адабий асар, пухта киносценарий зарур бўлади. Бу масалада Ўзбекистон халқ ёзувчиси, атоқли адиб Хайриддин Султоннинг “Осмони фалакларда” асари муҳимлардан-муҳим асос бўлган. Қолаверса, ушбу асарнинг қисқа вақт ичида бир қанча тилларга таржима қилингани, китобхонларнинг меҳрини қозонгани бежиз эмас. Чунки асар ниҳоятда таъсирчан усулда ёзилган. Пойдевор қанчалик мустаҳкам бўлса, қуриладиган иншоот ҳам шунга мос бақувват бўлади. Асар юксак даражада битилгани, китобхонни ўзига “михлаб” қўйиши киноасарга ҳам кўчгани тайин.

Кино сюжети марказида ёш учувчи Искандар образи туради. У учувчилар тайёрлайдиган олий даргоҳда ўқиш учун пухта тайёргарлик кўради. Жумладан, бунинг учун инглиз тилини мукаммал эгаллаши керак эди. Шу боис қўшимча тайёрлов-репетиторга қатнайди. Инглиз тилидан сабоқ берадиган қиз — Садаф билан танишиш ана шундай оддий воқелик билан бошланади. У Искандарни ўзига ром этади, қайсидир маънода тарбиялайди, руҳан камолга етишида катта ўрин тутади. Бу ерда оддий муҳаббат қиссаси эмас, балки инсон қалбини, кутилмаган тақдир синовларини ўзида мужассам эта олган драматик воқелик.

Фильм ўзининг чуқур драматик сюжети билан томошабинни сеҳрлаб олади. Унда инсон тақдири, руҳий кечинмалари ёрқин акс этган. Воқеалар мантиқий изчиллиги томошабинни теран мушоҳада қилишга ундайди. Одатда, киноасарларнинг шуҳрат даражаси эл оғзига тушган иборалар билан белгиланади. “Душманингни дўстингдан кўра яқинроқ тут”, “Мен ўта иримчи одамман, агар укамга бир кор-ҳол бўлса, сендан кўраман” (“Вакил ота”), “Аёл — инсоннинг дўсти!” (“Кавказ асираси”), “Нега ҳамманинг кетмони учади-ю, меники учмайди?” (“Абдуллажон”) сингари ва ҳоказо. Бу фильмнинг оригиналлиги шундаки, ўзбек киносида шу тобгача айтилмаган сўзлар айтилди. Демак, қанотли иборалар луғатимиз бойиб боряпти.

Ижодий гуруҳни ҳам том маънода юлдузли таркиб деса бўлади: сценарий муаллифи Хайриддин Султон, режиссёр Жаҳонгир Қосимов, муҳаррир Мурод Муҳаммад Дўст.

Искандарлик Искандар (Мердан Матвелиев) учувчиликка қизиқади. Ригадаги учувчилар институтига кириш учун инглиз тилини ўрганади. Ўқиш давомида ўзидан олти ёш катта репетитори Садаф (Юлдуз Ражабова) хонимни севиб қолади. Уларнинг севгиси жуда ҳаётий тасвирланади. Бу образлар орқали инсоний туйғулар, фидойилик ва синовларга бардош ифода этилган.

Тақдир экан, Садаф бошқа эркакка турмушга чиқади. Аммо Искандар барибир унга бўлган муҳаббатидан воз кечмайди. Садафнинг қатъий талаби туфайли Искандар уйланишга мажбур бўлади. Аммо бир ҳафта мобайнида жуфти ҳалолига қўлини ҳам теккиза олмайди. Ана шу вазият кинода жуда ўзбекона ва ишонарли намоён қилинган. Аслида, ҳаётда ҳам шундай-ку: юрагингиз бошқа инсон деб турса, “Кўнглимда бир ёр-у, қўйнимда бир ёр” қўшиғини хиргойи қилишдан бошқа чора қолмайди. Шунда Яхшигул: “Мен сизни тушунаман”, дейди. “Сен чиндан ҳам Яхшигул экансан”. Бу севмаса-да, ота-она, қариндошлар  хоҳишига кўра уйланган Искандарнинг гапи. Ҳаётий гап. Чунки бундай инсоний қарашлар, фазилатлар ҳар қандай кўнгилни юмшатади. Меҳр уйғотади.   Орадан тўққиз ой ўтиб, улар қиз фарзандли бўлишади.

Яхшигул (Ситора Шерназарова) кадрларда тўрт марта, шунда ҳам ҳаммасини ҳисоблаганда, узоғи билан икки-уч дақиқача кўриниш беради. Агарда мендан “Энг маҳоратли образ ижрочиси ким?” деб сўрайдиган бўлишса, Искандар, Садаф ролларини гавдалантирган актёрларни асло камситмаган ҳолда, “Яхшигул” деб жавоб берган бўлардим. Биринчи марта чимилдиқда ишонч ва меҳр билан: “Мен сизни тушунаман”, дейди. Мана шу биргина сўз йигитга ишонч беради ва юзи ёруғ бўлади. Иккинчи марта туғуруқхонада эрига садоқатли ёр ва меҳрибон она сифатида намоён бўлади. Учинчи кўринишда эса бир оғиз сўз айтмайди. Бемор фарзандини кўтариб “Тез ёрдам” машинасига ўтиради. Тўртинчи кўринишда онаси билан хайрлашиб, хотинига “хайр” дейишни ўзига эп кўрмаган Искандарнинг ортидан юраги вайрон тарзда деразадан жим қараб қолади. Яхшигул образи хатти-ҳаракатларини таҳлил қилар эканман, беихтиёр “Туркманфильм”нинг “Келин”идаги бир оғиз сўз айтмайдиган келинчак эсимга тушиб кетди. Аммо “Осмони фалакларда: Авиапарвознинг ягона қурбони” фильмидаги бу образ мутлақо янги, ўзига хос талқиндир.

Искандар бахтли ҳаёт кечираётганида кутилмаганда ўзи бошқараётган самолётда Садафни учратиб қолади. Оилага хиёнат аралашади. Энди у Яхшигулга бефарқ бўла бошлайди. Яхшигул буни сезади. Аммо индамайди. Асар муаллифининг ҳам, фильмнинг ҳам ютуғи шунда. Чунки ҳаётда ана шундай қисматга эга инсонлар ҳам йўқ эмас. Бу ерда чин инсоний муҳаббат, кўнгил туйғулари акс эттирилади. Қани эди, тақдирнинг синовлари Садаф учун ҳам, Искандар учун ҳам улар истаганидек бошқачароқ бўлганда эди. Лекин буни ҳаёт дейдилар.

Бир куни Садаф Искандардан “Қизингнинг исми нима?” деб сўради. “Садаф” деган жавобни эшитгач, “Кимга ўхшайди?” деди. “Сенга”, деди Искандар. “Нима, генетикада янгилик яратдингми?” деди Садаф. Шу савол-жавобларни тинглар эканман, Альберто Моравианинг “Римлик аёл”идаги бош қаҳрамон бўлмиш Адриана беихтиёр ёдимга тушди. Унинг ғирт безоридан туғилган ўғли севган йигити — фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган Жакомога ўхшаб кетарди…

Фильмда севгисига садоқатли бўлган Искандарнинг, Искандарни оиласига хиёнат қилишга мажбур қилгани учун ўзини айбдор деб ҳисоблайдиган Садафнинг ички ҳиссиётлари ишонарли очиб берилган. Айбини ювиш учун Садаф Искандарга хиёнат қилиш саҳнасини ташкиллаштиради. Аммо бу саҳна ҳаммага қимматга тушади.

Садафнинг уйида унинг “жазмани”ни калтаклаган Искандар самолётни бошқаради. Аслида, бу каби вазиятларда руҳан чарчаган учувчиларга штурваль ишониб топширилмайди. Лекин… Искандар 220 нафар йўловчининг айби йўқлигини, “жазо”га фақат биргина ўзи лойиқлигини айтиб, Яратганга илтижо қилади. Унинг муножотини тинглаб, бемор ўғли Ҳумоюн ёнида турган шоҳ Бобурнинг: “Менинг жонимни ол-у, фарзандимни омон қолдир”, деган нидоси ёдимизга тушади. Шунда фильм нима сабабдан “Осмони фалакларда: Авиапарвознинг ягона қурбони” деб номланганини англаймиз. Фильмнинг сўнгги дақиқалари ўта таъсирли: биринчи стюардессанинг “Кема командири…” дея бошқа гапира олмагани, ўзини базўр тутган иккинчи стюардесса унинг гапини давом эттиргани ўта табиий чиққан. Фильм Истанбул аэропортига қўнган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси учоғи тагига “Тез ёрдам” машинаси келиши билан тугайди…

Фильм сценарий муаллифи Хайриддин Султон премьерада сўз олиб, киноасарнинг дунёга келишида хизмати сингган, уни қўллаб-қувватлаганларга алоҳида миннатдорчилик билдирди. Ўз навбатида фильм ижодкорларидан “унда қатнашадиган актёрларни танлашда уларнинг китоб ўқиган иқтидорлар бўлишини” алоҳида сўраганини яшириб ўтирмади.

Дарҳақиқат, китоб ўқимайдиган актёр роль ўйнаса, у ҳар қанча машҳур, таниқли бўлса ҳам томошабиннинг юрагини забт эта олмайди. Адибнинг ана шу масаладаги қатъий талаби муҳим роль ўйнаган. Кинода китоб ўқийдиган, савияси юксак санъаткорлар қатнашгани ва айнан шу жиҳат ҳам унинг муваффақиятини таъминлаган бўлса, ажаб эмас.

Фильм режиссёри Жаҳонгир Қосимовнинг айтишича, ушбу асарни битта кинофильмда намойиш этишнинг имкони бўлмаган. Шу боис иккинчи фильм ҳам деярли суратга олиб бўлинган. Унинг намойиши шу йилнинг биринчи ярмида халқимизга тақдим этилади.

Шуни ишонч билан айтиш жоизки, “Осмони фалакларда: Авиапарвознинг ягона қурбони” фильми нафақат кино ихлосмандлари, балки кенг жамоатчилик учун ҳам чуқур таассурот уйғотувчи, мушоҳадага чорловчи ва илҳом бахш этувчи санъат асари сифатида эътирофга молик.

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 1 =