“Ақчакўл илҳомлари – 2026”: ижоддаги янги саҳифа
Вагон бир маромда чайқалади. Поезднинг енгил ғижирлаши, рельсларнинг узлуксиз “тақ-туқ”и худди юрагим уришига қоришиб кетгандек. Дераза ортида Ақчакўл ортда қолиб бораётган бўлса-да, ундан қолган гўзал хотиралар сатрларда, тасвирларда, чизгиларда ва юракларда муҳрланиб қолди.
Баъзан инсон ҳаётида шундай лаҳзалар бўладики, улар оддий воқеа эмас, балки ички оламни ўзгартирувчи бурилиш нуқтасига айланади. Бу лаҳзалар қалбни уйғотади, фикрни теранлаштиради ва инсонни ўзини янгидан кашф этишга ундайди. Мен учун “Ақчакўл илҳомлари – 2026” республика танлови айнан шундай маънавий ва ижодий бурилиш бўлди. Бу нафақат танлов, балки руҳий саёҳат, ижодий синов ва янги уфқлар сари очилган эшик эди.
Ижод — бу инсон қалбининг энг нозик, энг самимий ифодаси. У баъзан сукутда, баъзан эса жўшқин тўлқинларда намоён бўлади. Ҳар бир ижодкор ўз ички оламидан келиб чиқиб, борлиқни ўзича талқин қилади. Мен ҳам ушбу танловда Тошкент вилояти номидан назм йўналишида иштирок этар эканман, ўз ҳис-туйғуларимни, қарашларимни ва қалбимдаги сўзларни сатрлар орқали ифодалашга ҳаракат қилдим. Бу эса менга катта масъулият билан бирга улкан шараф ҳам бағишлади.
Қорақалпоғистон Республикасининг бетакрор муҳитида ўтказилган ушбу танлов оддий мусобақадан кўра кенгроқ маънога эга бўлди. Бу ерда ҳар бир иштирокчи ўз овозини топишга, ўз услубини намоён этишга интилди. Турли ҳудудлардан келган ёш ижодкорлар билан мулоқот қилиш, уларнинг ижодий қарашлари билан танишиш мен учун катта мактаб бўлди. Ҳар бир шеър, ҳар бир чиқиш — бу янги дунё, янги нигоҳ эди. Бу жараён менга ижодда рақобатдан кўра ўсиш ва ўз устида ишлаш муҳимроқ эканини ўргатди.
Танлов давомида устозларнинг Элликқалъа ва Ақчакўл ҳақидаги фикрлари алоҳида таассурот қолдирди. Улар бу масканларни оддий географик ҳудуд сифатида эмас, балки тарих, хотира ва илҳом мужассам бўлган муқаддас макон сифатида талқин этдилар. Айниқса, Ақчакўлнинг сокинлиги ва Элликқалъанинг тарихий қатламлари ижодкор учун битмас-туганмас манба экани ҳақидаги мулоҳазалар янги бадиий қарашларни уйғотди. Бу жойлар гўё вақт ва туйғулар чорраҳасида жойлашгандек — ҳар бир нигоҳ, ҳар бир нафасда шеър яширингандек туюлади.
Масалан, мен учун бу танлов энг аввало тажриба мактаби бўлди. Унда мен нафақат ўз истеъдодимни синовдан ўтказдим, балки ўз имкониятларимни кенгроқ англаб етдим. Ҳар бир эшитилган шеър, ҳар бир олинган сабоқ ижодий дунёқарашимни бойитди. Энг муҳими, ўзимга бўлган ишончим мустаҳкамланди.
Бу жараёнда мен Абдулла Ориповнинг қуйидаги мисраларини янада чуқурроқ ҳис қилдим:
Гулдан гулга қўниб саҳар палладан,
Бол ари бол йиғар қирдан, даладан.
Шоир ҳам бол ари бўлсайди агар,
Ишин бошлар эди Элликқалъадан.
Бу сатрлар ижод ва ижодкорнинг асл моҳиятини ниҳоятда теран ифодалайди. Шоир — бу тинимсиз изланишда бўлган, ҳаётнинг ҳар бир нуқтасидан маъно терувчи “бол ари”дир. У ҳеч қачон тўхтамайди, доимо ҳаракатда, доимо изланишда бўлади.
Ақчакўл
Қуёш тиккаяди, қизийди жисмим,
Ердан, гоҳи шеърдан уради ҳовур.
Тупроғинг оёғимга ёқар, Ақчакўл,
Раҳм айла, сувингни кечсам совур.
Ўзимда тоқатим, ўзимда измим,
Ажиниёз, Абдулла гуллаб шеърида.
Кўнгил эшигини қоқар Ақчакўл,
Ижод хушлаб Элликқалъа ерида.
Субҳидамда ёмғир ёғибди сим-сим,
Ҳасратим бор менинг, туриб қошингда.
Шеърим битиб, ёшим оқар, Ақчакўл,
Дилбандларнинг сафари бор бошингда.
Аллаким чорлайди, айтади исмим,
Кетмоқнинг фурсати етди, афтидан.
Қуёш ҳануз менга боқар, Ақчакўл,
Сафар қилмоқ учун қайтгум дафъатан.
Ушбу шеърим мен учун оддий сатрлар йиғиндиси эмас, балки Ақчакўл билан бўлган ички суҳбатим, қалбимдаги кечинмаларнинг ифодасидир. Унда мен нафақат табиатни, балки ўз руҳий ҳолатимни, изланишларимни ва соғинчларимни акс эттиришга интилдим.
“Ақчакўл илҳомлари – 2026” танлови менга бир ҳақиқатни англатди: ҳақиқий ижод ҳеч қачон якун топмайди. У доимо ҳаракатда, доимо янгиланишда. Ҳар бир ёзилган сатр — бу янги бошланиш. Ҳар бир илҳом — бу янги йўл демакдир.
Бугун мен ўзимни ана шу йўлнинг бошида турган, лекин қатъият билан олдинга интилаётган ижодкор сифатида ҳис қиламан. Бу танлов менинг ижодий фаолиятимда янги саҳифа очди. Энди эса бу саҳифани мазмунли, теран ва самимий сатрлар билан тўлдириш — менинг энг катта вазифам.
Насиб бўлса, келажакда ҳам янги ғоялар, янги шеърлар ва янги изланишлар билан ўз устимда ишлашда давом этаман. Зеро, ижод — бу манзил эмас, бу йўл. Ва мен бу йўлда дадил, ишонч билан қадам ташлашда давом этажакман.
Фарангиз АБРУЕВА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети
талабаси.
