Ҳаёт бир йўл…
Ёз фаслининг илк кунларининг бирида бир гуруҳ фахрийлар билан Хоразм вилоятига саёҳатга борадиган бўлдик. Эрта тонгда Қарши шаҳридаги “Ватанпарвар боғи”да тўпландик. Шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев сафар олдидан барчамизга оқ йўл тилади, дуоларга қўллар очилди. Йўлга тушдик. Урганч-Қарши оралиғи етти юз эллик километр чиқади, масофа узоқ. Текис йўлда учаётган автобус деразасидан атрофга бўйлайман: яшилликдан сўнг бепоён Муборак чўлларининг саксовулзору уфққа қадар ястаниб ётган қумликлари бошланади. Чўл тонг уйқусини олган оқсоқолдек ўйчан, нигоҳларим елдирим еллар-ла қўшилиб беқанот учади. Булар мен учун таниш манзара.
Бухородан Газлига қадар магистраль йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги учун автобуснинг тезлиги пасайди. Кейин кафтдек равон йўлда ҳаракатланиши сезилмай қолди. Яна автобусдан қуёш оташидан жон талашаётган Қизилқум саҳросига синчков тикиламан. Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфининг “Автобус деразасидан қараб кетсанг” дея бошланувчи шеърини унсиз ёд этаман. Ва оҳиста якунлайман:
Йироқларга қочар қисматлар,
Автобус деразасидан қараб кетсанг.
Йўловчилар ўртасида мудроқлик ўрнида жонланиш кучли. Саксондан ошган отахон Қаҳрамон Раҳимов асаларичиликни иншо этадики, гўё болга нонни ботириб егандек ҳузурланасиз. Аллоҳ хоҳласа: “бир юз йигирма ёшга киришим керак”, деди отахон мардона, кейин сардобалар ҳақида жўш уради. Миришкор чўлидаги сардобанинг суви ёзда муздай, қишда илиқ туришининг сеҳру синоатидан ҳайратланади. Сардобалар карвон йўли бўйлаб қурилганлигини ҳам яширмайди. У Мовароуннаҳрда 44 та сардоба, шундан 29 таси Қарши чўлида мавжуд бўлганлигини шипшиганда ёзувчи Жумақул Қурбонов, журналист Ҳусан Темировлар гўё енг шимарган кўйи кўпкарисиз улоққа қўл чўзади. Ана баҳсу ана тортишув. Бундай лаҳзада хаёлларим тўрини йиғиштириб ҳушёр тортганча кўпкаридаги четгирлик усулини ўртага суқаман. “Улоқ”ку бирортамизга насиб этмади, чунки ҳар ким ўз билганидан қолмади. Барибир, жонли баҳс кўздаги мудроқликни қувди, билганларимизни ёвуқлаштирди. Муйиддин оға Хоразм қизлари гўзаллиги ҳақида гап суққанди ҳамки, Бухоро-Хоразм ўртасида сардобалар йўқлиги баҳси оловланмай туриб ўчди. Гуруҳ сардори Абдусалим Шовриқов Хева хонлиги сарбадорлари томонидан чет мамлакатлардан энг чиройли париваш жононлар олиб келганлигини айтмаганда бу гурунг ҳам томирлар узилиш даражасида давом этарди. Шермамат Ражабов эса хоразмлик укахонига қўнғироқ қилиб, Амударё кўпригига яқинлашганини айтиб, соғинчини яширмасди. Қизғин гурунглар билан қуёш ботиши олдидан Урганчга етиб келдик ва “Хоразм” меҳмонхонасига жойлашдик. Пича чарчоқ чигилини ёзмасимдан Матназар ака (шоир Матназар Абдулҳаким)нинг ўғли Музаффарбек қўнғироқ қилиб қолди. У билан илиқ сўрашиб, манзилимни айтдим.
Саёҳатнинг бош режаси эртаси куни Хевага бориш, Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳида бўлиш ва Хева музейини томоша қилишдан иборат эди. Хаёлим чуваланди. Музаффар келгунига қадар бирор қарорга келишим керак эди. Хевага бурун борганман; авлиё шоир ва тенгсиз курашчи Паҳлавон Маҳмуд қабрини зиёрат қилганман. Шу тасаллида эртанги куним режа жадвалини ўзгартириб юборди. Музаффарнинг машинасида эртаси куни улуғ санъаткор Отажон Худойшукуров қабрини зиёрат қилгани Элликқалъа туманига жўнадик. “Абдулла Нодиржоний” қабристонида улуғ санъаткоримиз мангу қўним топган. Бу ердаги қабрлар мени ҳайратлантирди. Ярим доирасимон шаклдаги сағаналар ер кафтида қатор терилган. Музаффар менинг кўнглимда кечган фикрни пайқагандай: “Бизда марҳум учун лаҳат қазилмайди. Ер бетига қум тўшалиб, майит қум устига ётқизилади, сўнг сағана қурилади. Сизот суви ер бетига уриб туради”, дея хаёлларимга тузоқ урди. Олисдан қарасанг дарё тўлқинида қалқиб оқаётган сандиқлар каби кўринади қабрлар. Қабристон имоми Қуърон тиловат қилганда дуоларга қўллар очилди. Абдулла Нодиржоний дин илмининг пешволаридан бири бўлиб, пайғамбаримиз ризоси ила бу гўшадан қўним топган экан. Отажон Худойшукуров қабридаги мармар тошга тикиламан. Қўлда тори билан ўйиб чизилган сурат. Отажон ака ярим жилмайган кўйи туриб мақом ижро этаётгандай туюлди. Негадир вужудимни залворли мунгу изтироб чўлғади, оғирлашдим.
Кечагина саҳналарни тўлдириб юрган инсон бу ерда сукут қўшиғига жўр бўлаганча мангулик торини чертишдан тўхтамаётгандай гўё. Илиқ ҳис-ҳаяжон томирларимда йиллар ингроғини тебратгандай маъюс тортдим. Турмуш ўртоғи Қувончой опанинг қабри ҳам ёндаш экан. Музаффар билан Урганчга қайтдик. Хоразм серсув маъво экан. Бир-бирига ёндаш каналлардан Аму суви тўлқинланиб оқаётганидан ҳузурланасан: чор-теварак яшил. Қум барханлари орасида балиқчилик учун кўллар сероб. Хоразмга бориб балиқ тановул қилмабсиз, ҳузур топмабсиз деган гап бор.
Хоразм элининг ардоқли шоири Матназар Абдулҳакимнинг қабрини зиёрат қилиш ва Қуръондан тиловат қилиш ниятим эди. Шоир ҳақида Баҳром Рўзимуҳамад ўн беш йил аввал тўлқинланиб гапирганда ҳаяжонига шерик бўлганман. Матназар оғанинг нафақат шеърияти гўзаллиги, балки улуғ шоирларимиз Паҳлавон Маҳмуд, Деҳлавий, Бедил рубоий ва ғазалларини форсийдан она тилимизга қойилмақом ўгирганлигига шайдо эдим. Шоир қабрини Урганч давлат университети талабаси, набирам Нодиржон билан бирга зиёрат қилдик. Қабристонни мангу осудалик чулғаган. Қулоғимга улуғ шоиримизнинг овози қуйилгандай руҳим ёришди. Унинг фалсафага йўғрилган шеърий мисралари ёдим меҳварида жилваланарди. Баҳромнинг Матназар оғага саломингизни етказдим, деган изҳорлари юрагимда куртак очди. Тўлқинландим, кўзларимдан ёш аралаш изтироб сели сизди. Худди шоир ўз онасига илтижоси юрагимда қанот қоққандай бўлди.
Бахт изладим мен дала, даштдан,
Орзуим бол, умидим — асал.
Онагинам!
Сени алдашдан
Ҳалокатни санадим афзал.
Сармаст қилди чаманлар васли,
Қайғурмадим, ризқу рўзимни.
Яшадим мен бағишлаб, асли,
Фақат ўзгаларга ўзимни…
Умид — асал, дейман шивирлаб ичимда. Хизмат тақозосига кўра бир гал жазо колониясида саккиз марта қамалган олтмиш бир ёшли махбус билан суҳбатлашганимда у ҳеч иккиланмай келажаги ҳақида умид билан “ҳали уйланаман, бола-чақам бўлади, тўй қиламан, эл олдидан ўтаман, бемаъни умримни яхши кунларга бағишлайман”, деган гаплари шу мисрани такрорлаш онида қайта ёдимда жонланди. Умид – эзгулик қаноти. “Ўзгаларга ўзини” бағишлаган шоирнинг ҳаёт йўли мен учун ҳали кашф этилмаган орол эди. Заҳматкаш сафга ўзини лойиқ билган қаҳрамон она қаршисида ҳисоб бериши ўзбекона менталитетнинг олий нишони эмасми? Умид йўлида ҳаёт лаззатини тотмакка уринган шоир асал ўрнида заҳар, бол ўрнида заққум ютгани-чи? Ҳақ олдида баъзан қистовлару турткилар зарбини еганда алафга кўникишдан задаланмоқда шоир. Аммо ҳаёт ўйини нарда тошларидек бўшлиқни истайди. Оналардан сирни яшириб бўлмайди. Нигоҳ тикишимиздан улар бизнинг кечинмаю ўйловларимизни меҳр тарозисида ўлчашга қодирдир.
Зиёратдан қайтишда Музаффарбекка “сизни ишдан қолдирдим-да,”деб ҳижолат билан гап бошлашимдан аввал у: “Келганингизни Шуҳрат оғага айтганман. Салқин жой бор – “Океан” чойхонаси, Шовот канали бўйида, яхши ҳордиқ оласизлар”, дея огоҳлантирди. Чойхона ҳақиқатан канал бўйида жойлашган экан. Атроф ям-яшил. Канал тарафдан салқин шабада эсиб, кўнгилни яйратади. Музаффарбек билан хайрлашиб Нодиржон билан чоғроқгина қўлбола кападан жой олдик. Ҳаял вақт ўтмай Хоразмнинг машҳур журналисти, истеъдодли шоири Шуҳрат Маткарим келиб қолди. Эски қадрдонлардай кўришдик. Дастурхонга судак тортилди. Қилтиғи кам балиқ, истеъмол қилишга ўнғай. Бир пиёла чой устида гурунг авжланди. Мени кўпроқ Матназар оғанинг шахси ҳам қизиқтирарди. Биламан, истеъдодли шоирлар бироз инжиқроқ ҳам бўлишади.
— Келинг, оға, дуруст гурунглашайлик, сохталикни жиним ёқтирмайди, тўғри таёқ бўлиб ўсганман. Ялоқликни ёмон кўраман. Шунинг учун ҳам айрим каландимоғ амалдорларга ёқмаганман. Айланай, ўргилай деган кампиршоларга дуч келсам тузоққа илинган жонивордай ожизланаман. Хоразм—авлиёлару алламолар юрти. Ҳатто аёллариям кескир, бир гапли. Бошингниям, хаёлингниям силаб ўтирмайди. Ёлғон ишвалардан безиб бўлганман.
Шуҳрат иним шу гапларимни кутиб ўтиргандай чиройи очилди, юзида мамнунлик уфурди. Ўзимгаям ҳайронман. Нега Матназар оғанинг характери билан қизиқиб қолдим? Ижоди сара-ку! Яна шу “хаста”лик миямга тепди. Шуҳрат иним яширмади, шоир руҳияти оламини кўнглимдагидай чизиб беролди. Унинг қайсарлигию хаспўшлашни ёмон кўришини бир-бир ипга тизилган маржондай самимий қайд этди. Ҳатто қандли диабетга чалингандаям даволанишга уринмаганини ички оғриқ билан сўзлади. Ўзимда Матназар оғага руҳан яқинликни ҳис этгандай бўлдим. Истеъдодда тенгман демоқчи эмасман. У анча баланд ижодкор. Шоирнинг истайсизми ё йўқ, шахси шеърларида аксланади. Буни шоирнинг “Таржимаи ҳол” шеърида англаш мумкин.
Кўринмасдим ҳар ким-ҳар кимга,
Мен — саҳарлар уфурган нафас.
Гардсизлигим, тозалигимга
Чексизликлар қиларди ҳавас.
Бир тонг ногоҳ бўлдим мен шабнам,
Сўнг булутга, ёмғирга дўндим.
Майсаларга айландим кам-кам,
Тупроқ бўлиш дардига кўндим.
Минг йилликлар туркум ва туркум
Қорилдилар зулмат, зиёга.
Саодатли қандайдир бир кун
Дарахт бўлиб келдим дунёга…
Шоир муҳиблари яхши билади, бу шеър анча катта, яна 24 сатрдан иборат. Аммо ҳар бир инсон учун ўқиса тенгсиз хулоса, ўй баҳш этгувчи асар.
…Хуллас, бир гуруҳ фахрий юртдошларимиз билан Хоразм ўлкасига қилинган саёҳат мароқли, таассуротларга бой кечди. Узоқ тарихий кечмишларга, бугунги улкан ўзгаришлар, бунёдкорликлар олиб борилаётган Хоразм юрти ўз сеҳри, жозибаси билан ҳар қандай инсонни мафтун қилмасдан қўймайди.
Қизиқ, айримлар бир сурв қўйнинг пулини сарфлаб узоқ-узоқ юртларга саёҳатга чиқишади ва оғзидан бол томиб мақтаниб юришади. Узоқ хорижий юртларни кўрган ҳам яхши. Аммо ҳар ким аввало, ўз юртини кўргани, билгани авзалроқ эмасмикан? Хоразмга сафарим давомида ана шундай ўйлар ҳам кечди дилдан…
Ўрoз ҲАЙДАР