“Жадидлар қисмати ёхуд империя қурбонлари”

ёзувчи Исоқжон Нишоновнинг шу номли романини ўқиб…

Кейинги йилларда ўзбек адабиётида ўтган асрнинг бошларидаги ўзбеклар тарихи ва айнан илм-маърифат зиёсини дунёга сочган жадид боболаримиз ҳақида бир қатор асарлар яратилди. Улар орасида ёзувчи Исоқжон Нишоновнинг “Ёш куч” нашриётида яқиндагина чоп этилган “Жадидлар қисмати ёхуд империя қурбонлари” асари муҳим ўрин тутади. Бу асар жамият тараққиётидаги ўта мураккаб бўлган ушбу жараённинг бадиийлаштирилган намунаси сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Романда Намангандаги миллий уйғониш даври, илм ва тараққиёт учун кураш ва унда фаол иштирок этган Исҳоқхон Ибрат, Сўфизода каби фидойилар ҳамда уларнинг бир қатор издошларининг ҳаёт йўллари, фаолияти кенг ёритиб берилган.

Асар қаҳрамони Дадамирзонинг отаси — Абдураҳмон шайх фарзанд таълимига жиддий эътибор билан қарайди. Мақсади ўғлини имонли, илм-маърифатли, ҳалол инсон қилиб тарбиялаш эди. Дадамирзо ўн беш ёшидаёқ ҳофизи Қуръон сифатида танилади. Отаси вафот этади. Очарчилик бошланади… Кекса онаси ва укаларини боқиш унинг зиммасига тушади. Чор ҳукумати халқнинг қирилиб кетаётгани билан иши йўқ эди. Қийинчиликларга қарамасдан, Дадамирзо ўқишни давом эттирмоқчи бўлади, лекин янги очилган рус-тузем мактабига кира олмайди. Кейинчалик ўзи мактаб очишга қарор қилади. Мактаб довруғи тезда бутун Наманганга тарқалади. Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан болалар учун дарсликлар сотиб олиб келади. Мактабнинг довруғи энди водийдаги бошқа уездларга ҳам ёйилади.

Дадамирзонинг хайрли ишлари ғаламис кимсаларга ёқмайди. Илғор фикрли маърифатпарварлар қатори, империяга содиқ бўлган Сўфининг “ёрдами” билан қамоққа олинади ва Сибирь ўрмонларига сургун қилинади.

Оқпошшо ва шўролар даврида Дадамирзо тортган азоб-уқубатлари, инсон зоти чидай олмайдиган кўргиликлар даврида ҳам унинг инсонийлиги ва бокира қизнинг ҳаётини асраб қолиши таҳсинга сазовордир.

Юксак маҳорат соҳиби

Абдураҳмон Намангоний — ўша ўзининг хаттотлиги билан бутун Арабистонни лол қолдирган шахс. Асарни ўқир эканман, “шу одам ижтимоий тармоқларда ёритилган, Каъба эшигини безатган Абдураҳмон эмасмикан?” деб ўйладим. Қаранг, шундай ҳам бўлиб чиқди.

Муаллиф бу образни жуда ҳам чиройли бадиийлаштириб, кенгайтириб, романга жойлаштирганки, уни марказий образлардан бири сифатида қабул қилиш мумкин. Қарангки, Абдураҳмон бўйи баробар тилладан воз кечиб, ўз юртининг шаъни учун Каъба эшиги четига исми билан бирга тахаллуси бўлмиш “Намангоний” сўзини ёзиб қўйишга рухсат сўраши катта жасорат ва олижанобликдир.

“— Меҳрингни ҳунарингга берибсан, сенинг бу ишинг ҳар қанча бойликдан ҳам қимматлидур. Нима истайсан, тилагингни айт! Бўйинг баробар олтин берсам, рози бўласанми?

— Олампаноҳ, менга бойлик керак эмас, мен Аллоҳ учун хизмат қилдим.

— Ҳунарингни бойликдан устун қўймаганинг сенинг олижаноб ишингдир. Аслида, ҳунарнинг ўзи ҳар қандай бойликдан устун”.

Романда Наманганнинг ўша даврлардаги тарихига кенг тавсиф берилган ва мени ҳайратга солган нарса — бизнинг халқимиз “улар” тасвирлаганидек қолоқ, оми эмас, балки жуда маърифатли халқ бўлганлиги ва бой инсонлар — “нафсининг қули”, босмачилар — “халқни талайдиган бераҳм кимсалар” эмас, аксинча, улар ҳам элпарвар ва эзгулик тарафдори бўлганликлари исботлаб берилган.

“Аслида, Омон полвон кўп йиллардан бери шўроларга қарши курашиб, мадраса тугул оддий уйга ҳам ўт қўймаган эди. Бирорта бойнинг уйини таламаган эди”.

Омон полвонни ҳам фитна уюштириб, халққа ёмон кўрсатиб, йўқ қилишган эди.

Романда яна инсофсиз, хоин, айёр Сўфи образи гавдаланади. У кўп одамларни шўроларга сотиб, миллатга хиёнат қилган кимсалардан бири эди. Асарни ўқир эканман, шу одамни қандай жазо кутаркан, деган савол тинчлик бермасди. Ниҳоят, уни Омон полвон жазолайди:

“— Исломни сотган, миллатга хиёнат қилган одам ҳеч қачон бизга дўст бўлмайди. Сен кофирларга сотилдинг, ўрисникидан кўра сенинг гуноҳинг кўп!”

Бир мисра шеър учун қамалган аёл

Онам — ўзинг, Туркистоним,

Фидо сенга тану жоним.

Романдаги жадид хотин-қизлар образлари ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Айниқса, Зебихон ва Ҳабиба образлари китобхонни чуқур мулоҳаза юритиш баробарида изтироб ва ҳаяжонга солади.

Зебихон отинойидан сабоқ олиб, янги очилган мактабда муаллималик қиларди. “Туркистоним” деб номланган биттагина шеъри учун аввал мактабдан ҳайдашади. “Совет давлатининг душмани” деган тамға билан уни ҳам сургун қилишади. Ҳали турмушга ҳам чиқиб улгурмаган бокира қизнинг қисмати жуда аянчли ёритилади. Қисмат уни Дадамирзога рўбарў қилади. Дадамирзонинг маслаҳати билан улар “эр-хотин” бўлишади ва шу йўл билан у Зебихонни қоровуллар зулмидан асраб қолади. Аслида эса улар имон-эътиқод билан ота-боладай бирга яшашади. Шу даврдан бошлаб қарийб беш йил давомида Зебихон Дадамирзони ўз отасидай қарайди. Овқатини беради, кирларини ювади. Касал бўлса, ўзи даволайди. Кунларнинг бирида уларнинг ётоғи олдига кимдир чақалоғини ташлаб кетади. Улар иккиси бу қизни боқиб олишади. Лола уларнинг ёлғон турмушининг “рост” мевасига айланади.

Ҳабиба (Дадамирзонинг аёли) жуда садоқатли аёл тимсолини намоён этади. Унга етказилган азобларга қарамасдан, у турмуш ўртоғини сотмайди, аксинча, умидсизликка тушмасдан эрини манзили мавҳум йўлга кузатади. Бутун умрини фарзандларига бахшида этади. Давлат хоини сифатида унинг учун барча эшиклар ёпилган бўлса ҳам, болалари учун яшади.

Бахтли тасодиф

Халқимизда яхшилик ерда қолмас, деган ибора бор. Буни қарангки, ушбу лагерга бир пайтлар Дадамирзо ўлимдан олиб қолган Иван Сергеевич комендант бўлиб келади. Дадамирзо унга ўзини таништиради. Иван Сергеевич ундан қамалиш сабабларини суриштиради ва НКВДга кетма-кет хат ёзади, натижа бўлмагач, Москвага йўл олади. Унинг ёрдами билан Дадамирзо ва Зебихон оқланади. Афсуски, Дадамирзо бу қувончли хабарни эшитмасдан вафот этади. Зебихон “ота”си Дадамирзони урф-одатимизга кўра дафн қилдиради ва еттисини ўтказиб, қизи Лолани олиб, йўлга отланади.

Наманганга етиб келган Зебихонни ҳеч ким қучоқ очиб кутиб олмайди. Аксинча, унга яна ўша даврдагидай халқ душмани каби муносабатда бўлишади. Қўлидаги Сталиннинг муҳри босилган қоғозни кўрсатгачгина унга ишонишади. Зебихон отасининг вафоти ҳақида эшитади. Ота бечора Зебихонни олиб кетган куниёқ бу оламни тарк этган эди.

“Зебихон беҳол ва бемажол ерга ўтириб, қўллари билан бошини чангаллаганча ич-ичидан, дард-алам ва жудоликдан хўрсиниб, узоқ йиғлади”.

Эртаси куни қўшниси Ҳабибахон чиқади. Ундан эри Дадамирзо ҳақида сўрайди. Зебихон жимиб қолади ва бор гапни қолдирмасдан барчасини ҳикоя қилиб беради. Дадамирзонинг оқланганлик тўғрисидаги ҳужжатни қўлига топширади.

“Кураш беаёв кечарди. Жадидларнинг ҳаёти ҳам шу маънода оғир ўтган. Чор истибдоди даврида ҳам, ҳукмронлик шўролар қўлига ўтгач ҳам. Кўплаб ислоҳотларга хайрихоҳлик билдирган ленинчиларгача маҳаллий халқнинг “кўзи” очилишини истамасди. Лекин сиёсатда риёкорлик, иккиюзламачилик устувор эди. Бундан наманганлик жадидлар қандай озор ва азият чекишганини акс эттириш очиқ-ойдин Исоқжон Нишонов романи марказидаги масалага айланган” (Содиқ Сайҳун).

“Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир”, деган эди Маҳмудхўжа Беҳбудий. Шу маънода Исоқжон Нишоновнинг “Жадидлар қисмати ёхуд империя қурбонлари” романи орқали ўша даврдаги мактабчилик тарихи ва унда наманганлик жадидларнинг тутган ўрни ҳақида кўп нарсани ўрганиш мумкин.

Ўйлайманки, бу асар қисқа фурсатда муаллифнинг аввалги машҳур — “Афғон шамоли” роман-сериали, “Хазон бўлган болалик”, “Қора маржон” ва бошқа асарлари каби ўз мухлисларини топа олади.

Улуғбек ТЎЙЧИЕВ,

Маҳфуза МЎМИНОВА,

Чортоқ туман ахборот-кутубхона

маркази ходимлари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − 4 =