Таълим ва инновация уйғунлиги
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнология университетининг Нукус филиали тажрибаси
Мамлакатимизда ветеринария ва чорвачилик соҳасида малакали, рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга катта эътибор берилмоқда. Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнология университетининг Нукус филиали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 ноябрдаги 926-сонли қарори асосида ташкил этилиб, кейинчалик Президентимизнинг 2022 йил 31 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ янги босқичда ривожланишини давом эттирди.
Дастлабки йилларда 4 та таълим йўналиши бўйича жами 40 нафар талаба таҳсил олган бўлса, бугунги кунда 16 та таълим йўналиши ва 6 та магистратура мутахассислиги бўйича 1000 нафардан зиёд талаба сифатли таълим олмоқда. Бу кўрсаткичлар филиалнинг таълим имкониятлари кенгайиб бораётганини яққол кўрсатади.
Илмий-педагогик салоҳият ҳам сезиларли даражада ўсди. Дастлабки йилларда илмий салоҳият 32 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 54 фоизга етган. Профессор-ўқитувчилар сони 10 нафардан 58 нафарга кўпайиб, улар орасида ёш олимлар сони ҳам ортиб бормоқда.
Филиалда олий таълимдан кейинги таълим тизими ҳам изчил ривожланиб келмоқда. Агар 2021-2023 йилларда жами 3 нафар таянч докторант илмий тадқиқот олиб борган бўлса, бугунги кунда 23 нафар докторант ва тадқиқотчи илмий ишлар билан шуғулланмоқда. Сўнгги йилларда “PhD” ва “DSc” даражаларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Хусусан, 2024 йилда 5 нафар профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчилар фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини муваффақиятли ҳимоя қилган бўлса, 2025 йилда 8 нафар фалсафа доктори (PhD) ва 2 нафар фан доктори (DSc) диссертация ишларини муваффақиятли ёқлади. Жорий йилда ветеринария ва қишлоқ хўжалиги бўйича 6 та фалсафа доктори (PhD) ва 1 та фан доктори (DSc) диссертация ишларини ҳимоя қилиш режалаштирилган.
Илмий-тадқиқот ишлари натижалари бўйича республика ва халқаро миқёсда мақолалар, монографиялар, дарсликлар ва методик қўлланмалар сони кескин ошди. Шу билан бирга, “Scopus” ва “Web of Science” базаларида эълон қилинган илмий мақолалар сони ҳам кўпайиб бормоқда.
Филиал битирувчиларидан айримлари Хитой Халқ Республикасининг Қишлоқ хўжалиги университети, Россия Федерациясининг Перм давлат агротехнологиялар университети ҳамда Қозоғистон давлат аграр тадқиқот университетида грант асосида магистратурада ўқишини давом эттирмоқда.
Филиал профессор-ўқитувчилари орасидан “Ўзбекистон Республикаси ветеринария фидойиси”, “Ўзбекистон Республикаси чорвачилик фидокори” кўкрак нишони билан, “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Ватан фидойиси”, “Умид учқуни”, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” ва “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари билан тақдирланганлар бор.
“Ислом тараққиёт банки” маблағлари ҳисобидан 22 номдаги умумий қиймати 363,5 млн сўм бўлган “Биология” ўқув-лабораторияси учун, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (ГИЗ) лойиҳаси доирасида умумий қиймати 210,0 млн сўм бўлган лаборатория мебели ва асбоб-ускуналар олиб келинган.
Бу йил эса филиалда Халқаро тараққиёт уюшмаси ҳамда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки томонидан молиялаштирилган “Чорвачилик соҳасини ривожлантириш (2-босқич)” лойиҳаси доирасида 585 минг АҚШ доллари миқдоридаги “Ветеринария клиникаси ва виварий” илмий лабораторияси қурилиши амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Илм даргоҳида инновацион лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқаро грантлар, хусусан, “Зооноз касалликларининг олдини олиш ва экотизимларни тиклаш” мавзусида 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грантнинг қўлга киритилиши — бу катта ютуқдир.
Моддий-техник база ҳам босқичма-босқич янгилаб борилмоқда. Замонавий лабораториялар, ўқув хоналари, талабалар учун қулай шароитлар яратилмоқда. Тез орада 400 ўринли талабалар турар-жойи фойдаланишга топширилади.
Россия, Беларусь, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Эрон, Польша, Мўғулистон давлатлари олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари билан 30 дан ортиқ ҳамкорлик меморандуми ва шартномалар имзоланди. Бу талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун янги имкониятларни очмоқда.
Талабаларимиз нафақат таълимда, балки илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида ҳам юқори натижалар кўрсатмоқда. Республика олимпиадалари, халқаро танловларда ғолибликка эришиб, Президент ва номдор стипендиялар соҳиблари сафидан жой олмоқда.
Ўтган йиллар давомида филиалимизнинг 30 дан ортиқ талабалари республика олимпиадаларида фахрли ўринларни қўлга киритган бўлса, 3 нафар талабамиз “Умид учқуни” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, 2018-2026 йиллар оралиғида 17 нафар талабамиз Ўзбекистон Республикаси Президенти ва нуфузли давлат стипендияси соҳиби, 1 нафар талаба Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси стипендияси соҳиби бўлиб, ўз билим ва иқтидорини намоён этди.
Талабаларимиз 2025 йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган “Ёшлар ва инновацион қишлоқ хўжалиги” танловида фахрли 1-ўринни эгаллаб, Европага саёҳат йўлланмасини қўлга киритди.
Ўзбекистон Республикаси миқёсида ўтказилган “Рақамли авлод қизлари” танловининг финал босқичида 1 нафар талабамиз ғолиб деб топилди ва Хитой давлатида тажриба алмашиб қайтиш йўлланмасини қўлга киритди.
Талабаларимиз ҳар йили Қорақалпоғистон Республикасидаги Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган “Мунозара-дебат” танловида 1-ўрин ва “Маърифат майдони” танловида 2-ўрин, “Талабалар лигаси” спорт мусобақасида бадминтон бўйича 3-ўрин, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 2-ўрин, 2025 йил ноябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасидаги Олий таълим муассасалари ўртасида “Киберхавфсизлик ойлиги” доирасида ўтказилган видеороликлар танловида 3-ўринни эгаллаган бўлса, яна бир талабамиз Фарғонада ўтказилган спортнинг пневматик қуролдан ўқ отиш бўйича Ўзбекистон кубогида 1-ўринни эгаллаб “Спорт устаси” унвонини олишга муваффақ бўлди. Ҳозиргача филиалда талабаларимиз орасидан спортнинг жанг санъати тури бўйича Осиё чемпионлари етишиб чиқди.
Мухтасар айтганда, филиалимиз бугунги кунда замонавий таълим, илм-фан ва инновацияларни уйғунлаштирган илғор таълим масканига айланди. Олдимизда турган асосий мақсад — халқаро стандартлар даражасида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни чуқурлаштириш ва жамият ривожига ўз ҳиссамизни қўшишдан иборат.
Биз бу йўлда барча имкониятларни ишга солиб, янги ютуқларга эришишни давом эттирамиз.
Адилбай ЕСИМБЕТОВ,
биология фанлари доктори, профессор,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси,
чорвачилик ва биотехнология университети
Нукус филиали директори.
