Иштихондаги замонавий тиббиёт маскани
кадрлар тайёрлашда тажриба марказига айланмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда касбий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, замонавий меҳнат бозори талабларига мос малакали кадрлар тайёрлаш устувор йўналишлардан бирига айланган. Ана шундай ислоҳотлар амалий натижа бераётган масканлардан бири – Иштихон Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумидир. Туман марказида жойлашган ушбу таълим даргоҳига кирган заҳоти тартиб, интизом ва замонавий таълим муҳитини ҳис қилиш мумкин. Бу ерда олиб борилаётган ишлар, яратилган шарт-шароитлар ва педагогик ёндашувлар тиббиёт соҳасига чуқур билимли, малакали ва масъулиятли мутахассислар тайёрлашга қаратилган.
Техникум фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг касбий таълим тизимини ривожлантиришга доир қарор ва фармонлари асосида янада такомиллашиб бормоқда. Айниқса, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар таълим жараёнига замонавий ёндашувларни олиб кириб, ўқувчиларнинг амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Таълим муассасасига тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Ҳасан Абдимўминов раҳбарлик қилмоқда. У ўз фаолияти давомида техникумда таълим сифати, интизом ва маънавий-маърифий ишларни янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратиб келяпти. Таълим масканида даврга мос ўқув жараёнлари рақамлаштирилди, электрон таълим воситалари жорий этилди, симуляцион хоналар замонавий тиббий жиҳозлар билан бойитилди, педагогларнинг малакасини ошириш тизимли йўлга қўйилди. “Бугунги тиббиёт таълими фақат назарий билим билан чекланмаслиги керак. Талаба амалиётга тайёр бўлиб етишиши лозим. Шу мақсадда биз ОТМлар, хусусан, Самарқанд давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликни кенгайтирдик, амалий машғулотларни кучайтирдик”, – деди техникум директори Ҳасан Абдимўминов.
Бугунги кунда техникумда “Стоматология иши”, “Ҳамширалик иши”, “Даволаш иши”, “Функционал диагностика”, “Тиббий бригада ҳамшираси” ва “Фармация иши” каби йўналишларда ёшлар таҳсил олмоқда. Бу йўналишларда ўқув жараёнлари замонавий кредит-модуль тизими асосида ташкил этилган бўлиб, назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланган. Ўқув хоналарига кирар экансиз, электрон доскалар, симуляцион жиҳозлар ва амалий машғулотлар учун яратилган шароитлар эътиборни тортади. Талабалар эса беморга биринчи ёрдам кўрсатиш, тиббий муолажаларни бажариш ва диагностика жараёнларини амалда синаб кўрмоқда. Бу эса уларнинг келажакдаги касбий фаолиятига мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Техникумда педагог кадрлар салоҳияти ҳам юқори даражада шаклланган. Бу ерда бош ўқитувчилар, етакчи ва катта ўқитувчилар, шунингдек, олий маълумотли педагоглар ёш авлодга замонавий билим бериб келмоқда. Дарс жараёнларида инновацион технологиялар, очиқ дарслар, маҳорат дарслари ва семинар-тренинглар кенг қўлланилмоқда. Самарқанд давлат тиббиёт университети билан ҳамкорлик доирасида илмий ва амалий йўналишдаги қўлланмалар яратилиб, таълим жараёнига жорий этилаётгани ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу эса талабаларнинг назарий билимларини чуқурлаштириш билан бирга, уларни илмий изланишларга ҳам йўналтирмоқда.
Техникум талабалари ютуқлардан ҳам четда эмас. Яқинда ўтказилган халқаро олимпиадада 3-курс талабаси М.Ширинова фахрли 1-ўринни эгаллаб, таълим муассасасининг нуфузини янада оширди. Битирувчиларнинг бандлиги ҳам тизимли йўлга қўйилган бўлиб, кўплаб ёш мутахассислар республика тиббиёт муассасаларида фаолият юритмоқда, айримлари эса Германия каби ривожланган хорижий давлатларда ўз касбий фаолиятини давом эттириб, тажриба оширмоқда. Техникумда ўқувчиларнинг билими шаффоф ва холис баҳоланмоқда. Баҳолаш тизими “prof-emis.edu.uz” платформаси орқали йўлга қўйилган. Бу ёшларнинг билим олишга бўлган қизиқишини ошириб, уларни янада масъулият билан ўқишга ундамоқда. Муассасада ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши, ички имкониятлардан фойдаланиши учун зарур шароитлар яратилган. Жамоа ўртасида соғлом муҳит шаклланган. Шунингдек, ноанъанавий дарслар, ёш ўқитувчилар учун тажрибали устозлар томонидан “Маҳорат дарслари”, очиқ дарслар, семинар-тренинг машғулотлари замонавий техник воситалар ва кўргазмали қуроллар асосида ўтилмоқда. Ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида турли фан ва спорт тўгараклари фаолият юритмоқда. Бу эса ёшларнинг ҳар томонлама илм олишига хизмат қилмоқда.
Бугун Иштихондаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми нафақат таълим маскани, балки замонавий тиббиёт учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаётган илм ва тажриба марказига айланган.
Гўзал НОРЧАЕВА,
журналист.
