“Дўрмон ҳангомалари”нинг давоми

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД

Таниқли адиб ва таржимон Шодмон Отабек кашф этган “Дўрмон ҳангомалари” туркуми ниҳоятда кенг оммалашди. Адабиётимизда из қолдирди. Ушбу туркумнинг давоми сифатида қоғозга туширилган хотиралар айни кунлар таваллудининг 80 йиллиги нишонланаётган ака-дўстимизнинг азиз хотирасига бағишланди.

Газеталар биносида устоз адиб Саид Аҳмадга рўпара келиб қолдим. Саломлашдик.

— Ёшариб кетибсиз, Саид Аҳмад ака, кўринишдан ғирт навқирон йигитлардан фарқингиз йўғ-а! — дедим астойдил ҳайратланиб.

Саид Аҳмад ака зумда жавоб топди:

— Кўринишим — бор-йўғи муқова, у ёғини суриштирма!

* * *

Гаштак аъзолари йиғила бошлашди. Ҳамманинг оғзида куни кеча Японияда содир бўлган даҳшатли цунами офати. Офат қанчадан-қанча одамнинг ҳаётига зомин бўлгани.

— Яхшиям бизда денгиз йўқ, — деди донишмандларча босиқлик билан Ўткир ака Ҳошимов.

Анвар Обиджон луқма ташлади:

— Биттагина денгизимиз бор эди, ўшани ҳам цунамисиз қуритдик.

* * *

Республика миқёсидаги бир амалдорга шахсий юмуш юзасидан илтимос қилишга тўғри келди. Барака топгур, сўзимни икки қилмади.

— Эртага эрталаб хабар олинг, — деди бамайлихотир.

Эртасига эрталаб бордим, амалдорнинг ёрдамчиси ўзим истаган ҳужжатни тахт қилиб қўлимга тутқазди. Ҳаяжонда раҳбарнинг ҳузурига кирдим, миннатдорлик билдирдим, камига ўзимнинг янги чиққан китобимдан бир нусха ҳадя қилдим. Раҳбарнинг авзойи ўзгаргандек бўлди.

Китобнинг у ёқ-бу ёғига кўз югуртирди-да, авзойи ўзгариши сабабини самимий ошкор қилди:

— Сизнинг илтимосингизни битириб берганим етмагандай, энди китоб ҳам ўқийманми?!

* * *

“Фан ва турмуш” журнали таҳририятида кўп йил ишлаган Иброҳим Назирий исмли кекса ходим кексалик нафақасига чиқаётиб, ҳужжатларни расмийлаштиришга киришди. У киши шоир Усмон Носирнинг яқин ошнаси сифатида 1937 йилда аввал қамалган, сўнг кўп йиллик сургунда жазо муддатини ўтаганди.

— Домла, бир неча кундан буён елиб-югуриб юрибсиз, ҳужжатлар тахт бўлаёздими? — сўраб қолди ҳамкасбимиз Рустам Обид.

Иброҳим Назирий хуноби чиқиб турган экан, зардасини яширолмади:

— Сургундан қайтишда ҳам бунча ҳужжатбозлик бўлмаганди, ука, бу редакцияда шу-унча йил ишлаб, оёғимга битта пайтава олган бўлмасам?!

* * *

Қиш. Совуқ. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайловлар бошланиб кетган. Партиямизнинг бир гуруҳ фаоллари билан дастлабки натижалар, имкониятлар муҳокама қилинмоқда.

— Мени Олмалиқ шаҳар округидан қўйишибди, — деди Ўткир Ҳошимов ўпкаланиб, — у томонда, асосан, русийзабон сайловчилар яшайди, бу аҳволда бизнинг ишимиз нима бўлади, билмай қолдим-да!

Фирқадошимиз, сирдарёлик Маматқул Бозорбой ҳозиржавоблигини намойиш қилди:

— Хавотирингиз асосли, Олмалиқдан Ўткир Ҳошимов тугул, Абдулла Қодирий ҳам ўтолмайди, ака.

* * *

Ўтган асрнинг 80-йиллари. Латвиядан ташриф буюрган уч нафар ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг хонадонида меҳмон бўлишади. Кечки таом ўрнида лаганга уюб сузилган паловхонтўра дастурхонга қўйилади. “Олинг-олинг” бошланади. Бироқ меҳмонлар лаганга деярли қўл узатишмас, улар, асосан, “ўттизта-ўттизта”ни қиздириб юборишади. Ичкиликка унчалик хуши бўлмаган Худойберди ака эса, хаёл измида, бир ўзи ошдан бош кўтармайди.

Эрталаб Худойберди ака самимий гап очади:

— Туни билан ухлолмадим, — дейди адиб меҳмоннавозлик билан, — кеча оқшом мутлақо овқат емадинглар, ётишдан аввал ҳам одам шунчалар ичадими, деб хавотир олиб ётдим.

Самимийликда меҳмонлар ҳам мезбондан қолишмас экан.

— Биз ҳам ухлагандай бўлмадик, — дебди улардан бири, — одам ҳам ухлаш олдидан шу-унча ош ейдими, деб туни билан сиздан хавотир олиб ётдик.

* * *

Шодмон Отабекнинг фарзандлари янги уй-жой қуришгани муносабати билан ихчамгина “ҳовли тўйи”га таклиф этилдик.

— Ўғиллар барака топсин, — дея лутф қилдилар Эркин ака Воҳидов, — чиройли уйларда чиройли тўйлар бўлсин.

— Уч ўғлим бор, — деди Шодмонбек ака, — болалигидан қаттиққўллик билан тарбия қилганман. Сўрамасдан кўчага кетса, камар билан аёвсиз савалаган пайтларим ҳам бўлган. Яхши ижодкор-рассом бўлишгани боиси шунда.

Суҳбатга Аҳмаджон Мелибоев хулоса ясади:

— Ўша камар дадангизда бўлмаган экан-да, Шодмонбек!

* * *

Вилоят сафаридамиз. Ҳаво тунд. Тушликдан сўнг боғда сайр қилдик. Ҳар ким ўз хаёли билан банд.

— Қуёш чиқса, ҳаво очилиб кетарди-да, — деб қолди тўсатдан осмоннинг авзойидан кўз узмай Ўткир Ҳошимов.

Иброҳим Ғафуров ўткир нигоҳларини Ўткир акадан узмай қараб турди-турди-да, жуда вазминлик билан савол қотди:

— Ўткиржон, табиатнинг шу-ундай ҳикматларини қаердан биласиз?

Ўткир Ҳошимов жавобни қотирди:

— Сиз ёзган китобларни ўқиганмиз-да, ака.

* * *

Чорбоғдаги ёзувчилар дала боғида эрталаб бошланган ижодкорлар орасида шахмат мусобақаси якунланиб қолаёзди. Шомга яқин республика шахмат федерацияси раиси, таниқли жамоат арбоби Аъзам Гадойбоев ғолибларни тақдирлаш мақсадида келиб қолди. Бир муддат бурун Жиззахдан келган шахмат мухлиси каминага мурожаат қилган, уч киши ўйнайдиган шахмат ихтиро қилгани, лекин бу ғояни ҳеч ким, ҳатто шахмат федерацияси мутасаддилари ҳам қўллаб-қувватламаётганидан арзи ҳол қилганди. Шу мурожаатни эслаб қолдим-у, вазиятдан фойдаланиш ниятида Аъзамхон акани четга тортдим:

— Ака, уч киши дона сурадиган шахмат жуда қизиқ ғоя, ходимларингизга айтинг, бир шуғулланиб кўришсин.

Федерация раисининг таъби айниди.

— Очиғини айтаман, — деди у сирли равишда. — Ўзим ҳаётда шахмат ўйнамаганман. Федерациянинг молиявий аҳволи ҳаминқадар. Ўзи икки кишилик шахматни эплолмай турибмиз-у, уч кишилик ўйинни овоза қилмай турайлик.

* * *

Олий Мажлисда Ўткир Ҳошимов Ахборот қўмитаси раиси сифатида Япониядан ташриф буюрган меҳмонларни қабул қилаётганди. Ёз, ҳаво иссиқ, баланд ва катта ҳашаматли эшиклар ланг очилган. Тўсатдан қўшни хонадан қўмита раиси ўринбосари Ғайрат аканинг телефондан шовқин солиб баралла бўғилиб гапиргани тинчликни бузди. Мезбонлар, уларга қўшилиб меҳмонлар ҳам хижолат. Ғайрат аканинг бўғиқ, бунинг устига, зардали товуши ҳадемай тина қолмасди.

Хижолатда қолган Ўткир ака вазиятни юмшатиш умидида меҳмонларга тушунтиришга киришди:

— Кечирасизлар, ходимимиз Қўқон шаҳри билан гаплашаётганди, ҳозир тугатади…

Шунда япониялик меҳмон ҳайрон бўлиб савол қотди:

— Қўқон билан… Нима, сизларда телефон йўқми?..

* * *

Шахмат шинавандаларининг навбатдаги “анжумани” учун ёзувчи Шодмон Отабекнинг Хумсондаги дала ҳовлиси танланди. Икки томон тоғ, қир-адир, этак томондан қишин-ёзин шарқираб оқиб ўтадиган Угом дарёсининг шовқини тинмайди. Эркин Воҳидов, Мирпўлат Мирзо, Хуршид Дўстмуҳаммад ва Ҳабиб Темир минган сут ранг “Dons” Ғазалкент бозори ёнига бориб тўхтади.

— Жуда файзли бозор, кирасиз-у, нима керак бўлса, муҳайё, оласиз-у, йўлингизда давом этаверасиз!

Карвонбоши Эркин аканинг шу бир оғиз лутфи дўстларнинг кайфиятини кўтариб юборди. Бозор-ўчар қарийб бир соатдан мўлроқ давом этди: ҳам харажат, ҳам ҳазил-мутойиба, ҳам аския-қаҳқаҳа қизигандан-қизиди.

Машинанинг юкхонаси “бўғзи”гача тўлдирилди, бу ёғи Хумсонга қанча барвақт борилса, бас!

Катта йўлга чиқиб олмасимиздан Мирпўлат ака: “Ишлар битди, Отабоевни хотиржам қилиб қўяй”, деди-да, рақам теришга киришди. Отабоев телефонни зумда олди. Саломлашдилар.

— Кеп қолдингларми? Яхши-да, харажат нима бўлди? — сўради Шодмонбек ака.

— Шуниси ўхшамади-да, — деди жиддий тортиб Мирпўлат ака. — Ғазалкент бозорига кирдик, аксига олиб, дўхтирлар муҳрлаб кетибди.

— Бозорними?

— Бозорни.

— Ия, ҳаётда бўлмаган-а бунақаси!

— Биз ҳам ҳайронмиз. Ўзингиз рўзғордаги масаллиқлар билан амалласангиз…

— Амаллашга амаллайман-а, лекин кам-кўстига олиш керак-да, Мирпўлат!

— Кам-кўстига нима олайлик, айтинг?

— Ҳабиб Темирга айтганман, битталаб ёзиб олган.

— Ҳабибулла ўша сиз айтган рўйхатни уйида унутиб қолдирибди.

— Хўп, ёзинг: ярим кило думба ёғи, бир баклажка писта ёғи, пиёз, гўшт — қўй гўшти, сабзи, саримсоқ пиёз…

— Айтаверинг. Зиравор…

— И-и-и, зира эсдан чиқмасин, зира!

— Сув билан туз-чи?

— Зира жуда зарур, туз билан сув ҳар эҳтимолга қарши…

— Рўзғорда ҳеч нарса қолмаган экан-да, Отабоев? Ҳабиб Самарқанддан кела туриб тарвуз олибди.

— Қовун-чи?

— Қовун топилмабди.

— Самарқандда қовун қолмабдими? Бемазанинг топган гапини қаранг!

— Қовун ҳам майли, Хуршид билан Ҳабибда пул йўқ эмиш!

— Ия! Вой! Шундан-шунга пулсиз келадими, кап-катта одамлар?!

— Отабоев бир акалик қилса, деган ўйда келаверишган-да! Ҳар иккови бир партиядан шахматда ютқазиб берармиш!

— Икковига айтинг, бир партия билан иш битмайди! Бу гапларни Эркин ака эшитмасин.

— Телефонда овозингизни ҳаммамиз эшитяпмиз, бемалол ўзингиз айтаверинг!..

Бу орада тўртовлон минган, юкхонаси масаллиққа тўла машина Хумсон гузаридан анча илгарилаб қўйганди…

* * *

“Ёш куч” журнали таҳририятига бир йигит кириб келди. Қашқадарёдан экан. Тошкентга биринчи марта келиши, футболчи бўлиш орзусида Чилонзордаги футбол интернатига келибди. Бироқ уни интернатга қабул қилиш у ёқда турсин, дарвозадан ичкарига йўлатишмабди ҳам.

Интернатга бир неча қайта қўнғироқ қилдим. Фойдаси бўлмади. Шу пайт бош муҳарриримиз Худойберди Тўхтабоев келиб, тушликка таклиф қилдилар. Ёнимга меҳмон йигитни олиб, устозга эргашдик. Лифтга яқин борганимизда Худойберди ака “Бу йигит ким?” деган мазмунда ёнимдаги йигитга бош-оёқ разм солдилар. Мен вазиятни тушунтириб айтдим. Назаримда, Худойберди ака ҳозирнинг ўзида хонага қайтадилар-у, футбол интернатига қўнғироқ қилиб, муаммони ҳал қиладигандек.

Гапимни диққат билан тинглаган Худойберди ака меҳмон йигитга қайта бош-оёқ нигоҳ югуртирди. Қайси вилоят ва қайси тумандан келганини сўради. Йигит айтди.

— Онанг нима овқат қилиб беради?

Устознинг кутилмаганда берган саволи йигитни довдиратиб қўйди. У бир зум ўйлаб қолди-да, бўшашибгина жавоб қайтарди:

— Мошхўрда…

Худойберди ака бирдан ва кескин бош чайқай-чайқай деди:

— Йўқ, йўқ, Марадона мошхўрда ичмаган. Қишлоққа боргин-да, бошқа ҳунар қил. Тушундингми? Марадона мошхўрда ичиб тўп тепмаган!..

* * *

Дўрмон ижод уйи. Шахматчи адиблар ўртасидаги навбатдаги “жанг” қизиган палла. Бош ҳакам Маҳмуджон ота Юнусов рақибларни тахта ёнига чорлади:

— Мирпўлат Мирзо ва Хуршид Дўстмуҳаммад — учинчи стол!

Столга яқин келган Мирпўлат Мирзо ҳакамга қарата баралла мурожаат қилди:

— Маҳмуджон ота, ким — оқ, ким — қора?

Шодмон Отабек яйраб кулиб юборди:

— Мирпўлат, кап-катта шоирсиз, Хуршид билан ўзингизни солиштиринг, ким оқ ё қора эканлигини эълон қилиш шартми?!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 4 =