Ҳозирча оддий талабаман…

Мен ҳам навбатдаги имтиҳонлар ва амалиётдан кейин азим Тошкентдан Хоразмга қайтиш учун чипта кассаси олдида турардим. Оддий талабалик ҳаёти: чўнтакка мос келадиган оддий, секин юрар йўловчи поездига чипта олдим. Аммо айнан шу лаҳзада ҳаётимга бутунлай янги руҳ олиб кирган воқеа содир бўлди.

Мендан кейинги навбатда ўзига ишонган, ҳар бир ҳаракатидан муваффақият уфуриб турган, замонавий кийинган аёл турарди. У кассага яқинлашиб, ҳеч иккиланмай “Жалолиддин Мангуберди” тезюрар поездига чипта сўради. У чиптани олиб, ўз йўлида давом этаётганда, ичимда қандайдир ҳавасми, хуллас, шунга ўхшаш туйғу кечди. Кўз олдимга ўша аёл ва у кетадиган муҳташам поезд келди.

Шу лаҳзаларда ўзимга қатъий мақсад қўйдим: “Мен ҳозирча оддий талабаман, лекин кун келади, албатта, ўз меҳнатим, билимим билан шу каби поездларда Хоразмга мағрур қайтаман!”

Ахир у шунчаки поезд эмас, ҳақиқий мўъжиза. Мен кетадиган оддий поезд Тошкентдан Урганчгача 14 соат юради. Замонавий “Hyundai Rotem” электропоезди эса бу узоқ йўлни атиги 7,5 соатда босиб ўтади. Соатига 250-260 километр тезликда шамолдек учадиган бу тезюрар поезд бизнинг жазирама чўл иқлимимизга жуда мос. У ҳатто 40 даража совуқда ҳам, +50 даража иссиқда ва даҳшатли қум бўронларида ҳам тўхтамай ҳаракатлана олади. Қойилмисиз?

Ичкаридаги қулайликларни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Мен ўтирган поездда одамлар ухлаш учун жой талашиб кетаётган бир вақтда, у ерда йўловчилар вагондаги иқлим назорати остида, махсус экранларни томоша қилиб, ўриндиқларини хоҳлаган томонга буриб кетишади.

Энг муҳими, бу поезднинг айнан “Жалолиддин Мангуберди” деб номланишида. Биз — бутун Хоразм аҳли учун чексиз бир фахр бор. Мангуберди шунчаки тарихий шахс эмас, у бизнинг мард ва жасур аждодимиз, ватанпарварлик тимсолидир. Ўз юрти озодлиги учун Чингизхон қўшинларига қарши мардона курашган султоннинг номи бугун пўлат рельслар узра юртимиз маркази ва шимолини боғлаб, узоқни яқин қилмоқда. Бизнесмен аёл поездга чиқаётганда, мен томиримда ўша буюк саркарданинг қони оқаётганини, менда ҳам шундай шижоат борлигини ҳис қилдим.

Ҳозир мен эски поезд ойнасидан чўлларга тикилиб, келажак режаларини тузяпман. Ёнимдан шамолдек ўтиб кетадиган ўша тезюрар поезд менга ҳаётда доимо олдинга интилиш кераклигини эслатди.

Шириной ДЎСИММАТОВА,

Ўзбекистон Миллий университети талабаси.

Муваффақият сири

Инсон ҳаётида муваффақиятга эришиш кўп жиҳатдан унинг ўзига бўлган ишончига боғлиқ. Ўзига ишонган инсон қарор қабул қилишда қатъий бўлади, қийинчиликлардан қўрқмайди ва ўз олдига қўйган мақсад сари дадил интилади. Аксинча, ўзига ишончи паст бўлган шахс имкониятлари етарли бўлса ҳам, уларни тўлиқ намоён эта олмайди. Шу боис ўзига ишончни шакллантириш ва ривожлантириш ҳар бир инсон учун муҳим вазифа ҳисобланади.

Аввало, ўзига ишончни ошириш учун инсон ўзини англай олиши зарур. Ўзининг кучли ва заиф томонларини билиш, реал имкониятларини баҳолаш шахснинг ички таянчини мустаҳкамлайди. Шунингдек, кичик ютуқлардан бошлаб катта мақсадларга эришиш муҳимдир. Ҳар бир эришилган натижа инсонда ишончни оширади ва уни янада катта марралар сари ундайди.

Бундан ташқари, ижобий фикрлаш ўзига ишончни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Салбий ўйлар ва ўзини паст баҳолаш инсоннинг ички энергиясини камайтиради. Шу сабабли инсон ўз фикрларини назорат қилиб, ижобий ёндашувни шакллантириши лозим. Атроф-муҳит ҳам катта таъсир кўрсатади: қўллаб-қувватловчи дўстлар ва яқинлар инсоннинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Яна бир муҳим омил — бу доимий ҳаракат ва ўз устида ишлашдир. Билим ва кўникмаларни ривожлантириш, янги тажрибаларни ўзлаштириш инсоннинг ўзига бўлган ишончини оширади. Спорт билан шуғулланиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш ҳам руҳий барқарорликни таъминлаб, ишончни мустаҳкамлайди.

Муваффақиятсизликлардан қўрқмаслик ҳам муҳимдир. Ҳар қандай хато — бу тажриба ва сабоқ манбаи. Уни тўғри қабул қилган инсон келажакда янада кучлироқ бўлиб шаклланади. Ўзига ишонч айнан синовлар орқали мустаҳкамланади.

Ўзига ишонч туғма сифат эмас, балки ҳаёт давомида шаклланадиган кўникмадир. Уни ривожлантириш учун инсон ўз устида ишлаши, ижобий фикрлаши ва мақсад сари қатъият билан интилиши зарур. Ана шундагина у ўз имкониятларини тўлиқ намоён эта олади ва ҳаётда муваффақиятга эришади.

Фарангиз ШОМУРОДОВА,

Ўзбекистон Миллий университети талабаси.

 

Замонавийлик ниқобидаги таназзул

Бугун биз осмонўпар бинолар қурмоқдамиз, энг сўнгги русумдаги технологиялардан фойдаланяпмиз. Аммо моддий ютуқларимиз ортидан асрий маънавий бойликларимизни “унутиб” қўймаяпмизми? Юз йиллик қадриятларимизнинг енгил-елпи ҳавасларга алмашилаётгани — миллат сифатида ўзлигимизни йўқотаётганимиздан дарак эмасми?

Кузатишларимизни оддийгина кундалик ҳаётимиздан — жамоат транспортидан бошлайлик. Эрталабки метро поезди. Вагонга қўлида оғир сумкаси билан ёши бир жойга бориб қолган онахон ёки нуроний отахон чиқади. Атрофга қарайсиз: ўриндиқларда ўтирган ёшларнинг деярли барчаси қулоқчин (наушник) таққан, кўзлар телефонга миxланган. Кимдир ўзини ухлаб ётгандек кўрсатса, кимдир ижтимоий тармоқ тасмасини айлантириш билан овора. Биз қачондан бери кексаларга жой бериш учун уларнинг тепамизга келиб, ерга қараб қаддини букиб туришини кутадиган бўлдик? Шарқона тарбия, каттага ҳурмат ва андиша қаерда қолди? Энг ачинарлиси, бу ҳолат жамиятимиз учун оддий, одатий ҳолга айланиб боряпти. Виртуал дунёнинг ичига кириб кетган ёш авлод ёнидаги тирик инсонни, унинг ёрдамга ёки эътиборга муҳтожлигини кўрмаётгандек… ёки кўришни истамаётгандек.

Андиша ва масъулиятнинг йўқолиши фақат метро вагонлари билан чекланиб қолмаяпти. У жамиятнинг энг муқаддас пойдевори — оилагача етиб борди. Илгари ўзбек хонадонида ажрим деган сўз энг катта фожиа, оила катталари аралашиб бўлса-да, олди олинадиган уятли ҳолат ҳисобланарди. Бугун-чи? Бугун арзимаган сабаблар, сабрсизлик ва масъулиятсизлик туфайли минглаб оилалар осонгина барбод бўлмоқда. Охирги йиллардаги маълумотларга кўра, республикамизда ажримлар сони қўрқинчли даражада ўсиб бормоқда. Маълумотларга қараганда, биргина ўтган йилларда ажрашишлар сони қарийб 15 фоизга ошган. Энг ачинарлиси, ажрашаётганларнинг аксарияти 1-2 йилгина бирга яшаган оилалардир.

Интернетдаги виртуал орзулар ортидан қувиб, ҳаёт қийинчиликларига сабр қилмаслик, ўзаро меҳр-оқибат ва оила муқаддаслиги тушунчасининг қадрсизлангани мана шундай совуқ ва аянчли рақамларни келтириб чиқармоқда. Қадриятларни йўқотиш — миллатнинг келажагини йўқотиш демакдир. Агар биз бугун метрода ёки автобусларда қарияга жой бермайдиган ёшларни тарбиялаётган бўлсак, эртага ўз ота-онасини қариялар уйига топширадиган, оила деган муқаддас даргоҳни шунчаки ўйинчоқ деб биладиган жамиятни қўлимиз билан қураётган бўламиз.

Замонавий бўлиш — миллий ўзликдан, андишадан ва садоқатдан воз кечиш дегани эмас. Тараққиёт сари одимлар эканмиз, чўнтагимиздаги энг сўнгги русумдаги телефонлар қалбимиздаги инсонийлик ва миллий қадриятларимизни ютиб юборишига йўл қўймаслигимиз лозим.

Феруза ҲУСНИДДИНОВА,

Ўзбекистон Миллий университети талабаси.

 

Вобкентнинг сеҳрли гўшаси

Она сути ила қалбга жо бўлувчи муқаддас муҳаббат битта. Бу ҳам бўлса Ватан туйғусидир. Кичиклигида она бағридан жой олган инсон йиллар давомида қандай қилиб она тупроғининг бир бўлагига айланганини, мана шу заминнинг кўксидан жой олганини сезмай ҳам қоларкан.

Ҳар бир инсоннинг ўз муқаддас маскани бўлганидек, менинг ҳам жонажон ва тарихнинг тирик саҳифаларини ўзида сақлаб келаётган гўшам бор. Бу — ўзбек халқининг шаклланишида муҳим ўринга эга бўлган, бугун эса замонавий қиёфа касб этаётган қутлуғ Қатағон қишлоғимдир.

Тарихий манбаларга кўра, қадимий туркий-мўғул илдизларига эга бўлган қатағoнлар деб аталувчи қабилалар Дашти Қипчоқ бағридан келиб, Бухоро воҳасининг Вобкент деб аталувчи серунум, баракали ерларини макон тутиб, яшай бошлаганлар. Дастлаб чорвачилик ва эркин ҳаётни хуш кўрувчи бу мард уруғ вакиллари кейинчалик қўрғонлар ва улкан уйлар қуриб, вақт ўтиши билан файзли Қатағон қишлоғига айланган маскан барпо этишган. Қишлоқнинг қадимий илдизларидан сўзловчи энг улуғвор гувоҳ — бу ҳудуддаги машҳур Қаландартепа археологик ёдгорлигидир. Тарихи ўрта асрларга бориб тақаладиган тепалик шунчаки тупроқ уюми эмас, балки бағрида бир-биридан қизиқарли сир-асрорни яширган тирик музей ҳамда ҳозирда ёш авлод учун фахр туйғусини берадиган гўшадир.

Бугун Қатағон қишлоғи бутунлай янгича қиёфага эга бўлган, тонгларида тандирда ёпилган иссиқ нон ҳиди уфурадиган, кўчаларида шўх-шодон ёш болаларнинг ширин кулгиси янграйдиган, қарияларнинг ўзгача аскиялари ҳукмрон бўлган ва ёш авлоднинг келажак сари, мустақил ҳаёт учун ташлаётган қадамлари эътибордан четда қолмайдиган файзли ва ҳузурбахш манзилга айланган.

Инсон ўз тупроғидан узоқда бўлсагина, унинг қадрини англар экан. Ҳозир Тошкентнинг шовқинли кўчаларида ўз масканини қўмсаётган талабалар бисёр. Қушларнинг сайроқи овози, йўл четида қатор тизилишиб турган, мени кўриши билан қаддини эгиб салом берувчи дарахтлар, бир-бирига навбат бермай, қувалашаётган шўх сой жилғалари…

Кутинглар, сизлар соғинган ва сизни соғинган ўша шўх фарзандларингиз бағрингизга ошиқмоқда…

Шаҳризода ШАМСИДДИНОВА,

Ўзбекистон Миллий

университети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 3 =