Медиа маконда янгиланиш нафаси
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қандай лойиҳаларни таклиф этмоқда?
Томоқни тилмайдиган, силлиққина ютиладиган тансиқ таомдек, айрим янгиликлар ҳам инсоннинг ахборотга бўлган ташналигини қондирувчи ўзига хос “десерт” бўлиши аниқ. Зеро, бугунги медиа маконда истеъмолчи нафақат тезкор, балки ишончли, мазмунли ва ўзига яқин ахборотни изламоқда. Ахборотни аудиторияга қандай шаклда етказиш масаласи эса журналистиканинг энг муҳим мезонларидан бирига айланган.
Ана шундай муҳим янгиликлар тақдимоти сифатида жорий йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон Журналистлар уюшмасида “Лойиҳалар куни” тақдимоти ўтказилди. Тадбир медиа соҳасини ривожлантириш, журналистларнинг касбий фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий ахборот муҳитида янги ташаббусларни илгари суришга қаратилган лойиҳалар намойишига бағишланди. Таъкидланишича, март-май ойларида республика ҳудудлари бўйлаб ўтказилган учрашувлар, очиқ мулоқотлар ва муҳокамаларда журналистлар, блогерлар, медиаэкспертлар ҳамда соҳа вакиллари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида қатор янги ташаббуслар ишлаб чиқилган. Мазкур жараёнларда мингга яқин медиа соҳаси ходимлари иштирок этган.
Тақдимот давомида бир қатор истиқболли лойиҳалар жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг янгиланиш концепцияси тақдим этилди. Унда рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва глобал ахборот макони шароитида медиа соҳаси олдида турган долзарб вазифалар, замонавий ёндашувлар ҳамда устувор йўналишлар акс этгани қайд этилди. Шунингдек, журналист этикаси ва касбий масъулиятини мустаҳкамлаш мақсадида Уюшма ҳузурида Этика комиссиясини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Тадбирда ушбу комиссиянинг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари ва иш тартиби юзасидан батафсил маълумот берилди.
Журналистларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларнинг касбий фаолиятида юзага келадиган турли муаммоларда амалий кўмак кўрсатиш мақсадида Ҳуқуқий-психологик ёрдам марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Ушбу марказ ижодкорларга нафақат ҳуқуқий, балки психологик кўмак беришга хизмат қилиши мумкин. Тадбирда “Блогерлар кенгаши” лойиҳаси юзасидан ҳам фикр алмашилди. Мазкур ташаббус блогерлик фаолиятини ривожлантириш, медиасаводхонликни ошириш ҳамда профессионал медиа майдонида блогерлар ва давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Яна бир муҳим янгилик сифатида “Олтин қалам” миллий мукофотига оид янги ёндашувлар ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, эндиликда бир неча йил давомида мақолалари жамоатчилик эътиборига тушиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ҳамда жамият учун муҳим ва долзарб мавзуларни ёритиб келаётган журналистлар ўзлари ариза топширмаган тақдирда ҳам номзод сифатида тавсия этилиши мумкинлиги қайд этилди. Шунингдек, 20 йилдан ортиқ муддат давомида ушбу соҳада фаолият юритаётган ходимлар ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолари учун мавжуд имкониятлар қамровини янада кенгайтириш режалаштирилаётгани таъкидланди. Тақдимот жараёнида журналистлар ва медиа соҳаси вакиллари лойиҳа ташаббуслари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутасаддиларга юзланиб, мавзулар доирасидаги очиқ муҳокамаларда фаол иштирок этдилар. Фикр алмашувлар давомида соҳани ривожлантиришга оид қўшимча таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Бундан ташқари, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан оммавий ахборот воситалари учун яратилаётган янги имкониятлар, грант ва ижтимоий буюртмалар танловлари ҳақида ҳам тақдимот ўтказилди.
Тадбир сўнгида “Лойиҳалар куни”ни келгусида бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этиш, янги ташаббус ва лойиҳаларни кенг жамоатчилик ҳамда вилоятлардаги медиа вакилларига тақдим этиш режалаштирилаётгани қайд этилди. Умуман олганда, “Лойиҳалар куни” журналистлар, блогерлар ва соҳа мутахассислари учун фикр алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш майдонига айланди.
Фарангиз АБРУЕВА,
“Hurriyat” мухбири.
