Уйғониш қўнғироғи

Муаллиф ҳақида:

Сайёра САМАНДАР Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари номзоди, доцент, “Шуҳрат” медали соҳибаси.

Муаллифнинг “Сизга айтолмаган сўзларим”, “Кўнглим”, “…Ва яна баҳор”, “Озодликдек бахт йўқдир”, “Фақат ишқ…” номли шеърий тўпламлари чоп этилган.

Ўзбек адабиёти, жадидлик ҳаракати намояндаларининг ҳаёти ва ижодини тадқиқ қилишга бағишланган қатор илмий мақолалари чоп этилган. Шеърлари турк, озарбайжон, ҳинд, инглиз, туркман тилларига таржима қилинган.

(Манзума)

Азизлар, Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилиши сиз каби менинг ҳам юрагимни жуда тўлқинлантирган эди. Буюк цивилизациялар туташган маскан улуғ аждодларимиз ақл-заковатининг, сарҳадсиз тафаккурининг беназир намойиши ўлароқ қалбимни фахр-ифтихор туйғуларига чулғаган. Бу ҳаяжон мени ҳали ҳам тарк этгани йўқ. Ҳамон унинг таъсиридаман. Жуда улкан маънавий қудратга, маърифий кучга эга бу маскан биздан кейинги авлодларга ҳали неча юз минг йиллар хизмат қилишини, уларга ўзликдан сабоқ беришини ўйлаб, энтикаман. Илоҳим, бунёдкор юртимизга кўз тегмасин! Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб юксалиш йўлида меҳнат қилаётган азиз халқимиз омон бўлсин!

Сайёра САМАНДАР,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси,

“Шуҳрат” медали соҳибаси.

Виқор тўкиб турар муҳташам бино,

Мовий гумбазидан узиб бўлмас кўз.

Рангин нақшлару кошинлар аро

Буюк тамаддундан мозий очар сўз.

 

Остона ҳатладим аста. Сукунат.

Ҳайрат гирдобида қолдим дафъатан.

Маърифат чироғин ёғдуларида

Ўзимни топгандек бўлдим қайтадан.

Бир садо таралар деворлар узра,

Борлиқни титратиб янграр қўнғироқ.

Атрофни чулғайди гулгун бир шуъла,

Вужудим қамрайди ажиб бир титроқ.

 

Бу не макон ўзи? Бу не ошиён?

Жисмим ичра эниб боради қувват.

Бу не башоратдур? Бу не каромат?

Бунда жо қандайин илоҳий қудрат?

Нечун юрак урар қушдай типирлаб,

Кўксим деворларин тирнаб, қонатиб?

Мозийнинг қаъридан отилар овоз,

Мудраган руҳимни туртиб, уйғотиб.

 

Нечун ҳаприқади, тўлади бўғзим,

Нечун кўзларимдан қуйилади ёш?

Олис тилсимларнинг бағрини ёриб,

Қадим уфқлардан кўринар қуёш.

 

Деворлар виқор-ла боқади мағрур,

Уйғотиб руҳимни ғафлат хобидан.

Улуғвор гумбазнинг акс-садосидек,

Қўнғироқ янграйди ҳар обидадан.

 

Қўнғироқ овози тутар атрофни:

Уйғонгил! Уйғонгил! Уйғонгил! Уйғон!

Етмиш икки мингта томирни чертиб,

Садо бермоқда у, эшитгил, инсон!

 

Сездингми, тўлқиндай чайқалиб, тўлиб,

Вужудинг жунбишга келаётганин?

Сездингми, руҳингнинг боғлари аро

Тонгги саболарнинг эсаётганин?

 

Тафаккур уйғонса, уйғонар одам,

Очилар кўнгилнинг сўқир кўзлари.

Мозийга қулоқ тут, сабоғин тингла,

Келажакка элтар ўтмиш излари.

 

Даҳолар мангудир! Буюклар ўлмас!

Зулмат кишанларин парчалар ёғду.

Огоҳ бўл, ҳушёр бўл, азиз замондош —

Уйғониш палласин қўнғироғи бу!

 

Қўнғироқ — ғафлатдан уйғотувчи бонг(!),

Қўнғироқ — юксалтгай ғурурни, шонни(!).

Бу бонгдан уйғониб, асрагайдурмиз

Юракдаги байроқ — Ўзбекистонни!

 

  1. САЛОМ АЗИМ ДАРЁ, МАНГУ ДАРЁЛАР!

 

Минг бир ҳаяжонда қўяман қадам,

Ёғдуларга талаш бўлар хаёлим.

Кеча ва бугуннинг пойида туриб,

“Мен кимман?” — отилар дилдан саволим.

 

Борлиғимни чулғар аланга, оташ,

Ҳаво етишмайди, қайтар нафасим.

Ўз-ўзимга сиғмай бораман, ё Раб,

Ёрилиб кетгудай кўкрак қафасим.

Кўзларим қамашар нурлар рақсидан,

Тилга кира бошлар қадим китоблар.

Азиз сиймоларнинг нидоси бўлиб,

Ўзига чорлайди ўтли хитоблар.

Саҳифалар аро янграр қўнғироқ,

Тобора баландроқ. Яна баландроқ!

Мен, сен, биз — ҳаммамиз уйғонмагунча,

Тинмайди. Тинмайди. Тинмас қўнғироқ!

 

Мозийнинг қизига айланиб ногоҳ,

Тарихнинг кўксига қўяман бошим.

Руҳимни аллалар асрий бир оҳанг,

Кўзларимдан оқар шашқатор ёшим.

 

Мен келдим, уч минг йил йўл юрдим сарсон,

Бошимдан ўтмади не-не савдолар.

Мен ювмоқ истайман энди дилимни,

Салом, азим дарё, мангу дарёлар!

 

Минг йиллардан қолган ғуборларим бор,

Офтобга ёяман маҳзун кўнглимни.

Эртанинг умидбахш остонасида

Нурларга буркайман бугун йўлимни.

 

Покланмоқ, тозармоқ — руҳнинг истаги,

Бонг уриб, кимлигим эслатинг бот-бот.

Қўнғироқ чалиниб турса ҳар лаҳза,

Уйқуга кетмайди зинҳор одамзод!

 

  1. УЙҒОНИШ СИЛСИЛАСИ

 

Йўлаклар оралаб бораман аста,

Тарих пардалари бир-бир очилар.

Муҳташам гумбазнинг нақшларидан

Ҳовуч-ҳовуч ёғду, зиё сочилар.

 

Бунда ҳар бир қадам элтар ҳикматга,

Ҳар нигоҳ кўзгудир менга тутилган.

Маҳобатли, сирли деворлар аро,

Дийдорлар бошланар — узоқ кутилган.

 

Савлат тўкиб турар Мусо Хоразмий,

Унинг “ал-жабри”дан олам кўз очган.

Ернинг айланасин ҳисобин тузган

Беруний тупроқдан ёниб сўз очган.

 

Сув сатҳин ўлчаган Аҳмад Фарғоний,

Тибнинг қонунларин кашф этган Сино.

Саҳиҳ ҳадисларни тузган Бухорий,

Иймонга чорлаган Термизий бобо.

 

Нақшбанд — ахлоқнинг безаги, нақши,

“Дил ба ёр, даст ба кор” илмин яратган.

Фалак сиррин очган Мирзо Улуғбек,

Оламга Туроннинг номин таратган.

 

Мана, боқиб турар ҳазрат Навоий —

“Гуҳари шариф”ни дилларга эккан.

Мана, шоҳ ва шоир Муҳаммад Бобур —

Ватаннинг дардларин қаламда чеккан.

 

Ватан озодлиги учун курашган,

Мангуберди — ёвга мангу исён бу.

Давлатчилик тамал тошини қўйган

Буюк Амир Темур — Соҳибқирон бу!

 

Нозик жуссасида буюк матонат,

Илм чароғбони — Сароймулкхоним.

Айтинг-чи, эй менинг мард Бибихоним,

Қирқтами ё қирқ минг эканми жоним?..

 

Нодираи даврон — ул Моҳларойим,

Увайсий хонимлар, Жаҳон отинлар…

Аёл закосининг гўзал суврати,

Миллат гавҳарлари, дур-у олтинлар…

 

Аланга кучаяр вужудим ичра,

Тугамас ҳаяжон, тугамас титроқ.

Не бахтки, Уйғониш силсиласида

Ҳар бирин қўлида кўрдим қўнғироқ!

 

 

Аждодлар мероси зиёдир сўнмас,

Авлодлар илкида ўчмас бу чироқ.

Тафаккур оламин уйғотиб мангу,

Жаранг сочиб турар боқий қўнғироқ.

 

Бонг урар устма-уст, қайта ва қайта,

Кетгим келмас улар ёнидан сира.

Бирдан юрагимда чақмоқлар чақиб,

Руҳимда рўй берар кучли зилзила.

 

Ғофиллик кишандир тафаккур, руҳга,

Жаҳолатдир аслинг, ўзингдан тонмоқ.

Юракдан отилар ҳаётбахш бир бонг:

Уйғонмоқ! Уйғонмоқ! Уйғонмоқ!

 

Англадим, ўтса ҳам неча асрлар,

Аждодлар ҳамиша уйғоқдир, уйғоқ!

Бугун ҳам, эрта ҳам хуш жаранг сочиб,

Уларнинг қўлидан тушмас қўнғироқ!

 

  1. УЧИНЧИ УЙҒОНИШ ҚЎНҒИРОҒИ БУ!

 

Тил сўзга айланмас. Сўз тилга келмас,

Руҳим кўтарилар осмон-фалакка.

Усмон Мусҳафидан таралган оҳанг

Малҳамижон бўлиб кирар юракка.

 

Қадим қўлёзмалар — оддий китобмас,

Варақлар қатида тафаккур шарҳи.

Бундан кетиб бўлмас ўзгармай туриб,

Бу маскан — инсоннинг руҳият тархи.

 

Буюк тамаддунга бешик бўлган юрт,

О, она заминим, муқаддас тупроқ!

Даҳоларга алла айтган Туроним,

Менинг ҳам қўлимда янграр қўнғироқ!

 

Етмиш икки мингта томирим аро

Унинг хуш овози жаранглаб оқар.

Уйғотиб тўрт минг тўрт юз сўнгагимни,

Жисмимда маърифат чироғин ёқар.

 

Дунёда энг кучли садодир асли

Сукунат бағрига чўмган ҳайқириқ.

Оламнинг тинчини бузиб ногаҳон,

Қўнғироқ чаламан мен ҳам ҳайқириб:

 

Уйғониш фасли бу! Тафаккур фасли!

Дилларни чароғон айлагай ёғду.

Нурафшон масканда янграётган бонг —

Учинчи Уйғониш қўнғироғи бу!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − ten =