А. шаҳридаги “қадимий” ёдгорлик

Асқар ИСМОИЛОВ

Муаллиф ҳақида:

Асқар ИСМОИЛОВ Сирдарё вилоятида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети битирувчиси.

2023 йилда унинг “Алвидо” номли илк китоби нашр этилган.

Ҳозирда “Renessans” телеканалининг “Ovoza” ахборот дастури учун лавҳалар тайёрлайди. Мақола ва бадиий асарлари республика нашрларида мунтазам чоп этиб келинмоқда.

Ҳар куни шакл-шамойили бир хил, олди-қочди тадбир-у йиғилишларни ёритиш кўпайиб кетди-да ўзи! Очиғи, бу ишлар зерикарли тус ола бошлади. Тезроқ бир зўр, оламшумул воқеани олиб чиқсанг, эсда қоласан-да, ўзинг ҳам роҳатланасан. Қолаверса, ич-ичингдан завқланасан. Оёқни чалиштириб, ишхонада шу ҳақда ўй суриб ўтирибман. Наҳотки шу тобда пичоққа илинадиган бирон нарса чиқмаса? Худди ўт-ўланлар ҳақида шеър ёзиб юрган шоирга ўхшайман.

Шу пайт телефоним жиринглаб қолди. Хоҳламайгина қарасам, А. шаҳридан, Ўлкашунослик музейи раҳбари. Ўзига ҳам қизиқ бўлмаган аллақандай тадбирга айтиши аниқ. Кўтармадим, шунақа одатим бор, ахир режаларимга тўғри келмайди, мени буюк ишлар кутмоқда… Ростдан, музейда нима ҳам бўларди? Мен нима дарддаман-у, бу кишимнинг қайта-қайта қўнғироқ қилишини-чи?! Қўнғироқ тинмаганидан ўйлашга, фикрлашга, фантазия қилишга ҳеч қўймади.

— Алло, эшитаман! — кўтардим охири.

— Ассалому алайкум, Асқаржон! Яхшимисиз? Мен — опангизман, А. шаҳридан. Шу десангиз, “Апартак” қишлоғимизда биттаси уйидан кўза топиб олибди, қадимий. Музейга топширди бугун. Шуни чиқарсак бўладими?

— Яхши-ку, унда ёритамиз. Неча йиллик экан? Ёки милоддан аввалгими?

— Ҳа, йўғ-эй, XVIII аср охири — XIX аср бошларига тегишли бўлса керак. Ўйма нақшларига назар солдим, шунақага ўхшаяпти.

— Унда эртага журналистларни олиб бораман. Ёдгорлик топиб олинган жойга ҳам борамиз, айтиб қўйинг. Ўзингиз яхшилаб, илмий жиҳатдан тушунтирасиз. А. шаҳрининг қадимийлигини айтасиз, унда очилмаган, ҳали ўрганилмаган тарих ётибди, дейсиз. “Апартак” қўрғони аҳолиси ўтроқ бўлган, минг йил илгари ҳам ҳаёт қайнаган, Ипак йўли карвони шу ерлардан тўда-тўда бўлиб ўтган, дейсиз…

— Бўлди. Китобларни варақлаб, яна ҳам ўрганиб қўяман. Ростдан ҳам шундай бўлиши керак.

— Опа, эртага интервью берганда “XIX аср” деб ўтирманг. XIV-XV асрга тегишли деяверинг. Ким “исботла” деб ўтирибди? Шов-шув бўлади! Телеканалларда беришга арзирли нарса чиқиши керак. Журналистлар қаердан ҳам биларди?

— Асқаржон, XIV-XV аср эмас, сал мантиққа тўғри келадиган қилиб, “XVII аср” дейман унда.

— Ҳа, қаранг…

…Тонг отди.

Эрталабдан телевидение ходимлари билан келишиб, А. шаҳрига йўл олдик. Йўлда журналистларга А. шаҳри тарихи ҳақида билганимча гапириб кетдим. Шаҳарга кираверишда опанинг рақамини тердим. Манзилни тушунтирдилар.

— Музейга, чапга ҳайданг, — дедим ҳайдовчига.

А. шаҳридаги Тарих музейига келдик. Опа тўйга кетаётган келиндек ясаниб олибди (телевизорда чиқаман деган-да).

— Асқаржон, мана, киринг, ноёб кўзани кўришингиз мумкин.

— Синганми?

— Топиб олган бола ерни қазиб, ёзги ошхона қурмоқчи бўлган. Кетмони қаттиқ нарсага текканмиш. Олиб қараса — кўза. Иккиланмасдан олиб келди.

— Қўйсангиз-чи, опа, бу бола ичида ёмби, тангалар бўлса керак деб синдирган.

— Шу хаёлимга келмабди-я! Бўлиши мумкин.

— Сиз бўлганингизда ҳам шундай қилардингиз…

Ўртада қисқа кулги кўтарилди. Кўзани қўлимга олиб, режа туза бошладим. Унинг уйига борамиз. Демак, кўза топган дардисарни қаҳрамон қиламиз. Кейин музей раҳбаридан шу жойнинг ўзида интервью оламиз. Музей фонида яхши ва ишонарли чиқади.

— Асқаржон, XVI-XVII аср дея қолайлик, — деди опа.

— XIV-XV аср денг, ҳеч нарса қилмайди, — дедим кўзанинг довруғини кўтариш учун.

— Йўғ-а, Шайбонийхон даврига тушиб кетасиз-ку. Ҳафта ҳақида гап кетмаяпти, бу бир аср — юз йил дегани.

— Сиз мутахассис сифатида тахминингизни айтасиз, исботингизни эмас. Тарих шунақа: асосан, тахмин. Опа, сал шов-шув бўлсин деяпман-да.

— Тушуняпман, майли.

Кийимлари ўзига ярашган опа камера қаршисида интервью беришни бошлади:

— А. қадимий ва навқирон шаҳар эканлиги яна бир бор исботланмоқда. Яқинда “Апартак” қўрғонида истиқомат қилувчи фуқаронинг хонадонидан XVI-XVII асрларга оид қадимий кўза топилди. Ўша даврда бундай буюмлар зодагонлар дастурхонининг безаги бўлган. Ноёб топилмани фуқаромиз дарҳол, иккиланмай бизга, яъни музейга топширди. Эндиликда музейимизда ўтмишдан садо бериб турадиган нодир экспонатлар сони яна биттага бойиди. Менинг тахминимча, қўрғон атрофидан яна кўплаб ёдгорликлар топилади, бунга шубҳа йўқ.

— Ўзингизни таништиринг, — деди мухбир.

— Гулҳаё Солижонова. Шу музей раҳбариман.

— Опа, бопладингиз! Эртага кўрасиз, вазирликдан, ҳокимиятдан қўнғироқ қилиб, безорингизни чиқаришади. Мукофотлар, катта-катта учрашувлар сизсиз ўтмайди кейин. Вақт тополмай қоласиз ­бу­ёғига.

— Раҳмат, Асқаржон! Кўтарилиб кетсам-а?

Бир зум ичида опа турли хаёллар оғушида қолди. Юзидаги табассумдан анча сархушлиги сезиларди.

— Қани, қаҳрамонимизнинг уйига борамиз, кетдик! — деб ҳаммани машинага чорладим. Ижодий гуруҳ машинага бирин-кетин чиқа бошлади.

А. шаҳри марказидан унча узоқ бўлмаган масофага, тахминан 5 км юрдик. Маҳаллага кираверишда одамлар гавжум, ҳамма алланималарни муҳокама қиляпти. Маҳалла фаоллари бизни кутиб олишиб, бир пиёла чой узатишди.

— Қани, ўғлим, чойга қаранг. Тошкентлар тинчми?

— Раҳмат, ота! Ҳаммаси тинч.

— Менинг кичик ўғлим Турсунбой топиб олди. Ўзи катта ўғлим қурилиш ишларини бошлаган эди. Меҳнатни шу каттаси қилган. Бозорга ғишт олишга кетганида, ҳеч ишлагиси келмайдиган кичиги ерга бир кетмон урган экан, кўза чиқиб турибди. Шу адолатданми? Югурганники эмас, буюрганники бўлибди-да. Энди бериладиган пулни кичигим “ўртада бўлмайман” деяпти.

— Ҳали йўқ пулга-я? Мукофот, албатта, берилади.

— Ҳа, албатта, берилади. Қанча қадимий бўлса, сақланганига қараб, ўрганиб чиқиб берилади, — дея ҳайрон бўлиб опа гапга аралашди.

— Қани, Турсунбой, бери келинг-чи. Кўзани сиз топиб олдингизми? Қўлга олиб “жин чиқади” деб ишқаламадингизми, ишқилиб?

— Ишқаладим, мана, сизлар келдингиз-ку! (бироз кулишдик).

Суҳбатни калта қилиб, ишга киришдик. Турсунбойни иш қилаётгандек қилиб постановка яратдик ва тасвирга ола бошладик.

— Хотиним ҳам тушсин, ака! Дам-бадам чой олиб келиб, менга қарашиб турарди.

Арзанданинг арзига ҳам кўндик. Хотини сузилиб келиб чой узатади, у эса яна ишлайди. Бир маҳал ковлаётганида кўза топилади… Шундай қилиб, воқеани тасвирга муҳрлаб, интервью олишга киришдик.

— Мен — Турсунбой Тоштемир ўғлиман. Тунов куни уйимизда қурилиш бошлаган эдик. Ер ковлаётганимизда кўза чиқди. Қадимий дейишяпти. Мана, ўзларингиз баҳо берасизлар. Айтишларича, “Апартак” маҳалламиз атрофида қадимий ёдгорликлар кўп чиққан экан. Нима топсам, шу музейга топшираман энди. Қолаверса, топганга пул мукофоти беришаркан. Бу гапимни кесиб ташланг… Ундан кейин, ўтмишимиз, шу заминда яшаган ота-боболаримиз тарихи узоқ-узоқларга бориб тақалишидан дарак беради бу. Яна нима дейман?

— Бўлди, етади. Ишлаб турганингизни олганимизнинг ўзи кифоя.

Уйга анча одам тўпланибди. Ҳаммаси томошага келган, шекилли. Ҳа, нима, ҳар куни ҳам Турсунбой кўза топиб олмайди-ку.

Шундай қилиб, ҳамма билан хайр-маъзур қилиб, Тошкентга қайтдик. Тасвирга туширилган лавҳа шу куннинг эртасигаёқ эфирга кетди. Ҳамма хурсанд. Кейинроқ газетадан ҳам келишибди. Яхшигина резонанс берди, шекилли, опамизнинг оғзи қулоғида бўлиб юрди. Орадан кўп ўтмай, опамиз қўнғироқ қилиб қолди. “Яна ундан ҳам катта буюм топилган, шекилли”, деб қўнғироқни кўтардим.

— Аллооо… Асқаржон, порталдан хат келибди. “Машҳур бўласан” дегандингиз, шарманда бўлдим!

— Нима бўлди, опа?

— Турсунбой “пулимни бермасдан қочиб юришибди” деб устимдан ёзибди.

— Тушунтириб гапиринг, нима бўлди ўзи?

— Сизнинг гапингизга кириб, “XVI асрга оид ёдгорлик” дегандим. “Қанча қадимий бўлса, шунча кўп пул берилади”, деб интервью бергандим-ку. Шунинг пулини сўраяпти. Лабораторияга олиб борсам, “нос туфлайдиган буюм-ку” деб устимдан кулишди. 1960 йилларда ишлаб чиқарилган экан. Тагига “12 копейка” деб ўйиб ёзилган экан, аҳамият ҳам бермабмиз. Энди портални қандай ёпаман?

— Опа, мени чақириб қолишди, ҳозир қайтиб чиқаман, — дедим-у, гўшакни қўйдим.

— Аллоооо… тўхтанг…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − 7 =