Икки умр ораси

ёки Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил ЁҚУБОВ ёди

Президентимизнинг “Мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра ўзбек адабиётининг фидойиларидан бири, элимизнинг суюкли адиби Одил Ёқубовнинг бетакрор ижоди ҳамда жамоатчилик фаолиятида кечган ўрни юксак қадрланиб, улуғ ёзувчи “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.

Атоқли ёзувчининг “Улуғбек хазинаси”, “Диёнат”, “Кўҳна дунё”, “Муқаддас”, “Тенгдошлар”, “Адолат манзили”, “Оққушлар, оппоқ қушлар”, “Биллур қандиллар” ва бошқа кўплаб асарлари нафақат юртимизда, балки бутун дунёда ҳам маълуму машҳурдир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев томонидан маданият, санъат ва адабиёт аҳлига, шу жумладан, марҳум ижодкорлар хизматига юксак ҳурмат кўрсатилаётгани алоҳида эътирофга молик.

Шуни таъкидлаш жоизки, улуғ ижодкор Одил Ёқубов томонидан ёзилган бетакрор асарлар қаторида адиб ҳаётлик пайтидаги суҳбатлар, у ҳақидаги хотиралар, ёдномалар ҳам ўқувчилар учун улкан аҳамиятга эга.

 

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,

Мен учун йиғласин,

мен йиғлаб бўлдим…

МИРТЕМИР

 

1.

Одил Ёқубовнинг вафотини эшитиб, анча пайтгача ўзимга келолмадим. Раҳматли жуда яхши, самимий ва меҳрибон одам эдилар…

2004 йилнинг эрта баҳорида, хорижий эллар сари кетишдан олдин таниқли журналист Карим Баҳриев (нетонгки, бугун у ҳам орамизда йўқ. Аллоҳ раҳмат қилсин) билан бир дона арман коньягини олиб, уйларига борган эдик.

Одил ака анвойи гулларга бурканган ҳовлиларида шоир ва адиб Рамз Бобожон билан суҳбатлашиб ўтирган эканлар.

У кишининг ўғиллари Искандар билан биз дўст эдик. У халқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети)да талабаларга дарс берарди.

Одил ака бизни кўриб: “Ана, Искандарнинг дўстлари ҳам келишди”, деб саломимизга алик олдилар-да, суҳбатларини давом эттиравердилар. У киши бизни одатдагидай Искандарнинг олдига келишди деб ўйладилар, шекилли…

2.

Лекин биз Каримжон билан тўппа-тўғри уларнинг олдига бориб, коньякни стол устига қўйганимиздан сўнг, юзлари ёришиб кетиб: “Э-э, булар бизнинг ҳам дўстларимиз экан-ку!” деб қувонч билан кутиб олган эдилар.

Ўша куни биз анча маҳалгача суҳбатлашиб ўтирдик.

Искандар университетдан ҳали қайтмаган эди, шекилли, биз унинг ҳам келишини кутиб, ўтириб қолган эдик.

Ўшанда Одил ака биринчи маротаба Москвадаги СССР Халқ депутатларининг 1-съезди бўлиб ўтган кунлардаги мен билан боғлиқ баъзи ҳодисаларни хотирлаб, илиқ фикр билдирганларини ҳикоя қилиб бергандилар.

“Ўшанда мен Сизнинг отангиз ҳақида ҳам у кишига (Ислом Каримовга) гапириб бердим, — дегандилар Одил ака. — Қашқадарёда ишлаганимда мен ҳам отаси ҳақида кўп яхши гаплар эшитганман. Исматни Қарши пединститутида партияга қабул қилишмай, ноҳақ қийнашганида, отаси Москвага — КПСС Марказий Комитетига бориб, ўғлининг ишини ижобий ҳал қилиб келганини эшитиб, Улуғ Ватан уруши иштирокчиси бўлган бундай адолатпарвар ва курашчан кекса коммунистга қойил қолганини айтиб: “Нега шундай одамнинг ўғли Тошкентда ҳануз ўз ўрнини топа олмади?” деб сўраган эканлар Ислом ака.

Шу суҳбатдан сўнг Одил ака ўзининг ўринбосари, ёзувчи Мамадали Маҳмудовга: “Исматга айтиб қўйинг, кўп куюнавермасин, яқинда ҳамма ишлари яхши бўлиб кетади”, — деб қувониб гапирганларини Мамадали ака менга айтган эди.

Лекин менинг кутилмаганда ҳукумат одамлари қаторига қўшилиб, амалдор бўлишимга асос ва пойдевор бўлган сиёсатчи арбоб Ислом Каримов билан бетакрор ёзувчи Одил Ёқубов ўртасидаги бу самимий суҳбат тафсилотларини мен ўша кунги ташриф асносида илк маротаба батафсил билиб олган эдим…

3.

…Одил Ёқубов Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир бўлиб ишлаб юрган кезларида мен Ўзбекистон нашриётида курьер (нашриёт билан босмахона ўртасида қўлёзмаларни ташувчи югурдак) бўлиб хизмат қилардим.

Ишдан бўш вақт ё тушлик пайтларида Навоий кўчасининг 30-биносида жойлашган нашриётлар уйининг тўртинчи қаватида биз ёш ишчи ва хизматчилар Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Иброҳим Ғафуров, Машраб Бобоев ва Низом Комиловларнинг ўзаро шахмат ўйини мусобақаларини ажиб бир ҳавас ва ҳайрат билан кўп бор кузатганмиз.

Кейин йиллар ўтиб, Одил ака Асқад Мухторнинг ўрнига “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири бўлган кезларда у киши билан бевосита учрашиб, суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдик.

Унга қадар биз Одил акага яқинлашиш ё суҳбатлашишга журъат этолмасдик. У киши биз ёшлар учун етиб бўлмас орзу, илоҳий ва қўл етмас бир ёзувчи эди…

4.

Балоғат йилларида, талабаликнинг олтин дамларида севгига зор хаёлларимизни остин-устун қилиб юборган “Муқаддас”, “Тилла узук”, “Биллур қандиллар” каби дилбар асарларни ўқиб, муҳаббатнинг бепоён кенгликларида шавқ ва завқ билан парвоз этарканмиз, ишқ ва вафо мавзусини ҳали ҳеч ким ўзбек адабиётида Абдулла Қодирийдан кейин Одил Ёқубовчалик теран ва покиза, латиф бир ҳолда таъриф ва тавсиф этиб бера олмаган деб қатъий ишонардик.

Мана, неча ўн йилларки, бизнинг қалбимизда Одил Ёқубовнинг дурдона асарлари боис меҳмон бўлган бу ишонч ва бу латиф туйғу ҳануз ўлган эмас…

5.

1984 йил Россиянинг Ростов-Дон шаҳрида ҳарбий хизматни ўтаб бўлганимдан сўнг, йўл-йўлакай Михаил Шолоховнинг юрти — Вешенская станицасида меҳмон бўлиб, Ўзбекистонга қайтдим.

Сафар хотиралари асосида буюк ёзувчи билан Сталин муносабатлари хусусида “Сиёсатчи Сталин ва санъаткор Шолохов” номли бир нарсани қоралаб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига бордим.

Одил ака ўшанда газета бош муҳаррири эди. Ёзганларимни ўша заҳотиёқ ўқиб кўриб: “Бу мақоланинг манбаи борми сизда?” деб сўради.

Ростов шаҳридан сотиб олган Константин Приманинг “Сталин ва Шолохов” деган суратларга тўла ҳужжатли китобини қўлларига тутқаздим.

Эртаси куниёқ Одил ака сафар хотираларимни “Шолохов Ватанида” сарлавҳаси остида газетада эълон қилдилар…

Кейин маълум бўлишича, “Ўзлит” деган идоранинг раҳбари Эркин Комилов деган киши Одил ака билан Сталин масаласида анча тортишиб, Константин Приманинг китобидаги ҳужжатларни кўрганидан кейингина мақолани эълон қилишга изн берган экан. Ҳа, у пайтлар цензура деган ташкилот бор эди ва унинг рухсатисиз газета-журналлар чоп этилмас эди.

Бу ҳақда Одил ака ўша Каримжон билан уйларига борганимизда: “Бир гап кеп қолди-да, Исматбой”, деб ҳикоя қилиб берган эди…

6.

Талабалик йилларимизда Тошкентда биз билан бирга ўқийдиган олтиариқлик Алишер Ибодинов деган йигитнинг “Денгизчи” номли илк ҳикояси Одил аканинг “оқ йўл”и билан “Гулистон” журналида эълон қилинганида биз Алишерга жуда ҳавас қилган эдик.

Кейинчалик бу бахт навоийлик Ғаффор Ҳотамов, жиззахлик Абулқосим Мамарасуловларгагина насиб этди, холос.

Одил ака бу ёш ижодкорларни имкон қадар авайлаб-асради, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам қўллаб-қувватлаб келди.

Бугун уларнинг учалови ҳам юртимизнинг таниқли ва салоҳиятли ёзувчилари бўлиб етишдилар.

Лекин бизга Одил акадан оқ йўл олиш шарафи насиб этмади.

7.

Одил ака билан, асосан, Москвада ўқиган пайтларимда хийла яқинлашиб, қадрдон бўлиб қолган эдик.

Ўзбек ёзувчилари Москванинг сўлим ва баҳаво Переделкино, Малеевка, Барвиха каби собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмасига қарашли дам олиш масканларида ҳордиқ чиқаришни ёқтиришарди.

Жумладан, Одил ака ҳам.

Собит Мадалиев ўша пайтларда СССР Ёзувчилар уюшмасида ўзбек ёзувчиларининг вакили сифатида хизмат қиларди.

Улар Одил ака билан менинг Шверник кўчасида жойлашган ётоқхонамга тез-тез меҳмон бўлиб келиб туришарди.

8.

Орадан йиллар ўтиб, Москва давлат университетининг журналистика факультетини тугатиб, Тошкентга қайтдим.

Шаҳрисабз ва Қаршидаги мулозим бўлиш йўлидаги уринишларимдан сўнг яна Тошкентга — журналистикага қайтарканман, бу ерда яна Одил аканинг меҳри ва қўлловидан баҳраманд бўлган эдим.

1989 йилнинг май ойида Москвада ўтган СССР Халқ депутатларининг 1-съездига ҳам шахсан Одил Ёқубовнинг тавсияси ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг йўлланмаси билан сафарбар этилган эдим.

9.

Ўзбекистондаги “Ҳаёт ва иқтисод” журналида бош муҳаррир бўлиб юрган масрур ва шукуҳли кунларимда ҳам Одил аканинг сийловидан кўп бор баҳраманд бўлганман.

Мен ўша вақтлар ҳукуматга анча яқин бўлсам-да, Абдулла Орипов билан муносабатларимиз ўшанда бироз совиб қолган пайтлар эди.

1992 йилнинг Наврўз кунларида Абдулла аканинг 50 йиллик юбилейи Алишер Навоий номли опера ва балет театрида нишонланган эди.

Кечани Одил Ёқубов бошқариб борганди.

Ўшанда мени нима жин урди-ю, Абдулла ака билан муносабатим яхши бўлмаса-да, уни табриклашга жазм қилдим.

Сўзга чиқиши мумкин бўлган ва юбилейга узоқ-яқиндан келган меҳмонлар рўйхатини Абдулла аканинг назаридан аллақачон ўтказиб олишган эди.

Менинг бу рўйхатларда, табиийки, номим йўқ эди.

Лекин мен ўшимча негадир “сўзлашим ва шеър ўқишим” шарт деган хулосага келиб, Одил акага икки энлик хат ёзиб жўнатдим.

Билмадим, бир пайтлар Москвада инфаркт бўлганида қирқ кун ҳолидан хабар олиб турган шоир юбилейи менинг табригимсиз ўтиши алам қилдими, ҳар қалай, ўшанда “мен ҳам гапиришим шарт” деган ўжар бир хулосага келган эдим…

Во ажаб, хатни олган заҳоти Одил ака: “Эндиги сўз навбати Абдуллажоннинг шогирди, таниқли журналист Исмат Хушевга” деб эълон қилиб юбордилар. Ҳолбуки, ҳали сўз навбатини кутиб турган таниқли ва аллома ёзувчилар талайгина эди.

Ажабмаски, Одил ака ҳам ўшанда Москвадаги айни воқеани эслаб, менга сўз бериб юборган бўлишлари ҳам мумкин. Чунки ўша шоир инфаркт бўлган жараён — Москвадаги Ёзувчилар съездида у киши ҳам иштирок этган эдилар…

Зал бир лаҳза сукутга чўмди. Абдулла ака кутилмаганда типирчилаб қолди.

Одил ака эса ҳеч нарса бўлмагандек, менга табассум билан боқиб: “Бемалол, гапираверинг”, деб далда бердилар.

Мен Абдулла аканинг бетакрор истеъдод соҳиби эканини айтиб, бир пайтлар ўзим яхши кўрган қизга бағишлаб ёзган ғазалларини ўқиб бердим…

Менинг “қовун туширмай”, туппа-тузук гапирганимни кўрган шоир “хайрият” деб, енгил тин олади.

Лекин, барибир, эртаси куни кечки маҳал Ўзбекистон телевидениесидан эълон қилинган юбилей кечасидаги менинг чиқишим Абдулла аканинг талаби билан кесиб ташланган эди…

10.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси вазифасидан Одил аканинг ноҳақ олинишидек нохуш воқеа ҳам ҳануз хотирамда сақланиб қолган.

Биолог олим Жаҳонгир Ҳамидов ўша вақтда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг мафкура бўйича котиби эди.

У киши бир куни Одил аканинг Дархондаги “дом”ига бориб, меҳмон бўлади. Айтишларича, тўрт соат давом этган “музокара”дан сўнг Одил ака “ўз хоҳишига кўра” ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб беради…

Биз тўрт соат давомида Одил аканинг ўғиллари Искандар иккимиз Дархондаги пивохонада Марказқўм котиби билан улуғ ёзувчининг мулоқоти нима билан тугаркан деб юрак ютиб кутган эдик…

Мен ўшанда Девонга бориб, худди ўз отамни ноҳақ ишдан олишганидек куйиниб, эндигина Президентнинг кадрлар бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган Мавлон Умрзоқовдан: “Нега бунақа бўлди, ахир”, деб кўп сўрадим.

Шунда Мавлон ака: “Шунақа бўлиши керак, Исматжон, мен бу ерда ҳеч нарса қилолмайман”, деб жавоб берган эдилар…

11.

Биз мустақиллик йилларида “Ўзбекистон Қаҳрамони” бўлган Саид Аҳмад, Озод Шарафиддинов, Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби шоир ва ёзувчиларни яхши биламиз.

Лекин Одил ака ҳам ўз ижоди билан, ҳам ҳалол ва покиза ҳаёти билан, назаримда, баланд эди.

Ўзбек адабиётида Абдулла Қодирийдан кейин пешонамизга битган ёрқин юлдуз Одил Ёқубов эди.

Лекин негадир у кишига “Қаҳрамон” бўлиш насиб этмади…

Ҳолбуки, у киши бундай нарсаларга хоҳиш ҳам билдирган эмас. Парво ҳам қилмаган.

12.

Бугун туни билан ўтириб, Одил акани эслаб, шу хотираларни ёзар эканман, ҳаётда менга шунча яхшилик қилган, суяб, қўллаб-қувватлаган инсонга бир пиёла чой қуйиб беролмаганимдан, кўнглини ололмаганимдан ўкинч туйдим, пушаймон қилдим.

Мен хорижий юртларга кетарканман, бироз ўтиб, аламларни унутиб қайтиб келаман, ҳали яна амалдор бўлиб, Одил акага яхшилик қилишга улгураман деб ўйлаган эдим.

Чунки кейинги йилларда Одил аканинг ҳукуматдаги баъзи амалдорлардан бир қадар кўнгли қолганини билардим…

Ҳатто у кишининг саксон йиллик ошида ҳам мулозимлардан ҳеч ким келмаганини эшитиб, жуда қайғургандим…

13.

…Мен Одил аканинг “Диёнат”ини ўқиб, профессор Нормурод Шомуродов образида ҳаётда кўп ноҳақликларни бошидан кечирган ўз отамни кўрган ва охир-оқибат Одил акани ҳам худди отамдек яхши кўриб қолган эдим.

Бир кун келиб, Иккинчи жаҳон уруши ва ўқитувчилик касби сочларини жуда эрта оқартирган жафокаш отам вафот этдилар.

Дунё кўзларимга тор бўлди! Тоғлар қулаб тушди елкамга! Бу номард ҳаётнинг шунақа бешафқат синовлари ҳам бор экан!

Одил аканинг “Диёнат”идаги профессор Шомуродов вафот этганида ҳам унинг жияни Отақўзи билан баб-баробар куйган ва қайғурган эдим…

Ҳолбуки, бу воқеалар китоб, бадиий асар эканини билсам-да, отамни қўмсаб, соғиниб, ич-ичимдан қаттиқ изтироб чеккан ва ўкинган эдим…

14.

Бугун яраларим яна янгиланди.

Бугун энди Одил акадан ҳам айрилдим.

Энди бу ёруғ дунёда ишонганим ҳам, илинжим ҳам қолмади ҳисоб…

Шунда беихтиёр шоир дўстим Сирожиддин Саййиднинг қуйидаги шеърлари ёдимга тушди:

Умр — бизга берилган сарҳад,

Чегарачи — ўлим қўймайди.

Умр тўхтар. Вақт — бешафқат,

Умр тўхтар. Вақт ўлмайди.

 

Тирикликнинг кирмай сўзига,

Чегарага элтар қадамлар.

Кетмоқдамиз ернинг юзидан,

Яшамоққа шошинг, одамлар!

 

Ҳаёт, сен ҳам англаб етасан,

Ҳеч иш келмас у пайт қўлингдан.

Сен бизларни ташлаб кетасан,

Поёни йўқ, мангу йўлингдан.

 

Умрин яшар бардош ва сабот,

Тарк этаман қисматларимни.

Сен бир куни кўрмайсан, ҳаёт,

Сирожиддин, Исматларингни…

Лекин бугун тонгда ногаҳон нафақат Одил ака, балки шоир дўстим ёзганидек, умр ҳам ўтиб кетганини англаб етдим…

15.

Жойингиз жаннатдан бўлсин, Одил ака!

Амалидан олинганига аччиқ қилиб, иродасизлиги боис хорижий эллар сари юзланган ва охир-оқибат сиздек диёнатли, буюк бир инсонни ҳатто сўнгги манзил томон кузатишга ҳам ярамаган шогирдингизни кечиринг…

Исмат ХУШЕВ,

“Дунё ўзбеклари” интернет нашри

бош муҳаррири.

Торонто шаҳри, Канада.

2009 йил 23 декабрь.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × five =