Шуҳрат Орипов Ўзбекистон Журналистлар Уюшмаси бошқаруви раиси этиб сайланди

Кеча — 25 июнь куни пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасининг анжуманлар ўтказиладиган залида Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг VII конференцияси бўлиб ўтди. Анжуманга “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири, сенатор Ҳусан Эрматов раислик қилди. Унда кун тартибида кўзда тутилган бир қанча масалалар кўриб чиқилди. Шунингдек, ташкилий масала ҳам кун тартибида бўлди.

Хусусан, Уюшманинг 2021-2025 йиллардаги фаолияти якунлари бўйича ўтган уч ярим йил давомида ташкилотга раҳбарлик қилган Холмурод Салимовнинг ҳисоботи эшитилди. Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Уюшма тафтиш комиссияси раиси Чори Латиповнинг  маърузаси тингланди. Уюшманинг ўтган йиллардаги фаолияти қониқарли деб топилди.

Конференцияда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг янгиланган бошқарув аъзолари, тафтиш комиссияси таркиби сайланди. Уюшманинг ­2026-2030 йилларга мўлжалланган ривожланиш концепцияси муҳокама этилди.

Журналистлар йиғинида Уюшма раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов Уюшманинг ташкилий тузилмаси ҳамда 2026-2030 йилларга мўлжалланган янгиланиш концепцияси хусусида сўзга чиқди.

Конференцияда ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Делегатлар бир овоздан Шуҳрат Ориповни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бошқаруви раиси этиб сайлади. Дилшод Бўриев ва Шаҳрибону Имомова Уюшма раисининг ўринбосарлари этиб тасдиқланди.

Иштирокчилар ва унда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг янги раҳбарияти фаолиятига муваффақият тилади. Уюшма ҳақли равишда мамлакат журналистларининг таянчи бўлишига, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни ёритиш, халқимизнинг дарду ташвишларига доимо шерик бўлиш йўлида ижод қилаётган соҳа вакиллари ҳаётида муносиб ўринга кўтарилишига умид билдиришди.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 17 =