Халқ нидоси

Рустам Мусурмон,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

Қорақалпоғистон халқ шоири

Дадил-дадил тўпни сур,

Пухта ўйлаб, давра қур.

Рақибларни чалғитиб,

Дарвозага тўпни ур.

 

Байроғингда ой – ҳилол,

Шижоатинг баркамол.

Бургут бўлиб парвоз қил,

Қувлаб етолмас шамол.

 

Ола копток хол-хол,

Тезроқ тўпни ол-ол!

Тўп-тўп ўйна футбол,

Гол ур, гол ур, гол-гол!

 

Ошир, бўйингдан ошир,

Ҳимоячини шошир.

Бир дунё мухлисларнинг

Шаштини селдек тошир!

 

Омадинг чопсин ўнгга,

Қуёш бер қаро тунга.

Зотинг Турон хоқони

Афросиёб – Эр Тўнга.

 

Миллионга татир бир бек,

Миллиондан зўр бир ўзбек.

Чингизхонни майирган

Султон Жалолиддиндек.

 

Йигитнинг зўри мағрур

Ғалаба гаштин сурур.

Халқ овози гур-гур:

“Гол ур, гол ур, ур-ур!”

 

Ярқирар олтин узук,

Марказ айлана чизиқ.

Нигоҳларни сеҳрлаб,

Алдаб ўйнашинг қизиқ.

 

Шамол эсар ҳув-ҳув,

Наъра янграр ғув-ғув.

Югур, тўпни олиб қўй,

Рақибингни қув-қув!

 

Жанговар наъра – ўрон,

Ур-ҳо, ур, уддабурон!

Дам бермай, кўз очтирмай,

Ёғдиравер тўпбўрон!

 

Яшил – футбол даласи,

Дарвозали қалъаси.

Бирлашиб ёриб кетар

Бўзбўрилар галаси.

 

Ой-у қуёш айланар,

Ўйласам, бош айланар.

Дунё терс айланганда

Кўзимда ёш айланар.

 

Ҳақ сўз келмасин малол,

Дунёда яша ҳалол.

Ер талашиб уришма,

Нафсингни жиловлаб ол.

 

Кемаларин қадашган,

«Кашф этдик» деб аташган.

Олтин учун, ер учун

Инсоният адашган.

 

Уфқ кўзи қонталаш,

Қанча юртлар жон талаш.

Ақлдан озган дунё

Нафс талаш, виждон талаш.

 

Бирлаш, одамзод, бирлаш,

Дардингни айтиб сирлаш.

Стадионда мардона

Кучингни синаб, тирлаш.

 

Қуёшдек ёнар рўйинг,

Осмонга етар бўйинг.

Олам – онам деб севсанг,

Баланд бўлар обрўйинг.

 

Ер коптокдек юмалар,

Яна келди кемалар.

Ким олар ер шарини?

Олтин тўпни ким олар?

 

Ҳақ – адолат жойида,

Бузилмайди қоида.

Огоҳдир олий ҳакам

Дунёнинг саройида.

 

Футбол бу – яхши ният,

Ҳақ йўлга имконият.

Айлана давра қуриб,

Бирлашар инсоният.

 

Дов ечилмас тош билан,

Қовоқ солган қош билан.

Ўйлаб ўйнаб ютарсан

Ақл билан, бош билан.

 

Илк ўйин эмиш “дебют”,

“Ризқим шу, шукр!” – деб ют.

“Жоним, юртим!” – деб кураш,

“Ўзбекистоним!” – деб ют!

 

Юрагимнинг пораси,

Кўзгинамнинг қораси.

Бир қадам Америка –

Ўзбекистон ораси.

 

Элу юрт, ота-она

Бошгинангда парвона.

Ғолиб бўл, насиб этсин

Шоҳсупалар шоҳона.

 

Ишонган қишлоқ, кент бор,

Ўзбекистон, Тошкент бор!

Орқангда тоғдек таянч – 

Ватан бор, Президент бор!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 4 =