Юракларни ёритган қалб

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Сафар Остоновни ёд этиб

Тоғларда ажиб буюклик бор. Тоғларда метин салобат бор. Ундан қанча узоқлашсангиз, шунчалик улуғворлигини ҳис қиласиз, кўз олдингизда бор бўйи билан намоён бўлади. Булутларни-да пастда қолдириб, осмон қадар юксалиб кетган тоғ чўққилари матонат тимсоли янглиғ кўнгилга ҳазин сокинлик бахш этади. Тоғлар ортингиздан келаётгандек бўлади гўё. Тоғ бағрига қайтиб боргингиз, у билан юзма-юз бўлгингиз, дардлашгингиз келади. Лекин бунинг иложи йўқ. Сиз қанчалик олисласангиз, масофалар тобора узоқлашгани сайин тоғлар ҳам шунчалик юксалиб, буюклик касб этиб бораверади.

Ўзбекистон матбуотининг етакчи дарғаларидан бири, катта-кичик учун бирдек қадрдон бўлган Сафар Остонов матбуотдаги шижоатли чиқишлари билан эл оғзига тушган журналист эди. “Сафар ака билан кечагина учрашган эдик”, деган гапларга ҳам беш йил бўлибди… Беш йилдирки, Сафар Остонов чўққилари музаффар самога туташиб кетган тоғлар каби биздан тобора узоқлашиб боряпти, масофалар тобора олислаб боряпти.

Тарихи бир аср билан пайваста бўлган “Ўзбекистон овози” газетаси не-не улуғ инсонлар, ижодкорлар қаторида, таъбир жоиз бўлса, Сафар ака учун ҳам муқаддас саждагоҳ каби азиз эди. У ҳақиқий матбуот фидойиси, ўз касбига садоқатли инсон сифатида ҳар куни ярим тунгача навбатчи ходимлар билан бир сафда туриб, то газета чоп қилингунга қадар уйига қайтишни ўйламасди. Вақтни тонготар қилиб кетарди, яна эрта тонгдан таҳририятда пайдо бўларди.

Газета ходимларининг ойлик маошлари, очиғини айтиш керак, баъзи бир таҳририятларга қараганда “Ўзбекистон овози”да бир қадар паст эди. Сафар ака буни яшириб ўтирмасди ҳам. “Ким бу муқаддас даргоҳга катта ойлик маош олиш умидида ишга келган бўлса, унга жавоб, бошқа жойдан иш топаверсин. Бу газета ўзбек журналистикасининг юз йиллик мактаби. Газетанинг шаъни, унинг тарихи биздан фидойилик билан ишлашни талаб этади. Жуда улуғ, бағрикенг журналистлар ишлаган бу даргоҳда. Уларнинг руҳи бизни қўллаб туради. Ана шу устозларга муносиб издош бўлишимиз, шаънимизга доғ туширмаслигимиз керак”, — дерди у.

Истиқлолга эришилганидан сўнг “Совет Ўзбекистони” газетаси “Ўзбекистон овози” сифатида ХДПнинг бош нашрига айланди.

Шундай бир шароитда Сафар Остонов “Ўзбекистон овози” газетасига бош муҳаррир бўлиб келди ва унинг ададини ошириш масаласи кун тартибига чиқди. У ўз атрофига иқтидорли журналистларни тўплади, газета саҳифаларида ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳақида таҳлилий-танқидий мақолалар чоп этилди. Табиийки, “Ўзбекистон овози” дадиллик билан кўтариб чиққан муаммолар “юқори”гача етиб борар, унинг сўрови эса хизмат курсисини эгаллаб турган, яъни танқид остига олинган амалдорга қатъий чора кўрилиши билан якунланарди. Газетанинг ҳар бир сони қўлма-қўл бўлиб кетарди, уни тополмай, излаб юрганлар қанча эди. Ана шу тариқа “Ўзбекистон овози”нинг адади анча-мунча кўтарилди.

…Таҳририятнинг ҳашаматли кутубхонасида ҳар ҳафта душанба куни йиғилиш ўтказиларди. Газета шарҳи, чоп этилган мақолалар савияси ва ҳоказолар муҳокама қилинарди. Менга навбат келганида жамоа кулгига мойил бўлиб турарди. “Миянгда иллат бўлса, гапингда маъно бўлмайди”, деганларидай, яхши гапириб турганимда, оғзимдан “лоп” этиб энсани қотирадиган ёки кулги қистайдиган гап-сўз чиқиб кетарди кўпинча. Масалан, “Ўзбекистон овози” газетаси ҳар бир сонининг 4-саҳифаси пастига тижорат бўйича бир олғир мухбирнинг реклама ўрнидаги рангли тракторлари жойлашарди. Мен газетани шарҳлар эканман, ҳар сафар тракторлар жуда чиройли чиққанини қистириб ўтаман. Ҳамма кулади. “Майнавозчилик қилманг!” дерди Сафар Остонов ва ўзи ҳам қўшилиб кулиб юборарди.

Бир гал таҳририят йиғилишига Сафар аканинг келишини кутиб ўтириш асносида ходимлар кутубхона деворига икки қатор қилиб илиб қўйилган ўтган юз йиллик даврда ишлаган газета бош муҳаррирлари суратларини кўздан кечира бошлашди. Буни қарангки, энг охиридаги суратнинг паст томони бўш экан. “Битта жой бўш турган экан”, деганимни биламан, ҳамма менга ялт этиб ёмон қаради. Нима гуноҳ қилганимни билмайман, лекин бу гапларим ўша пайтлари бош муҳаррирга етгани аниқ. Сафар ака ҳазилни яхши тушунар ва ўзи ҳам фавқулодда яхшигина ҳазил-ҳузул қилиб қўярди. Шунинг учун бундай тузсиз гапларимга ортиқча эътибор бермасди…

 

* * *

Бир куни Сафар ака мени хонасига чақириб қолди. Қўлимга “Ўзбекистон овози” газетаси жамоаси номидан “юқорига” ёзилган хатни тутқазди. Унда бир асрлик тарихга эга бўлган бу отахон газета ҳамма вақт ҳукумат нашри сифатида фаолият юритиб келгани, шунинг учун унинг муассислигини қайтадан ўз ўзанига қайтариш ҳақида сўз борарди.

— “Мана, таҳририят жамоаси нима билан шуғулланяпти”, дейишди менга. Олиб қўйинг, тарих учун керак бўлади. Энг қизиғи, бу хатни ким ёзганини ҳам, ёзган одамнинг ҳақлигини ҳам биламан. Юз йиллик тарихимизнинг ўзига хос солномаси. Мустабид шўро тузуми — кечаги кунимиз. Ёмон деб бурунни кесиб ташламайсан-ку! Қачон, қайси замон ва маконда бўлмасин, газета миллат манфаати учун курашган, миллийлигини сақлаб қолган. Таҳририятда ишлаган устоз журналистлар ҳар битта ҳарф учун кўз нурини тўккан, умрини бахш этган, – деди у маҳзун оҳангда.

…Сафар аканинг отаси Остон чавандоз елкаси ерга тегмаган полвон бўлган. Давралардан улоқни олиб чиқишда унга тенг келадигани бўлмаган. Асли келиб чиқиши Ургут туманидан бўлган Остон чавандоз оиласи билан Самарқанд туманига қарашли Оҳалик қишлоғида, Илонсой маҳалласида яшаган. Қирчиллама 50 ёшида ичтерлама касаллигидан вафот этган. Ургут туманининг Севаз қишлоғи қабристонига дафн этилган.

…Сафар ака — шу полвон кишининг ўғли, ким ҳузурига ёрдам сўраб келса, бегона одам бўлса ҳам ҳамма ишларини ташлаб, унинг муаммоси билан шуғулланиб кетарди. Эсимда, бир куни тушлик пайтида менга: “Юринг, бир жойга бориб келамиз”, деб қолди. Ҳозирги “Tashkent City” ҳудуди ўрнида бўлган, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида тилга олинган машҳур Ўқчи кўчасига бордик. Тахминан бундан юз йиллар олдин бир бойнинг ҳовлиси бўлган экан, шекилли, уйнинг ўймакор эшиклари тўкилай деб турар, бир пайтлар ҳашаматли бўлган хоналар чўкиб қолганди. Мен машинада кутиб турмоқчи эдим, Сафар ака қўярда-қўймай ичкарига судради. Бири кексароқ, бири ёшроқ аёл бизни кутиб олди, уларнинг ёнида бир бола ўйнаб юрибди. Уларнинг гап-сўзидан хоразмлик эканини “кашф” қилдим. Ош тайёр экан, сузиб келинди.

Уларнинг ўзаро суҳбатидан шуни тушуниб етдимки, аёлга кўп қаватли уйлардан хонадон берилган, лекин баъзи бир муаммолар сабабли масала ҳал бўлмаяпти экан. Сафар ака аёлнинг гапларини тинглаб туриб, бир нималарни ёзиб олди, масала ҳал бўлганидан кейин ўзи қўнғироқ қилишини билдирди…

Эшитишимча, Сафар ака билан кўп йиллар бирга ишлаган шогирдларидан бири унга шундай савол берган экан: “Сафар ака, ўзингиз яхши одамсиз, ҳаммага яхшилик қилиб юрасиз. Лекин ҳеч тушунмайман, нима учун ҳамма вақт атрофингизда “мошенник”лар айланишиб юради? Уларнинг кимлигини юзига айтиб, ҳайдаб юборсангиз бўлади-ку!”

Шунда Сафар ака табассум билан жавоб берган экан: “Бу “мошенник”ларнинг устунлик томони шундаки, улар қурбонни, яъни “жертва”ни танлашда адашмайди. Шундай чиройли, кўнгилга ёқадиган гапларни гапиришади, эшитиб маза қиламан. Баъзи бир ишларини битириб беришга мажбур бўламан. Алданаётганимни сезиб, билиб турсам ҳам, гапларига лаққа ишонавераман. Уларга айнан шундай одам керак. Шунинг учун доим атрофимда гирдикапалак бўлиб юришади”.

 

* * *

Сафар ака пойтахтимиздаги Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган, шўро тузуми даврида қурилган 5 қаватли уйнинг 4-қаватида оиласи билан яшарди. Табиийки, уни сўнгги манзилга ҳам шу жойдан чиқаришди. Мен тонг саҳарлаб етиб бордим. Буни қарангки, бир ёқда мотам, иккинчи томонда Сафар аканинг подъездига борадиган йўлни ободонлаштириш бўлими ишчилари асфальт қилишмоқда эди. Наҳотки бир жойни асфальт қилиш учун албатта обрў-эътиборли бўлган кимдир вафот этиши керак, деб ўйладим беихтиёр ўшанда. Жамият ўзи учун жонини фидо қилган улуғ ва заҳматкаш журналистга сўнгги манзилга сафари чоғида ана шундай “ҳурмат” бажо келтирди, майит солинган тобутни мазут ҳиди гуркураб, тутуни чиқиб турган асфальт йўлдан олиб кетишди…

 

* * *

Сафар Остоновнинг умри зулматни ёритган чақмоқдай порлаб поёнига етди. Лекин ундан фарзандлар, жамият муаммолари қаламга олинган танқидий-таҳлилий мақолалар, якунланмаган беҳисоб қораламалар, мавзулар қолди. Вафотидан кейин “Умид билан яшагин” деб номланган каттагина китоби нашр этилди. Бунинг учун унинг дўстлари чин дилдан ҳаракат қилишди. Хусусан, таниқли публицист Норқобил Жалил китобни нашрга тайёрлашда анча заҳмат чекди.

Сафар ака ҳеч қачон юқори мансабга интилмади, унвон ёки катта мукофотлар тама қилмади. Аммо масъул вазифаларда ишлаш насиб қилди. Энг муҳими, ҳар қандай минбарда ўз сўзини айта олди, ўз номини, ўз эркини, иймонини ҳар нарсадан устун қўйди. Халқ юрагидаги дардини топиб ёзадиган, эл-юрт эҳтиромига сазовор бўлган журналист эди.

Нуруллоҳ ОСТОНОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 20 =