Марказий банк: “Йирик P2P ўтказмаларини назорат қилиш ғояси Конституцияга зид”

Йирик миқдордаги P2P (картадан картага) пул ўтказмалари тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига зид келади. Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев расмий изоҳ берди.

Ушбу моддада ҳар бир шахснинг мулк ҳуқуқига эга эканлиги, банк операциялари, омонатлар ва ҳисобварақлар сири, шунингдек, мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши белгилаб қўйилган.

Регуляторнинг таъкидлашича, пул ўтказмаларини назорат қилиш бўйича ушбу ташаббус аввалроқ жамоатчилик орасида ҳам кескин танқидларга сабаб бўлган эди. Марказий банк Солиқ қўмитасига мазкур қарор лойиҳаси “Банк сири тўғрисида”ги қонун ҳужжатларига зид эканлигини олдиндан маълум қилган.

Лойиҳанинг амалга оширилиши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилишига, нақд пулдан фойдаланиш ҳажмининг ортишига, маблағларнинг банк тизимидан норасмий муомалага чиқиб кетишига ва яширин иқтисодиёт кўламининг кенгайишига олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, Марказий банк ушбу чеклов нақд ва нақдсиз ҳисоб-китоблар ҳажми ўртасидаги номутаносибликни кучайтириши мумкин, деб ҳисоблайди. Регулятор, шунингдек, меъёрий ҳужжат лойиҳаси Солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилганини, маълумотларни узатиш учун нима сабабдан айнан ойига 500 БҲМ миқдоридаги чегара танлангани бўйича Марказий банкнинг ўзида ҳеч қандай асослар мавжуд эмаслигини таъкидлади.

Шу билан бирга, Марказий банк тизимда Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ банк сири ва шахсий маълумотларнинг дахлсизлигини таъминлайдиган, ахборотни ҳимоя қилишнинг замонавий техник ва ташкилий чоралари аллақачон йўлга қўйилганига ишонч билдирди.

Манба: platforma.uz.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 1 =