“Наманган ҳақиқати” нинг ҳақиқатлари

XXI аср шиддати босма оммавий ахборот воситалари — газета ва журналлар тақдирини кескин синовларга рўпара қилмоқда. Бир томондан сунъий интеллект ва интернетдаги ижтимоий тармоқлар ривожланаётган бўлса, иккинчи томондан мутолаадан кўра томошага ўч бўлган авлод муносабати бу зиддиятни янада кучайтирмоқда. Аммо ахборот узатишдаги шаффофлик ва ҳаққонийлик, фуқароларнинг билими, дунёқараши ҳамда саводхонлигини оширишдаги миссия қай томондан ва қай даражада амалга оширилаётганининг натижасини яқин вақт ичида ҳаётнинг ўзи кўрсатиб беради.

Расмий маълумотларга кўра, мамлакатимизда 2010 йилда 649 та газета нашр этилган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг сони 219 тага тушиб қолган.

Рақамлар қанчалик оғриқли бўлмасин, мафкура соҳасидаги ҳаёт-мамот жангида фақат кучлиларгина тирик қолаётгани аччиқ ҳақиқатдир.

Наманган вилояти ҳокимлигининг нашри бўлмиш “Наманган ҳақиқати” газетаси мана 108 йилдирки, узлуксиз ва бетўхтов чоп этиб келинмоқда. Тўғри, орада гоҳ ундай, гоҳ бундай вазиятлар бўлиб турди. Лекин бундан тўрт йил аввал шахсан вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг эътибори сабаб вилоят “Матбуот уйи” таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этгани бир томондан кутилмаган ғамхўрлик бўлса, иккинчи томондан, 2025 йилнинг апрель ойида ёш ва серғайрат, янгиликка интилувчан Хуршидбек Файзиевнинг бош муҳаррир этиб тайинланиши “Наманган ҳақиқати”га иккинчи умрни бағишлади.

Биз болалигимиздан “Тарихни халқ яратади” деган ақидага ишониб яшаганмиз. Аммо ҳаётнинг ўзи тарихни ташаббускор ва уддабурон раҳбарлар, етакчилар яратади, деган хулосага олиб келди. Бу фикримизнинг исботини республикамиз миқёсидан тортиб, вилоятимиз ва таҳририятимиз фаолиятидаги туб бурилишлар, ўзгаришлар ҳамда илгари фақат орзу қилиб юрганларимизнинг реал воқеликка айланганида кўришимиз мумкин.

Журналист ота нонини еб, китоб ва газеталар орасида улғайган, болалиги таҳририят йўлакларида ўтган Хуршидбекнинг томирларида журналистикага ва матбуотга бўлган муҳаббат туғма шаклланган, десак, муболаға бўлмайди. У вилоят нашрига келгунга қадар “Наманган садоси”, “Маърифат гулшани”, “Халқ иродаси” газеталарида тажриба орттирди. “Наманган ҳақиқати” таҳририятига эса янги лойиҳалар ва ғоялар билан кириб келди. У бош муҳаррирликка тайинланган илк кунлариданоқ, мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, ходимларнинг маошини оширишдан иш бошлади. Мана, орадан бир ярим йил ўтган бўлса-да, таҳририятдаги ислоҳотлар бир лаҳза ҳам тўхтагани йўқ.

Янги раҳбар — янгича об-ҳаво, янгича кайфият ва янгича режалар дегани ҳақиқат экан. Кейинги даврда газетанинг шаклу шамойилидан тортиб, таҳририят хоналари, йўлаклари ва ҳовлисигача ўзгача қиёфа касб этгани — кўзларни қувнатиб, кўнгилларни яйратгани ҳам рост. Газетамиз “бағри” кенгайгани, таҳририят хоналари ғайратли ёшлар билан гавжумлашгани одамни хурсанд қилади.

Таҳририятнинг иқтисодий базасини мустаҳкамлаш ниятида маркетинг бўлими ташкил этилди. Молия-иқтисод ва обуна бўлимлари фаолият юрита бошлади.

Янги бош муҳаррир ташаббуси билан газета “А2” форматдан “А3” форматга ўтиб, 24 саҳифада (баъзан 32 саҳифада ҳам чиқади) чоп этилмоқда. Мавзулар доирасининг беҳад хилма-хиллиги, дизайнерлар истеъдоди, мақолаларнинг долзарблиги ва қизиқарлилиги ҳақида ҳар қанча гапирсак, мақтансак арзийди. Саҳифалар ижодкорнинг истеъдодини намоён этишга чоғланиб, ижод қилишга ундаётгандай. Ва яна энг муҳими, раҳбарият томонидан қалам аҳлига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик. Юқорида бежизга “мароқли меҳнат” демадик. Ахир озми-кўпми қилаётган ижодингиз қадрланиши, муносиб эъзозлаш тамойиллари амалга оширилаётгани қайси ходимга хуш ёқмайди, дейсиз?

— Ижодкорнинг кўнгли нозик бўлади, — деди бош муҳаррир. — Аввало, ходимга етарлича шарт-шароит яратиб бериш лозим. Кейин ундан самарали иш талаб этиш керак. Қолаверса, тозалик ва шинамлик, ҳар томонлама қулайликлар, моддий ва маънавий ғамхўрликлар ходимларнинг кайфиятини кўтариб, ишчанлик қобилиятини оширади. Бу омиллар эса газетамиз саҳифаларида ўз аксини топади. Унинг чиройли ва ўқишли бўлиб, мухлислари кўпайишига асос бўлади.

Матбуот — халқ билан ҳокимият ўртасидаги кўприкдир. Қачонки бу вазифа тўлақонли адо этилса, яъни эл-юрт дарду қувончи, муаммоси ва ютуқлари газета саҳифаларидан жой олса, катта-кичик раҳбарларнинг назарига ҳавола қилинса ва муносиб ечимини топса — бундай нашрнинг ҳурмати ва мартабаси ошаверади. Бунинг учун эса бош муҳаррирда ўткир зеҳн ва ўткир қалам билан бирга шижоат, журъат ҳамда жасорат мужассам бўлиши керак. Жайдари тил билан айтганда: “Тоғ Сулаймоннинг олдига келмаса, Сулаймон тоғнинг олдига бориши лозим”. Вилоятнинг биринчи раҳбаридан тортиб ўринбосарларигача, туман ва шаҳар ҳокимлари, бошқарма бошлиқлари эшиклари чертилиб, газета саҳифаларига жалб этилиши, улар билан мазмунли мулоқотлар олиб борилиши — энг аввало, ўртадаги кўзга кўринмас деворни йиқитган бўлса, қолаверса, катта-кичик мансабдорларнинг матбуот билан ҳамкорлигини тикламоқда. Яна энг муҳими, чекка-чекка жойларда ҳам Янги Ўзбекистон бўйлаб олиб борилаётган барча соҳалардаги оламшумул ислоҳотлар жараёни оммага тақдим этилмоқда.

Бутун умрини илм-фан ривожига бағишлаётган закийлар, фидойи олимлар, ўттиз ёшга етмай илм чўққисини забт этаётган иқтидорлар, оддий ва буюк меҳнаткаш инсонлар, ҳаётини журналистикага сафарбар этган, аммо ўзи умрида бир маротаба ҳам газетага чиқмаган ҳамкасбларимиз — “Наманган ҳақиқати”нинг доимий қаҳрамонлари ва меҳмонларидир. Наманган вилоятининг ҳар бир куни, ҳар бир соати сатрларга жойланиб, тарихга муҳрланмоқда.

Сидқидилдан қилинган ҳаракатлар ва интилишлар, албатта, ўзининг ширин меваларини бера бошлади. Вилоят ҳокимининг бевосита ёрдами, олиб борилган тарғибот ишлари ва таҳририят ходимларининг жонбозлиги туфайли янги йил бошида газета салкам 11 000 нусхада чоп этила бошланди, иккинчи ярим йилликда эса — қарийб 8 000 нусхада. Ҳали олдинда янада улкан лойиҳалар ижроси кутиб турибдики, уларнинг рўёбга чиқишига асло шак-шубҳамиз йўқ.

Кези келганда бир нарсани таъкидлашни истардик: “Наманган ҳақиқати” вилоятда отахон газеталик бурчини ҳам муваффақиятли бажараётгани эътирофга лойиқ. Туман ҳокимларининг матбуотга жалб этилиши уларни қайсидир даражада ўз нашрларига ҳам эътибор қаратишга ундамоқда. Эндиликда туман ҳокимликларининг нашрларида ҳам янгиланиш, уйғониш ва ижодий фаоллик сезилмоқда.

— Аввало, Президентимиз ва вилоятимиз ҳокими томонидан оммавий ахборот воситаларининг очиқлик, шаффофлик ва холислик тамойиллари асосида фаолият юритишига доимий эътибор қаратилаётгани ҳамда амалий қўллаб-қувватланаётгани — биз учун катта имконият ва масъулиятдир. Ана шу ишончдан самарали фойдаланиб, ҳамжиҳатлик руҳида иш олиб бориш устувор вазифамиз бўлиши лозим, — деди бош муҳаррир Хуршидбек Файзиев. — Раҳбарлар билан матбуот ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган жойда ахборот сиёсатида барқарорлик, ишонч ва тизимлилик юзага келади. Масъуллар билан очиқ мулоқотлар, журналистлар билан доимий алоқалар нафақат жамоатчиликни холис ахборот билан таъминлайди, балки юртимиздаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ислоҳотларнинг асл мазмун-моҳиятини халққа тўғри етказишга хизмат қилади.

Ҳа, бор кучингни аямай, завқ билан ишлайдиган, ижод қиладиган замонга етиб келганимизга кўз тегмасин. Эндиликда “Наманган ҳақиқати” вилоят газетаси таҳририяти жамоаси том маънода қаддини баланд тутиб, ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан юксалиб бормоқда, десак, қуруқ мақтовга йўйишмаслар деган умиддамиз. Ҳамду сано айтиб, бировга яхши кўриниш илинжи бизнинг ёшга ҳам, мавқега ҳам тўғри келмайди. Бу — кузатувларимиз, таҳлилларимиз ва шу қайноқ жараён иштирокчиси эканимизнинг хулосаси, холос.

Рислиқхон МАЖНУНОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган журналист,

“Олтин қалам” халқаро танлови

миллий мукофоти соҳибаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × one =