Аср суди: Нюрнберг маҳкамасига 80 йил

1946 йил 1 октябрь куни Нюрнбергдаги Халқаро ҳарбий трибунал залига чўккан сукунат инсоният тарихида янги эранинг бошланиши эди. Тўрт буюк давлат — СССР, АҚШ, Буюк Британия ва Франция вакиллари бўлган судьялар нацистлар Германиясининг олий раҳбарияти устидан чиқарилган тарихий ҳукмни эълон қилишди. Деярли бир йил давом этган ва жаҳон ҳуқуқшунослигида чинакам бурилиш нуқтасига айланган “Аср суди” айнан шу куни расман якунига етди.

Уруш ҳали бутунлай тугамаган, хусусан, Тинч океани ҳудудида жанглар давом этиб, Европада эндигина қурол овозлари ўчган бир пайтда — 1945 йил 8 августда ғолиб давлатлар Лондон битимини имзолаб, Халқаро ҳарбий трибунални ташкил этиш ва унинг Низомини тасдиқлаш тўғрисида келишиб олдилар.

Суд ўтказиладиган жой сифатида Нюрнберг шаҳрининг танланишида ҳам чуқур рамзий, ҳам амалий маъно бор эди. Биринчидан, бу шаҳар Гитлер ва унинг НСДАП партияси учун ғоявий макон бўлган — бу ерда нацистларнинг дабдабали съездлари ўтказилган. Айнан шу ерда 1935 йилда машъум ирқий “Нюрнберг қонунлари” қабул қилиниб, яҳудийлар ва бошқа миллат вакиллари барча фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум этилган, келажакдаги Холокост ва қирғинбаротларга ҳуқуқий замин яратилган эди.

Иккинчидан, шаҳардаги Адлия саройи биноси иттифоқчиларнинг вайронкор бомбардимонлари остида мўъжиза туфайли омон қолган ҳамда хавфсизлик талабларига мувофиқ тергов ҳибсхонаси билан бевосита туташган эди.

Суд мажлислари 11 ойдан зиёд давом этди. Бу вақт ичида немис архивларининг минглаб саҳифалик махфий ҳужжатлари, концлагерлардаги даҳшатларни акс эттирган фото ва кинохроникалар синчиклаб ўрганилди.

Суд амалиёти тарихида илк бор жараён бир вақтнинг ўзида тўртта — рус, инглиз, француз ва немис тилларида олиб борилди. Жорий этилган синхрон таржима тизими мажлисларнинг тўхтовсиз ва самарали ўтишини таъминлаб, халқаро мулоқотнинг юксак намунасини кўрсатди.

Шафқатсиз ва адолатли ҳукм

1946 йил 1 октябрда эълон қилинган ҳукм нацизм режимига берилган якуний баҳо бўлди. 12 нафар асосий айбдор (улар орасида Герман Геринг, Иоахим фон Риббентроп, Вильгельм Кейтель ва бошқалар) осиш йўли билан ўлим жазосига ҳукм қилинди (Мартин Борманга нисбатан сиртдан).

3 нафар шахс (Рудольф Гесс, Вальтер Функ, Эрих Редер) умрбод озодликдан маҳрум этилди, 4 нафари 10 йилдан 20 йилгача қамоқ жазосига маҳкум бўлди, 3 нафари эса оқланди.

Ўлим жазолари 1946 йилнинг 16 октябрига ўтар кечаси ижро этилди.

Шу билан бирга, Трибунал айрим шахслардан ташқари, нацистлар режимига таянч бўлган асосий тузилмаларни ҳам жиноий ташкилотлар деб топди. Асосий жазолаш ва террор маҳкамалари — СС, СД, Гестапо ҳамда Адольф Гитлер бошчилигидаги ультра-ўнг НСДАП (Миллий-социалистик немис ишчилар партияси) жиноий ташкилотлар деб эълон қилинди.

Ҳуқуқшуносларнинг эътироф этишича, Нюрнберг жараёнида жаҳон амалиётида илк бор замонавий халқаро ҳуқуқнинг фундаментал мезонлари мустаҳкамлаб қўйилди. Улар сирасига босқинчилик урушини режалаштириш ва олиб бориш, уруш қонун-қоидаларини бузган ҳолда асирларни қийноққа солиш ҳамда шаҳарларни вайрон қилиш кирди.

Шунингдек, тинч аҳолига нисбатан ирқий, диний ёки сиёсий қарашлар бўйича содир этилган зўравонликлар инсониятга қарши жиноятлар сифатида таснифланди ва бу каби қилмишларни амалга оширишга қаратилган тизимли фитналар ҳам илк бор жиноят деб тан олинди.

Нюрнберг трибуналининг энг муҳим тарихий аҳамияти шундаки, бунда алоҳида ижрочиларгина эмас, балки давлат террори ва тажовузкорликнинг бутун бир тизими жавобгарликка тортилди.

Трибунал томонидан яратилган ва кейинчалик БМТ Бош Ассамблеяси томонидан мустаҳкамланган прецедент келажак авлодлар учун абадий огоҳлантириш бўлиб қолди: юқори давлат лавозими, дипломатик мақом ёки “юқорининг буйруғини бажариш” важи эндиликда тинчлик ҳамда инсониятга қарши жиноятлар учун шахсий жиноий жавобгарликдан озод этмайди.

Орадан саксон йил ўтган бўлса-да, Нюрнберг мероси ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. У бугунги Халқаро жиноий суд тизими ва глобал хавфсизлик меъморчилигининг пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Нюрнберг сабоғи яна бир бор шуни эслатиб туради: ҳар қандай қудратли ҳукмдорлар ва уларнинг армияларидан устун турувчи олий куч бор, бу — инсониятнинг адолатли ҳуқуқи ва ахлоқий қонунидир.

Аброр ХОН.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 − 5 =