Нажот эшиклари ҳали ёпилмаган

Авваллари “Сувдай сероб бўл” деган ниятни кўп бор эшитганмиз. “Сувга тупурма, исроф қилма”, деган гаплардан ҳам хабаримиз бор, аммо вақт келиб, сув танқислиги деган ҳадик пайдо бўлишини ўйлаб ҳам кўрмаганмиз. Кексалар сувда хотира бор, дейишади. Бу илмий жиҳатдан исботланган. Шундай экан, бу бебаҳо неъмат олдида юзимизнинг шувутлиги аниқ. Негаки, сувга нисбатан ўта ёмон муносабатимиз ўзимизга ҳам аён. Азим дарё деганлари қўшиқда “оқади-ю кетади”, ҳаётда эса сувнинг биз исрофгарлар тўғрисидаги хотираси ўзи билан бирга кетади.

Яширишдан фойда йўқ, гапни ўзимиздан бошласак, бирор киши “Мен ҳозиргача бир қултум сувни исроф қилмаганман”, дея оладими? Таассуфки, бундай дейишнинг иложи йўқ.

Европада ўтказилган йирик анжуманлардан бирида нотиқлар иқлим ўзгариши, ичимлик суви муаммоси ва ер ости бойликларининг беаёв қазиб олиниши бугунги куннинг ташвишли муаммоси эканлигини айтиб, маънавий тарғибот ишида бу мавзуга эътибор камлиги, бу эса янги, янада оғир ва талафотли муаммони юзага чиқариши мумкинлигини таъкидлашди. Бу муаммо курраи заминда тирикликни сақлаб қолиш билан боғлиқ. Негаки, бугуннинг ўзида дунёда бир миллиарддан ортиқ киши тоза сув истеъмол қилиш имкониятига эга эмас. Кейинги ўн беш йил ичида иккинчи жаҳон урушидан кейинги жамики ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган болалар сонидан кўпроқ норасида тоза сув муаммоси туфайли орттирган касалликлар боис нобуд бўлибди. Ер юзида истиқомат қилаётган жамики аҳолининг деярли ярми сув истеъмол қилишда бундан икки минг йил аввал яшаган қадимги Рим аҳолиси даражасидан анча орқада экан.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, тоза ичимлик суви бўйича дунё мамлакатлари ўртасида Финляндия биринчи, Канада ва Янги Зеландия иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллайди. Бошқа жиҳат ҳам бор: ҳар бир қитъада ифлосланишлар сабабли фойдаланиш учун мутлақо яроқсиз бўлиб қолган “ўлик” кўл ва дарёлар мавжуд. Ганга дарёсининг Бангладешдаги сўл тармоғи, Миссисипи дарёсидаги кўрфаз аллақачон ўлиб бўлган, уларда тозалаш тизимлари мавжудлигига қарамай, ҳеч қандай тирик организм йўқ экан. Ява оролидаги Цитарум дунёдаги энг ифлос дарё ҳисобланади. Ҳар йили океанлар тубида 260 миллион тоннадан зиёд пластик буюмлар тўпланади. Одамлар ҳар куни икки миллион тонна чиқиндини табиий сув ҳавзаларига ташлайди. Сув туфайли давлатлар ўртасида можаролар келиб чиқади. Кузатувларга кўра, яна ўттиз йилдан кейин океанлар сувининг тузланиши бир ярим баробарга ошади ва бу ҳолат денгиз экотузилмасида қайта тикланмас йўқотишларга олиб келади. Яна маълумот: йил давомида ҳар бир киши 60 тонна сувни озиқ-овқат орқали истеъмол қилади – бир килограмм картошка етиштириш учун 100 литр, бир килограмм гуруч учун 4000 литр, бир килограмм мол гўшти учун 13000 литр сув сарфланади.

Бу рақамлар ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарида ижодкор зиёлиларнинг матбуотда Орол муаммосига доир дастлабки куюнчак мақолаларини ёдга солади. Уларда бу ноёб баҳри уммоннинг сув сатҳи муттасил пасайиб бораётгани боис, зудлик билан тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги айтилган эди. Таассуфки, мутасаддилар бунга қулоқ тутмади. Республиканинг ўша пайтдаги раҳбарлари бу куюнчакликни давлат ишларига ўринсиз аралашиш, ортиқча айюҳаннос солишга йўйди. Экологик фалокат оёққа тураётгани, қум ва туз тўзони ҳавони булғаётгани, олис қитъаларгача етиб бораётгани тузум кўзини очмади. Касаллик маддалаб, йирик минтақанинг вужудини чирмовуқдек қамраб, қон томирлари-ю нафас йўлларини тўса бошлаганидагина маълум ҳаракатлар бошланди. Аммо кўп нарса бой бериб бўлинганди.

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов билан Нукусда таниқли адиб Тўлепберген Қаипбергенов таваллудининг 70 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этганмиз. Расмий маросимлар тугагач, бизни енгил катерда Амударё бўйлаб сайр қилишга таклиф этишди. Дарёнинг баъзи жойларида сув сатҳи бир метрдан ошмасди. Катердан тушиб, оёқяланг сув кечдик. Ўйнаб, ўйноқлаб, қирғоқларига тўш уриб оқадиган дарё тузалмас дардга чалинган бемордай номигагина ҳаракат қилар ва бу ҳаракатидан ўзи ҳам қониқмаётган эди. Абдулла ака бирдан жўшиб кетди. “Дарёни қуритиб бўпсизлар, бирортанг Амударё ҳақида дурустроқ асар ҳам ёзмадинг, наҳотки нима бўлаётгани, эртага нима бўлишини, ҳаммамизни қандай фалокат кутаётганини сезмаётган бўлсангиз?” – дея маҳаллий ёзувчиларга танбеҳ берди.

Дунёда мавжуд жамики сув манбаларининг тўқсон етти фоизи истеъмол учун яроқсизлигидан хабаримиз бор, аммо парвойимиз палак. Дунё мамлакатларида ичимлик сувининг баҳоси қанчалигини билсак-да, қанча меҳнат ҳисобига тозаланган сувни ҳовлига, йўлакларга олачалпоқ қилиб ҳам эмас, кўллатиб сепамиз, қўлбола фаввора ясаймиз.

Бундан кўп йиллар аввал япониялик таниқли олим Ўзбекистонга келиб, Буюк ипак йўли ўтган шаҳарлар бўйлаб саёҳат қилади. Саёҳати якунида ўзбек хонадонларидан бирида меҳмон бўлади. Уй эгалари югуриб-елиб тансиқ таомлар тайёрлашади, дастурхонга сархил мева қўйишади. Қиз-келинлар кўча, йўлак ва ҳовлини супуриб-сидириб, шлангда шаррос-шаррос сув сепишади, гул-райҳонларнинг баргларини ювишади. Айни шу пайти ҳовлига хорижлик меҳмонлар кириб келади. Япониялик олим аёлларнинг бу ҳаракатини кўриб, аввалига ерга сепилаётган сув ҳақида сўрайди, ичишга яроқлилигини билиб, ҳайратга тушади ва ҳамроҳларидан бирига: “Уй соҳиби миллиардер бўлса керак” дейди…

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Томорқани суғорганда ҳар бир дарахтнинг тагида сув кўллаб, қўшни томонга пайнов чиқмагунча кўнглимиз тўлмайди. Далага сув очсак, эгатларга тараб қўйиб, эрталаб хабар оламиз… Телевизорда неча минг йиллардан бери бир қултум сувга зор чўлу биёбонларни, сувсизликдан лаблари қақраб, ёрилиб кетган болаларни, қуриб-қақшаб ётган ўрмонларни кўрамиз, аммо бунга ажабланмаймиз ҳам. Ўрта Ер денгизи атрофидаги айрим давлатлар ичимлик суви муаммосини ҳал қилиш учун Шимолий Муз океанида сузиб юрган чучук сувли баҳайбат айсбергларни шатакка олиб судраш, эритиб истеъмол қилиш режаларини тузишаётган экан. Қамчиқ довонидан ўтаётганимизда тоғнинг нақ белида қолиб кетган сув изларига кўзимиз тушади, сув сатҳи йилдан-йилга пастлаб бораётганига, бу жараён ҳали-бери орқага қайтмаслигига гувоҳ бўламиз.

Қадимда сув танқислиги боис, карвон йўлларида сардобалар қурилган. Манбаларда айтилишича, Мовароуннаҳрда қирқдан ортиқ тоза сув сақлагич сардобалар бўлган. Сардоба қурилиши учун сув, тупроқ ва қум алоҳида тоза жойдан, ганч Қоровулбозор, Нуротадан олиб келинган. Қумга янтоқ, қамиш, юлғун кули қўшилган. Хумдонга тут, ўрикнинг қуруқ новдалари ёқилган. Ғиштларни бир-бирига ёпиштирадиган махсус қоришмага қўй сути, туя жуни қўшилган. Натижада иншоот мустаҳкам бўлиб, сув сизиб чиқиб кетмаган ва, муҳими, икки йилгача айнимаган, қиш-қировли кунларда иссиқ, ёзда эса муздек турган. Бунинг учун Сардобанинг остига уч қават қорамол ва туя териси, уч қават кигиз, унинг устига бир қават ганч, энг юқорисига сифатли ғишт ётқизилган.

Умуман, бизнинг сув ҳақидаги тасаввуримиз ё тўла эмас, ё бутунлай нотўғри. Негаки, сув нафақат бугунги кун одамларининг, шу билан бирга бутун табиат, жамики жонзот, еру осмон, бу ёруғ оламга биздан кейин келадиган авлодларнинг ҳам ризқ-насибаси. Бировнинг ризқига хиёнат қилиш оғир гуноҳ.

Сув ҳақида куюнчаклик билан ёзилган бир мақолани такрор-такрор ўқийман: “Аллоҳ таоло бандаларининг ҳожатига ярайдиган, унинг тириклигига сабаб бўладиган сувни денгиз, уммонлар шаклида тўплаб беради. Сув бир жойда туриб айниб қолмаслиги учун Парвардигоримиз уни тузлар билан тўлдириб қўяди… Худованд: “Бўлди, мен сувни яратиб қўйдим, энди ундан ўзинг фойдаланиб ол”, демади, балки булутни уммон тепасига келтириб, ундаги чучук сувларни ўзига сўриб олиб, шамол билан бандалари устига олиб келиб, сув қилиб ёғдирди. Аллоҳ таоло кўринишидан тоғларга ҳусн бўлиб турган қору музликларни бизлар учун ўша ерда жамлаб қўйди. Худованд: “Бўлди, ана тоғларга жамлаб қўйдим, энди уни ўзинг бориб, парчалаб, уйга олиб келиб, эритиб ишлатавер” демади, балки ўзи Қуёшни унинг устига олиб келиб, тагидан эритиб, ариқлар, сойлар қилиб, хонадонларимизнинг олдигача оқизиб қўйди…”

Олимларнинг фикрича, бугун ёмғир, дўл, жала бўлиб ерга сингиётган сув – кеча, ўтган ой ёки ўтган йили ердан кўтарилган буғ эмас, неча миллион йил аввал буғланган, ердан кўтарилган сув. Демак, бугун шивалаб ёғаётган ёмғир томчиларида ўтмиш аждодларнинг хотираси бор. Шунинг учун ҳам бу неъматни исроф қилмаслик керак. Ёзнинг жазирама кунлари йирик шаҳарларда яшаётган аҳоли жон бошига 600-800 литргача сув ишлатади. Африканинг қурғоқчил ҳудудларида бунча сув кичикроқ қишлоқ аҳолисининг бир кунлик истеъмол меъёри.

Тарихга назар ташласак, сув ҳамиша Яратган эгамнинг ноёб мўъжизаси ҳисобланиб келган. Мироблик касби улуғ касблардан бири бўлган. Чанқаган кишининг қўлига бир пиёла сув тутиш беадоқ савоб ҳисобланган. Бугун юртимизга хорижий давлатлардан илғор тажриба сифатида кириб келаётган томчилатиб суғориш усули дастлаб ўзимизда қўлланилган. Ҳа-ҳа, ўзимизда. Таассуфки, кейин-кейин сувга доир кўп қадриятлар унут бўлиб кетди.

2050 йилга бориб ер юзи аҳолиси 9 миллиардга етиши башорат қилинмоқда. Глобал иқлим ўзгариши натижасида табиатда турли хил хавф-хатар, масалан, қурғоқчилик юз бериши мумкин. Ҳозирги илм-фан кўп нарсага қодир, аммо ҳеч нарса сувнинг ўрнини боса олмайди. Шунга қарамай, ичимлик суви захираларининг камайиши ва ифлосланиши, экин майдонларининг шўрланиши, сув исрофгарчилиги давом этмоқда. Тугаб бораётган сув захиралари бор. Сувнинг ифлосланиши туфайли одамлар ошқозон-ичак, буйрак, жигар, аллергик хасталикларга дучор бўлмоқда. Замонавий саноатнинг тез суръатлар билан ривожланиши, ишлаб чиқариш ва маиший чиқиндиларнинг кўпайиши, қайта ишланмаслиги, заҳарли кимёвий моддалар ишлатилган экин майдонларидан оқиб чиққан пайнов сувларнинг зарари тўғрисида кўп ёзилмоқда, аммо эришилаётган натижалар қониқарли эмас.

Кейинги йилларда тоғларга қор кам тушди, музликларнинг умумий майдони қисқарди, тоғ зоналаридаги сув захирасини тўпловчи ўрмон ва арчазорлар камаймоқда. Ўзбекистон Экологик ҳаракати маълумотлари кишига бироз тасалли беради: тоза ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш борасида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, бу борадаги фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан йўлга солиш мақсадида қонунлар, ҳукумат қарорлари қабул қилинган. Зарафшон дарёси сувини экологик соғломлаштириш юзасидан аниқ тадбирлар ишлаб чиқилган. Мамлакат ҳудудидаги барча дарё ва каналлар қирғоғида сув муҳофазаси зонасини ташкил этиш ва уни амалга ошириш, дарё ва каналларга ташланаётган оқова сувларини назоратга олиш, канализация тизимларини мукаммаллаштириш, шунингдек, бактериологик ифлосланишнинг олдини олиш муҳим вазифа деб белгиланган. Бу йўналишда жиддий иш бошланган.

Бир қарашда, ташвишга тушадиган жойи йўқ, ҳаммаси жойида: чора-тадбирлар белгиланган, сувни тежаб ишлатиш ҳаракатлари мавжуд. Аммо шу билангина муаммони ҳал қилиб бўлмайди. Сувни тежайдиган, тозалайдиган мосламалардан фойдаланиш, янги сув омборлари қуриш, сувга ўч экинларни камайтириш, сув нархини оширишдан ҳам муҳим бир вазифа бор – сувга нисбатан муносабатимиз ўзгариши керак. Бу ўзгариш содир бўлмас экан, муаммо йилдан-йилга, мавсумдан-мавсумга мураккаблашиб, охир-оқибат довондаги чўққилар пойида бир вақтлар сув сатҳи қолдирган излар ҳам яқин ўтмишга боғлиқ афсонага айланади.

Вақт бор, нажот эшиклари ҳали ёпилмаган.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

 журналист.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × one =