АДИРМА ШАҲАР АФСОНАСИ

Яқинда Қамаши тумани ҳудудида жойлашган ва халқ тилида “Адирма шаҳар” деб ном олган афсонавий ёдгорликдан қадимшунослар қадимги ибодатхона меҳроби (алтарь) ва ўзига хос оссуарий (суяклар сақланадиган идиш) топишди.

Баландлиги 70 см, кенглиги 90 см. Уни ўраб турган жой 18×28×2,5 см ўлчамдаги пишиқ ғиштлар билан қопланган. Атрофидаги ҳудудга эса 2,5-3 см қалинликдаги лойсувоқ сувалган. Сувоқ қатламларининг бир неча бор янгилангани бу меҳробдан узоқ вақт давомида фойдаланилгани ва у мунтазам таъмирлаб турилганини кўрсатади.

Суяк идишининг ташқи юзасида кийик ва арча дарахтига ўхшаш нақшлар тасвирланган. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу ёдгорлик милоддан аввалги III аср — милодий III асрларга тегишли. Бу топилмалар ҳудуднинг қадимги аҳолиси эътиқоди, яшаш тарзи, урф-одатлари ва маросимларини чуқурроқ ўрганишга ёрдам беради.

Бир неча йил аввал қўшни Бошжонбўз қишлоғидан бўлган Эрназар деган танишим Адирма шаҳар деб номланган қадимий макондан топилган миттигина аёл ҳайкалчасини қўлимга тутқазиб, шундай деди:

— Домла, мана бу ҳайкални болалар Адирмада қўй боқиб юриб, топиб олибди. Бизда турса, йўқолиб қолиши мумкин, ўзингиз бир текшириб кўрарсиз…

Мен сополдан ясалган ҳайкални қўлга олиб, танишимга миннатдорчилик билдирдим.

Адирма шаҳар…

Бир томони Чиял даштлари, иккинчи томони Қашқадарё тарафга олиб борувчи қадимги йўлда жойлашган кўҳна ва сирли хароба. Бир борганимда қадамлаб ўлчаганим ёдимда. Бир томони юз йигирма қадам, иккинчи томони ҳам тахминан шунча бўлган ҳайбатли тепалик. Шарқ ва жануб томонга қурилган дарвозалар ўрни кўриниб турибди. Қалъа мустаҳкам девор билан ўралган, ўртада яна тепалик: бу сарой ёки қаср ўрни бўлса керак. Балки унда подшоҳ ёки малика яшагандир. Хароба атрофида турли ҳажмдаги сопол парчалари сочилиб ётибди. Қўрғонга кирувчи эски ариқ ўзани сақланиб қолган. Эл-улус орасида эса бу сирли макон ҳақида турли ривоят ва афсоналар юради. Айниқса, бу жойларда кўп бора қўй боққан чўпонлар бу ривоятларни гурунгларда бот-бот сўзлаб беришади. Шундай афсоналарнинг бирини мен ҳам эшитгандим. Келинг, уни сизга ҳам айтиб берай.

Эмишки, бир замонлар Адирма шаҳар қудратли давлатнинг пойтахти бўлган экан. Мамлакатни одил подшоҳ бошқарар, унинг аҳолиси тўқ ва фаровон яшарди. Лекин подшоҳни неча йиллардан буён бир ўй қийнаб келар, унинг тахт вориси бўладиган фарзанди йўқ эди.

Кунларнинг бирида подшоҳ ғаройиб туш кўрибди. Тушида хотини қиз туғиши, аммо қиз ўн саккиз ёшга тўлганда салтанати инқирозга юз тутиши аён бўлибди. Подшоҳ тушининг таъбирини вазирларидан сўрабди, бироқ улар бу сирнинг моҳиятини еча олишмабди.

Ниҳоят, подшоҳнинг севикли рафиқаси ҳомиладор бўлиб, тўққиз ой ўтиб, қиз туғибди. Подшоҳ қизининг шарафига қирқ кечаю қирқ кундуз тўй берибди.

Орадан йиллар ўтиб, подшоҳ қизининг ўн саккиз ёшга тўлишига бир неча ой қолганда кўчманчи ёғийлар бостириб келиб, Адирма шаҳар қамал ичида қолибди. Душман қанчалик ҳужум қилмасин, қўрғонни забт этолмабди.

Ёғий ҳолдан тойиб, қўрғонни қўлга киритишга кўзи етмай турган бир маҳалда ёв лашкарбошиси қошига бир кал эчкибоқар келиб, қалъани қандай ишғол қилиш йўлини билишини айтибди. Лашкарбоши унга бир ҳовуч тилла танга берибди. Эчкибоқар лашкарбошига:

— Ҳув қуйида дарёдан ажраган бир ариқ бор. Ариқнинг суви ер ости қувури орқали қўрғонга боради. Ариқни кўминглар, шунда ғалаба қозонасизлар, — дебди.

Душман аскарлари ариқни кўмибди. Адирма шаҳардагилар сувсизлик туфайли таслим бўлибди. Ёғий лашкарбошиси эса гўзал маликани кўриб, ошиқ бўлиб қолибди. Малика унга шарт қўйибди:

— Шаҳримга зиён етказмай, юртингга қайтасан. Агар шартимга рози бўлсанг, сенга турмушга чиқаман.

Лашкарбоши шартга кўнибди ва маликани олиб, ўз мамлакатига кетибди. Маликанинг тадбиркорлиги ва жасорати туфайли юрт омон қолибди.

Одамлар юртпарвар малика ҳақида ғамгин қўшиқлар тўқибди, мусаввирлар унинг суратини тошларга чизибди, сополдан унинг сиймосини ясабди.

Мўъжазгина аёл ҳайкалчасини қўлимга олиб томоша қиламан ва сўрайман:

— Кимсан, эй гўзал аёл, исмингни айт, қайси замонда ва маконда яшагансан? Ё ўша малика сенмисан?

Ҳайкал жим, сукут сақлайди. Унинг мендек ношуд қаламкаш билан гаплашгиси келмайди.

Кунларнинг бирида токчада турган бу ҳайкалчани набира қизчам кўриб қолиб, унинг кўзи ва қошини қалам билан бўябди.

Уни койидим. Кейин эса маъбудани қўлимга олдим. “Қурғур, янаям очилиб кетибди”, дедим ўзимга-ўзим.

Яна бисотимдаги китобларни титкилайман, унга ўхшайдиган ҳайкаллар ҳақида маълумотлар йиғишга ҳаракат қиламан. Аммо менинг маъбудам уларга ўхшамайди. Унинг олис мозийга дахлдор бўлиб қолишини, жонсиз тарихий ашёга айланишини истамайман.

Эсимда, бундан анча йиллар аввал қамашилик шоир Исмат Раҳмат хонадонида бўлган гурунгда воҳамиз тарихининг билимдони, раҳматли Поён Равшановдан Адирма шаҳри ҳақида сўрагандим. Домла бироз ўйланиб, шундай деганди:

— Ҳа, Адирма шаҳарни биламан, бу ҳарбий истеҳком Александр Македонский давридан қолган бўлиши мумкин.

— Хўш, нега одамлар бу жойни қалъа ёки қўрғон деб эмас, шаҳар дейишган?

Тарих китобларида ўқиганим ёдимга тушади.

Бир замонлар Туронзаминни “минг шаҳар мамлакати” деб ҳам аташган. “Аёл ҳайкалчаси Кушон давридаги Будда роҳибаси эмасмикан?” деган ўйга ҳам бораман.

Қурғур японларга қойил қолиш керак: қадим аждодларининг кечмишини ахтариб, Сурхондан Будда ибодатхонасини топишибди. Биз эса ёнимиздаги тарихий ашёларимизни билмаймиз, энг ачинарлиси, уларга бепарвомиз.

Қаердадир ўқигандим: гуржи халқи, агар ўтмишга дахлдор бўлса, отнинг тақасини ҳам уйининг тўрига осиб қўяр экан.

Бундан бир неча йил олдин қишлоққа эр-хотин савдогарлар келиб, кўҳна кийим-бош бўладими, қадимги мунчоқ ёки буюмми, неки бўлса арзон-гаровга сотиб олиб кетишди. Мен улардан: “Буни нима қиласизлар?” — деб сўрадим. Аёл индамади. Эри эса оҳиста деди: “Ака, буларнинг бари тарихий осори-атиқалар. Ургутнинг бозорида хориждан келган сайёҳларга долларга сотамиз”.

Бугун Британия музейининг гултожи бўлган, баҳоси тенгсиз деб баҳоланган “Аму хазинаси”ни ҳам юртдошларимиз арзон-гаровга сотиб юборишган.

Бунга мисоллар бисёр.

Яқинда қўшни фермер ўғил-қизларини машинасида Шаҳрисабзга айлантириб келди. Эртасига қўшнимдан сўрадим:

— Болаларни Оқсаройга олиб бордингизми?

Қўшним менга ажабланиб қаради:

— Эй, қизиқмисиз? Ўша эски бинони кўриб болаларим нима топарди, биз бозордан қайтдик…

Вақт — югурик. Тинмай ўтаверади. Менинг маъбудам эса ҳамон ўзининг кечмишини яширганча китоб жавонида турибди. Баъзан таниш-билишларга кўрсатиб мақтаниб қўяман. Кейин эса Адирма шаҳар ва унинг маликаси тўғрисида ҳеч нарса билмаслигимдан хафа бўламан.

Сабрим тугайди. Пойтахтга — мозийшунос укамиз Абдусаттор Жуманазарга сим қоқдим. Телефон гўшагидан овоз эшитилди:

— Ака, маъбуданинг изини топдим, ҳадемай унинг қайси даврда яратилгани ва ясалгани ҳақида айтиб бераман. Яна Адирма шаҳар тўғрисида ҳам янги маълумотлар чиқяпти.

Хушхабардан кўнглим тоғдек кўтарилди.

Хонамга кирган набирам ҳайкални қўлига олиб, деди:

— Бобо, бу момомнинг ҳайкалими?

— Ҳа, у бизнинг онамиз! — дедим.

Болакай гапимга ишонмади. Менинг эса бу гапга жуда-жуда ишонгим келади.

Ўролбой ҚОБИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan