УСТОЗ ЖУРНАЛИСТ ЁДИ
Журналистика соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, ўзининг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти билан кўпчиликка намуна бўлган моҳир фотожурналист, публицист, “Олтин қалам” миллий мукофоти соҳиби, марҳум Тоҳиржон Ҳамроқулов таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан Фарғона вилоятининг Бағдод туманида хотира ва эҳтиром кечаси бўлиб ўтди. Шунингдек, “Водий ТВ” телеканали ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳам нишонланди.
Тадбирда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан таниқли журналистлар, ёзувчи ва шоирлар, устоз ижодкорлар, соҳа фахрийлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда марҳум ижодкорнинг яқинлари иштирок этди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг телеканал ижодий жамоасига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Тоҳиржон Ҳамроқуловнинг ибратли ҳаёт йўли, сермазмун ижодий фаолияти ва эзгу ишлари ёд этилиб, телеканал жамоасига янги ижодий муваффақиятлар тиланди.
Маънавий ва маърифий кечага айланган ушбу тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Бағдод тумани ҳокими Мақсаджон Исақов сўзга чиқиб, устоз ижодкорнинг ўз касбига садоқати, фотожурналистика ривожига қўшган муносиб ҳиссаси, эл-юрт орасида қозонган ҳурмат-эътибори ҳамда халқ манфаати йўлида амалга оширган эзгу ишлари ҳақида тўхталдилар.
Мазкур тадбирнинг ташкил этилиши устоз ижодкорнинг сермазмун ҳаёти ва меҳнатига, унинг журналистика ва фотожурналистика ривожига қўшган ҳиссасига кўрсатилган юксак эътибор ифодаси бўлди. Бу, шу билан бирга, касбига садоқат билан хизмат қилган ижодкорлар хотирасини эъзозлаш ва эзгу анъаналарга ҳурмат намунасидир.
Тоҳиржон Ҳамроқуловнинг ҳаёт ва ижод йўли бугунги ва келажак авлод журналистлари учун ибрат мактаби бўлиб қолади. Устоз хотирасига бағишланган бундай учрашувлар касбга садоқат, ижодий масъулият ва ҳамкасблар меҳнатига ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига шубҳа йўқ.
Акбархон МАГДИЕВ
