Муз кўчди…

ва ҳоким музейга келди

Кибриё Қаҳҳорова… Бу номни эшитган ёзувчи, шоир, драматург, адабиётшунос олим, борингки, кўпгина журналистларимиз, ҳаттоки қўлидан китоб тушмайдиган ўқувчиларимиз пешонасини тириштириб, бош қашимайди.

Аксинча, Кибриё Қаҳҳорова кўз ўнгида намоён бўлибми ёки унинг бугунги кунда кутубхоналару китоб дўконларидан ҳам топиш қийин бўлган, илк бор 1987 йилда олтмиш минг, ке­йинроқ 2007 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан бор-йўғи, ҳа, бор-йўғи уч минг нусхада нашр этилган ва қўлма-қўл  ўқилган “Чорак аср ҳамнафас” китоби ёдига тушибми, саволингизга жавоб беришга тайёрдай кўзингизга мамнун боқади. Демак, улар Кибриё Қаҳҳоровани нафақат таниқли таржимон, балки йигирманчи аср ўзбек адабиётининг йирик намояндаси, жаҳоннинг машҳур ҳикоянавислари сафидан муносиб ўрин эгаллаган, сўз заргари — Ўзбекис­тон халқ ёзувчиси  Абдулла Қаҳҳорнинг рафиқаси, асарларининг биринчи ўқувчиси, энг яқин ва ҳозиржавоб ёрдамчиси, шарқ мумтоз адабиётининг билимдони, йирик матншунос сифатида ҳам яхши билишади. Билганига шукр! Вазирлик ёки агентлик номи билан аталган нуфузли ташкилотнинг фалон лавозимлари курсисида ўтириб, уй-музейларига олисдан туриб раҳбарлик қилаётганлар каби, шуни ҳам билмасинми?!

Донишманд боболаримизнинг “Ўқиган олим…” деган ўгитига амал қилаяптими, отасига раҳмат! Демак, унинг орзу-ҳаваси, мақсади бор. Ёзувчи ёки таржимон бўлмаса ҳам, яхши инсон, одамларга, жамият ва давлатга нафи тегадиган яхши мутахассис, оилапарвару ватанпарвар одам бўлиш нияти борки, китоб ўқияпти. Акс ҳолда,  эрта бир кун уй-музейларнинг маънавий-маърифий, илмий маскан эканлигини унутиб,  бугунги айрим раҳбарлардай фақат телефон орқали топшириқ бериб, ҳисобот олиб, умр ўтказадими? Йўқ, ҳозирги ёшлар буни истамайди. Бу ишни зерикарли ва самарасиз деб ҳисоблайдилар. Шу боис чуқур билим, кенг дунёқараш, маънавий етуклик барча муваффақиятларнинг гарови деб билади.

Кибриё опанинг ўттиз етти йил муқаддам аёл боши билан Абдулла Қаҳҳор уй-музейини ташкил этиш йўлида чеккан азобларини эшитсангиз, “буни қаранг-а,  ўттиз етти йилдан бери бу соҳада деярли ўзгариш бўлмабди-да”, де­йишингиз турган гап.

Опа не-не идораларга қатнаб, не-не эшикларга бош уриб, уй-музейни  ташкил этиб, ўзлари директор эмас, юз сўмдан ошиқроқ маош билан илмий ходим бўлиб ишлаб юрган кезлари газета мухбири билан суҳбатда: “Бошимизда иш буюрадиган кўп-у, келиб ҳол сўрайдиган йўқ”, деган эканлар. Чиндан ҳам уй-музейлар узоқ йиллардан бери ўз ҳолига ташлаб қўйилганини, келиб кетган вазир ҳам, ҳоким ҳам уларнинг бирон биттасига қиё боқмаганлигининг шоҳиди бўлганимизда, бундай қутлуғ даргоҳларда фидойи бўлиб ишлаётганларнинг дардларини эшитиб, ўтган йили “Жамият” газетасида “Вазир ва ҳокимлар бормайдиган манзиллар”, бу йил “Hurriyat”да эълон қилинган “Уй-музейларнинг ўгайи йўқ” номли танқидий мақолаларимиз мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг қулоқларига “тўғри гап туққанингга ёқмас” бўлиб етди, шекилли, кечага қадар бирон-бир садо чиқмади.

Аммо… “Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ” деганларидек, пойтахтнинг Яккасарой туманида иш бошлаган янги ҳоким Нилуфар Аллабергенова ўз ҳудудидаги Абдулла Қаҳҳор уй-музейига ходимлари билан қадам ранжида қилиб, нафақат буюк адиб ҳаёти ва ижоди, шунингдек, у кишининг умр йўлдоши Кибриё Қаҳҳорованинг қизларимиз ва уй бекаларига ибрат бўладиган кўпдан-кўп фазилатлари ҳақида ҳикоялар тинглаб, музей муаммолари билан ҳам қизиқди. Уй-музей директори Санобар Матлубовадан бу йил Кибриё Қаҳҳорова таваллудига 110 йил тўлганлигини, у кишининг  “Чорак аср ҳамнафас” китобини қайта нашр этиш учун ҳомий изланаётганлигини эшитган туман  ҳокими асарни кўздан кечириб, бу савобли ишни ўз зиммасига олди. Шу билан бирга уй-музейнинг барча маънавий-маърифий тадбирларини биргаликда ўтказишга, маҳалла ва мактабларда бу икки улуғ инсон ижодий фаолиятини кенг  тарғиб қилиш ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширибгина қолмай, уларни эзгу ниятлар  сари интилишга ҳам ундашини таъкидлади.

Ҳоким ташрифидан бениҳоя хурсанд бўлган уй-музей жамоаси “Таассуротлар китоби”да унинг “Мен халқимизнинг севимли адиби Абдулла Қаҳҳор уй-музейида унинг ҳаёти ва ижоди билан танишиб, худди гўзал бир бадиий фильм томоша қилгандай бўлдим. Кибриёхонимнинг “Чорак аср ҳамнафас” китобини қайта чоп этишимиз билан, албатта ўқийман!” деган сўзларидан ўзгача бир ғурур туйдилар.

Ушбу мақоламизга кўзи тушган вилоят, шаҳар ва туман раҳбарлари эса буюк адиб Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссасидаги қатъиятли, ташаббус­кор ва фидойи қиз Саидани эслатувчи Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергеновадан ўрнак олишларига астойдил ишонишни истар эдик.

Нуриддин ОЧИЛОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + eleven =