Азалий қадриятларимиз безавол тимсоли

Инсонда она битта бўлгани каби, она тили ҳам ягона. Ҳар ким қондош, қариндош, Ватан тушунчаларини илк бор она тилида англайди. Шунинг учун бўлса керак, тил, миллат, Ватан тушунчалари доимо ёнма-ён ифода этилади. У миллатнинг руҳи, қалби, таъбир жоиз бўлса, бутун борлиғи сифатида таърифланади.

Куни кеча пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбек тили байрами куни муносабати билан тантанали маърифий тадбир ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригини Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.

“Аввало, юксак тараққий этган демократик давлатларда бўлгани каби давлат тили бутун жамиятни, тили ва миллатидан қатъи назар, барча фуқароларни ягона халқ сифатида бирлаштиришга хизмат қилиши зарур. Бу борада ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан бўлган тил масаласида ортиқча эҳтирос ва ҳиссиётларга берилмасдан, узоқни ўйлаб, вазминлик билан иш тутиш кераклигини ҳаммамиз яхши англаймиз. Зеро, давлат тили фақатгина соҳа мутахассисларининг эмас, балки кўп миллатли бутун халқимизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, ақл-заковати, маънавий-маърифий салоҳияти, ватанпарварлик фазилатлари билан равнақ топади”, — дейилади

Президент табригида.

Дарҳақиқат, минг йиллик тарихимизга назар ташласак, жаннатмонанд юртимизни қайта-қайта босиб олган ёвуз кучлар халқимизни миллат сифатида йўқ қилиб юбориш мақсадида ўз тилимиздан, тарихимиз ва маданиятимиздан, динимиздан жудо қилишга уринган. Лекин имони бутун, матонатли халқимиз энг оғир, машаққатли даврларда ҳам ўз она тилини — миллий ғурурини омон сақлаб қола олган.

Тантанали тадбирда эътироф этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда она тилимизни асраб-авайлаш, унинг нуфузини тобора юксалтириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази каби тузилмалар ташкил этилди.

Умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўқитишга бўлган эътибор кучайди. Тилимиз тарғиботи, саводхонликка оид махсус электрон платформалар тайёрланиб, ишга туширилмоқда.

Айтиш керакки, ўзбек тили эндиликда БМТдек нуфузли ташкилотларнинг минбарларида, йирик сиёсий учрашувларда баралла янграмоқда. Айни пайтда бир қатор хорижий давлатларда ўзбек тилини ўрганишга доир маърифий марказлар фаолият олиб бормоқда.

Нодир ХОЛБЎТАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари:

— Бу кун наинки мамлакатимиз, балки жаҳон миқ­ёсида ҳам табаррук кун сифатида нишонланмоқда. Байрам тадбирлари эрта тонгдан Навоийнинг ҳайкали пойига гуллар қўйишдан бошлангани бежиз эмас. Негаки, биз Алишер Навоийнинг нурли шахсиятига, ижоди, фаолиятига ҳар қанча эҳтиром кўрсатсак оз. Ўзбек тили байрами бир кунлик тадбир эмас. Она тилимизнинг борлиги, мудом барқарорлиги биз учун катта байрамдир.

Иномжон АЗИМОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори:

— Марказимиз фаолият бошлаганига тўрт йил бўлди. Ўзбек тилини ўрганиш бўйича хорижлик ва юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларидан кўплаб таклифлар келиб тушмоқда. Ўзбек тилини ўрганиш бўйича курсларни муваффақиятли тугатган кўплаб тингловчиларга сертификатлар топширдик. Айни пайтда ўнта гуруҳда ўзбек тили ўқитилмоқда. Шу билан бирга, марказда алоҳида мактаб ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Им Чён Мён,

кореялик магистрант:

— Мен Ўзбекистондаги олий ўқув юртининг магистратура босқичида ўқиш учун келганман. Ўзбекистонни, ўзбек тилини жуда яхши кўраман. “КOIСA” ташкилоти орқали Ўзбекистонга келганимда, бу юрт мени ўзига ром этди. Одамлари жуда меҳрибон, ҳамиша ёрдам беришга тайёр, жуда меҳмондўст экан. Ўзбек тили юракдан севадиган тилимга айланди. Дун­ёдаги барча хорижликларни ўзбек тилини севишга ва уни ҳурмат қилишга чақираман.

Нацуми ШИДА,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти тадқиқотчиси:

— Япониянинг Осака шаҳридан диссертация ишимга маълумот тўплаш учун келганман. Бир йилдан буён Бойсун гиламчилик санъатини ўрганиб кел­япман. Менга Ўзбекистон ва унинг одамлари жуда ёқди. Мен бу ерда ўзбек тилини ҳам ўрганяпман. Диссертациям учун бу муҳим. Ҳозирча ўзбек тилида бироз сўзлашишни ўрганиб олдим. Ўзбек тили жуда чиройли ва жозибадор тил. Ҳозир ҳам ўзбек тилида сўзлашиш мен учун жуда қизиқарли. Битта сўзнинг кўплаб синонимлари мавжудлиги, кайфият, ҳолатга қараб турли сўзларни қўллаш имконияти менга жуда ёқади. Тўғри, ўзбек тили хитой тилига ўхшамайди, аммо кучли истак ва қунт бўлса, бу тилни яхши ўрганиш мумкин экан.

Байрам дастурида мамлакатимизда истиқомат қилаётган хорижлик ҳамда турли миллат ва элат вакилларидан иборат талабалар ўзбек шоирлари шеърларидан намуналар ўқиди. Уларнинг ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиши, эътибори, она тилимизга бўлган чин ҳурмати ва муҳаббати самимий эътирофида ғоят жўшқин ва завқли тарзда янгради.

Юртимизда ўзбек тилини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, 14 та тилни мукаммал билган Саидризо Ализода ҳақидаги видеороликлар, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг “Кундузсиз кечалар” асари асосидаги спектаклдан лавҳа, Огаҳий, Мирзо Бобур образида тараннум этилган шеърлар байрам дастурида иштирок этган ҳар бир юртдошимизда катта қизиқиш уйғотди ҳамда санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги концерт дастури байрам кечасига ўзгача файз бағишлади.

Ислом Эгамберди ўғли,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − seven =