Ўзбекистон ва Ҳиндистон: Келажак авлод учун янги имкониятлар

Самарқанд, Бухоро ва Тошкент дунё аҳлига, жумладан, ҳар бир ҳиндистонлик учун жуда ҳам яхши таниш номлардир. Бунинг сабаби жуда оддий, у ҳам бўлса Ҳиндистон ва Ўзбекистоннинг тарихий алоқалари неча асрларга бориб тақалади.

Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Ҳиндистон университетларининг Ўзбекистондаги фаолиятини оласизми ёки оммабоп “Ҳавас” гуруҳининг Тошкентдаги машҳур “Халқлар дўстлиги” саройида тақдим этган “Dil Hai Hindustani” концерт дастурини айтасизми, буларнинг барчаси ўзаро алоқалар тараққиётидан далолат беради. Ҳиндистоннинг Ўзбекистон билан ришталари савдо, туризм ва маданият жабҳалари билан бир қаторда таълим ва тадқиқот соҳаларида ҳам фаол жадаллашмоқда. Ҳар икки давлатнинг келажак авлод учун янги имкониятлар яратиш, ўзаро манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасида улкан режалари бор.

1992 йил март ойида Ҳиндистон билан Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган эди. Ҳиндистон Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган ва ҳамкорлик ўрнатган давлатлардандир. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди 2015 йил июль, 2016 йил июнь ойларида Тошкентга, 2022 йил сентябрь ойида эса Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил октябрь ва 2019 йил январь ойларида Ҳиндистонга сафар қилди.

Бош вазир ташаббуси билан 2022 йил 27 январь куни ташкил этилган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” биринчи саммитида минтақанинг бошқа давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам қатнашди. Ҳиндистон ҳукумати Нарендра Моди дўстлик, хайрихоҳлик ва ҳамкорликнинг янги даврига чорламоқда.

Ўзаро муносабатларда илм-таълим ва тадқиқот соҳаси ёрқин истиқболга эга. Бугун кўплаб ўзбекистонлик ёшлар ҳинд университетларида, ҳиндистонлик йигит-қизлар эса Ўзбекистонда таҳсил олмоқда.

2023/24 йилларда Ҳиндистон ҳукуматининг Техник ва иқтисодий ҳамкорлик дастури (India Technical and Economic Cooperation – ITEC) доирасида Ўзбекистондан 100 дан ортиқ номзод танлаб олинди. Ўзбекистон 1993 йилдан буён мазкур дастурнинг ҳамкори бўлиб, Ҳиндистонда таълим олаётган ўзбекистонликларнинг сони йиллар давомида сезиларли даражада ошди.

Яқинда Ҳиндистоннинг Рурки технология институти (The Indian Institute of Technology Roorkee – IIT Roorkee) ва Самарқанд давлат университети ўртасида қўшма магистрлик дастурини яратиш бўйича битим ҳамда гидрология, экология, барқарор энергия ва барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) соҳаларида тадқиқотлар ва ҳамкорликка кўмаклашишга қаратилган Англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжатлар ҳам ҳинд-ўзбек академик ҳамкорлигида муҳим қадам бўлди ва унга янги суръат бағишлади.

IIT Roorkee эндиликда Ўзбекистонда гидрология ва унга алоқадор соҳалардаги мавжуд долзарб масалаларга амалий ечимлар топиш учун кўп йиллик тажриба ва билимларни тақдим этишга тайёр. Таълим ва тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорлик сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳит масалалари бўйича барқарор ечимлар, академик мукаммалликни ва ижтимоий таъсирни оширишга қаратилиши кутилмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, Ҳиндистон ва Ўзбекистон долзарб иқлим муаммоларини ҳал қилиш ва барқарорликни таъминлаш масалаларига жиддий ёндашув намоён қилмоқда.

Ҳиндистон “Евроосиёга ёрдам” (Aid to Eurasia) ташаббуси доирасида Ўзбекистондаги 15 та университетда ўқув марказлари ташкил этган. Ушбу марказлар ахборот технологиялари воситалари, китоблар, мусиқа асбоблари, анъанавий ҳинд либослари ва Ҳиндистоннинг маданий меросини акс эттирувчи артефактлар билан жиҳозланган. Шунингдек, Самарқанд давлат университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университетида таълим алмашинувини ривожлантириш мақсадида қисқа муддатли дастурлар йўлга қўйилган. Ҳиндистон олий таълим муассасалари нафақат ўзининг глобал фаолиятини кенгайтиришга интилмоқда, балки маданиятлараро академик алмашинув ва қўшма инновацияларни ҳам рағбатлантирмоқда, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, тадқиқот ташаббуслари ва билим алмашиш учун янги имкониятлар яратмоқда.

Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги таълим ва ижтимоий соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш учун ҳар икки давлат технологиялар, соғлиқни сақлаш ва гуманитар фанлар бўйича қўшма ўқув дастурлари, икки даражали (dual-degree courses) диплом курслари ва биргаликдаги тадқиқот ташаббусларини йўлга қўйиши мумкин. Стипендиялар тақдим этилиши, талабалар алмашинуви ва профессор-ўқитувчилар ҳамкорлигини кенгайтириш ўзаро англашув ва маданий алмашинувга ёрдам беради.

Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг  ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги тажрибасидан фойдаланган ҳолда кўникма ва малака ошириш марказларини ташкил этиш аҳоли бандлигини оширишга хизмат қилади. Ҳинд анъанавий билимлари, фан, технологиялар, муҳандислик ва математика (science, technology, engineering and mathematics – STEM) ҳамда ҳинд ва санскрит тиллари бўйича ўқув курсларини тақдим қилувчи рақамли таълим платформалари ёшларнинг замонавий билим олиш жараёнида муҳим аҳамият касб этади. Соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий тайёргарлик курслари ва соғломлаштириш лагерларини ташкил этиш бўйича саъй-ҳаракатлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Уманг БАЖАЖ

 (Ҳиндистон)

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + eight =