Кувайт ОАВ: Ўзбекистон Кўрфаз араб давлатлари билан алоқаларни янги босқичга олиб чиқмоқда

Давлатимиз раҳбарининг Кувайтга расмий ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг етакчи босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши, савдо-иқтисодий, сиёсий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатларига бағишланган туркум мақолалар чоп этилди.
Масалан “Q8 Press” электрон нашрида “Ўзбекистон ва Кувайт: ўзаро манфаатли ҳамкорлик сари” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
“Сўнгги йилларда Ўзбекистон янгиланган ташқи сиёсий концепцияси доирасида мамлакат анъанавий шериклари билан ташқи алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқаро ташкилотлардаги фаолиятини кучайтириш билан бир қаторда ўз ҳамкорлари жўғрофиясини кенгайтириш йўлидан бормоқда, – дейилган мақола муқаддимасида. – Мазкур тенденция, айниқса, Ўзбекистоннинг Кўрфаз араб давлатлари билан алоқаларни янги босқичга олиб чиққанида яққол акс этади”.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу минтақа давлатлари билан муносабатлар ҳам кўп томонлама, ҳам икки томонлама форматларда ривожланмоқда. Бу “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқотининг ташкил этилиши ва ушбу форматдаги ҳамкорлик бўйича биринчи олий даражадаги саммитнинг 2023 йилда муваффақиятли ўтказилишида акс этади.
Расмий Тошкент минтақа давлатлари билан алоқаларни икки томонлама ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Бунда Кувайт давлати устувор йўналиш ҳисобланади.
“Жумладан, сўнгги пайтларда Ўзбекистон Кувайт билан сиёсий мулоқотни кучайтирди. 2024 йилнинг апрель ойида Кувайт ташқи ишлар вазири Абдулла ал-Яҳё Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилинди. Биргина 2024 йилнинг ўзидаёқ икки давлат ТИВ раҳбарлари ўртасида 5 марта музокаралар ташкил этилди”, – дейилган нашрда.
Қайд этилганидек, мулоқот иқтисодий идоралар ва ишбилармон доиралари ўртасида ҳам кучайтирилди. Ўтган йилда 100 дан ортиқ Ўзбекистон тадбиркорларининг Ал-Кувайт шаҳрига ташрифи амалга оширилди. Таъкидлаш жоизки, муносабатлар динамикасининг бундай тарзда фаоллашуви бежиз эмас. Кувайт Ўзбекистон учун ҳар томонлама манфаатли шерик ҳисобланади.
“Эътибор қаратиш лозим бўлган навбатдаги омил бу мамлакатларнинг иқтисодий аҳамиятидир. Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг иккинчи йирик иқтисоди саналади. Сўнгги йилларда республика иқтисоди юқори ўсиш динамикасини намоён этмоқда. Жумладан, охирги 7 йил ичида расмий Тошкент мамлакат ялпи ички маҳсулотини 2 бараварга оширишга муваффақ бўлди”, – дея таъкидланган материалда. Кувайт эса глобал ва Яқин Шарқ минтақаси иқтисодиёти учун салмоқли аҳамиятга эга бўлган давлат саналади. Шунингдек, мамлакат дунёдаги нефт экспорт қилувчи йирик 10 та давлатдан бири ҳисобланади.
Мақола “Ўзбекистон ва Кувайтнинг иқтисодий ҳамда сиёсий соҳалардаги ҳамкорлиги икки давлатнинг кейинги изчил тараққиётини таъминлашда муҳим қадам бўлади. Шунингдек, давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг изчиллашуви минтақалараро ҳамкорликни кучайтириш учун яна бир кучли туртки беради”, – деган сўзлар билан якунланади.
Шунингдек, мазкур давлатда инглиз тилида босиладиган “The Times” ҳафталик газетасида икки давлат ўртасидаги муносабатларга бағишланган туркум мақолалар чоп этилди.
Жумладан, мамлакатимиз элчиси Аюбхон Юнусов қаламига мансуб “Кувайт Ўзбекистоннинг ишончли дўсти ва ҳамкори” сарлавҳали мақолада ёзилганидек, Кувайт Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги ишончли дўсти ва ҳамкори бўлиб, 1991 йил 30 декабрда республика мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган.
“Ушбу йилдан эътиборан, икки давлат ўртасида иқтисодий ривожланиш ҳамда икки халқнинг фаровонлиги учун умумий интилиш асосида дўстона муносабатлар ўрнатиш даври бошланди. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий базаси сармояларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида, Маданият ва санъат соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида, Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида, икки давлат божхона қўмиталари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимларни ўз ичига олади”, – дейилган материалда.
Бундан ташқари, “The Times” газетаси мамлакатимиз маданият вазири Озодбек Назарбековнинг икки давлат ўртасидаги маданий мулоқотни ривожлантиришга бағишланган мақоласини муштарийлар эътиборига тақдим қилди.
“Ўзбекистон ва Кувайт халқлари ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида маданий тадбирлар, кўргазмалар, фестиваллар ва илмий анжуманлар ташкил этилмоқда. Маданият соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида икки мамлакатнинг тегишли маданият ташкилотлари ўртасида доимий мулоқот ва тажриба алмашиш йўлга қўйилган. Қўшма маданий тадбирлар ташкил этиш, санъат ва маданият намояндаларининг ташрифига кўмаклашиш тобора кучайиб бормоқда. Кувайт билан маданий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва динамикасини ўрганар эканмиз, кўплаб ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни кузатиш мумкин. Жумладан, 2017 йилнинг 15-22 декабрь кунлари Ал-Кувайт шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Унинг доирасида “Ал-Адвания” галереясида Ўзбекистонга бағишланган кўргазма ва концерт дастурлари намойиш этилди”, – деб ёзган муаллиф.
Мазкур босма нашрда жойлаштирилган юртимиз ҳақидаги навбатдаги мақолада Ўзбекистонда “ақлли” шаҳарларни режалаштириш ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақидаги маълумотлар қаламга олинган. “Кувайтнинг етакчи ишлаб чиқарувчиларини жалб этган ҳолда Ўзбекистонда замонавий илмий-техник мажмуалар, бизнес-инкубаторлар ва стартап акселераторларни ҳамкорликда ташкил этиш бўйича кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш инновацион ғоялар, ихтиролар ва технологияларни ривожлантириш ва тижоратлаштиришда муҳим аҳамият касб этади”, – дея қайд этилган нашрда.
Кувайтнинг “Ал-Жарида” ҳафталик газетасида эса “Ўзбекистон ва Кувайт ҳамкорлиги: янги босқич сари дадил қадамлар” сарлавҳали мақола босилди. Унда Ўзбекистон элчихонасида мамлакатимизнинг инвестициявий, экспорт ва сайёҳлик салоҳиятига бағишлаб ўтказилган тақдимот тадбири тафсилотлари қаламга олинган. Нашрда сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида Янги Ўзбекистон дунё ҳамжамияти билан турли соҳаларда, жумладан, маданият, иқтисодиёт ва туризм каби йўналишларда яқин ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб бораётгани алоҳида урғуланган.
“Ал-Анба” газетаси эса “Ҳабибулла Солиҳ. Ўзбекистоннинг кўп қиррали хаттоти” сарлавҳали мақолани эълон қилди. “Ўзбекистонда хаттотлик устаси сифатида ном қозонган Ҳабибуллоҳ Солиҳ ушбу санъатни Қуръони каримни нусхалашда қўлланиладиган “Насх” хати, фармонлар ва расмий ҳужжатларни ёзишда қўлланиладиган “Тавқи” ва “Руқъа” каби турли хил хаттотлик услубларини мукаммал эгаллаган, – деб ёзилган нашрда. – У хаттотлик санъатини устозлари Исмоил Махдум ва Абдулғафур Разоқов Ал-Бухорийдан ўрганган. Унинг бобоси домла Солиҳ Каримов Бухоро Амирлигининг машҳур хаттотларидан бўлган”.
Мақолада, шунингдек, Ҳабибулла Солиҳ кўплаб халқаро кўрик-танловларда иштирок этгани хабар қилинган.
“У 1996 йилда Истанбулда ўтказилган халқаро хаттотлик танловида энг кучли ўнта хаттот сафида эътироф этилди. 1999 йили Лаҳорда ўтказилган Иккинчи халқаро хаттотлик фестивалида иккинчи ўринни эгаллади. Машҳур хаттот 2002 йилда “Парвин қалами” мукофотига сазовор бўлган. Шунингдек,“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланган”, – дея маълум қилган Кувайт босма нашри.
“Дунё” АА,
Ал-Кувайт шаҳри.