Китоб нашр этиш — санъат, маърифат, маданият!

Тажрибали ношир, маърифат фидойиси Эркин АБДУРАҲМОНОВ буни яхши билади

Китоб дўконларига киринг, кўзингиз қувнайди, китобга бўлган муҳаббатингиз жўш уради: мавзу хилма-хил, муаллиф хилма-хил, таржима китобларнинг кўплигини айтмайсизми?! Китоблар безаги-чи? Қўлингиздан қўйгингиз келмайди. Ҳеч бир хорижий нашрлар дизайн-безагидан кам жойи йўқ. Яқин-яқингача ҳукм сурган дўкон расталаридаги ғариблик, ночорлик, хайрият, ортда қолди. Энг муҳими, ана шундай янгиланишлар самараси ўлароқ, юртдошларимиз орасида китобхонлик авж олмоқда!

Табиий, минг-минглаб китобхонларимизнинг бадиий-илмий-маънавий-интеллектуал эҳтиёжига бўлган бундай талабни кундалик ҳаёт ҳақиқати мақомига олиб чиқиш ўз-ўзидан бўлмайди. Зеро, ҳар қандай янгилик, ҳар қандай маъмурлик ортида машаққатли меҳнат ётади.

Ҳамкасблар йиғилиши иштирокчиларидан бири: “Шўро нашриётларида тажриба орттирган мутахассислардан борми?” деб ўртага савол ташлаб қолди. Кўпчилик ҳайрон бўлди, зеро, шўро замонларини тилга олиш мафкура нуқтаи назаридан маъқул кўрилмаслиги табиий, бироқ ҳаётий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, аксар жабҳаларда соҳанинг ипидан игнасигача кўрган, ўрганган ва ўзлаштирган кадрларга бўлган эҳтиёж яққол сезилиб қолмоқда. Ноширлик фаолияти ана шу каби соҳалардан ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларига, жумладан, ноширлик фаолиятига кенг эркинлик берилди, чунончи, босма нашрлар, электрон оммавий ахборот воситалари, шулар қатори нодавлат нашриётлар очиш, ташкил этиш чинакам маънода оммалашди. Афсуски, нашриёт таъсис этиш  қанчалар осонлашган бўлса, унинг ишини йўлга қўйиш, равнақ топиш шунчалар мушкуллигини ҳаёт кўрсатди ва кўрсатмоқда.

Гап нафақат моддий-молиявий масалаларда, балки ташкилий, маърифий, эстетик ва ҳоказо муаммолар шу қадар қаторлашиб келмоқдаки, бу сингари қийинчиликларга бас келиш, қолаверса, соғлом рақобат “жангчиси”га айланиш ҳар кимга ҳам насиб этавермаслиги кўриниб қолмоқда.

Миллий ноширчилигимиз соҳасида том маънода йўлини топган, муболағасиз айтганда, ўзига хос “китоб салтанати”ни  яратган ноширлар ҳақида сўз борганда мен биринчилар сафида Эркин Абдураҳмонов номини тилга оламан.

Эркин ўтган асрнинг 70-йилларидан ўша замондаги ёшлар нашриётида иш бошлади. Нашриёт фаолиятининг алифбоси-қора меҳнатини ўзлаштиришга астойдил киришди. Унинг ёнида тенгқурлари оз эмасди, лекин касб сирини ўзлаштириш машаққати Эркин сингари камдан-кам йигит-қизларга насиб этди, холос. Эркиннинг қалами бор эди, ширин-ширин ҳикоялар машқ қилди, кейинчалик бутун куч-ғайратини матбаа соҳасига йўналтирди.

Бир замонлар “Ёш гвардия” деган ном остида мавжуд бўлган нашриёт номини “Янги аср авлоди” деб ўзгартирганида, аввалига қулоққа ғалати эшитилганди, лекин, мана, йиллар ўтгани сайин нашриёт раҳбарияти узоқни кўра билгани бу ном юзлаб муаллифлару минг-минглаб китобхонлар наздида ҳам оддий, ҳам қадрдонлашиб кетганида ўз тасдиғини топмоқда.

Камина бир қаламкаш ҳамда “Янги аср авлоди” нашриётининг доимий муаллифларидан бири сифатида кўп кузатаман, “Эркин Абдураҳмонов етакчилигидаги нашриётнинг янгилиги, замонавийлиги нимада?” деган саволга жавоб излайман.

Энг аввало, Эркин ўша ёшлик кезларида нашриёт ишларида орттирган тажрибаларини тубдан янгилади, замонавийлаштирди. Чунончи:

нашриёт жамоасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратди, жумладан, ёш ва саводли ходимларни жалб этишдан чўчимади. Нашриёт муҳаррирлари мактабини яратди;

босмахоналарни техник жиҳозлашда муайян таваккалчиликдан чўчимади, бу ишга кўпни кўрган тажрибали мутахассислар билан бир йўла иқтидорли ёшларга ишонч билдирди;

китоб савдосини тубдан замонавийлаштириш йўлларини излади – китоб дўконлари мутлақо янги қиёфага кирди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, албатта. Матбаа соҳасида халқаро тажрибаларни ўрганиш мақсадида хориждаги нуфузли илмий-амалий ўқув марказларига қатнаб, нашриёт фаолиятини комплекс тарзда янгилаш усулларини ўзлаштирди. Бир сўз билан айтганда, ноширлик фаолияти йўлидаги барча босқичларни уйғунлаштирди, яъни, муаллиф билан ишлашдан тортиб, китобни нашрга тайёрлаш, китобни безаш, китоб савдоси, китобни тарғиб қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш масалаларини яхлит бир жараённинг муҳим ва ажралмас босқичлари сифатида қамраб олишга ҳаракат қилди. Ва ўйлаганларига, режаларига эришди ҳам!

Узоқ йиллар “Янги аср авлоди” нашриёти билан ҳамкорлик қилган Ўзбекистон халқ ёзувчиси, устоз адибимиз Худойберди Тўхтабоев ўхшатиб таърифлаганидек, “Эркин Абдураҳмон китоб нашр этишни санъат даражасига кўтарди!” Қўшимча қилсак, китоб чоп этиш – маданият, маърифат, гўзаллик эканлигини намойиш эта билди!

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда китобхонлик маданиятини янги поғоналарга олиб чиқишга қаратилган ташаббус ва ғоялари, ҳеч иккиланмай айтмоқ зарурки, Эркин Абдураҳмоновнинг фаолиятида ўз ижроси ва давомийлигини кўрмоқда.

Эркин Абдураҳмонов “Янги аср авлоди” нашриёт бирлашмасига раҳбарлик билан бир йўла мамлакатимиз нашриётлари ассоциацияси асосчиси ва етакчиси сифатида тинмай изланмоқда. Нашриёт фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш борасида маслаҳатларини аямай, шу соҳа фидойиси бўламан деган ёшларни беминнат қўллаб-қувватламоқда.

Турли мавзуда китоб ёзадиган муаллиф кўп, Эркин катта ношир сифатида уларнинг ҳеч бирини назардан қолдирмайди. Ким қандай ижод қилмоқда, қандай янги асарлар устида ишламоқда – кузатади, саралайди ва бўлажак китобни чоп этишга ҳозирлик кўради. Соҳадаги рақобатбардошлик муҳити шундай ёндашувни тақозо этади. Мисол учун айтсак, неча ўн йиллар бўляптики, буюк Фёдор Достоевский қаламига мансуб бетакрор асарлар таржимаси биринчи бўлиб “Янги аср авлоди” нашриёти орқали ўзбек китобхонларининг маънавий мулкига айланди. Ўз навбатида улкан таржимон адибимиз Иброҳим Ғафуров ушбу нашриёт билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатганидан мамнун, албатта. Устознинг салкам бир асрлик ижодий фаолияти махсулларини қамраб олган 8 жилдлик асарлар тўплами ҳам Эркин Абдураҳмоннинг ташаббуси ва ғояси асосида дунё юзини кўрди. Бу каби мисолларни истаганча келтиришимиз мумкин.

Файзли инсоннинг файзи аввало оилада тарбия топади, деган гап бор. Эркинжоннинг оиласи том маънода файз-барака, гўзаллик ва нафосат манбаи, маскани десак асло муболаға бўлмайди. Хонадон соҳибаси Наргизахон айни пайтда “Янги аср авлоди” нашриётида директор – қўли-қўлига тегмайди. Бу оила аъзолари қараган кўзни қувнатади, яшнатади, гўзал ҳаёт кечириш сари чорлайди.

Умр поғоналарини гўзаллик ва нафосат гуллари билан безашни ким ҳам истамайди дейсиз! Фақат ҳар қандай адоқсиз орзу, истак ортида тинимсиз меҳнат, тинимсиз изланиш, улкан маънавий-маърифий мақсад-маслак собит бўлмоғи даркорлигини унутмасликка тўғри келади. Тажрибали ношир, маърифат фидойиси Эркин Абдураҳмоновнинг 60 йиллик ҳаёт ва фаолият йўли мана шундай холис хулоса чиқаришга изн беради.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − fifteen =