Заҳматкаш журналист, зукко раҳбар

Бугун ким кўп — журналист кўп. Қоғоз керак эмас, ручка керак эмас, қўлингизда телефон бўлса бас, журналистсиз. Қизиғи, махсус маълумот бор-йўқлигининг аҳамияти йўқ, олий маълумот ҳақидаги дипломнинг бўлиши ҳам шарт эмас. Рост-ёлғонлиги тўғрисида ҳужжатга эга бўлмаган тўрт қатор хабарни телефонда эълон қилиб юборасиз — “журналистсиз”. Албатта, хабар тарқатиш воситаси қоғоз ўрнига телефон бўлган ҳамма хабарчиларга ҳам тааллуқли эмас юқоридаги гаплар. Улар орасида, аслида, қалами ўткир ҳақиқий журналистлар ҳам, ҳақиқий журналистдан ошириб сифатли-салмоқли хабару мақолалар эълон қилаётганлар ҳам кам эмас. Журналистикада қоғоз ўрнини телефон, электрон воситалар эгаллаётгани эса мутлақо салбий ҳодиса эмас, давр тақозоси, тараққиёт самараси деб қабул қилиш тўғри бўлади…

Айни пайтда бу замонавий воситалар янги газетанинг ўрнини, киоскадан сотиб олиб варақлаётганингизда уни ўқишга рағбат уйғотувчи, илҳом берувчи, бўёқ иси димоққа уриб турувчи газетанинг ўрнини босолмаслиги тайин. Худди шунинг учундир, бугун биздан тараққиётда жуда олдинда бўлган Америка, Англия ва Европа мамлакатларида ҳамон газета дўконлари гуркираб ишлаб турибди, гавжум жойларда газета сотувчи-тарқатувчилар фаолияти давом этяпти…

Ана шу “минг йиллик” газета заҳматкаши бўлган бир ҳамкасб инсонни қутлуғ ёши билан табриклаш мақсадида қўлимга қалам олган эдим. Беихтиёр юқоридаги гаплар қоғозга тўкилди.

Бу инсон қарийб ўн йил “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида, сўнгра яна бир неча йил “Правда Востока” газетасида бош муҳаррирлик лавозимларида ишлаган Аббосхон Усмонов!

Газетачилик — сермашаққат, серзаҳмат соҳа. Газетада, яъни таҳририятда ишлаган ҳар бир журналист қаламкаш бу фикрга қўшилишига ишончим комил. Эртага саҳарда ёруғ дунё юзини кўриши керак бўлган газета учун таҳририятда бугун эрталабдан ҳаракат — жараён бошланади. Машинкада-компьютерда кўчирилган қўлёзма хабар ва мақолалар босмахонага берилади, линотип машиналарда бу матнлар қўрғошин сатрларга кўчирилади, темир рамкада саҳифалаб, бўёқ суртиб қоғоз-саҳифага кўчириб таҳририятга юборилади, корректор-мусаҳҳиҳлар уни асл нусхага солиштириб ўқиб, хатоларини тузатади, сўнг навбатчи муҳаррир ўқийди, сўнгра бош муҳаррир ўқийди…

Ана шунақа меҳнат! Тўғрироғи, заҳмат эди. “Эди”. Аббосхон ака эса умрининг, фаолиятининг катта қисмини мана шу заҳматларга “раҳбарлик” қилиб ўтказди. Йўқ, бу айтилганлар газетачиликнинг, бош муҳаррир фаолиятининг таҳририят ва босмахона ўртасида кечадиган, “осойишта меҳнат” билан кечадиган бир қисми, холос. Раҳмат ҳамда асаббузарликлар билан кечадиган иккинчи ярми ундан кўра бошқачароқ, балки сермашаққатроқ ҳам. Мақтов мақолалар, бошқа ижобий материаллар бир нави, беозор. Биров “мени нега ноўрин мақтадинг?” деб ёқангдан олмайди ҳеч қачон, лекин танқидий мақолалар баъзан бош муҳаррирнинг тинкасини қуритади: тўғри гап туққанингга ёқмайди, дегандек. Лекин у мақолалар — керак. Адолат ва ҳақиқатнинг қарор топиши, тикланиши учун, мамлакат тараққиёти учун керак. Асосийси, бундай мақолалар газетхон учун, газетанинг обрўси учун ҳам зарур. Одамлар газетадан бирон-бир янгиликдан хабардор бўлиш учун, ижтимоий ҳаётда рўй бераётган ўзгаришлардан, ислоҳотлардан хабардор бўлиш учун уни дўкондан сотиб олади, варақлайди. Танқидий мақолани эса деярли ҳамма ўқийди. Бош муҳаррир дадил бўлса, виждонли бўлса, жасур бўлсагина бундай мақолалар тез-тез газета саҳифаларидан ўрин эгаллайди. Аббосхон Усмонов бош муҳаррир бўлган газеталар тахламларини варақлаган газетхон эса бу Шахсга юқоридаги сифатлар ҳамроҳ эканлигига гувоҳ бўлади…

Маълум давр мобайнида бирга ишлаганмиз. Навбатдаги мақолани кўтариб кирган эдим, у киши ўз столи ортида тик турганича “вертушка” — ҳукумат телефонида ким биландир суҳбатлашяпти. Чиқиб кетмоқчи эдим, “кираверинг” ишорасидан кейин яқинлашиб, беихтиёр суҳбатни эшитдим. Англадимки, нариги томондаги суҳбатдош Бош прокурор экан. Бош муҳаррир асабий, чирсиллаб жавоб қайтаряпти суҳбатдошига. Уч-тўрт дақиқа суҳбатдан сўнг бўлмади, Аббосхон ака портлади:

— Келиб газетани ўзинглар чиқаринглар, бўлмаса! — деди ҳаяжон ва зарда билан. Сўнг суҳбат қисқа давом этди, хайрлашишди.

Албатта, нима гаплигини мен сўрамадим, у киши айтмади. Шуниси аниқки, ўша прокурор бу лавозимда узоқ ўтирмаганлардан бири эди.

Танқид — Ватаннинг дўсти, журналистнинг душмани. Биринчи навбатда бош муҳаррир журналистнинг. Табиатида адолат, ҳақиқатга мойиллик, Ватанига, эл-юртига муҳаббат мавжуд инсонгина фақат юмшоқ курсисини эмас, жамиятни ўйлайди. Аббосхон Усмоновга ўхшаганлар…

Донишманд публицист-ёзувчи Альбер Камю ёзган эди: “Мен Ватанимни койийман, танқид қиламан, чунки мен уни бошқалардан кўра кўпроқ яхши кўраман!”

Аббосхон ака мамлакатдаги энг нуфузли ижодий жамоага ўтган асрнинг сўнгги йилларида раҳбар лавозимига тайинланган эди. Юз нафардан ортиқ ижодкорлардан иборат “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарига раҳбарлик қилиш эса раҳбардан жуда катта салоҳият, ҳаётий тажриба, муомала дипломатиясини тақозо этади. Бу давргача узоқ йиллар Тошкент вилоят партия қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ва бошқа юқори идораларда катта-кичик турли лавозимларда ишлаб келган Аббосхон Салоҳиддиновичда бундай сифату фазилатлар етарли бўлгани, рус тилини мукаммал билгани учун ҳам кўп йиллар муваффақиятли, самарали фаолият юритди. Ўша даврларда унинг раҳбарлиги остида меҳнат қилган қатор журналистлар ҳозиргача у кишини ҳурмат-эҳтиром билан тилга оладилар…

…Телевизорда ўлкамизнинг Бўстонлиғу Сурхон тоғларидаги шаршараларни, оромбахш табиат манзараларини кўрганимда, Россиянинг “Природа” каналини томоша қилаётиб, Аббосхон аканинг ташкилотчилик қобилиятига оид бир ҳолат ёдимга тушаверади. Ҳозирги ёш авлод ишониши қийиндир, лекин бор гап шуки — телевизорда илгари бундай манзаралар умуман намойиш этилмаган. Расмий кўрсатув ва расмий хабарлар, гаплар, холос. Қадим даврда эмас, бундан бор-йўғи ўттиз йил муқаддам шундай эди. Ўша даврда Президент Девонида бош консультант лавозимида ишлаётган Аббосхон Усмонов Мустақилликка оид долзарб бир китобни юқори савияли полиграфияда чоп эттириш учун ношир мутахассис билан биргаликда бир ойга яқин Туркия сафарида бўлди. Қайтиб келгач, таассуротларини ҳикоя қилиб хулоса ясаяптилар: “Мен у ерда кашф қилган бир нарса — турклар Ватанини жуда қаттиқ яхши кўради. Кечқурун меҳмонхонада телевизор кўрамиз-ку, кўрсатувларнинг орасида Туркиянинг гўзал гўшаларини, табиат манзараларини шунчаки матнсиз намойиш этиб, “О-о, менинг Туркиям!” деб ҳайқириб қўйишади”.

Бирга ишлардик, хонада ўтирибмиз. Менинг кўз олдимга ўзимиздаги Туркиядан қолишмайдиган ўша тоғлару шаршаралар келди. Буни устозга айтдим. Аббосхон ака бир зум ўйланиб қолди, сўнг: “Ростданам, нега биз телевизорда ўша гўзалликларни кўрсатишимиз мумкин эмас, кўрсатувлар орасида, томошабин дам олиши учун?” деди ва дарҳол тўрт рақамли ҳукумат телефони трубкасини кўтариб, ўша вақтда телерадиокомпания раиси вазифасини бажараётган Зафар Ҳакимовга бу таклиф-топшириқни айтдилар. Вассалом, ўлка гўзаллиги экранларга кўчди…

Умр — оқар дарё. Юқоридаги воқеа-ҳодисалар худди кечагина бўлиб ўтгандек. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Аббосхон Усмонов шу кунларда фарзандлару невара-чеваралар — оила даврасида қутлуғ саксон ёшни қаршилаяптилар. Унвондан бошқа мукофотларини санаш учун ўзларига мурожаат қилишим керак эди, мурожаат қилмадим. Сабаби, “мақола шарт эмас” дейишлари эҳтимолга жуда яқин. У киши шу даражада камтар инсон…

Тўқсонга тўқнашганда, юзга юзлашганда санармиз бошқа мукофотларни, умрингиз зиёда бўлсин, устоз!..

Ҳабибулла ОЛИМЖОНОВ,

журналист,

юрист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 2 =