Ҳамзанинг “сирли” ўлими

Пешонамдаги кичик чандиқ ёшликдаги “Ҳамза ўйини”нинг асорати. Биз маҳалла болалари бир-биримизга тош отиб ўйнашни шундай атардик. Бир гал қўшнимизнинг мендан икки ёш катта ўғлини тўғри мўлжалга олганим эвазига қайтган тошдан ҳушимни йўқотаёзгандим…

Ўқитувчиларимиздан сабоқ олганимиз, китоблардан ўқиганимизга кўра, шоир, ёзувчи, драматург Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий хурофот душмани бўлиб, унинг сирли ўлими ҳақида миямизга муҳрлангани, қулоғимизга қўрғошиндек қуйилгани шу эди: Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бир гуруҳ шайх ва муллалар томонидан тошбўрон қилиб ўлдирилган. Суд материалларида, китобларда, оммавий ахборот воситаларида ёзилган, олимлару ноширлар, ҳатто оддий одамлар тилида ҳам шу сўзлар бўлгандан кейин нима ҳам дейиш мумкин? Шу “рост”ларга ишондик. Ким ўйлаб топганини билмадим-у, болаларга хос тош отиб уришишни ҳам “ҳамза ўйини” деб билардик.

Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида ўқиб юрган йилларим курс ишидан бирини “Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий публицистикаси” бўйича ёқлагандим. Мавзуга чуқурроқ ёндашиш мақсадида унинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ китобларни етарлича титкилаганман. Курс ишимда унинг тошбўрон қилиб ўлдирилгани ҳақида ҳеч нарса ёзмаган бўлсам-да, бу фожианинг бутун бўйу басти ўша ёшлик чоғимдаги тасаввурларим билан қолганди.

1991 йилда ҳамкасбимиз, иқтидорли шоира Мавлуда Авазованинг энаси (бувиси) Фотима момонинг “эртаги”дан хабардор бўлганимдан сўнг Ҳамзанинг сирли ўлими билан боғлиқ тафсилотлар бўйича тасаввуримда иккиланиш пайдо бўлди. Ўшанда “Шонли меҳнат” (ҳозирги “Водил ёғдуси”) газетаси таҳририятида масъул котиб бўлиб ишлардим. Бир куни бўлим мудири Мавлуда Авазова қўлимга “Кўнгил хижили” сарлавҳали мақолани тутқазиб, “Редакторга кўрсатинг-чи, нима деркинлар?” (чоп этишга рухсат берармикин демоқчи) деди ийманибгина. Мақола “ички цензура”дан ўтмади. Бунинг сабаби ҳақида фикр юритмоқчи эмасман. Ўша “ўтмаган” мақола Мавлуда опанинг розилиги билан менда қолганди.

Кўпчилик ҳамкасбларим қатори эски газеталар, қийқимлар, чоп этилган-этилмаган мақолалар қўлёзмасини сақлаш одатим бор. Уйда қолган кунларимиз уларни сараладим. “Кўнгил хижили” ўшалар ичидан чиқиб қолди. Сарғайиб кетган қоғозларга кўз югуртираман:

“Ўзимни шоира деб атай бошлаган кундан ҳар бир қалам аҳли ҳақидаги гап-сўзлар эътиборимда. Ҳамза Ҳакимзода ҳақидаги ҳар хил гаплар мени ўйлашга, ўйлаб фикр юритишга ундайди. Уни динсизликда айблашар, хотин-қизларга муносабатидаги туҳматлар… Тўғри, Ҳамза хурофот душмани эди. У Ҳақ, ҳақиқат куйчиси эди. Аммо…

Бувим Фотимахон Исмоил ҳожи қизи Ҳамзанинг ўлими ҳақида гўё эртак айтади: “Отам мулла Исмоил ҳожи вафотидан сўнг Қўшоқ акам, Зулайҳо опам, биз Фотима-Зуҳралар онам Олия муаллим қарамоғида қолдик. 15-16 ёшли опамни водиллик қариндошимиз Иноят махсумга унаштиришди. Тўй устида қўрбошилар онамни калтаклаб, опамни олиб кетишди. Асқар қўрбоши шоҳимардонлик эди. У опамни хотини устига никоҳлаб олди. Инсофи жойида эканми, ҳар қалай, тўй берди. Онам бизни эргаштириб, тез-тез Шоҳимардонга борар, опамникида уч-тўрт кунлаб қолиб кетардик. Чунки қўрбоши уйда кам бўларди. Ўша пайтда биз 11-12 ёшларда эдик. Асқар қўрбошининг олдинги хотинидан бўлган қизи Адолат 6 ёшда эди. Оламдан ўтганига анча бўлди. Унинг онаси жуда касалманд эди.

Баҳор пайти. Ҳаммамиз офтоб иссиғида тобланиб чой ичиб ўтирган эдик.

Чойхонага чойхўрлик учун чиқиб кетган Зулайҳо опамнинг қайнағаси Акбар ака ҳовлиқиб кирди-да, “Ҳамзани олиб келишяпти”, деди. Гур этиб ўрнимиздан турдик. Мен, Зуҳра, Адолат кўчага чиқдик. Қолганлар томга чиқишди. Ҳамзани тўрт киши олдига солиб олиб келарди. Унинг устида червон беқасам тўн, елкасида узун найли чилим. Уни олиб кетишаётганда онам узоқ тикилиб қолдилар. Бўшашибгина томдан тушди. Акбар ака ер чопиш мақсадида қўлига кетмон ушлади. Аммо хаёли Ҳамзада эканлиги билиниб турарди. Ярим соатча вақт ўтди. Кичик инилари Мадолим ака шошилиб ҳовлига кирди. Улар ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтди:

— Ака, кетмонингизни бериб туринг!

— Нима қиласан?!

— Ҳамзани отишибди-да, бизга кўмиб келасан, дейишди. Кўтариб олиб келдик.

— Сендан бошқа одам йўқмиди кўтаргани?!

— “Мозортаги”да биздан бошқа ҳеч ким йўқ эди-да…

— Шеригинг ким?

— Юсуф акам…

— Қанақа қилиб ўлдиришди?

— Тепаликка олиб чиқиб, тўрталаси баравар ўқ отишди, ўшатдан юмалаб тушди…

Биз ҳаммамиз кўчага отилдик. Дарвоза тагида новдадан ясалган замбилда Ҳамзанинг жасадини ерга қаратиб ётқизишганди. Устига чопонини ёпиб қўйишибди. Иккала оёғи замбил сопига боғланган, чорсисини замбилнинг олд сопларига боғлашиб, бошини осилтириб қўйишибди. Танасидан қон оқиб турарди. Мадолим ва Юсуф акалар замбилни опам тушган уйдан юқорироқда жойлашган қабристонга олиб кетишди. Замбил турган жойда анчагина қон оқиб қолган эди. Зуҳра иккаламиз кул олиб чиқдик. Акбар ака қонга кул сепиб қирди, биз супурдик.

Акбар ака Ҳамзани чойхонада қандай тутишгани ҳақида гапирар, онам ўзини тутолмай йиғларди. Шўрлик онам шоирларни жуда ҳурмат қиларди. У киши йиғлаб туриб Акбар акага: “Ака, қабристонга чиқинг, болалар кўришмасин”, дедилар.

Акбар ака икки қумғон сув олиб қабристонга кетди.

Улар қабристондан қайтишгач, қон-қушини ювиб, ўзининг эски чопонига ўраб, бир очиқ гўрга кўмишганини айтишганида, онам яна йиғлаб юбордилар. Онам шоирнинг ёшини сўраган эдилар, улар: “Қирқдан ошган экан”, деб жавоб беришди. Ҳамма ўз иш-ишига тарқади. Олия муаллимнинг ўзи  ҳам шеърлар ёзарди. Марсия айтиб йиғлай бошлади:

 

Чойхонанинг эшигини

Очолмаган Ҳамзахон.

Қон ичарлар келганда,

Қочолмаган Ҳамзахон.

Кўчаларда бўз тупроқни

Кечиб ўтган Ҳамзахон.

Онасига шўр тупроқни

Сочиб кетган Ҳамзахон.

Узун-узун арғамчи,

Ерга ётсин дебманми?

Эсизгина Ҳамзахон

Гўрда ётсин дебманми?

 

Биз эгизаклар онамнинг ноласини ўрганиб олгандик. Томга чиқиб олиб, Ҳамзахоннинг онаси, хотини, синглиси бўлиб “болам”лаб, “бегим”лаб, “иним”лаб йиғи солсак, онам томга чиқардилар-да: “Қизи тушмагурлар, у киши ҳақида қўшиқлар айтиш керак, у кишининг руҳи қўшиқ, шеър билан шод бўлади”, деб ўзлари қўшиқ айтардилар:

 

Чойхонанинг эшигини

Очолмаган Ҳамзахон.

Ёғийлари келганда

Қочолмаган Ҳамзахон…”

 

Юқорида ёзганларим билан баҳс-мунозарага чорлашдан йироқман. Аммо “Кўнгил хижили”ни ўқиб кўнглим хижил бўлиб қолди. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бобомиз ўлими ҳақидаги “қаро гўрга кўмилган” ҳақиқатга, воқеани ҳикоя қилувчиларга ишондим. Яна Аллоҳ билгувчидир.

Рустам ОРИПОВ,

“Фарғона ҳақиқати” газетаси

 бош муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + 10 =