Бегона ўтдан қутулиш йўли

Аслида ушбу мақола бегона ўт ҳақида эмас, реклама фаолияти, аниқроғи, бу фаолиятдаги қонунбузарлик ҳолатини бартараф этиш ҳақида.

Бегона ўтни мисол қилганимиз сабаби эса унинг илдизи  қуритилмаса, яна ўсиб чиқаверади. Худди шу каби, нотўғри реклама тайёрлашнинг олди олинмаса, реклама фаолиятидаги қоидабузарликларни бартараф этиш қийин.

“Реклама тўғрисида”ги қонун бўйича юртимизда реклама давлат тилида берилиши шарт. Рекламани бошқа тилда қайд этиш зарурати бўлса, мазкур қонуннинг 6-моддасида “ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошиб кетмаслиги” белгиланган.

Аммо кўчалардаги рекламаларга эътибор берсак, баъзиларида давлат тили умуман ишлатилмаган. Бошқа тилда берилган ёзув реклама майдонини тўлиқ эгаллаганини эса қонуннинг намойишкорона бузилиши дейиш мумкин. Реклама бўйича қонунчилик  ижросини таъминлаш “Реклама тўғрисида”ги қонунда республика Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига юклатилган бўлиб, у реклама тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар бериши керак. Хўш, бу вазифа қандай бажариляпти? Жойларда агентликнинг вакиллари реклама тарқатувчи бўлган юридик ва жисмоний  шахслар билан маълум вақтларда иш олиб боряпти,  десак тўғри бўлади. Қонун бузилишига асосий сабабчи бўлган, яъни рекламани қонун талабларига риоя этмай тайёрлаётган хўжалик субъектлари назоратдан четда қолмоқда. Агар реклама фаолиятида, асосан, уч томон – реклама тайёрловчи, теклама тарқатувчи ва рекламадан фойдаланувчи иштирок этишини назарда тутсак, реклама тайёрлаган четда қолиб, зарарни реклама тарқатувчи билан рекламадан фойдаланувчи кўрмоқда. Чунки реклама талаби бузилгани учун реклама тарқатувчи жавобгарликка тортилмоқда. Айни вақтда давлат тили қонуни бузилгани учун жамият ва давлатга маънавий зарар етказилмоқда.

Яқинда Самарқанд вилоят ҳокимлиги йиғилишида “Реклама тўғрисида”ги  қонун ижроси ҳақидаги  масала кўриб чиқилиб,  бу борадаги аҳволга танқидий баҳо берилди ва   Рақобатни ривожлантириш  ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг вилоят бўлимига мавжуд қонунбузилиш ҳолатларига барҳам бериш топшириғи берилди.  Агар агентликнинг вилоят бўлимида  йигирмага яқин ходим ишлашини эътиборга олсак, вилоятдаги ўн мингдан зиёд тадбиркорнинг рекламаларини назорат қилиб бориши қийин экани маълум бўлади. Чунки, биргина Самарқанд шаҳрида мингга яқин катта кўча бор ва ҳатто,  шоҳ кўчаларда жойлашган бинолардаги рекламаларни тартибга келтириш ҳам осон бўлмайди.

Аммо осон бўлмаса ҳам бу аҳволда давом этиш ҳам мумкин эмас. Қатъий чора-тадбирлар қуруқ гапда эмас, амалда бўлиши лозим. Қолаверса, ҳеч кечиктирмай, реклама тайёрловчиларга реклама тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш  бўйича тушунтириш бериш керак. Токи улар реклама давлат тилида бўлиши шарт деган талабни англаб етишмас экан, бу борада жавобгарлик масъулиятини ҳис қилмасликлари аниқ.

Рекламада давлат  тили ҳақидаги қонуннинг бажарилиши, аввало, реклама тайёрланиши жараёнида  бошланиши керак. Акс ҳолда бу муаммо давом этаверади. Худди илдизи юлинмай қолган бегона ўт яна ўсиб чиққани каби.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ.

Самарқанд шаҳар

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 3 =