Сувда оққан умр

Муқаддас Абдусаматова

(Ҳикоя)

Муаллиф ҳақида:

Муқаддас Солиҳ қизи (Абдусаматова) —Тошкентда туғилган. 1960 йили машҳур 22-ўрта мактабни  тугатган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг кечки филология факультети журналистика бўлимида ўқиган. 1966 йилдан “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетасининг адабиёт ва санъат бўлимида адабий ходим, кейин қарийб 30 йилдан ортиқ бўлим мудири вазифасида меҳнат қилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Адибанинг “Умр лаҳзалари”, “Оналик бахти”, “Фазилатим — фозилалигим”, “Умр — ипга терилган маржон”, “Шукрона”, “Сайланма”, “Ортда қолган излар”, “Уйғоқ туйғулар”, “Оила муқаддас”, “Бунча ширинсан, ҳаёт” каби қатор шеърий ва насрий китоблари нашр этилган.

Собир сув юзида қалқиб-қалқиб оқиб кетяпти. Унинг боши сув устида гоҳ кўриниб, гоҳ ғойиб бўлади. Қалқиб, сув юзасига кўтарилганда, атрофга аланглаб, “Ёрдам! Ёрдам!” деб қичқирарди. Қирғоқда тизилишиб турган тўрт-беш ёшлардаги болакайлар буни ўйин билиб, хохолаб кулишар, унга қўл узатиб, қутқаришга чоғлангандек бўлишарди. Собир уларга қўл узатса, болажонлар қўлларини тортиб, яна “қиқир-қиқир” кулишарди. Улар шу қадар кўп эдики, каналнинг икки қирғоғида занжирдек тизилишган, энг қизиғи, уларнинг барчаси бир хил кийиниб олганди. Чўкаётган Собир кутилмаганда қандайдир шохга урилиб кетди-ю, оғриқнинг зўридан уйғониб кетди. Атрофни пайпаслаб, ўз уйида ётганини англади. Хайрият, туши экан.

У кўксига туфлаб қўйди.

“Тавба, — деди бироздан сўнг ўзига келиб, — бу қанақаси бўлди? Нега болалар устимдан кулишяпти? Улар ким ўзи?!”

Ўрнидан туриб соатга қаради. Тун ярмидан ўтибди. Танасидаги қўрқувни йўқотиш учун ташқарига чиқиб, юзини ювиб келди. Сигарет чекиш учун гугурт ёқиб, кулдонни дераза рахига қўйди. Ташқарига қаради. Атроф зим-зиё, қоронғилик ичида яна бояги болакайлар кўрингандек бўлди. Шоша-пиша дераза пардасини тортиб қўйди.

Ўрнига бориб ётди, лекин болакайлар кўз олдидан кетмасди. Кўзини юмди дегунча пайдо бўлиб, қаҳ-қаҳ отиб кулишарди. Ухламасликка аҳд қилди.

Кекса ота-онаси ҳовли этагидаги уйда ухлашяпти. Улар ҳар куни Собирнинг умри ёлғиз ўтаётганидан куйинишади. Панд-насиҳат қилишади, фойдаси йўқ. Саркаш бола билганидан қолмайди. У нафақат тушида, ўнгида ҳам алланарсалардан қўрқиб яшаётганини ўзи сезади. Лекин бировга айтолмайди…

Мавжудани онаси топганди. Бир кўришда юраги “жиз” этди. Уйланди. Кўп қатори элга ош беришди, келин изли-қутли келди. Келин келган хонадон янада сариштали, фариштали бўлди. Бир гапириб, ўн куладиган Мавжуда ҳамма ҳавас қиладиган келин эди. Илк фарзандлари Нодира туғилгач, оилада кунда-кунора жанжал чиқа бошлади. Собир машина тузатиб, яхши пул топарди. Бу орада Мавжуда ҳам ишга кирди. Кўп ўтмай, Бобур дунёга келди. Ўғил фарзанд отанинг оилага муносабатини яхши томонга ўзгартиради, дейишади. Аммо аксинча бўлди. Уйим-жойим деган Мавжуда турмушда сув бўлса симириб, тош бўлса кемириб яшайверди. Бироқ ўзаро жанжаллар туфайли оиладаги тинчликка путур етди.

Тўғрисини айтганда, Собир кўча хандон, уй зиндон эркаклар сирасидан эди. Рўзғор кемтигини тўлдириб, болаларнинг соғлом ўсиши учун Мавжуда ўзини ўтга-чўққа уришига тўғри келди. Негадир Собир кун ўтган сайин гулдек фарзандлари, оиласига эмас, балки пулга ружу қўя бошлади. Етти маҳалла дуо оладиган тўқсон ёшли отасининг насиҳатларини ҳам бир чақага олмай қўйди. Учинчи фарзанди Назира туғилганидан кейин ҳам Собир ўзгармагач, Мавжуданинг сабри тугади…

Ва ниҳоят, улар ажрашишди…

Кутилмаган шовқиндан Собирнинг хаёли бўлинди. Хона эшиги очилиб, акаси мўралади:

— Намунча ярим тунда уйғондинг? — деди деразадан унга қараб. — Кенжа қизинг ҳам унаштирилибди. Эшитдингми?

Собир бир сесканиб, тушида кўрган болакайни эслагандек бўлди. Тунов куни ишхонада ўтирганда, катта қизи Нодира бола етаклаб кириб келди, кейин боласига шивирлади:

— Бу бобожонинг бўладилар, чоп “ачом” қил!

Собир югуриб келаётган болакайни ярим йўлда тўхтатиб, “уст-бошим ифлос”, дея баҳона қилди. Синглисининг тўйига отасидан ёрдам сўраб келган Нодира устидан муздек сув қуйилгандек сезди ўзини.

Унинг кўзларидан маржон-маржон ёш оқди:

— Наҳотки ўз набирангизни биринчи бор кўришингизда бағрингизга босиш ўрнига ўзингизни шундай тутсангиз? Шунчалар бемеҳрмисиз? — деди у нима қилишини билмай аланглаб турган боласини қўлига олиб. — Яхшиямки, онам иродали экан. Уч фарзандни катта қилиб, тўйимизни ўтказди. Бугун укамнинг икки боласи, менинг уч боламнинг суюкли бувиси. Аллоҳ ризқимизни бировлардан кам қилгани йўқ. Сиз бўлсангиз…

У йиғидан ўзини тўхтатолмай чиқиб кетди. Собирнинг пул узатган қўли ҳавода муаллақ қолди…

Эслади. Тушига кирган бола ўша набираси эди. Фақат у ёлғиз эмасди.

У яна қўлига сигарет олди. Ютоқиб чека бошлади. Акаси орқага қайтаётиб:

— Дунёдан шу алпозда ўтиб кетаверасанми? Хотининг яна тўй бошлабди, ўйлаб кўр, — деди.

Ётгани билан ухлаёлмаслигига кўзи етиб, телевизорни ёқди. Худди Мавжудага ўхшаш аёл набирасини эркалаяпти, ёнида эри. Юрагига сиғмади. Телевизорни ўчириб, чироқни ёқди. Шкафдан пулларини олиб, санай бошлади. Негадир кўзига яна ўша бола — набираси кўриниб, саноқдан адашди. Телевизорни ёқди. Яна бахтли оилани кўрсатяпти. У гоҳ шкафдаги бойлигига, гоҳ экрандаги бахт эгаларига қаради. Охири бир қарорга келгандек, телевизорни ўчирди.

“Ахир мен ҳам бахтли яшашим мумкин эди-ку, — ўйлади у. — Хотиним, болаларим, мана шу пулни деб…”

Яна тушидаги болакай, йиғлаб турган қизи кўз олдига келди. Ўғли Бобур ҳам уйланаётганда тўйга айтиб келганди. Ўшанда ҳам хасислик қилиб, тўйга бормаган…

Ташқарига қаради. Аллақачон тонг отибди. Ювиниб ишга чоғланди. Нариги хонадан бола овози эшитилди. Акасининг набираси йиғлаётганди. Гўдак йиғисини эшитар экан, умри чиндан ҳам сувга оқаётганини набираси тушида аён қилганини англаб етгандай бўлди…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × two =