Инсониятни сувсизлик муаммоси кутмоқдами?

Дунёдаги жамики тирик мавжудотлар: инсоният, ҳайвонот ва наботот олами сув деб аталмиш неъмат билан мавжуд. Яшашнинг, тирикликнинг асосларидан бўлган сув ҳаётимизда шу қадар муҳим ўрин тутадики, кунда бир неча бор унга мурожаат қиламиз. Инсон эҳтиёжларига хизмат қилувчи жамики соҳаларда ҳам сув алоҳида ўринга эга. Ён-веримизда ариқ-сойлардан, жўмраклардан сув тўхтовсиз оқиб туради. Балки, шу сабаб унинг бугун қандай аҳволда эканлиги ҳақида кўп бош қотириб ўтирмаймиз. “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деган мақол ҳам, аввало, сув ҳақида, албатта. Одам овқатсиз бир неча ҳафта давомида юриши мумкин, аммо сувсизликдаги тириклик жуда борса тўрт-беш кунга бориши мумкин экан.

Сув фақат тириклик асоси, истеъмол ва эҳтиёж манбаи бўлибгина қолмай, инсон жисми ва руҳини даволовчи энг кучли шифокор экан. Сувнинг шифобахшлиги шундаки, у, аввало, танадан турли ёт унсурларни ювиб чиқаради. Унинг таъсирида бош мия фаоллашади, юрак, мушаклар, умуман, барча аъзолар бенуқсон ишлайди.

Минг афсуски, бизда сув ишлатиш маданияти тўлиқ шаклланиб улгурмаган. Ичимлик сувига бўлган бепарво муносабатга, унинг беҳуда сарфланишига ҳар қадамда гувоҳ бўламиз.

Ҳаёт манбаи бўлган сувнинг бугунги ҳолатига қизиқиб кўрсак. Бугун ижтимоий тармоқларда “Ичимлик суви камаймоқда”, “Марказий Осиё давлатлари сувсиз қоладими?”, “Бир литр сув бензиндан қиммат бўладими?” каби одамни ўйлантирадиган ва хавотирга соладиган хабарлар сони ортмоқда. Хўш, бу изоҳлар, ҳукмлар қанчалик ҳақиқат? Ўзбекистон ростдан ҳам сув инқирози томон кетмоқдами?

Сувнинг камайиши ва қурғоқчиликнинг ортиш хавфи бугунги кунда нафақат Ўзбекистонни, балки жаҳоннинг барча давлатларини ўйлантираётган долзарб масалалардан бири бўлиб келмоқда. Маълумотларга кўра, Марказий Осиё мамлакатларида ичимлик суви таъминоти сўнгги 65 йил ичида 4 баробарга камайган. 1960 йилда киши бошига 8,4 минг кубометр сув тўғри келган бўлса, ҳозирга келиб 2,1 минг кубометр тўғри келмоқда. Бу шунчаки рақамлар эмас, унга жиддий эътибор қилиш зарур.

Сувдан истаганимизча тартибсиз ва исрофгарчилик билан фойдаланишимиз, табиат ифлосланишига ўта лоқайдлигимиз бугун ўз салбий натижаларини намойиш қилмоқда. Шунингдек, ичимлик сувининг камайишига сабаб бўлувчи яна бир хатар бор. Бу ҳақда халқаро тадқиқотчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги гуруҳи айрим маълумотларни эълон қилган. Уларнинг сўзларига кўра, ҳозирда глобал музликлар эриш даражаси жадал суръатга етган. Бу эса денгиз сатҳининг кўтарилишига ва бир қатор мамлакатларнинг хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Музликларнинг эриши Марказий Осиё ва Марказий Анд тоғларидаги чучук сув таъминотига ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилмоқда. Олимларнинг таъкидлашича, ҳар йили ўртача ҳисобда 273 миллиард тонна муз йўқотилади. Бу дунё аҳолисининг 30 йиллик сув истеъмолига тенг дегани. Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ер юзининг 71 фоизини сув ташкил қилади. Унинг 97,2 фоизи шўр сувлар, 2,8 фоизи чучук сувлардир. Лекин биз мавжуд чучук сувларнинг ҳаммасидан тўлиқ фойдалана олмаймиз. Сабаби, чучук сувларнинг учдан икки қисми музликлар ва ер остида ҳисобланади.

Дунё олимлари ичимлик суви масаласига ечим сифатида турли чораларни таклиф қилишмоқда. Хусусан, Цюрих университети профессори ва ичимлик сувининг камайишига оид тадқиқот муаллифларидан бири Майкл Земпнинг огоҳлантириши ва таклифига кўра, дунё музликларини сақлаб қолиш учун иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш керак.

Сув танқислиги муаммоси айни пайтда ҳар биримизга тегишлидир. БМТнинг халқаро озиқ-овқат хўжалиги ташкилоти тахминларига кўра, 2030 йилга бориб, доимий сувсизликда яшовчилар сони 4 млрд кишидан ошади. Шу йилга бориб, Ўзбекистонда ҳам истеъмолга яроқли чучук сув танқислиги 7 млрд куб метрга етиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Сўнгги йилларда юртимиз иқлимида содир бўлаётган ҳаддан ташқари иссиқлик, тартибсиз ёғингарчилик, қурғоқчилик каби муаммолар юзага келиши ҳам айнан сув танқислиги билан боғлиқ. Бу эса ўз-ўзидан сув тақчиллиги ортишига ва сув нархининг кескин ошишига сабаб бўлиши мумкин.

Сув борасидаги муаммоларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, самарали ечим ва чоралар излаб топиш мақсадида дунё давлатлари мутахассислари ҳам бош қотирмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 18 февраль куни онлайн форматда ташкил қилинган “Иқлим ўзгаришлари ва Марказий Осиёда сув ресурсларидан фойдаланиш муаммолари” мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди. Унда Россия Фанлар академиясининг Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти Марказий Осиё сектори мудири Станислав Патчин 2028 йилга келиб сув танқислигининг сурункали босқичга ўтиш хавфи мавжудлиги ва ортиб бораётгани тўғрисида сўзлади. “Сув ресурсларини бошқариш бўйича кенг ваколатли халқаро институт мавжуд эмас. Албатта, давлатлар ўртасида икки ва уч томонлама музокаралар олиб борилмоқда, бироқ умуман олганда, сув муаммосини ҳал қилиш масаласи мураккаблигича қолмоқда. Сув тақсимотидан ташқари, умумий стратегияни ишлаб чиқадиган институтлар йўқ. Бироқ баъзи ҳаракатлар кузатилмоқда — масалан, “Қамбар ота” бўйича уч давлат (Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон) биргаликда лойиҳани амалга оширишга келишиб олди. Бу ижобий қадам, аммо етарли эмас”.

Мазкур вазият бўйича хулосалар ва мулоҳазалар нечоғлиқ тўғри эканлигини билиш, сув билан боғлиқ вазиятни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати котиби Шуҳрат Суюнов билан боғландик. Унинг сўзларига кўра, мамлакатимизда сув билан боғлиқ муаммолар юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга ошириш режалаштирилган.

“Сув билан боғлиқ масалалар ҳозирда бутун дунёга хавф солмоқда. Бугунги кунда мавжуд муаммоларнинг олдини олиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилда насос станциялари модернизация қилинади, 570 километр магистрал каналлар ва 15 минг километр ички хўжалик тармоқлари бетонланади, бу эса сув йўқотишларини камайтиради. Шунингдек, сувни тежовчи технологиялар жорий этилган умумий майдонлар 2,4 миллион гектарга етказилади. Соҳа рақамлаштирилади ва шу йилнинг ўзидаёқ қишлоқ хўжалигида 10 миллиард кубометр сув тежашга эришилди”.

Мутахассис юқорида ижтимоий тармоқлардаги хабарларнинг ўринсиз эканлигини айтса-да, вазиятни оқловчи аниқ сабаблар кўрсатмади ва аҳоли ўртасида сув тежамкорлиги маданиятини шакллантириш борасида саволларимизни ҳам жавобсиз қолдирди. Назаримда, саволлар жавобини ҳар биримиз ўзимиздан излашимиз керак.

Иссиқ ёз кунларида ичимлик сувидан совитиш, уй жиҳозларини тозалаш мақсадида тартибсиз ишлатиш ҳолатларига дуч келамиз. Бундан ташқари, юрдошларимиз орасида ичимлик сувидан машиналарини ювишда, дала-экин майдонлари, гулзорларни суғоришда фойдаланаётганига кўзимиз тушади. Кўп қаватли уйларда эса жўмраклардаги носозлик сабаб иссиқ ёки совуқ сувнинг исроф бўлаётганига гувоҳ бўлмаган киши бўлмаса керак.

Муқаддас неъмат бўлган сувни асраш нафақат дунё ҳамжамиятининг, балки ҳар биримизнинг бурчимиздир. Ҳар биримизнинг бу масала, бу танқисликда ўз ҳиссамиз бор.

Эҳтимол, сув тежамкорлиги бўйича энг жўяли таклифлар, муаммо ечимига оид мулоҳазалар юртдошларимиз орасида бордир. Сув мавзусида ижодий ишлар, кўрсатувлар, пьесалар яратилиши, намойиш этилиши ҳам самара беради, шубҳасиз. Яна хонадон ва хизмат кўрсатиш уйларида ишлатиладиган сув жўмракларининг тежамкор вариантлари ҳунармандлар томонидан таклиф қилинса, биз ўз сувимизни ўзимиз учун тежаган бўламиз.

Мутахассислар беҳуда жон куйдиришмаётгандир. Сувдан нотўғри, пала-партиш фойдаланиш, уни ифлослантиришда давом этсак, ўша хавотирли тахминлар аниқ содир бўлади. Бугун, ҳозирдан сувни асрашни, қадрлашни бошлайлик. Зеро, сув билан тирикдир бутун олам.

Гулнора ШЕРМАТОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − 7 =