Ҳаётга муҳаббат рамзи

Мактабда ўқиб юрган кезлар “Гулхан” журналини иштиёқ билан мутолаа қилардик. Унда Худойберди Тўхтабоев, Оқилжон Ҳусан, Анвар Обиджон, Турсунбой Адашбоев, Умида Абдуазимова, Кавсар Турдиева, Темур Убайдулло, Муҳаббат Ҳамидова каби болалар ёзувчи ва шоирларининг сермазмун асарлари катта қизиқиш уйғотарди. Уларга ҳавас билан журналга ижодий машқларимни почта орқали юборардим. Баъзи машқларимга жавоб хати келарди. Тўрт-бешта шеърларим ва мақолаларим эълон қилинганида ўзимни қанчалик бахтли ҳис этганимни сўз билан ифода этолмайман.

1980 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетига ўқишга киргач, дарсдан сўнг ижодий маҳорат сирларини ўрганиш мақсадида газета-журнал таҳририятларига ошиқардик.

Бир гал шеърий машқларимни кўтариб “Гулхан” журнали таҳририятига борсам, Темур Убайдулло ва Муҳаббат Ҳамидова илиққина кутиб олишди. Уларнинг иш столларида тахланиб ётган даста-даста хатларни кўриб ҳайратга тушдим. Ҳар куни менга ўхшаш ҳаваскор қаламкашларнинг юзлаб хатларини ўқиб чиқишаётган, бир қисмини нашрга тайёрлаб, қолган муаллифларга умидбахш жавоблар йўллаётган таҳририят ходимларига ҳавас қилдим.

Ўшанда биз тенгиларга ижодий маҳорат сирларини ўргатган устозимиз Муҳаббат Ҳамидова ўтган қирқ беш йил мобайнида қанча қаламкашларнинг муносиб камолга етиши йўлида заҳмат чекканини тасаввур этаяпсизми?

Муҳаббат опамиз 1971 йилда Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Тузел қишлоғидаги 36-мактабни тамомлагач, ўқишни Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетининг кечки бўлимида давом эттирган. Меҳнат фаолиятини 1972 йилда “Тошкент бинокори” газетасида мусаҳҳиҳликдан бошлаган, 1973-1974 йилларда “Тонг юлдузи” (“Ленин учқуни”) болалар газетаси таҳририятида хатлар бўлимида фаолият кўрсатган. Ўша кезлардаёқ болалар журналистикаси, болалар адабиётига меҳр қўйган. Илк ҳикояларига устозлари Эркин Маликов ва Сафар Барноев ижобий баҳо берган. 1975 йилда республика ўқувчиларининг адабий-бадиий безакли журнали “Гулхан” таҳририятида фаолиятини давом эттирган ёш ижодкор атоқли ёзувчи-шоирлар Худойберди Тўхтабоев, Абдулла Орипов, Ойдин Ҳожиева, Омон Матжон, Сафар Барноевлардан ижодий маҳорат сирларини теран ўрганди. Ўз фаолиятини оддий матн терувчиликдан бошлаган тиниб-тинчимас Муҳаббат опа кейинчалик адабий ходим, бўлим муҳаррири, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларда самарали фаолият кўрсатди.

Ўзбекистон халқ таълими аълочиси Муҳаббат Ҳамидованинг бевосита ташаббуси билан журнал қошида ташкил этилган “Жажжи жилғалар” ёш қаламкашлар тўгараги раҳбари сифатида кўплаб ёш истеъдодларнинг камолга етишида маънавий қанот бўлди. Алалхусус, Рухсора Тўлабоева, Юлдузхон Ўрмонова, Наима Анварова Зулфия номидаги Давлат мукофотини қўлга киритишган бўлса, Дилнавоз Нажимова, Дилсора Абдусатторова каби кўплаб шогирдлари “Келажак овози” сингари қатор республика танловларида ғолиб бўлишган.

Фаол ижодкор Муҳаббат Ҳамидованинг долзарб мавзудаги публицистик мақолалари, ҳажвий ҳикоялари ҳамда 1983 йилда нашр этилган илк китоби — “Изингиздан борамиз” қиссаси мухлисларида катта қизиқиш уйғотган бўлса, кейинчалик Чилонзор тумани маҳаллаларидан бирида ўтказилган ижодий учрашувда устоз адиб Худойберди Тўхтабоев адибанинг “Сеҳргар бола”, “Мақтанчоқ жўжа”, “Ҳакка холанинг ҳангомаси”, “Топишмоқми ё тез айтиш”, “Кокилли илон” каби ўндан ортиқ тўпламлари болалар адабиётида салмоқли ўрин эгаллагани ҳақида сўзлаганида ҳавас билан қараганмиз. Айтиш ўринлики, бу асарлар воқеалари ҳажвий, кулгили бир тарзда тасвирланган. Ҳикоялар қаҳрамонлари — абжир ва ҳозиржавоб болалар. Бу асарларни ўқиган ўқувчи унда ўзини, энг яқин ўртоқларини кўради. Ўзидаги ютуқдан хурсанд бўлса, камчилигини ҳикоя қаҳрамонининг хатти-ҳаракатларига қараб тўғрилашга ҳаракат қилади. Бадиий асарнинг асосий қиммати ҳам шунда.

Адибанинг “Янги уч оға-ини ботирларнинг саргузаштлари” қиссаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган “Болалар учун ёзилган энг яхши китоб” республика танловида биринчиликни қўлга киритди.

Ёш китобхонларнинг севимли адибаси Муҳаббат Ҳамидованинг ҳикоялари “Ўзбек болалар антологияси”дан жой олган. Бу ҳикоялар рус, қозоқ ва бошқа тилларга ҳам таржима қилинган.

Ижтимоий ҳаётда фаол ижодкор Муҳаббат Ҳамидова 1998 йилда “Шуҳрат” медали, 2022 йилда II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланган.

Очиғи, болалар ёзувчиси ва шоирлари боғбонга ўхшайди. Ниҳол униб-ўсиши, заминга мустаҳкам илдиз отиб, улкан дарахтга айланишида боғбон маҳорати қанчалик муҳим бўлса, келажагимиз эгалари бўлмиш ёш авлоднинг комил инсон бўлиб вояга етишида болалар учун битилган асарлар ҳам шундоқ муҳим ўрин тутади. Чунки жажжи шеър ёки кичик ҳикоя орқали бола табиат билан, Ватан билан танишади. Оқни қорадан ажратишни, нима яхши-ю нима ёмонлигини ўрганади. Бир сўз билан айтганда, бола ҳаётни, дунёни халқ эртаклари ва болалар ижодкорларининг асарлари орқали танийди.

Бугун етмишинчи баҳорини қаршилаётган таниқли адиба Муҳаббат опамизнинг исми жисмига яраша: ҳаётга ва ижодга муҳаббат рамзи тимсоли, дегимиз келади. Тиниб-тинчимас устоз тез-тез турли мактабларга бориб, ўқувчилар билан юзма-юз суҳбатлар ўтказади, ёш қаламкашларга ижодий маҳорат сирларини ўргатишда давом этмоқда. Бу эзгу йўлда устозга омадлар тилаб қоламиз.

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − six =