Қишлоқдаги энг бой одам эди

Бунга анча йиллар бўлди. Айланиб юргандим, почта биноси ёнидаги чинор соясида гурунглашаётган тўрт-беш чолларнинг суҳбати диққатимни тортди.

— Хўш, почча, қишлоқдаги энг бой одам кимлигини билдингизми? — сўради Қаюм бобо ёнидаги Ниёз бободан.

— Пастепадан Тўйлибойни айтсак бўлади, иккита “Нексия”си, трактори, тегирмони бор. Сигири, қўй-эчкиси бир сурув. Ўғиллари топармон. Ана, ўтган йили пишиқ ғиштдан иморат кўтарди, данғиллама тўй қилди, — жавоб берди Ниёз бобо.

— Яхши, лекин ўша бойингиз элга, қишлоқдошларига нима қилиб берди? Шуни айтинг.

— Энди бу ёғини билмадим, қайним…

— Мен ҳам бу саволга жавобни кўп ўйладим ва охири топдим.

— Ким экан у мардум, биз ҳам эшитайлик, — дея суҳбатга аралашди Тошпўлат махсум қўлидаги газетани варақлашдан тўхтаб, доимий ҳамроҳи Расул чўпонга бир қараб қўйгач.

— Домла Раҳимов.

— Эй, шамоллаганмисиз?! Абди домла сизу бизга ўхшаган одам бўлса, ёки тилла-пилла топиб олганми? — луқма ташлади Мейли дўкончи.

Қаюм бобо жилмайди.

— Ҳа, тўғри айтасиз, муаллимнинг ортиқча мол-дунёси йўқ, аммо туганмас “хазина”си бор.

Ўтирганлар сергак тортишди.

— Хўш, нимаси бор экан? — сўради кимдир шошилиб.

— Домланинг ёзган ўнлаб китоблари, бой кутубхонаси, тахлам-тахлам газета-журналлари ҳар қандай бойликдан қиммат туради, — деди Қаюм бобо завқланиб.

* * *

Аниқ ёдимда. Ўтган асрнинг 70-йиллари эди. Қишлоғимиздаги мактабнинг еттинчи синфида ўқирдим. Кунларнинг бирида синфимизга янги муаллим келди.

Муаллим бошқаларга ўхшамаган ҳолда ҳар биримиздан қандай китобларни ўқиганимиз, қайси ёзувчи ва шоирларнинг асарларини ёқтиришимизни обдан суриштиргач, ўзининг вилоят газетасида чоп қилинган шеърларини ўқиб берди.

Бизлар ҳайратдан лол қолган эдик. Чунки қаршимизда оддий адабиёт ўқитувчиси эмас, балки тирик шоир турарди.

Бу Абдивой Раҳим эди.

Муаллимнинг болалиги дарё бўйидаги қишлоқда кечди. Оила эл қатори яшаб келаётганди. Аммо халқ бошига мислсиз кўргиликларни келтирган уруш бу хонадоннинг ҳам тинчини бузди. Отаси Раҳим акани меҳнат батальонига олиб кетишгач, рўзғорнинг барча юки онаси Гулсун момонинг елкасига тушди. Аёл фарзандларини боқиш учун кетмон чопди, ғалла ўрди, қўш ҳайдади. Қирқ тўртинчи йилнинг кузида отаси Раҳим ака урушдан оғир дардга чалиниб келди-ю, эртасига бандаликни бажо келтирди.

Оила бир амаллаб кун кечирди.

Ниҳоят, барчани зориқтирган кунлар келди. Уруш тугаб, тинчлик даври бошланди. Болалар мактабга қатнай бошлашди. Гулсун момонинг болалари ичида Абдиси бошқачароқ эди. Камгап, ўйчан ва зеҳнли. Болакай мактабда аъло баҳоларга ўқиди, уни адабиётнинг сеҳрли оламига етаклаган муаллим Қурбонмурод Мирзаев бўлди.

У мақолалар ёзди, шеърлар машқ қилди. Ёзганлари туман ва вилоят газеталарида босилиб чиқди. Мактабни битиргач, катта орзулар билан азим Самарқандга йўл олди.

* * *

Ўша йилларда ҳам ўқишга кириш осон эмасди, у дорулфунуннинг филология факультетига кириш учун еттита имтиҳон топширди ва юқори балл тўплаб талаба бўлди.

Серғайрат талаба устозларидан сабоқ олиш билан бирга ёшлик эҳтиросларига бой шеърлар ёзди. Аммо талабалик йиллари Абдижон учун “олтин давр” эмасди. Чунки онаси касалманд, опаси турмушга чиққан, акаси Бўрибой ҳарбийда хизмат қилар, укаси Парда эса мактаб ўқувчиси эди. Шу сабабли у дам олиш кунларида одамларнинг турли юмушларини бажариб чойчақа топди.

Ниҳоят, 1958 йилда Абди Раҳимов “Масал жанри ва ўзбек масалчилиги” мавзусида диплом иши ёзиб, аъло баҳога ҳимоя қилди. Шу-шу ўзи ҳам масаллар ёза бошлади. Масал жанри бизга Гулханий бобомиздан қолган мерос. Қолаверса, бу соҳада қалам тебратганлар бармоқ билан санарли даражада эканлигини эса жанрнинг мураккаблиги билан изоҳлашдан бошқа баҳонамиз йўқ. Абдивой Раҳимни Қашқа воҳаси адабий муҳитида қалам тебратаётган ягона масалчи шоир, десак, эътирозлар бўлмаса керак.

Эсимда қолгани “Шарқ юлдузи” журналида босилган “Терак” шеърини олайлик.

 

Соясига қараб дер терак:

“Мендек бўйдор, сарвқомат бўлмаса керак…”

 

Ёки:

 

“Йўлбошчиман”, — деб гердаяр ғилдирак,

Гайка чиққач, жар ёқалаб кетди пилдираб.

 

Яқинда шоирнинг туркум масаллари эълон қилинди. Мана, “Бодом гуллабди” шеъри:

 

Январь ойи қишнинг ҳали ўртаси,

Кун чиқишу ботиш — ўзи бир қадам.

Чорбоғдаги ниҳоллардан биттаси

Эртачи уйғонди — гуллабди бодом.

Аммо аёз эрта гуллаган бодомни

қоқиб кетди.

Шу ҳолни бировга қиёс этгум бор,

Енгил табиатли бесабр ёшлар.

Ҳаётга шошилиб қадамин ташлар,

Вақт ўтгач, йиғлашиб юради зор-зор.

Абдивой Раҳим ана шундай қувноқ ва бироз “тегиб” кетадиган масалларини жамлаб “Олтин игналар” номи билан нашр эттирганига ҳам йигирма йилча бўлди. Эсимда, ўшанда китоб қўлма-қўл бўлиб кетганди.

* * *

Олий таълим масканини битирган йигитни йўлланма билан Сурхондарёнинг олис Дашнобод қишлоғидаги мактабга ишга юборишди. Жанубнинг такрорланмас табиати, жўмард одамлари ёш шоирнинг қалб торларини чертди. Унинг “Дашнобод анори”, “Анор”, “Чўтир дебди”, “Чўлга кел” деб номланган шеърлари ўша йилларда дунёга келди.

Абдивой Раҳим Ғузор туманидаги “Янги ҳаёт” газетасида ишлаган кезларида Қиём Бурҳонов, Ҳусанжон Аминов каби ижодкорлар билан ҳамфикр бўлди. Шу орада Қамашида ҳам газета ташкил этилди. У таҳририятда масъул котиб, муҳаррир ўринбосари лавозимларида самарали меҳнат қилди.

Бу даврда қатор газета ва журналларда унинг “Сунъий денгиз”, “Чўл булбули”, “Оқработда оқ уйлар”, “Эслаб қўйинг уни, одамлар”, “Қизилтом Тараси”, “Одамбормасга одам келди”, “Девонбеги шунқори”, “Қамашидан Берлингача”, “Разведкачи қиз”, “Қурбон тўпчи”, “Жасур разведкачи”, “Чимқўрғон чироқлари”, “Жонбўзсой жонкуярлари”, “Бир фирибгар ва қирқ лақма” каби ўқишли мақола ва очерк, фельетонлари эълон қилинди. Кейинчалик Абдивой Раҳим ёзганларини тўплаб, “Ўқ ёмғири остида”, “Насриддин афандининг набиралари” каби номлар билан чоп эттирди.

Абдивой Раҳим олтмиш ёшида нафақага чиқди. Ижодкорда ўз устида кўпроқ ишлаш, янги асарлар ёзиш имконияти туғилди. Кўп ўтмай унинг “Қиличбўз” номли тарихий ва ёшлар ҳаётини акс эттирган “Адашган қиз” қиссалари, шунингдек, “Интизор” романи дунё юзини кўрди. Кейин эса кекса ижодкор “Санчиқул қўшиқлари”, “Чимқўрғон чироқлари”, “Ўн саккиз ёшимгача” каби шеър, баллада, очерк ва достонлардан иборат китобларини ўқувчиларга тақдим этди. Абдивой Раҳим аллома, ғазалнавис шоир Абдулла қори Гулшаний адабий меросини ўрганиб, шоирнинг “Алвидо” ғазаллар тўплами ва унинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган “Абдулла Гулшаний” китобини нашр эттирди. Устози ҳаёти ва ижодига бағишланган ўндан ортиқ мақолаларни газета ва журналларда эълон қилди, алломанинг ёшлиги ҳақида “Тонгда сўлган лола” пьесасини яратди. Серқирра ижодкор Қамашида ўзига хос бир адабий мактаб яратди, десак, муболаға бўлмайди. Бугунги кунда ўзларининг сермаҳсул ижоди билан элга танилган қашқадарёлик ижодкорлар Момохол Элмуродова, Абдулла Бобоёров, Йўлдошбек Кенжа, Абдусаттор Жуманазар каби шоир, адиб ва олимлар муаллимнинг муносиб шогирдларидир.

Саксон икки ёшида вафот этган ижодкор Абдивой Раҳим номи адабиёт мухлислари ва ўқувчилари қалбида узоқ йиллар яшайди, албатта.

Ўролбой ҚОБИЛ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =