Ибратли умр мазмуни

Ўтганларни ёд этиш, уларнинг ҳаётлик чоғларидаги кўпчиликка ибрат бўлгулик эзгу амалларини эслаб, хотирлаш халқимизнинг энг яхши одатларидан ҳисобланади.

Яқинда Ўзбекистон Миллий университети журналистика ва ўзбек филологияси факультетида бўлиб ўтган тадбир таниқли публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Икром Ўтбосаровнинг ҳаёти ва ижодига бағишланди.

Икром Ўтбосаров ўз журналистлик фаолиятини болалар нашри — ҳозирги “Тонг юлдузи” газетасида бошлаган. Бир неча йиллар давомида “Қишлоқ ҳаёти” газетасида ишлаган. Кейин “Халқ сўзи” газетасида мухбир, бўлим бошлиғи лавозимларида хизмат қилган.

— Икром Ўтбосаров ўз услубига эга, ҳалол, меҳнаткаш, фидойи ва иқтидорли журналист эди, — деди тадбир иштирокчиси, таниқли публицист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳаким Сатторий, — у томонидан ёзилиб, газетада чоп этилган ҳар бир мақола ўқувчилар эътиборида бўлар эди. Айниқса, журналистнинг эндигина мустақилликка эришган Ўзбекистоннинг молиявий, иқтисодий аҳволи шаклланиши, ривожига бағишлаб ёзган қатор мақолалари қизиқарли факт, далилларга бойлиги ва ўзининг чуқур мазмунга эгалиги билан минглаб газетхонларнинг эътирофига сазовор бўлган.

Тадбирда иштирок этган таниқли журналист Саидолим Ҳайдаров ҳам Икром Ўтбосаровнинг ибратли ҳаёти, қизғин ижоди, узоқ йиллар давомидаги тажрибаси, меҳнатлари эвазига ўзига хос ижод мактаби яратгани, қатор шогирдлар тайёрлагани, ҳозирда улар устозларининг йўлини давом эттирган ҳолда, мамлакатимизнинг етакчи газета ва журналларида фаолият олиб бораётганлари ҳақида сўз юритди.

Тадбир давомида моҳир қаламкаш, ёшларнинг ардоқли устози Икром Ўтбосаровнинг устозлари, яқин дўстлари, шогирдлари, оила аъзолари томонидан тай­ёрланиб, нашр этилган “Меҳрнома” хотира китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Журналистик тадқиқот, публицистик таҳлил ва танқид, мулоқот ва учрашувлар жамланмасидан тузилган ушбу тўпламда таниқли адиб ва журналистлар Аббосхон Усмонов, Ўткир Раҳмат, Жаббор Раззоқов, Абдусаид Кўчимов, Бекқул Эгамқулов, Аҳрор Аҳмедов, Анвар Абдувалиев, Ҳаким Сатторий ва яна кўплаб муаллифлар томонидан Икром Ўтбосаровнинг инсонийлик фазилатлари, ҳаётдаги ўрни, журналистик маҳорати ҳақида билдирилган бир-биридан илиқ фикрлар ўз ифодасини топган. Китобдаги ҳар бир мақолада журналистнинг қайноқ қалбининг тафти сезилиб туради. Китоб ҳақида филология фанлари доктори Юсуф Ҳамдамов, тадбир иштирокчилари ва талабалар ўз фикрларини билдирдилар. Ижодкорнинг турли йилларда ёзилиб, “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган “Музработлик Салом фермер”, “Ўзбек фермери америкалик билан беллашди”, “Ўзбекистон — 28-автомобилсозлик мамлакати”, “Оролбўйида турфа чечаклар очилди” номли мақолалари, “Ватанда сафар қил…” китоби алоҳида эътироф этилди.

Айтиш керакки, мазкур китоб ўзининг мазмун-моҳияти билан энди мустақил ҳаётга қадам қўйиб, ўз йўлини танлаётган ёки бугуннинг талабига жавоб берадиган мутахассис бўлишга интилаётган ёшлар учун ибратли қўлланма бўла олади.

Икром Ўтбосаров ҳаёти ва ижодига бағишланган ижодий кеча жуда қизиқарли, мазмунли ўтди, қатнашчиларда яхши таассурот қолдирди.

Маржона АЗИЗОВА,

ЎзМУ журналистика ва ўзбек

филологияси факультети

3-курс талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × one =