Келажак учун муҳим қадамлар

Ёшлар — мамлакат келажаги ва эртамиз эгаларидир. Тиббиёт соҳасини танлаган ёшлар эса мамлакат аҳолисининг саломатлиги учун масъулиятни зиммасига ололадиган бўлажак шифокорлардир. Тиббиёт олий таълим муассасалари эса соҳанинг етук мутахассисларини етиштириб чиқарувчи муҳим даргоҳлардан ҳисобланади.

Андижон давлат тиббиёт институти ҳам 70 йилдан буён нафақат республика, балки халқаро миқёсда ҳам шифокорларни етиштириб беришда етакчилик қилмоқда. Ҳозирга қадар институт битирувчилари орасидан юқори марраларни забт этган, дунё миқёсида таниқли бўлган шифокорлар кўпчиликни ташкил этади.

Йиллар давомида институт ҳар тарафлама ўсиш ва ривожланиш йўлларини босиб ўтди.

Жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи давомида тиббиётда Андижон брендини яратиш бўйича барча имкониятлар борлигини таъкидлади.

Таъкидлаш жоиз, ўтган йили 650 ўринли клиника Андижон давлат тиббиёт институти балансига ўтказилиб, уни таъмирлаш ва жиҳозлашга 180 миллиард сўм берилди. Бу 11 минг талабага бир вақтнинг ўзида ҳам ўқиш, ҳам амалиёт ўташ имконини беради.

Институтимиздаги симуляцион марказда тиббиёт ходимлари малакасини 2 босқичда баҳолаш тизимини йўлга қўйиш, клиника ёнига травматология, педиатрия ва жарроҳлик, гинекология бўлимини қуриб, кластерга айлантириш ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Институт клиникасида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини якунлашни жадаллаштириш ва жиҳозлаш учун 100 миллиард сўм ссуда ажратилиши белгиланди.

Симуляцион марказда синовдан ўтган тиббий ходимларга қўшимча 100 фоиз устама бериладиган бўлди.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари ҳозир 2 минг нафар наманганлик ёшлар Андижонга қатнаб ўқиётганини ҳисобга олиб, Наманган давлат университетидаги тиббиёт факультети Андижон тиббиёт институти филиалига айланиши, бу филиал кейинчалик мустақил олий ўқув юрти даражасига олиб чиқилиши, Андижон тиббиёт институтига эса университет мақоми берилишини айтиб ўтди. Бу эса, албатта, институтимизнинг фидойи, жонкуяр жамоасига билдирилган юксак ишонч деб биламан. Бу ишончни оқлаш учун янада куч-ғайрат ҳамда шижоат билан ҳаракат қиламиз.

Институтимизда хориждан келиб таҳсил олаётган талабалар сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда улар 1000 нафардан зиёд.

Шуни инобатга олган ҳолда Президентимиз Қирғизистон, Тожикистон, Хитой ва Ҳиндистондан келиб ўқимоқчи бўлганлар ҳисобига, вилоятда тиббий таълим экспортини йилига 20 миллион доллардан ошириш мумкинлигини таъкидлади. Мутасаддиларга хориждан келиб ўқиётган талабалар учун “талаба визаси” жорий қилиш бўйича бир ойда таклиф киритиш топширилди. Бу ҳам, албатта, институтимизга хориждан келиб ўқиш истагини билдирган ёшларга янада қулайлик яратади.

Институтимиз клиникасида фаолият юритувчи 150 нафар ёш мутахассис дунёнинг ривожланган мамлакатларига бориб, малакасини ошириб қайтди. Улар клиникада мустақил равишда юқори технологик даволаш муолажаларини амалга ошириш тажрибасига эга. Бу, албатта, тиббий туризмни ривожлантиришга ҳам туртки беради. Айни бу борада тиббий туризм соҳасидан 1 миллион 200 минг долларлик маблағ тушириш режамиз бор.

Бундан ташқари, клиникада барча турдаги операциялар бажарилади. Қўшимча 4 та бўлим қурилиб, койкалар сони 850 тага етказилади. Бу амалга оширилаётган ишлар беморларнинг қулай шароитларда сифатли тиббий хизматдан фойдаланишлари, талабаларнинг назарий олган билимларини амалиёт билан тенг олиб боришлари учун кенг имкон бергани ҳолда, дуал таълимнинг ёрқин андозаси сифатида намоён бўлади.

Ҳозирда 20 нафар беморда буйрак трансплантацияси жарроҳлиги ўз мутахассисларимиз томонидан амалга оширилди. Клиникамиз фойдаланишга топширилгандан сўнг, шифокорларимиз республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази мутахассислари билан ҳамкорликда жигар трансплантацияси жарроҳлигини ўтказади. Америка Қўшма Штатларининг дунё рейтингида топ-100 таликдан 3-ўринни эгаллаб турган Кливленд клиникаси мутахассислари 1 йил давомида клиникамизда бўлиб, юрак-қон томир операцияларини йўлга қўйиб, жараёнларга институтимиз мутахассисларини жалб этган ҳолда маҳорат дарсларини ўтказиши режалаштирилган.

Бугунги кунда Андижон давлат тиббиёт институти хорижнинг етук тиббиёт олий таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган. Йилдан-йилга алоқалар доираси кенгайиб бормоқда.

Андижон давлат тиббиёт институти ҳозирга қадар 60 дан ортиқ хорижий тиббиёт университети, институтлари қошидаги клиникалар билан ҳамкорлик ўрнатган (Италия, Ҳиндистон, Португалия, Россия, Словакия, Украина, Жанубий Корея, Хитой, Германия, Беларусь, Польша, Ливия, Туркия, Малайзия, Покистон, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси ва ҳоказо). Ҳозирда жами 105 та халқаро шартномамиз мавжуд.

Институтимиз дунёнинг қатор ривожланган давлатларидаги нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйган. Айниқса, Россия Федерациясидаги тиббиёт олий ўқув юртлари, тиббиёт илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилди.

Айни кунда институт Россия Федерацияси Приволжский номидаги тиббий тадқиқот университети билан стоматология (юз-жағ жарроҳлиги), клиник ординатура (1+1) йўналишида, Доғистон давлат тиббиёт университети билан стоматология бакалавриат таълими (3+2) йўналишида, шунингдек, Қозон федерал университети, И. П. Павлов номидаги Биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети, Санкт-Петербургдаги И. И. Mечников номли шимоли-ғарбий давлат тиббиёт университети, В. A. Aлмазов номидаги миллий тиббий тадқиқот маркази билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

Жумладан, ана шу ҳамкорлик доирасида 2019 йилда Доғистон давлат тиббиёт университети билан стоматология йўналиши бўйича бакалавриат таълими йўналишида ташкил этилган 3+2 қўшма таълим дастури доирасида бугунги кунда 47 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Институт профессор-ўқитувчилари, мутахассисларининг Россия Федерацияси олий ўқув юртлари, тиббиёт марказларида тажриба ва малакасини ошириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар бажарилмоқда. Хусусан, 2023-2024 йилларда 45 нафар институт ўқитувчи-мутахассиси Россия давлатида малака ошириб қайтди.

Шу билан бирга, Германия давлатининг қатор нуфузли олий таълим муассасалари ҳамда институтимиз ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган.

2024 йилнинг июнь ойи аввалида бир гуруҳ делегация аъзолари билан биргаликда Германия Республикасида хизмат сафарида бўлиб қайтдик. Унда Росток университети ректори, профессор Элизабет Проммер, тиббиёт факультети декани, профессор Краузе ва бўлим бошлиқлари билан учрашув ўтказилди. Дўстона руҳда ўтган учрашувда икки олий таълим муассасаси ўртасида илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, қўшма илмий фаолият, илмий-тадқиқот ишлари, докторантурани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Тиббий ёрдам, диагностика ва даволашни ривожлантиришга инновацион ёндашувлар, инновацион радиологияни, хусусан, урологик онкология, клиник радиология соҳаларида мутахассислар тайёрлашни ривожлантириш, Росток университети клиникаларида малака оширишни жорий этиш юзасидан келишувга эришилди.

Росток университети клиникаси радиология бўлими раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда эса янги инновацион йўналишларни жорий этиш бўйича ҳамкорликда иш олиб бориш масаласи муҳокама қилинди. Унга кўра, клиникага онкологик касалликларни ташхислаш ва даволашнинг янги замонавий усулларини жорий этиш, икки босқичли жараёндан иборат бўлган Андижон давлат тиббиёт институти ходимларининг (рентгенологларнинг) малакасини ошириш, диагностика — МРТ, МСКТ соҳасидаги касбий билимларни ошириш, ПEТ диагностикасини жорий этиш ва ўзлаштириш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, онкоурология соҳасида замонавий даволаш усулларини ишлаб чиқиш, Росток университети касалхонасининг ютуқлари асосида саратон касалликларини даволашда замонавий инновацион мақсадли терапияни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, саратон билан касалланган беморларни самарали даволаш учун замонавий фармацевтик препаратлардан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқиш муҳокама қилинди ва иккала томон ҳам ушбу соҳаларни ривожлантиришга келишиб олишди.

Мазкур сафар доирасида Берлин шаҳридаги Хелиос клиникаси ва Андижон давлат тиббиёт институти ўртасида мутахассисларнинг Клиник онкология ва радиология бўйича малака ошириш, янги технологияларни ўзлаштириш йўналишида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олинди.

Берлин университети Тиббиёт факультетининг ички касалликлар, пульмонология ва сомнология кафедраси мудири, профессор Инго Фитсе билан илмий ва академик соҳадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Талабалар, магистрлар ва клиник ординаторлар учун масофавий маърузалар ўтказиш, академик ва талабалар алмашинуви мавзулари кўриб чиқилди. Клиник тадқиқотлар, малака ошириш, мураккаб операцияларни ўтказиш, ўпка ва простата бези онкологиясининг замонавий диагностикаси ва мақсадли даволаш усулларини жорий этиш учун Андижон давлат тиббиёт институти клиник базасига германиялик мутахассисларни жалб этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолашга келишиб олинди.

2023 йилда Андижон давлат тиббиёт институтида Корея миллий транспорт университети билан ҳамкорликдаги Халқаро қўшма таълим дастури факультети “Парамедицина” йўналиши фаолияти йўлга қўйилган. Ҳозирда ушбу йўналишда 1-2-босқичда 16 нафар талаба таҳсил олмоқда.

2024 йилнинг ноябрь ойида Жанубий Кореяда хизмат сафарида бўлиб қайтдик. Унда Жанубий Корея миллий транспорт университетининг Донгдаэмун-гу шаҳридаги ўқув биноларидан бирида, Чежу Ҳалла университети, Даэгу шаҳридаги Кеимюнг университетида бўлиб, қатор учрашувлар ўтказдик. Мазкур учрашувлар давомида олий таълим муассасаларимиз ўртасида парамедицина йўналиши бўйича қўшма таълим дастурининг кейинги босқичларини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди ҳамда келгусида амалга ошириладиган илмий алоқалар, академик мобиллик ва талабалар алмашинуви, малака ошириш каби масалалар муҳокама қилинди ҳамда қатор келишувларга эришилди.

Сафар давомида делегация аъзолари “Smart city” маркази фаолияти, Корея СЖ ташкилотида ҳамда Донгдаэмун-гу халқаро аэропортида ўтказилган турли фавқулодда вазиятларда парамедикларнинг жароҳатланганларга бирламчи ёрдам кўрсатиши — юрак ва ўпка реанимацияси, жароҳат боғловлари ва амбулаторияга эвакуация қилиш машғулотларида иштирок этдик.

Жорий йилда институтимизнинг парамедицина йўналиши қўшма таълим дастури талабалари талаба алмашинуви доирасида Жанубий Кореянинг миллий транспорт университетида ўқув жараёнларини ўтказиб қайтди.

2023 йилнинг сентябрь ойида ўтказилган Ўзбекистон — АҚШ соғлиқни сақлаш ҳафталиги доирасида “Uzbek American Medical Association” (Ўзбек-Америка тиббиёт ассоциацияси) билан, Американинг Питтсбург университети, “CyberPatient” компанияси раҳбари билан қатор учрашувлар ўтказилиб, ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Шунингдек, ушбу келишувлар асосида бугунги кунда амалий ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, Америка Қўшма Штатларининг Миллий университети (“National University”) профессорлари институтимизга келиб, ўқитувчилар ва талабаларга маҳорат дарслари ўтказди. Улар билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш юзасидан келишувларга эришдик. Институтимизнинг кўплаб мутахассислари АҚШда малака ошириб, ўз билимларини бойитиб келмоқда.

Госпиталь педиатрия кафедраси мудири Маърифат Ғаниева АҚШнинг “Rozalin Franklin” тиббиёт ва фан университетида (“Rosalind Franklin University of Medicine and Science”) “Болалардаги юқумли касалликлар ва болалар иммунологияси” йўналишларида малака ошириш дастурларида иштирок этиб қайтди.

Институт магистранти Жавоҳир Маҳаматжонов АҚШдаги “University Hospital of Brooklyn” шифохонасида магистрлик илмий иши юзасидан илмий амалиёт ўтаб, билимларини янада бойитиб келди.

Бошқа хорижий олий таълим муассасалари ва клиникалар билан ҳам мазкур масалалар доирасида ҳамкорликни амалга ошириб келмоқдамиз.

Шу билан бирга институтнинг моддий-техник базасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Боиси, етук малакали кадрларни тайёрлашда қулай муҳит, назария ва амалиётнинг уйғунлиги муҳим.

Институтимиз талабалари сонининг кескин ортиб кетганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 июндаги “Янги Андижон” шаҳарчасини барпо этиш ва Андижон вилоятида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5154-сон қарорига асосан институт клиникаси ҳудудидаги 2 гектар ер майдонида институтнинг 2000 ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси қуриб, фойдаланишга топширилди.

Бино 7 қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватда 28 та хона мавжуд. Барча ўқув хоналари интерактив доскалар ва замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланган.

Ўқув биносида умумий 12 та маъруза зали мавжуд. Бинонинг 2-қаватида жаҳон стандартларига мос катта имкониятларга эга симуляция маркази жойлашган. 3-қават стоматология йўналишлари учун мўлжалланган бўлиб, энг замонавий стоматологик асбоб-ускуналар ва технологиялар билан жиҳозланган. Бинодан, асосан, клиник кафедралар ўрин олган. Институт клиникаси ва мазкур ўқув биноси ўртасида телемедицина тизими йўлга қўйилган.

Унда клиниканинг жарроҳлик бўлимларида амалга оширилган операциялар тўғридан-тўғри ўқув хоналарига трансляция қилинади. Талабалар ушбу жараёнда шифокорга ўз саволларини бериш ва унга шу пайтнинг ўзида жавоб олиш имкониятига эга бўлади.

Бинонинг 5-қаватида 420 ўринли фаоллар зали ўрин олган. Гардероб, 400 ўринли ошхона профессор-ўқитувчилар ва талабаларга қулайлик яратиш мақсадида шай ҳолатга келтирилди.

Шунингдек, институтнинг Марказий илмий-текшириш лабораторияси ҳам қуриб битказилди. Ушбу бино 4 қаватдан иборат бўлиб, 400 ўринга мўлжалланган. Бинода 30 та ўқув хонаси, 21 та лаборатория хонаси, 1 та маъруза зали, 28 та кафедра мудири ва ёрдамчи хоналари мавжуд. 1 қаватли виварий бинолари, ташқи ёрдамчи бино ва иншоотларида қурилиш ишлари якунланиш арафасида.

Тиббиёт олий ўқув юртимиз 2024 йилда қатор ютуқларга эришди ва бу институтимизнинг 70 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.

Дунё университетларининг халқаро рейтинги — “UI Green Metric World University Ranking” (Яшил университетларнинг глобал рейтинги) да Андижон давлат тиббиёт институти ҳам эътироф этилди ва сертификат билан тақдирланди.

Андижон давлат тиббиёт институтининг даволаш иши (ўзбек, рус ва инглиз тилида), стоматология факультетлари таълим дастурлари Қозоғистон Республикасининг “ECAQA” (“Eurasian Сentre for Accreditation and Quality Assurance in Higher Education and Health Care”) маркази томонидан халқаро аккредитациядан ўтказилди.

Буларнинг барчаси институтимиз профессор-ўқитувчиларининг ҳамжиҳатликдаги самарали меҳнатларининг, фидокорликларининг натижасидир.

Илмий фаолиятда ҳам ютуқларимиз талайгина. Биргина 2024 йил мисолида айтганда, институтимизнинг 4 нафар профессор-ўқитувчиси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони, 4 нафари ташаккурнома, 7 нафари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони, 1 нафари вазир фахрий ёрлиғи, институт профессор-ўқитувчиларининг 40 нафари вилоят ҳокими фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Травматология, ортопедия ва нейрожарроҳлик кафедраси мудири Худайбердиев Қобил Турсунович II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланди, “Йилнинг энг яхши шифокори” танловининг республика босқичида “Йилнинг энг яхши нейрохирурги” номинацияси бўйича 1-ўринни эгаллади.

“Корея Халқаро ихтирочи аёллар кўргазмаси “KIWE” — 2024”да Корея ихтирочи аёллари ассоциацияси томонидан Госпиталь педиатрия кафедраси доценти Хурматой Камчиевна Ханкелдиева олтин медаль билан тақдирланди.

Бугунги кунда институтимизда 950 нафар ўқитувчи фаолият юритади. Улардан 60 нафари фан доктори, профессорлар, 256 нафари фан номзоди, доцентлардир.

Вилоятнинг 160 та бирламчи тизим даволаш муассасаларига амалий ёрдам бериш мақсадида 132 нафар профессор-ўқитувчи масъул этиб бириктирилди. Улар томонидан мунтазам равишда беморлар текшируви ва замонавий стандартлар амалиётга киритилди.

Жорий йилнинг 14 февраль куни Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ёшлари билан ўтказган мулоқотида битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида тўхталиб ўтган эди. Бу борада институтимизнинг жорий ўқув йилидаги 2297 нафар битирувчисидан 800 нафардан зиёди бугунги кун ҳолатига кўра, иш билан таъминланган. Халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатишга шай, масъулиятли шифокорларни тарбиялаш бизнинг бош мақсадимиз ва муҳим вазифамиздир.

Мадамин МАДАЗИМОВ,

Андижон давлат тиббиёт

институти ректори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + 20 =