Ўзбек матбуотига нима етишмайди?

Бугунги ўзбек матбуотининг аҳволи, унинг келажаги ҳақида жамоатчилик орасида турли фикрлар мавжуд. Хусусан, босма оммавий ахборот воситалари бир пайтлардагидек ўқувчилар ишончи ва эътиборини яна қозона оладими? Биз ҳақиқатан ҳам давр талабига мос, таъсирли ва кучли журналистика ярата оляпмизми?
Хўш, бугунги матбуотнинг келажаги ҳақида нима дея оламиз? Фикри ожизимча, матбуотнинг, албатта, келажаги бор. Чунки одамларга ахборот керак. Ҳамиша, ҳар куни. Ахборотни эса уларга матбаа нашрлари, оммавий ахборот воситалари етказади. Аммо бугунги ўзбек матбуотининг шу кетишдаги келажаги қандай, десак-чи? Бунга мен бир нарса дейишим қийин. Сабаби, у ўсмаяпти. Масалан, дейсизми? Масалан… бундан роса эллик уч йил бурун — 1972 йилда бир муаллима “Қишлоқ хўжалиги журналистикаси” деган фандан бизга дарс берган. Ҳаммамиз арифметика билан шуғулланардик. Бир гектар ердан 32,5 центнердан картошка олинса, 19,74 гектар ердан қанча ҳосил чиқади? Янаги дарсда эса — ғалла ё пахта мавзуси. Уни суғориш, культивация ва озиқлантириш математикаси. Аммо мақола ёзиш маҳорати бўйича сабоқ берилмас эди. Чунки совет матбуоти саҳифалари гектарлар, центнерлар билан тўлар эди.
Лекин қайси даладан ҳосил етмиш тонна чиқадими ё саксон тонна, одамларга бунинг нима фарқи бор эди? Биз бунга шу қадар ўргандикки, кузда ҳамма пахта “сводка”сини кутарди, гўё фронтда неча чақирим ер душмандан озод қилингани тўғрисидаги маълумотни кутган командирлар каби.
Ҳозир-чи? Олислаб кетдикми ўша матбуотдан? Менимча, у қадар силжий олмаяпмиз. Ҳамон қайси банк қайси фермерга ё кластерчига қанақа фоиз билан ўтган йилда қанча миллиарду қанча миллион сўм кредит бергани, аллақайси чет эл компанияси йилни қанча соф даромад билан якунлаётгани, қай бир ўғит заводи “жорий йилда” қанча маъданий ўғит ишлаб чиқаргани ёзилаверади, ёзилаверади… Биздаги аксарият матбуот нашрлари ўзини ҳамон статистика идораларига тааллуқли деб ўйлашади чоғи. Энг нуфузли газеталаримиз ҳам ахборотга тўла, аммо бу “ахборот” деярли кўпчиликка керак эмас — тўрт ёки олти бетлик газетани бир-икки дақиқа ичида “ўқиб” бўласиз. Аслида ўқийдиган, ўқишга арзийдиган ҳеч вақоси йўқ. Расмий хабарлар ҳам шу қадар ҳиссиз ва қуруқ ёзиладики, ҳеч нарса ёдингизда қолмайди.
Нега?
Чунки кўп ўзбек журналистлари фикрий ялқовлик, ўсишга, янгилик яратишга интилмаслик касаллигига чалинган. Президентимиз талаб қилаётган, кутаётган, ўқувчилар истаётган жасорат етишмайди. Жонни жабборга бермай, етмиш-саксон йиллик ҳамма юрган эски йўлдан юравериш осон-да. Аслида ўша ҳосилни кўтараётган деҳқон, ҳар куни минглаб одамларни ташиётган ҳайдовчи, янги қотишма ихтиро қилаётган металлург билан суҳбатлашиш, бир одам сифатида… ўша қуриб кетгур ишидан ташқари… яна нима фикр-хаёллари, дарду ташвишлари, интилишлари бор — мана шуларни ёзсак, ҳамма ўқир эди-ку-я…
СЕРҲАДИК ОДАМЛАР
Бир тележурналистни билардим. Ҳозир хорижда. Беш йилча бурун унинг бир боғбон билан суҳбатини телевизорда кўрган эдим. Одатда, боғбон билан ё олма “чаппор уриб” гуллаган, ё бўлмаса, мевалар ерга теккудай бўлиб ғарқ пишган пайтда, шуларнинг фонида интервью олинар эди. У эса боғбон билан кеч кузда — барглар тамом тўкилган, биттаям меваси қолмаган олмазорда эски иккита курсига ўтирволиб, совуқда диллашишди. Саволлар ҳам биз ўрганмаган, ноодатий савол. “Ҳаким ака, тасаввур қилинг: бирдан бойиб кетдингиз. Шунда дастлаб нима қилган бўлар эдингиз?”. Боғбон бироз ўйланиб, мухбирга тикилди. “Ука, боғбон билан деҳқон ҳеч қачон бирдан бойиб кетмайди. Аммо… бир нарсадан кўнглим хотиржам — бизнинг топган пулимиз ҳалол!”
Яна савол: “Сизга нима ёқмайди?” Боғбон пешонасини уқалаб, ерга тикилди: “Тўғрисини айтайми? Мен ҳамма нарсага чидайман. Аммо ноҳақлик ёқмайди. Мажлисларга чақиришса, ҳокимларнинг юзига қараб, очиқ айта бераман, шунинг учун баъзи катталар мени ёмон кўради”.
Мана буни — ҳаққоний журналистика деса бўлар. Журналист эса ижодий руҳланиб, сал кейин бир асаларичи билан суҳбат қилган экан, кимдир ўтказишга рухсат этмабди — эфирда кетмабди. Бундай материалларнинг кимга нима зиёни бор, билмадим.
Ҳамонки гап телевидение ва радиога қараб бурилган экан, тағин бир фикримни қистириб кетай. Бизнинг телемухбирлар нуқул мажлисларни ёритишади. Бу кишилар… иш ҳам қилишадими, ё эрта-ю кеч мажлисда ўтиришадими, дегинг келади. Мухбирлар бир “Дамас” бўлиб етиб бориб, ҳали у, ҳали бу мажлисни тасвирга олади, тайёр “пресс-релиз”ни ўқиб беришади. Фақат “ҳисобот” кўрсатувлар…
Ҳолбуки, ҳозир одамлар бошқа, умуман жамият бошқа. Ахборот майдонида аудитория учун қаттиқ кураш кетяпти. Бу курашга қўшилмай, четда турган, ўзига мухлис тўплай олмаган ва бунга ҳатто уринмайдиган ҳар қандай матбуот ўлади. Чунки одамлар учун бошқа ўнлаб ва юзлаб ахборот манбалари мавжуд, танлаш имкони кўп.
БОСМА МАТБУОТ ЯШАБ ҚОЛАДИМИ?
Очиғи, бу қалтис савол жавобини ҳам аниқ айтолмайман. Бунинг устига, агар кўнглимдаги гапни айтсам, одамлар раддия ёзишса ҳам ажаб эмас. Майли, гапим бир “мулоҳаза” бўла қолсин.
Аввало, босма матбуот ҳам яшаб қолади, бу турган гап. Матбуот, матбаа деган сўзларнинг ўзи “босма” дегани-ку. Иккинчидан, электрон ахборот шакллари ҳар қанча кўпайгани билан, энг ривожланган Ғарб давлатларида босма нашрлар ҳам тобора кўпайиб боряпти, деб ёзишади.
Бироқ бошқа бир фикр. Ёдингизда бўлса, Совет давлати ягона мафкурани сингдириш учун матбаа нашрларини кўпайтирган эди. Мактабда ҳар бир синфнинг деворий газетаси бўларди. Заводларда ҳар бир цехда, кемаларда экипаж аъзолари учун, ҳарбий қисмларда ҳар бир взвод — 33 кишилик гуруҳнинг ҳам деворий газетаси тайёрланарди. Колхоз-совхоз, завод ва комбинатларда эса кўп нусхали газета — “многотиражка” бўлиши шарт эди. Ҳатто газета чиқарадиган таҳририятларнинг ҳам ўз деворий газетаси бўлгич эди. Бунинг устига, матбаа нашрлари жуда арзон, қарийб сувтекин эди.
Булар тарихда қолиб кетди. Энди бу гапларни айтишдан мақсадим, масалан, “туман газетаси” бўлиши шарт эмас, деган фикрни ётиғи билан ўртага ташлаш. Ўтган йиллари қачон бу масала ўртага қўйилса, шу пайтгача ишлаб келган ходимларни ким боқади, деган кўндаланг савол берилган. Нима деймиз? Аввало, бундай таҳририят ходимлари (ҳар бир туманда ўртача 3-5 киши) ҳозир ҳам ёғ ичида яшаётганлари йўқ. Обуна учун кураш — улар учун тирикчилик манбаига айланган. Бундай газеталар ижод майдони эмас, маош олиш учун бир манба бўлиб қолди. Чунки давлат энди дотация бермайди, туман ҳокими онда-сонда ажратадиган арзимас “ҳомийлик ёрдами” эса тиш ковагида қолиб кетади. Нафсиламрини айтганда, бошқа нашрлар ҳам кимларнидир боқиш учун очилмаслиги (ёки ушлаб турилмаслиги) керак.
Гап фақат туман газеталари ҳақида эмас. Мен, умуман, босма нашрларнинг сони кўпайишига қаршиман. Чунки бунақада бировнинг гапини биров эшитмайди — бу журнал ё газетада чиққан нарсани бошқалар ўқимайди. Ҳозир мамлакатимизда мингга яқин газета, тўрт юздан ортиқ журнал чиқар экан. Буларни ким, қачон ўқийди? Ундан кўра, сони озроқ бўлса ҳам, энг яхши газета ва журналлар ҳаммага етиб боргани яхши эмасми? Қизиқ-да, ҳамма саводли, аммо билимли одамлар камайган. Ахборот асрида яшаб турибмиз, аммо ахборотга зормиз…
Жуда ғалати ишлар бор-да шу ерда. Бугун ҳар бир тармоқ ўз нашрини очган. Ҳатто кўмир қазувчиларнинг “Кўмир” деган газетаси бор экан. Олий суд – ўзимизнинг газетага обуна қиламиз деса, ИИВ ўз нашрини қўлласа, турли вазирлик ва идоралар ҳамда каттароқ ташкилотлар ҳам газеталарини қўллаб-қувватлаши керак. Бу нима, ҳақиқий матбуот шуми энди? Айтайлик, қачон бир комбинат нашри ўзидаги муаммолару камчиликларни ёрита оларди? Ҳеч қачон!
Ёки яна бир ишкал. Бирон газета ё журналга банк ёки компания пул ўтказади, нашр эса унинг ишини мақтаб чиқади. Бу одатий ҳол бўлиб қолди ҳозир. Ҳолбуки, “ҳомий”нинг ишлари хом бўлиши ҳам мумкин-ку! Танқид ўрнига мақтов сотиб олинади. Матбаа нашри сотилади, ҳақиқат сотилади…
СЎЗ ЭРКИН БЎЛМАСА, У УМУМАН СЎЗ ЭМАС!
Чет элларни яхши билмайман, аммо бизда эркинлик ҳақида эмас, ҳадик ҳақида гапириш тўғрироқ бўлса керак. Одамларга ахборот етиб боришидан қўрқиш керак эмас. Аксинча, ваҳима кўпаяди, миш-миш урчийди. Масалан, қайсиям йили бир жойнинг томи қор кўплигидан босиб қолган. Тўрт одам ўлган. Матбуот жим. Аммо ижтимоий тармоқларда ҳаммаси айтилиб ётибди… Қўшиб-чатилган, ёлғон гапларни ўз билганларича тўқишяпти. Шу ерда ҳақиқий журналистика керак-да. Барибир ойни этак билан ёпиб бўлмайди-ку. Гоҳо қўшни шаҳарда юз берган воқеани чет эл ахборот манбаларидан эшитасиз.
Қизиқ, ҳамма билиб бўлган нарсани кимдан яшириш керак? Яхши эслайман, 1966 йил бошида Тошкентда, Декларация имзоланган куннинг эртаси Ҳиндистон Бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри вафот этган. Тонгдаёқ бутун дунё бу хабарни билиб бўлган. Ўзбекистоннинг ўзида эса бу хабар ҳаммадан кеч — пешиндан сўнг эълон қилинган. Ҳа, энди бу ўтган замон воқелиги десангиз, бугун-чи, матбуотимиз давр талабига мосми, тезкорми?
Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистонда цензура бекор бўлди деб эълон қилинган куни барча муҳаррирларни йиғиб, давлат сирлари ошкор қилинмаса бўлди, буёғи эркин, деб айтишувди. Ўшанда Иброҳим Ғафуров — у киши ўша пайтда “Миллий тикланиш” газетаси муҳаррири эди — савол бериб: “Биз нималар давлат сири эканини билмаймиз-ку, майли, сирнинг ўзи керак эмас, аммо ўшандай соҳалар рўйхатини беринглар, токи биз ўшанга дахл қилмайлик”, деб айтувди, минбарда ўтирган ўша пайтдаги бир раҳбар ўқрайиб қараб: “Бўпти, рўйхат етказилади”, дегани ёдимда. Аммо… ўша рўйхатни, билмадим, Марсдан олиб келиш керак эканми, ҳануз муҳаррирларга етиб келганини эшитмадик. Оқибатда ҳар бир муҳаррир, ҳатто таҳририятлардаги бўлим мудирлари ҳам, ўзини “цензор” санайди. Ажаб, цензура гуриллаб турган вақтлари бемалол чиқадиган мақолам эндиликда баъзан қайчилаб-қайчилаб чоп этилади…
БЛОГЕР ЖУРНАЛИСТ БЎЛА ОЛАДИМИ?
Йўқ. Чунки блогерга вазифа юклатилмайди. У эркин қуш. Журналистга эса, афсуски, топшириқ берилади. Аксар журналистлар ўзи истаган эмас, муҳаррир юклаган мавзуни ёритади.
Блогер — ўзи учун ёзадиган одам. Эсдалик дафтари каби. Ана шу “хотира дафтарингиз” қанча қизиқ бўлса, аудиториянгиз шунча кенг бўлади. Назаримда, бизда блогер дегани урчиб кетишининг сабаби ҳам юқоридаги гапга боғлиқ. Яъни, оммавий ахборот воситаларининг аксари тўғри гапни эълон қилишдан чўчийверса, очиқ гапнинг йўли “андиша” деб тўсилаверса, блогер зоти кўпаяверади. Ҳозир ахборотни яшириш амримаҳол.
Яна бир гапим шуки, агар қўлимда бўлса, журналистик малакаси бўлмаганларга блогерлик қилишни тақиқлар эдим. Бунинг сўз эркинлигига дахли йўқ. Чунки кўп блогерлар савиясизлик, ахлоқсизликни тарғиб этиб, қадриятларимизни оёқости қилиб бўлса ҳам пул топиб, пировард-натижада оммавий ахборот воситаларининг ҳам обрўйини туширяпти. Кечагина уй бозорда маклерлик, машина бозорда, мол бозорида даллоллик ёки қаердадир устачилик қилиб юрган, ёхуд умуман ишининг тайини бўлмаган айрим кимсалар бугун ўзларича “блогер” бўлиб олишган, ҳамма телефони узра эгилиб сажда қилаётган бир замонда уларнинг “тирикчилик фаолияти”ни деб энг гўзал миллий ахлоқимиз, анъаналаримиз барбод бўлмаса эди…
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ.