Ноқобил ворислар

Бир вақтлар кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи корхона бўларди. Унда бошлиқ, муҳандис, ҳисобчи, диспетчер, иккитадан сантехнигу электрик ва бир нечта фаррош ишларди. Улар катта бир маҳалладаги кўп қаватли бинолар ва хонадонларга техник хизмат кўрсатар, буюртмани олган заҳоти пайсалга солмай айтилган манзилга боришар, носозликни бартараф этишарди.

Камгапу камтар, очиқ чеҳрали Маҳмуд ака деган сантехник бўларди. Унинг маҳаллада ўрни ҳам, ҳурмати ҳам бор эди. Яхшидан ном қолар, деганларидек, уста бу дунёни тарк этганига кўп йил бўлса-да, маҳалламиздагилар унутганлари йўқ.

Замона зайли биланми ёки янгичасига ишлаш зарурати туғилибдими, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи корхоналар ўрнида ТСЖлар (мулкдорларнинг ўртоқлик ширкати) пайдо бўлди. Афсуски, аксарияти ишини ёлчитолмагани учунми, улардан ҳам воз кечила бошланди. Ўрнига фалон деган ажнабий номли МЧЖ яратилди.

Пойтахтнинг қоқ марказида жойлашган маҳалламиз аҳли қиш заҳрини ютиб келаётганига беш-олти йиллар бўлди. Аёзли кунлар бошланиши билан хизмат кўрсатувчи ширкат директорига “Иссиқликни ҳал қилмасангиз, пул тўламаймиз”, дея шарт қўямиз. У: “Йўқ иссиқликни қаердан олиб бераман?” дейди айбни туман иссиқлик корхонасига ағдариб. Бор отангга, бор онангга бошланади. Бу тизимнинг шаҳар ва республика раҳбарларига қилган узлуксиз мурожаатларимизга “ходимларимиз муаммони жойида ўрганганларида, иссиқлик мавжудлиги аниқланди” деган ғирт ёлғон жавоб олишдан чарчаган бўлсак-да, орқага қайтмадик. Охир-оқибат “VEOLIA ENERGY TASHKENT” МЧЖ ХКнинг кирдикорлари фош бўлди. Йўқ иссиқликни бор деб уч-тўрт йилдан буён бутун бир маҳалла халқининг қулоғига лағмон осиб келган хорижий корхона ёзда қилинмаган ишни қишнинг совуғида бажаришга мажбур бўлди. Ўтган қишда маҳалла иссиқлик билан таъминланди. Бунга етгунча салкам уч ой қиш жабрини тортишимизга тўғри келди. Лекин мазкур корхонанинг бирон-бир вакили ҳақиқатни тан олиб, одамлардан узр сўрамади. Бош директор лавозимини эгаллаб ўтирган А.Ҳаитметов ҳам миқ этмади. Унга иссиқлик истеъмол қилинмаган кунлар учун расмийлаштирилган ҳужжатлар тақдим этилганига қарамай, мажбурий ижро бюросидан суд қарори илова қилинган қарздорлик хати ола бошладик. Маълум бўлдики, “PROSERVICECORP” МЧЖ директори оғзаки буйруқ билан уйимизни ўз компанияси тасарруфига олибди. Ҳе йўқ, бе йўқ, ҳар бир оиладан давлат божи билан почта харажатларидан ташқари, икки-уч миллион сўмдан ундириш изига тушибди. Мазкур компания директори хатти-ҳаракатлари қонун-қоидага зид эканлигини билмасмиди?! Компания мулкдорларни эмас, мулкдорлар уни танлайди-ку. Уй-жой мулкдорларининг розилиги ҳақидаги умумий йиғилиш баённомаси ва қарори, томонларнинг мажбуриятлари акс этган шартнома бўлиши амалдаги қонун-қоида талаби-ку! Энг асосий масала, бу — тўлов. Хўш, мулкдорларнинг техник хизмат кўрсатувчи ширкат ёки компанияга тўловини ким ва нима асосида белгилайди?

“Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддасида “Мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун жойлар мулкдорлари мажбурий бадалларининг ёки тўловларининг миқдори умумий йиғилиш қарори билан белгиланади”, деб ёзиб қўйилган. Чиндан ҳам ҳар бир кўп квартирали уйда қилиниши керак бўлган ишнинг ҳажмига қараб тўловни қонунда кўрсатилганидек мулкдорларнинг ўзлари белгиласа бўлади-ку! Энг муҳими, йиғилган маблағнинг сарф-харажати кўзгудагидек кўриниб туради. Шундай қилинганда бутун масъулият мулкдорлар зиммасида бўлиб, таъмирлаш ҳам, ободонлаштириш ҳам ўз вақтида бажарилади.

Нодавлат ҳисобланган ширкат ёки компанияга тўлов миқдорини Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги белгилаган. У 2024 йилнинг 1 майидан бошлаб энг кам тарифни қуйидагича белгилаган: Тошкентдаги коммуникациялари мавжуд бўлган икки қаватли уйларнинг бир квадрат метри учун 1147 сўмдан 1149 сўмгача, уч қаватли уйларнинг бир квадрат метрига 1303 сўмдан 1305 сўмгача, тўрт қаватли уйларнинг ҳар квадрат метрига 1514 сўмдан 1518 сўмгача бўлиб, бу баҳо қаватдан-қаватга ошиб бораверади. Сабаби нима? Нега бутун хонадон сатҳи тўловга тортилган? Тўлов миқдори нимага асосланган? Нега квадрат метр асос қилиб олинган? Бунинг устига, йил давомида. Саволлар кўп.

Маълумки, мулкдор қиш мавсуми давомида иссиқлик учун хонадонининг ҳар бир квадрат метрига белгиланган тариф бўйича ҳақ тўлайди. Фойдаланилган совуқ ва иссиқ сув ҳамда газнинг кубометрига қараб тўлов амалга оширилади. Аммо мулкдор компания хизматидан йил (балки йиллар) бўйи бир сўмлик наф кўрмай, квартирасининг квадрат метрига ойма-ой пул тўлашини тушуниш қийин, жуда қийин. Тўғри, расмий ҳужжатларда ширкат ёки компания “умумий мулкни сақлаш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари”ни бажариши белгилаб қўйилган. Ертўладаги коммуникацияларни мулкдорлар ўз ҳисобидан таъмирласа, янгиласа, ободонлаштириш ҳам ўзларининг қўлларидан чиқса-ю, яна компанияга пул ҳам тўлашлари адолатданми? Кўпгина жойларда хизмат кўрсатувчи мулкдорларнинг жиддий норозилигига олиб келаётганлиги, ундан безиб бораётганлиги шундан эмасми? Хизмат кўрсатувчи ўз вазифасини ёлғон ҳисоботда бажармоқда. Агар иккинчи қаватда яшайдиган мулкдор етмиш квадрат метрлик хонадони учун хизмат кўрсатувчига тариф бўйича ҳар ой 105 980 ва бир йилда 1 271 760 сўм тўласа-ю, ундан бирон-бир манфаат кўрмаса, норози бўлмайдими? Бўлади-да! Қирқ хонадонли кўп қаватли уйнинг ҳар бири шунчадан тўлаганда ҳам 50 870 400 сўм йиғилади. Ҳеч бўлмаганда, бу пулга уйнинг ташқи кўринишини чиройли қилса бўладими? Бўлади. Лекин…

Хизмат кўрсатувчи уйлар атрофидаги ерларни тартибга келтириб, гул кўчатлари, мевали ва манзарали дарахт экиши керак. Яроқсиз ҳолга келган дераза-эшиклар қачон янгиланади? Ҳатто уй ертўласидаги иссиқ ва совуқ сув қувурининг маълум бир қисмини алмаштириш учун материал ва хизмат ҳақини берамиз. Аммо кўп қаватли хонадонларни иситиш мавсуми тугагач, тизим қувурлари ва хонадонлар батареялари йиллар давомида ювилмаган.

Шу гаплар бошимда айланиб ётган пайтимда, интернет тармоқларида бир аёлнинг ҳокимият вакили кабинетида ёқалашган лавҳаси пайдо бўлди. Масъул ходимнинг қўлини тишлаб олган “қаҳрамон” маҳалламиздаги икки юзга яқин мулкдор истиқомат қилаётган кўп қаватли турар-жой компаниясининг директори бўлиб чиқди. Ниҳоят, оёғи ердан узилиб, босар-тусарини билмай қолган директор ишдан олиниб, кенг кўламли тафтиш бошланибди.

Мисоллардан кўриниб турибдики, кўп қаватли уйларга техник хизмат кўрсатувчи компаниялар мутасаддиларининг ҳуқуқий ва касбий малакалари саёзлиги, иш сифати талабга жавоб бермаслиги, ташаббус, тадбиркорлик ва янгиликка интилишнинг йўқлиги, ҳалоллик ва адолат мезонларининг бузилиши ўзларига панд бермоқда. Ўтган қиш мавсумида йўқ иссиқликни мулкдорларга бор қилиб кўрсатиш учун қозонга қайтиб бориши керак бўлган қувурдаги илиқ сувни куну тун канализацияга оқизиб қўйганлари “Тошкент иссиқлик электр маркази” филиали — иссиқлик таъминоти корхонасига неча юз миллионлаб зарар келтирганлиги халқ ризқига хиёнат эмасми?! Миробод туман иссиқлик корхонаси ҳар бир компанияга солган уч миллион сўм жаримаси билан зарар ўрнини қоплайдими? Аччиқ бўлса-да, очиқ айтиш керакки, хизмат кўрсатувчи айрим компаниялар халқнинг берган пулини оқлаш учун тасарруфларидаги кўп қаватли уйларни обод қилиш ўрнига жиғилдонларини сийлаш йўлида рақобатлашаётганга ўхшайди. Маҳалламиз фаоллари мавжуд кўп қаватли уйларни битта компанияга бирлаштириш, унинг раҳбаридан тортиб, ишчиларигача шу маҳаллада яшайдиган бўлсин деган талабни қўйдилар. Бешта уйни бошқараётган номзод билан гаплашиб, мақсадни тушунтирдик. У рози бўлди. Бироқ компания ўз фаолиятини маошсиз ишлайдиган кузатув кенгаши раҳбарлиги остида олиб бориши лозимлигини эшитганда ранги-рўйи ўзгариб, дудуқланиб қолди. Орадан икки ой ўтганига қарамай, ундан дарак бўлмади.

Кези келганда яна бир муаммо хусусида тўхталмай бўлмайди. Айрим кўп қаватли уйларнинг кириш эшиги тепаси ва қаватлардаги чироқлар кундуз куни ҳам ўчирилмайди. Улар хонадонлардан айри бўлиб, ертўладаги умумий ҳисоблагичга уланган. У билан бирон-бир мулкдор қизиқмайди, албатта. Агар Энергетика вазирлиги кўп хонадонли уйлар қаватларидаги чироқларни хонадонлар ҳисоблагичига улаб қўйса, қарабсизки, электр қуввати ҳам, мулкдорларнинг маблағи ҳам тежалган бўларди.

“Кўп қаватли уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасида “Кўп квартирали уйга туташ ер участкаси маҳаллий давлат органлари томонидан кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. Кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг зиммасига мазкур ер участкасининг санитария ҳолати ва ободонлаштирилиши учун жавобгарлик юклатилади. Ҳар бир кўп квартирали уйнинг кадастр паспортида кўп квартирали уйга туташ ер участкаси тўғрисида маълумотлар, шунингдек, ер майдонининг кадастр режаси мажбурий тартибда бўлиши шарт”лиги кўрсатилган. Хўш, бу ишни ким, қачон қилади? Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг туманлардаги бўлим ва инспекцияларими ёки маҳаллий ҳокимиятнинг зиммасига юклатилган ташкилот ва идораларми? Назорат бўлмаганлиги сабабли беш йил ичида қилинмаган бу иш оқибатда кўп қаватли уйларга туташ ерларнинг талон-торож ва экологик жиҳатдан абгор бўлишига олиб келди. Айрим мулкдорлар томонидан ноқонуний қурилмалар бунёд этилди. Шахсий автомобиллар турар жойига айлантирилди.

Мазкур қонуннинг 9-моддасидаги “Кам таъминланган оилаларга кўп хонадонли уйларни сақлаш бўйича ёрдам кўрсатиш”дек инсонпарварлик амалга ошса, ёлғиз яшовчи пенсионерлар, ногирон ва кам таъминланган оиладагилар ҳам хурсанд бўлмайдими? Таассуфки, ҳали бу хайрли қонун талаби қоғозда, холос.

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши кераклигини ҳам ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда. Агар кўп қаватли уйларни бошқариш қонунда кўрсатилганидек олиб борилса, ёрдамга муҳтожлар яна четда қолиб кетмаса, муаммолар чекиниб, ишлар юришиб кетишига ишонса бўлади.

“Кўп қаватли уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганига ҳадемай беш йил бўлади. Унда кўрсатилган вазифаларни тегишли вазирлик ва идоралар пойтахтнинг Миробод туманидаги Шароф Рашидов номли маҳалласида амалга оширишни яна неча йил кутишлари керак?

Нуриддин ОЧИЛОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 1 =