Жиззахнинг саноат салоҳияти юксалмоқда – дашт жойларда замонавий корхоналар пайдо бўляпти

Президент Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Жиззах вилоятига ташриф буюриб, саноат ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ишлар, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва бошқа объектлар билан танишди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб “Зомин технопарки” махсус саноат зонасини бориб кўрди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида иқтисодиёт учун ғоят зарур бўлган корхоналар барпо этилмоқда. Бу янги иш ўринлари яратилиши, саноат тармоқлари ривожланиши, пировардида, халқимиз фаровонлиги ошишига хизмат қилаяпти. Жиззах вилоятида ҳам кейинги йилларда қайта ишлаш саноати ҳажми сезиларли даражада ошди.
“Зомин технопарки” қурилишини ўтган йили 27 июнда давлатимиз раҳбари бошлаб берган эди. 400 гектарда барпо этилаётган технопаркда хитойлик инвесторлар билан биргаликда 1 миллиард 200 миллион долларлик 31 та лойиҳа амалга оширилади.
Ўтган даврда зарур инфратузилма ва иншоотлар барпо этилди. Яқинда илк корхона – “Xinjiang Honglin Tiandi” компанияси томонидан қиймати 10 миллион долларлик бетон маҳсулотлари тайёрлаш лойиҳаси ишга туширилди. 60 кишининг бандлиги таъминланди.
Айни кунларда 42 миллион долларлик иккинчи лойиҳа бўйича ишлар якуний босқичда. Унда “Midea” бренди остида йилига 300 минг дона маиший электр техникалари ишлаб чиқарилади. 150 та иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбарига шу ва навбатдаги лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.
Биринчи босқичда махсус саноат зонасига 9 та лойиҳа жойлаштирилган. Бугунги кунда қарийб 300 миллион долларлик яна 7 та лойиҳа бўйича қурилиш ишлари давом этмоқда. Уларда қурилиш материаллари, конструкциялар, электр техникаси ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, логистика ва тренинг маркази ташкил этилади.
Умуман, саноат зонасидаги барча лойиҳалар натижасида қарийб 5 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, 15 турдаги янги маҳсулот ўзлаштирилиб, 70 миллион долларлик экспорт салоҳияти яратилади. Энг муҳими, 5 мингдан ортиқ фуқаро ишли бўлади.
Президент инвесторларга кўмаклашиб, лойиҳаларни тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Саноат соҳаларига мос мутахассислар тайёрлаш, ёшлар бандлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари “Зомин технопарки”да режалаштирилган янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Юқорида қайд этилганидек, биринчи босқичда 9 лойиҳа бўйича ишлар бошланган. Энди иккинчи босқич доирасида яна 5 та лойиҳа шакллантирилган.
Жумладан, “Longze Investment Group” компанияси билан ҳамкорликда хавфсизлик ва тиббиёт техникалари, “Foxit” компанияси билан ноутбук, планшет, сервер, роутер каби замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, чарм ва спорт пойабзаллари, қурилиш материаллари, чинни идишлар, кимё маҳсулотлари бўйича лойиҳалар кўзда тутилган.
Уларнинг умумий қиймати 250 миллион доллар атрофида бўлиб, юқори қийматли товарлар ишлаб чиқарилади. Тайёр маҳсулотларнинг қарийб 70 фоизи ташқи бозорга йўналтирилади.
Жиззах вилоятида хорижий инвестициялар миқдори йил сайин ўсиб бормоқда. 2018 йилда вилоятда бор-йўғи 18 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, ўтган йили бу рақам 1 миллиард доллардан ошган. Охирги саккиз йилда вилоятга 3,7 миллиард доллар инвестиция киритилган, 4 мингдан зиёд саноат корхоналари ишга тушган. Чет эл капитали иштирокидаги корхоналар сони 260 тадан ошган.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Зомин туманида қурилаётган маиший техника заводини кўздан кечирди.
Ушбу йўналиш бўйича юртимизда катта салоҳият мавжуд. Давлатимиз раҳбари бу суръатни давом эттириб, миллий брендлар остида янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, Ўзбекистонни минтақавий “электротехника хаби”га айлантириш вазифасини қўйган. Зоминдаги завод бунинг бир қисми бўлади.
“Навоий” махсус саноат паркининг филиали сифатида ташкил этилган мажмуа 80 гектар майдонда жойлашган. Лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион доллар. Бу ерда кир ювиш машинаси, совуткич, телевизор, электр сув иситкич каби йилига 1 миллион дона маиший техника ҳамда бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилади. 100 турдаги маҳсулотлар натижасида маҳаллийлаштириш даражаси 70 фоизга етади.
Муҳими, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 320 миллион долларни ташкил этади. Шундан 140 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилади. 7 мингдан зиёд аҳоли иш билан таъминланади.
Саноат паркида тайёрланган маҳсулотлар Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон сингари 15 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинади.
Ҳозирги ўзгарувчан бозор талабларига тез мослашиш учун заводнинг ўзида қолипхона ҳам ташкил этилади. Замонавий логистика маркази орқали маҳсулотлар харидорга изчил етказиб берилади.
Бундан ташқари, саноат паркида “Автосаноат” АЖ таркибидаги корхоналар учун пластмасса маҳсулотлари тайёрлаш ҳам режалаштирилган.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида имкониятларни тўла ишга солиш чоралари кўрилмоқда. Ўтган йил 31 декабрда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича Президент қарори қабул қилиниб, зарур масалалар ҳал этиб берилган эди. Хусусан, унда 2025 йилда 2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, экспортни 285 миллион долларга етказиш, 168 минг кишини ишли қилиш чора-тадбирлари белгиланганди.
Бу вазифалар бирин-кетин бажарилмоқда. Ўтган олти ойда Жиззахда саноат, сервис ва қишлоқ хўжалигида 200 та лойиҳа ишга тушди. Вилоятга 662 миллион доллар инвестиция кириб келди.
Натижадорликни янада ошириш мақсадида Жиззах вилояти Зомин туманида ҳам “Ислоҳотлар штаби” тузилган.
Давлатимиз раҳбари ташрифи давомида вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган янги лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишди.
Хусусан, “ягона дарча” тамойили асосида қишлоқ хўжалиги хизматларини битта жойга жамлаган “Агромарказ” ташкил этилди. Ҳосилдорликни оширишга қаратилган янгича ёндашувлар вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатига ижобий таъсир этиб, аҳолининг кўпроқ даромад топишига имкон яратмоқда.
Жиззах вилояти картошкачиликни ривожлантиришга замин қилиб олинмоқда. Бугунги кунда Зомин илмий тажриба станциясида хорижий ва маҳаллий селекцияга мансуб 12 та нав бирламчи уруғчилиги йўлга қўйилди.
Одатда, уруғлик картошка етиштириш 6-7 йилни ва 8 та босқични талаб қилса, янги таклифга кўра, жараён 4 босқичга камайтирилиб, 2 йилда тайёрланади. Бунда картошканинг янги селекция навларидан 12 тонна юқори авлод супер элита уруғлик аҳоли хонадонларига бепул тарқатилади. Натижада 120 тонна элита картошка уруғлиги етиштирилади. Лойиҳа доирасида Зомин ва Бахмал туманлари уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштирилади.
Шунингдек, дуккакли экинлар экиш, Зарбдор туманидаги каналда насос станциялари ва магистрал қувурлар қуриш режалари белгиланган.
Жиззахнинг турфа табиати, тоғли ва чўл ҳудудлари йилнинг тўрт фаслида ҳам саёҳат қилиш имконини беради. “Зомин” туристик-рекреацион зонаси, Зомин аэропорти ва янги йўллар бу имкониятларни янада кенгайтирди. Йирик 6 та канал бўйида сайилгоҳлар ташкил қилинди. Энди “Айдар-Арнасой” кўллар тизими қирғоқ бўйида ҳам замонавий туризм маркази барпо этилади.
– Туманларга саноатни олиб кириб, одамларни ишли қилишга ҳаракат қиляпмиз. Илгари дашт бўлган жойларда замонавий корхоналар пайдо бўляпти. Одамларимиз ҳунаридан, томорқасидан ҳам даромад топаяпти. Лекин бу бугунги натижа. Янги авлод етишиб келяпти, ёшларимизнинг билими, талаби ошиб боряпти. Уларнинг ишлаши, яхши яшаши учун ҳозирдан замин яратишимиз керак. Агар имкониятлардан тўғри фойдаланилса, Зомин тумани ишсизликдан холи ҳудуд бўла олади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Маълумки, Кўкдала туманининг янги марказида санъат саройи, санъат мактаби, умумтаълим мактаби ва спорт мажмуаси ёнма-ён барпо этилмоқда. Давлатимиз раҳбари бу болаларга қулай бўлишини таъкидлаб, келгуси лойиҳаларда шу усулни қўллаш зарурлигини айтган эди. Энди шу тажриба асосида Зомин туманида ҳам маданият саройи ва санъат мактаби қурилиши режалаштирилган. Маданият саройи 300 ўринли бўлиб, туман марказидаги 45 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Бу ерда “Зомин сайқали” фольклор-этнографик жамоаси, 13 та тўгарак фаолият юритади.
Мутасаддиларга ушбу режалар ижроси, ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожи бўйича топшириқлар берилди.
Шу билан Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи якунланди.
ЎзА.