Қутлуғ қўл

ёки меҳнатдан саодат топган янгиқўрғонлик Ҳошимхон НАЖМИДДИНОВни ёд этиб
Наманган аҳли ичида дўстларига оқибатли, касбига муҳаббатли, устозларига садоқатли, шогирдларига меҳрибон, берган кунига шукур қиладиган ва яна энг муҳими, ота-оналарининг хизматларини қилиб, дуоларини олган қадрдонларим кўп. Ана шундай фазилатли инсонлардан бири Икромхон ака Нажмиддиновдир. “Ҳаёт устозимсиз”, – деб ўзларига ҳам айтиб юраман. Кейинги йилларда Наманган диёрига борсам, албатта, ҳузурига кириб, дуо олишга одатланганман. Гоҳ-гоҳида узоқроқ суҳбатлашиб ҳам қоламиз.
Табиатим шундай, ота-онасини тез-тез эслайдиган, улар ҳақида ибратли ҳикоялар гапириб юрадиган инсонларга талпинавераман. Кўзи тириклигида хизматларини қилиб, ота-онасининг дуосини олган кишилар ҳақида ёзсам, роҳатланаман, хайрли иш қилдим деб қувонаман. Икромхон ака туман, вилоят ҳокими, вазир ва бошқа юқори идораларда масъулиятли лавозимларда ишлаганида ҳам, бугун Республика “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлса ҳам ҳечам ўзгармади. Икромхон ака қандай отанинг фарзанди экан-а, дея кўнглимдан ўтказиб юрардим. Шубҳам йўқ эди, элу юртимизга, Ватанимизга, Президентимизга сидқи ихлосда илғор бўлган Икромхон ака улуғ инсонлар зурриёти экани ҳақида тафаккур қилардим.
Яхши ниятли инсонларни Аллоҳнинг ўзи бир-бирига дилкаш қилиб қўяр экан.
Ўтган ҳафта яна Наманганга йўлим тушди. Йўқлаб кирсам, қалингина альбомни варақлаб ўтирган экан. Унга сарғайиб кетган газеталарда босилган мақолалар ёпиштирилган экан.
— Отам раҳматли ўзи ҳақида чиққан мақолаларни шундай асраб юрарди, – деб у менга альбомни узатди.
Альбомда эллик-олтмиш йил илгари чиққан мақолалар ҳам бор экан. Журналист касби нонини еб юрган ижодкор сифатида ёзган мақолаларимни қаҳрамонларим шундай авайлаб-асрашини кўз ўнгимга келтириб, хурсанд бўлиб кетдим.
— Икромхон ака, отангиз ҳақида ҳар қанча ёзса арзийдиган инсон экан, — дедим.
Аллоҳ кўнглимга солибди-да, ҳамсуҳбатим ҳам хурсандчилигини яшира олмади.
— Ҳаёт бўлганида, Ҳошимхон отам раҳматли шу ойнинг охирида юз ёшга кирар эди. Шу сабабдан эсдаликларини ўқиб, расмларини томоша қилиб ўтиргандим…
— Доим ота-онангиз ҳақига эҳсон қилиб юрадиган киши эканингизни яхши биламан. Ўтганларни, айниқса, ота-онани тириклигида хизматида бўлиш, дуосини олиш, ўтганларидан сўнг доимо эслаш, хотирлаб туриш, ҳақларига дуо қилиш қобил фарзандлар учун вожиб амалдир. Бу табаррук қоидаларни Икромхон ака ва у кишининг яқинлари жуда яхши билишади, албатта.
— Шу кунларда азиз ота-онамизни ёд этиб, уларни яхши биладиган дўсту биродарларни таклиф қилишни ўйлаб ўтирган эдим. Яхши бўлди келганингиз, сиз ҳам хонадонимизга албатта, келинг. Ҳақларига дуо қилиб, ёд этсак, руҳлари шод бўлар эди, – деди Икромхон Нажмиддинов.
…Ўн тўртинчи июль. Душанба. Кунларнинг хайрлиси. Янгиқўрғоннинг Исковот қишлоғи “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Улуғ чинор кўчаси. Пештоқига зарҳал ҳарфлар билан “Бу хонадонда I даражали “Меҳнат фахрийси” Икромхон Нажмиддинов истиқомат қилади” деб ёзилган дарвозадан ичкарига кирдик. Ҳовлидаги турли хил мевали, манзарали дарахтлар, гулларнинг алвон рангларидан баҳра оласан киши. Бу қишлоқнинг ҳавоси Наманган шаҳриникига нисбатан салқинроқ ва мусаффороқ экан. Ёзнинг чилласида пойтахтнинг дим, иссиқ ва чанг ҳавосидан безиб юрганингда, бундай жойга келишнинг ўзи бир неъмат бўлди.
Икромхон ака, келаверинглар, деб ҳовли этагидаги соябонли айвонга таклиф қилди. Ўтган ота-онасини эслаб эҳсон дастурхони ёзибди. Сўрида ўтирган ўттиз беш ёшлар чамасидаги қори домла Исковот жоме масжиди имоми Низомиддин Убайдуллаев экан. У: “Шомга яқин қолди, мен чиқай”, деб бир калима Қуръон оятларидан тиловат қилди. Ҳа, ўтганлар руҳини дуолар билан шод этиш тирикларга ҳадя берган билан баробардир. Шом кириб, қоронғи туша бошлагач, бир-бирига навбат бермай сайраётган қушларнинг овози ҳам тинди. Кузатишимча, сайроқи қушлар ҳам файзли, фариштали хонадонларни макон тутар экан.
— Ота-боболарнинг ибратли ишлари билан зурриётларини танитиш учун уларни газета, китобларга ёзиш керак, – деди Икромхон ака. — Хотиралар тарихни яқинлаштиради. Қариндош-уруғлар ўртасидаги биродарлик алоқаларини мустаҳкамлайди. Келгуси авлодларга ота-боболари қандай инсонлар бўлгани ҳақида маълумот беради. Аввало, шундай ота-онанинг зурриёти бўлиб дунёга келганим учун Аллоҳга шукур дейман. Ҳошимхон отам раҳматли ўн етти ёшида акаси Эшондадахондан бир ой кейин Иккинчи жаҳон урушига жўнатилган экан. Украинанинг Мелитополь шаҳрида немис-фашистларга қарши жангда қўлидан оғир яраланади. Тиббий ҳарбий комиссия жанг қилиш қобилиятини йўқотганлиги учун уйига қайтариш ҳақида қарор қилишади. Отам “жангни давом эттираверай” деб командиридан илтимос қилади. Уларнинг суҳбатини тинглаб турган татар миллатига мансуб врач кампир уни четга чақириб: “Ўғлим, жудаям ёш экансан, мен Наманганда бўлганман, ўрик, жийда, ёнғоқ, майизлари жуда ширин бўлади. Она юртингга қайт, соғайиб кетиб меҳнат қилсанг асло кам бўлмайсан. Аммо қўлингдаги жароҳат билан у тузалгандан кейин ҳам жанг қилишингга, хизматда бўлишингга рухсат беролмаймиз.
Шу тариқа отамиз урушдан қайтишга мажбур бўлади. Қишлоққа қайтса, қариндош-уруғлар йиғилиб, акаси Эшондадахон урушда қаҳрамонларча ҳалок бўлгани ҳақидаги қорахатни олишиб: “Бир ўғлимиздан айрилдик, иккинчиси урушдан эсон-омон қайтсин”, дея Аллоҳдан сўраб мушкулкушод қилишаётган экан.
Акасидан айрилгани дарди кетмай туриб, келганидан уч кун кейин онаси вафот этади. Эртасига бешикдаги синглиси оламдан ўтади. Қайғу ва кулфат бир келди, қатор-қатор келди. Орадан яна уч кун ўтиб, қумғонда чой қайнатиб ўтирган отаси “бошим оғрияпти” деб, пешинга бориб, у ҳам жон таслим қилади. Орадан бир неча кун ўтиб, тоғаси ҳам оламдан ўтади. Ўн кунда шунча жигаридан айрилади.
Икромхон акадан отасининг бошига тушган ўша мусибатлар ҳақида эшитяпман-у, беихтиёр Абдулла Ориповнинг “Муножотни тинглаб” шеъридаги мисралар ёдимга тушди:
Эшилиб, тўлғаниб ингранади куй,
Асрлар ғамини сўйлар муножот,
Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига
Қандай чидай олган экан одамзод!
Яхшиям Котибхон тоғаси бор экан, отамга намоз ўқишни, тиловат қилишни ўргатиб, “Арвоҳларнинг қорни оч бўлади, дуо қилсанг, кетади”, деб айтган экан.
Онадан ҳам, отадан ҳам бевақт етим қолган икки укаси, бир синглиси Ҳошимхон ота қарамоғида қолади. Худо раҳмат қилсин, хўжалик бригада бошлиғи Йўлдошали Қирғизбоев оталарча меҳрибонлик кўрсатади. Бригадасига табелчи қилиб олиб, ҳисоб-китоб ишларини ўргатади. Орадан бир-икки йил ўтиб, устози Йўлдошали бригадирнинг тавсияси билан Кандабулоқдаги режалари бажарилмайдиган оғир бригадага бошлиқ бўлади. Ҳошимхон Нажмиддиновнинг қўли қутлуғ, қадами хосиятли келиб, бир йилдаёқ пахта ҳосилдорлиги икки бараварга ошади.
Шундай қилиб салкам эллик йил давомида энг оғир бригадаларни бошқариб, ҳайрон қоладиган мўъжизавий натижаларга эришади. Ерга жон билан қувват киритишга қодир бўлган афсонавий бригадирга айланади. Кўксини ўша даврнинг орден-медаллари билан безайди.
Пахтачиликнинг шонли тарихида деҳқончилик пирлари бўлган ўнлаб инсонларни биламан. Масалан, Шароф Рашидов ва Ботирали Ҳакимовнинг оталари ҳам Ҳошимхон Нажмиддинов каби қутлуғ қўлли, оловқалбли бригада бошлиқлари бўлган.
Қадами теккан ер борки, барака ёғиладиган, шундай назаркарда деҳқонлар ҳақида ёзмоқчи бўлсам, сатрлар қуйилиб келаверади.
Ҳошимхон Нажмиддинов тўғри сўз, ишнинг кўзини биладиган, ҳақиқат учун ҳеч кимни аяб ўтирмайдиган, тартиб-интизомни маҳкам ушлайдиган табиатли, меҳнат учун туғилган инсон бўлган экан.
Йўқдан бор қилиш керак, борини ҳамма ҳам қилаверади деган шиорга амал қилиб яшаган экан. Яна бир қизиқ феъли – амалдан қочиб юрган. Бир сафар колхозга раис қилиб сайлашади. У пайтлари туманни райкомнинг биринчи котиби бошқарарди. Отни миниб олиб, тўғри райкомнинг уйига боради. Чақирса, чиқавермайди. Отни боғлаб қўйиб, эшигининг тагида кутиб ўтиради. Анча вақтдан кейин райком чиқиб: “Бирор муаммонгиз борми?” деб сўрайди. “Раис бўлмоқчи эмасман. Фалончи раис қамалди, пистончи раиснинг иши терговда, мен ҳам қамалиб кетсам, етим укаларимнинг тақдири нима бўлади? Иккита укамни уйлашим, синглимни узатишим керак”, деб дангал айтган экан.
Райком котиби: “Қизиқ одам экансиз, одамлар раис бўлай деб ортимдан чопиб юрса-ю, сиз бўлсангиз унамайсиз-а? Майли, бригадирлик қилиб юраверинг”, дейди райком котиби.
— Дадамдан бир куни: “Доим далада бўласиз, ўртоқларингизга ўхшаб дам олишларга бориб, маза қилиб юрсангиз бўлмайдими?” деб сўрадим, — дея ёдга олди Икромхон ака. — “Урушда юрганимда Аллоҳга илтижо қилиб, агар урушдан эсон-омон қайтсам, фақат меҳнат қиламан, деб ўзимга ўзим сўз берганман. Бирор марта сўзимдан қайтганимни кўрганмисан, ўғлим? Мен далада ишласам дам оламан”, деди отам раҳматли. Бу саволни кейин яна қайтаришга ботина олмаганман.
Дадамнинг шу гапларини эсласам, кўзимга ёш келаверади. Яратган Эгам унга тинимсиз меҳнат қилиб, одамларга яхшилик қилиб, меҳр-мурувват улашиб, роҳат оладиган қалб ато этган экан, – деди Икромхон ака.
Суҳбат мавзуси айланиб-улгуриб маънавият, китобхонлик мавзусига келиб қолди. Шунда:
— Журналистлардан, ёзувчи-шоирлардан дўстларингиз кўп, иш столингизда доимо газета-журнал, китоб бўлади, – деб Икромхон акадан сўрадим.
— Газетага, китобга меҳр дадамдан ўтган бўлса керак, – деди у. — Республика, вилоят ва район газеталарини ҳар куни ўқирди. Москванинг “Время”, Ўзбекистоннинг “Ахборот” кўрсатувини кўрмасдан ухламас эдилар. Зиёли инсон бўлган.
Раҳматли Музайямхон онам дадамнинг розилиги учун аҳли аёллик вазифаларини беками кўст бажариб ўтди. Қишлоғимиздаги ҳамма маҳаллаларда аёллар онамдан маслаҳат сўрашарди, тўйларни бошқарарди. Тенг-тенги билан деган нақлни ҳаётга татбиқ этарди…
Икромхон аканинг оз-моз томоғи оғрибди, шекилли, “сут қайнатиб келинглар”, деб буюрди. “Сиз ҳам ичасизми?” деб мендан сўради.
Такаллуфни қайтариб ўтирмадим. Устоз билан бир косадан иссиқ сут ичдик. Шунда, эҳ, мана ҳақиқий сут қандай бўлади девордим ўзиям. Биз Тошкентда бир литрини 15-20 мингга сотиб олаётган сут қаерда-ю, хонадондаги чинакам табиий сут қаерда. Нимасини айтамиз, биз шаҳарда ичаётган сутнинг фақат ранги сутга ўхшайди, лекин неча бор қайта ишланавериб сувдек бўлиб қолган бўлади-да.
— 1974 йилдан бери хонадонимизда мол, қўй, парранда боқамиз. Бировнинг молининг сутини ичмаймиз. Қатиқ, қаймоқ, сариёғ, тухум сотиб олмаймиз. Экологик тоза маҳсулот истеъмол қиламиз, – деди хонадон соҳиби.
Шу пайт катта дарвоза рўпарасидаги сўрида ўтиргандик, кўринишидан Нажмиддиновларга ўхшаб кетадиган киши кириб келди. Бўлмаса, суҳбатимиз янада чўғ олиб, Икромхон ака билан чорвачилик маҳсулотларининг сифатию, муаммоларигача давом этиши аниқ эди.
— Укам Тоҳир. Келгуси йили етмишга киради. Умр бўйи ғазначи бўлиб ишлади.
Янгиқўрғондан ажойиб таассуротлар билан қайтишда Чортоққа — ҳамкасбим, таниқли ёзувчи Рустам Умматовни йўқлаб бордим. Ҳошимхон ота ҳақида хотира ёзаётганимни айтдим.
— Жуда яхши, хайрли иш– деди Рустам ака. — Ҳошимхон отанинг Усмон деган ўғли ҳам бўлган, шу ҳақда ҳам ёзиб кетсангиз, — деди у. — Жуда дастурхони очиқ, ижод аҳлига меҳри баланд инсон бўлган. Усмонхон ака ўзи яхши кўрадиган нарсаларни бошқаларга ҳам илинадиган киши эди. Бир гал радиодан интервью олиш учун унинг ҳузурига борсам, ҳар бир қаватига қаймоқ, қўй ёғи билан қийма ёйилган иссиқ қатлама пиширтирган экан. Ўшанда Исковот, аввалги “Победа” хўжалигидаги боғда бир тупидан 2 тонна 800 килограмм ҳосил олинган уйдек келадиган олма дарахтини кўрсатган эди. Ҳалигача эсимда, ҳалим, меҳмондўст, юзидан нур ёғилиб турарди…
Ҳошимхон Нажмиддинов сулоласи ҳақида ўйлаб туриб, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Қўллар” қасидасидаги қуйидаги мисралар ҳам ёдга тушди. Улуғ шоир Ҳошимхон Нажмиддинов каби қутлуғ қўлли фазилат эгаларини мадҳ этганга ўхшайди:
Танингда камтарин аъзо
Бу қўллардир, бу қўллардир,
Мудом меҳнат учун пайдо
Бу қўллардир, бу қўллардир.
Жаҳонда токи бунёдсен,
Ки номи одамизодсен,
Юракдек тинмаган асло
Бу қўллардир, бу қўллардир.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.