Маънавиятни холисона тарғиб қилиш — улуғ иш

Ассалому алайкум, азиз “Hurriyat” газетаси жамоаси!

Сизларга саломларимни йўллайман ва қаламингизда битган ҳар бир сатр учун чуқур миннатдорлик билдираман. “Hurriyat” — бу нафақат бир нашр, балки халқ билан юракдан мулоқот қиладиган, ҳақиқатни аён қилиб, ижтимоий-маънавий онгни юксалтиришга хизмат қилувчи эзгу минбардир.

Сизнинг ахборотга бўлган масъулиятингиз, сўзга бўлган эҳтиромингиз ва адолатни ёритишдаги жасурликларингиз эътиборга лойиқ. Давр талабларига мос, замонавий ва бир вақтнинг ўзида миллий қадриятларимизни ҳам унутмайдиган материалларингиз юракларга етиб бормоқда.

“Hurriyat” — бу эркин фикр, теран таҳлил ва халқ дардини эл ичида эшита олиш қобилиятининг синонимидир. Бу нафақат газета, балки қалбларга нур сочувчи маърифат шамчироғи, ҳақиқий ижтимоий кўзгудир.

Сизни Яратувчи асрасин! Қаламингиз ҳеч қачон синмасин, сатрларингиз халқ манфаати учун ёзилган соф сўзлар билан безансин! Янада катта муваффақиятлар, кенг аудитория ва чуқур эътибор сизларга доимо йўлдош бўлсин. Қуйида маънавиятга оид мулоҳазаларимни тақдим этаман.

Илҳом ШЕР

 

Инсон қалбини маънавият нурисиз тасаввур этиб бўлмайди. У ҳаётимизни маъно билан тўлдиради, одамни одам қиладиган энг олий фазилатдир. Маънавият — бу нафақат билим ва ахлоқ, балки қалбнинг масъулияти, виждоннинг уйғоқлиги, инсоннинг бутун борлиғи билан яхшиликка интилиши демакдир.

Маънавиятни тарғиб қилиш эса — ҳажга боргандек муқаддас, савобли ва юксак бир амалдир. Негаки, ҳаж — қалб поклиги, ният софлиги, руҳий камолотни англатса, холисона маънавий тарғиб ҳам ана шу йўлдаги сафардир. Ҳажда инсон Каъба атрофини тавоф қилса, маънавият сафарида у Аллоҳ ато этган ўз қалби салоҳиятини намоён этади. Ҳажда инсон гуноҳлардан покланишни ният қилса, маънавият тарғиботчиси жамиятни маънавий ифлосликлардан тозалашни мақсад қилади.

Шунинг учун ҳам ҳақиқий маънавиятни тарғиб қилган инсон ўзгаларга ибрат бўлади. Чунки унинг ҳар бир сўзида ҳаёт мазмуни, ҳар бир қилган ишида эзгулик завқи мужассам. У нафақат гўзал нутқ қилиб, балки шахсий намуна орқали кўплаб қалбларни ғафлат уйқусидан уйғотади. Маънавий сафо касб этган қалбларда нафратга ўрин қолмайди, зўравонликка, ёлғонга, бузғунчи ёт ғояларга қарши ҳақиқат байроғи баланд кўтарилади.

Бугунги кунда маънавий тарғибот нафақат имом-хатиблар, муаллимлар ёки зиёлилар зиммасида, балки ҳар бир онгли инсон тарғиботчидир. У фарзандига берган тарбияси, қўшнисига айтган ширин сўзи, ижтимоий тармоқда ёзган бир самимий гапи орқали маънавият элчисига айланиши мумкин. Ҳар бир ширин сўз — бир уруғ; у қалбларга тушиб, ажиб гулларга айланади.

Шу боис маънавиятни тарғиб қилиш ҳеч қачон оддий иш бўлиб қолмайди. Бу корга ажру савоб бисёр, қолаверса, бу — нафсга қарши кураш, бефарқликка қарши чиқиш, муҳаббат ва садоқат билан қуролланиб, маърифат шамини ёқиш демакдир. Бу йўлда тинимсиз интилиш, сабр ва пок ният талаб этилади. Ана шу сабабдан ҳам бу улуғ амал ҳаж сафарига тенглашади.

Хулоса қилиб айтганда, маънавиятни тарғиб қилиш — Ҳақ йўлидаги энг улуғ солиҳ сафарлардан биридир. Зеро, у қалбларни турли ғуборлардан тозалайди, жамиятни илғор ғоялар асосида муттасил юксалтиради ва инсониятни тамаддун эришган барча ҳаёт ҳақиқатларига яқинлаштиради. Шу боисдан бу ишни ҳаётимиз мазмунига айлантириш — ҳар биримиз учун шарафли бурч, қутли вазифа бўлмоғи керак.

Юртимиздаги ҳар бир мактаб, таълим даргоҳлари, маънавият ва маърифат соҳасига дахлдор ташкилот ва идоралар, шу жумладан, таҳририятлар, театр ва кино, маданият ва санъат доиралари, бари барчасининг иш фаолияти бир кунда кўринмас, дарров натижасини бўй кўрсатмас, лекин уларсиз ҳаёт, эртанги кун, келажак йўқ.

Айтмоқчиманки, ушбу йўлда фаолият учун нимаики керак бўлса, барини қилиш керак. Бежиз Президентимиз китобхонликка эътиборни кучайтиришдан бошламадилар ишни.

Фақат бу ҳақиқатни ҳамма англаб етиши, ўз ҳиссасини қўшмоғи керак деб ўйлайман.

Илҳом ШЕР

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × two =