Бобом — менинг ҳаёт мактабим

“Шарқ юлдузи” журнали эски сонлари қўлимга тушиб қолди-ю, ундаги мақолалар анчадан бери мулоҳаза қилиб юрган мавзуни қоғозга туширишимга сабаб бўлди.
Шахсий архивимда “Қирғизистон ҳақиқати” газетасининг 1957-1958 йиллардаги тахламлари бор. Фрунзеда, ҳозирги Бишкекда чиққан газетага биринчи бўлиб бобом Нўъмонжон Ғуломов муҳаррирлик қилган.
Бу газеталар тахламларини Ўш вилояти газетаси таҳририятига тақдим этсамми, деб иккиланиб юрган эдим, устоз Мухтор Худойқулов билан кўришиб қолиб, у кишидан ҳам бу ҳақда фикр сўрадим. Устознинг таклифи Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига топшириш тўғрисидаги иккиланишларимни тарқатиб юборди…
“Шарқ юлдузи” журналининг 2017 йил 12-сон ва 2018 йил 1-сонида таниқли журналист Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Қалдирғочлар баҳорда келади” қиссасида келтирилган бир воқеа эса мени ўйлантирди, тўғриси, илҳом берди.
Асарда Ўш вилоят компартиясининг органи, ўзбек тилида чоп этилган “Коммунист” газетасининг биринчи муҳаррири Муродхон Собиров ҳақида илиқ лавҳалар бор. Мени эса газетанинг тарихи қизиқтирди. 1987 йилда Фрунзе шаҳрида чоп этилган “Ошская область” энциклопедиясидан иқтибос:
“Аравонбура, Жалолобод, Бозорқўрғон ва Қирғизистон жанубининг бошқа районларида тарқатилган ўзбек тилида чиқадиган “Коммунист” газетасининг биринчи сони 1932 йил 12 апрелда Тошкентда чоп этилган. Газета ҳар ўн кунда бир чиқиб турган. 1933 йилда газета икки саҳифалик бўлиб, адади етти мингтани ташкил этган. ВКП(б) Қирғизистон область комитетининг 1932 йил 29 декабрда “Қизил пахтачи” ва “Коммунист” газеталари редакциялари ҳақида” деб қабул қилган қарорида мазкур газеталар социалистик қурилиш соҳасидаги вазифаларни бажаришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда, деб кўрсатилган. Кейинги йилларда “Коммунист” газетаси “Пахта учун”, “Ленин йўли” номи билан чиқа бошлайди. Ҳозирда унинг номи “Ўш садоси”.
Ёқубжон ака Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги давлат кутубхонасидан газета тахламлари топа олмаганини афсус билан ёзади.
Ўзбекистон Республикаси Миллий китоб палатаси собиқ раҳбари Зуҳриддин Исомиддинов “Коммунист” газетаси тугул, 50-йилларнинг охирида ўзбек тилида чоп этилган “Қирғизистон ҳақиқати” газетасининг ҳам тахламлари йўқлигини маълум қилди.
Яна ҳам қизиғи, “Қирғизистон ҳақиқати” газетасининг тахламлари элчихона орқали Москвадан олиб келтирилгани, аммо маълум вақт ўтиб, ўша тахламлар “макулатура”га бериб юборилганидан хабар топади.
Суриштирув пайтида айбдорнинг бебаҳо тахламларни “сотиб” юборгани тўғрисидаги жавоб ҳаммасидан ўтиб тушади: тўй қилаётган эдим, пул керак эди…
Қиссада “шундан кейин эски газеталарни қидиришни бас қилдик…” дейилади.
Қўшни республика матбуотида “Қирғизистон ҳақиқати” газетасига “дастлаб Қирғизистон компартияси Марказий қўмитасининг бўлим мудири Маҳмуджон Исмоилов, кейинроқ Тошкентдан таклиф этилган журналист Нўъмон Ғуломов бош муҳаррир бўлди”, деб ёзилган. Назаримда, бу ерда янглишлик бор. Қўлимдаги тахламнинг биринчи сонидан бир ой давомида бобом “Муҳаррир вазифасини бажарувчи” бўлган. Кейин Марказқўм пленуми у кишини муҳаррир ва Марказқўм аъзоси этиб тайинлаш ҳақида қарор чиқаради.
Ўша йиллари газетада олис Олабуқадан Турсунбой Адашбоев, Сузоқдан Жўравой Қурашев, Бозорқўрғондан Ўсканбой Матқосимов, Мосидан Қодиржон Собиров, Аравондан Усмон Тоштемиров, Ўшдан Қўлдош Бекмирзаев, Ўзгандан Ҳайитбой Ҳакимов (“Машъал”) ва Абдуғани Абдуғафуровнинг шеър ва ҳикоялари, долзарб мақолалари мунтазам чоп этилиб турилади.
Совет Иттифоқи Марказқўмининг 1959 йил 31 июндаги қарори билан бир қатор даврий нашрларга барҳам берилади. Мазкур ҳужжатнинг 4-бандида: “Ўш вилоятида (ҳозирги Жалолобод ва Боткент вилоятлари) ўзбекларнинг салмоқли қисмини ташкил этишини ҳисобга олиб, Қирғизистон ССР Компартияси МҚ таклифини инобатга олиб, унинг органи “Қирғизистон ҳақиқати” газетасининг аввалги шакли ва нашр чиқишларини сақлаб қолган ҳолда Ўш вилояти газетасига айлантирилсин”, дейилган.
1959 йили газета Ўшга кўчирилди ва “Ленин йўли” номи билан вилоят газетаси мақомида чиқа бошлайди. Газетага собиқ фронтчи журналист Ҳалимжон Ҳамидов бош муҳаррир этиб тайинланади. Фрунзе шаҳридан журналистлар — Ҳайитбой Ҳакимов, Турсунбой Адашбоев, Раънохон Сарибоева, Болтабой Юсупов, машинистка Санобархон Тошматовалар Ўшга кўчиб келишади. Аравондан Холдоржон Қуронбоев, Абдуқаҳҳор Маннонов, Талъат Солиевлар, Қорасувдан Холматжон Юсупов, Ўшдан Турғунбой Абдуллаевлар таҳририят жамоасига қўшиладилар.
Бобом газетада бир мартагина ўз исмлари билан мақола чоп этган. Унда янги чоп этилиши бошланган газетанинг мақсад ва вазифалари айтилади ҳамда 1956 йилда Қирғизистоннинг иқтисодий ютуқлари шарафланади.
Компартиянинг ҳукмронлик пайтида унинг барча органларида беш кун давомида мамлакатнинг долзарб мавзуларида бош мақолалар ёзилган, уларнинг аксариятини муҳаррирлар ёзишган (“бош” сўзи мустақиллик даврида қўшилган).
Катта-кичик бари — зиё аҳли кунини газетанинг бош мақоласини ўқишдан бошлаган, чунки унда бугуннинг энг муҳим мавзуси қаламга олиниб, ҳукмрон партиянинг роли ва ташвиши очиб берилар эди.
Газета фаолиятидан ташқари унинг ижодкорлари турли таржима ва бадиий кенгаш ишларига жалб қилинар эди. Ана шулардан бири “Манас” эпосининг таржимаси эди.
“Манас” ўзбек тилига кўп марта таржима қилинган бўлса-да, таржима қилиш давом этмоқда.
“Манас” таржимасининг биринчи китобининг дастлабки боблари “Қирғизистон ҳақиқати” газетаси таржимонлари томонидан амалга оширилиб, мазкур газетада чоп этилган. Ундан кейин Миртемир, Султон Акбарий, Турсунбой Адашбоевларнинг таржималари бор.
…Бобом Фрунзега кетмасидан олдин, урушдан қайтгач, Ўзбекистон Марказқўмида матбуот хизматини бошқарган, ЎзТАГ — ҳозирги ЎзАда директор бўлган, “Қашқадарё ҳақиқати” газетасига муҳаррирлик қилган.
Қайтиб келгач, “Қизил Ўзбекистон” газетасида партия турмуши бўлими мудири, Ўзбекистон нашриёт ишлари, полиграфия ва китоб савдоси қўмитаси — ҳозирги АОКАда маҳаллий (ҳудудий) бошқармалар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи бўлган.
…Мактабнинг биринчи синфини битирган йилим бобом мени Андижон-у Арслонбобга олиб борганди. Кузга бориб эса тўшакка михланади. Ўша пайтда уйга рус ва ўзбек тилларида бир дунё газеталар келарди. Мен уларга газеталарни ҳижжалаб ўқиб берардим. Бош мақоланинг аҳамиятини тушунтириб, “Правда” газетасидан унинг жойлашуви андоза олинишини тушунтирган эди. Русчада тутилиб-тутилиб уни ўқиб берар эдим. Бобомни яхши кўрганим учун унинг барча истакларини бажарардим. Назаримда, шу газеталарни ўқиб берсам, у тузалиб кетадигандай туюларди.
Ўзининг хасталиги, унинг устига, отамнинг бевақт бу ҳаётдан кўз юмиши уни ҳам боқий дунёга кетишини тезлаштирди. Бобом, бобожоним 1977 йили 65 ёшида Ҳақнинг раҳматига қовушди. Журналист, кейинчалик дипломат бўлиб камол топишимда бобомнинг ҳаёти ва фаолияти мен учун ҳаёт мактабим бўлди. Шу касбларда бахт топдим, саодат топдим, китоблар ёздим, ёзувчи бўлдим.
Аброр ҒУЛОМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.