Нега ҳашарнинг миси чиқди?

Андижон яна “саҳна”да. Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-мактаб директори З.Мамажонова жорий йилнинг 2 август куни ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлиги ҳақидаги воқеа шов-шув бўлиб кетди. Айтишларича, мактаб директори қайси ўқитувчи ҳашарга келиб, мактабни таъмирлашга ҳисса қўшмаса, дарс соатлари ажратилмаслиги билан таҳдид қилади.

Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ушбу ҳолатга тезкорлик билан баҳо бериб, директор томонидан етарлича назорат ўрнатилмаганлиги сабабли у лавозимидан бўшатилганлигини билдирди. Ушбу ҳолат бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2025 йил 4 август куни ўрганиш ўтказилиб, фактлар тасдиғини топганлигини маълум қилди. Мактаб директори З.Мамажонова “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 51-моддаси 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида жаримага тортилди. Бугун бу жарима миқдори 41 миллион 200 минг сўмни ташкил этади. Марҳаматда мактаб раҳбари Ўзбекистонда мажбурий меҳнат тақиқланганини унутган ё бўлмаса, қонунни назар-писанд қилмаган.  Оқибати қандай бўлишини кўрди. Аммо энди кеч бўлди.

Ўқитувчиларни видео-тасвирга туширган аёл қилаётган ишидан хафага ўхшамайди. Андижонлик аёллар мажбурий меҳнатга жалб қилинганидан норози бўлиб, дод-вой ҳам солаётгани йўқ. Гўё топшириқни бажонидил бажараётгандек. “Борингизга шукур, сиздек ўқитувчилар кўпайсин” деб лутф қилмоқда. Ош тайёр деб дугоналарини руҳлантирмоқда. “Ҳашарга келмаганлар сизлардан ортса, кейин дарс соати олишади”, деб киноя ҳам қилади. Ишлаётганларнинг деярли ҳаммаси аёллар. Бир эркак чеккада ғўдайиб турибди. Аммо масаланинг муҳим бир томони кишини ташвишлантиради.

Аёл директор уялмай аёл муаллимларга зулм қилган.

Тўғриси, кейинги пайтда Андижон вилоятида фалончи пора билан қўлга тушибди, фалончи фалончини уят сўзлар билан ҳақорат қилибди, деган хабарлар тез-тез содир бўлмоқда. Ҳар жабҳада байроқдор бўлиб юрган Андижон аҳли учун Марҳаматдаги ҳолат навбатдаги кўнгилсиз воқеа эмасми?

Бу қонунбузарлик мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги ўзибўларчилик кайфиятида юрган раҳбарларга сабоқ бўлармикан?

Шу ўринда бир мулоҳаза. Ҳашар деган одатларимиз ҳамиша эъзозланган, азалдан бўлган. Кимнингдир уйини қуриб беришга кўмаклашиш ёки маҳалладаги юмушларга, ободончиликка бош қўшиш деймизми? Аслида мактабнинг ободончилиги ҳам шахсий иш эмас. Мактаб директори ўқитувчиларни ўзининг шахсий ишига ёки ўз уйини таъмирлашга қўл остидагиларни мажбур қилмаган. Аммо нима учун унда бу “ҳашар” танқидга учради, таълим маскани раҳбари жазоланди?

Бизнингча, ҳамма гап муносабатда, ишни қандай олиб боришда. Чунки ҳашар ҳеч қачон  мажбурий равишда бўлмаган, ҳеч ким ҳар қандай савобли иш бўлсин, ҳашар бўлсин дўқ-пўписа билан амалга оширилмаган. Аксинча, одамлар кўнглига йўл топилган. “Агар фалон ишни қилмасанг, кўрасан!” қабилида эмас. Шунинг учун Марҳаматдаги “ҳашар”нинг миси  чиқди.

Гавҳар ДИЛМУРОДОВА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + twelve =