Бугунги асака кечаги Асака эмас

ёки “Дўстлик” ордени соҳиби, туман ҳокими Насибулла МЎМИНОВ билан бир кун

Бундан юз йилча муқаддам руслар таъқибидан қочиб, Саудия Арабистонига ўтиб кетган муҳожир билан асакалик ҳамюрти кўришганида “Асаканинг йўллари ўнгландими?” деб сўраган экан. Яқин-яқинларгача ҳам журналист сифатида Асака тўғрисида ижобий фикр айтишга ўйланиб қолардим. Чунки ҳатто марказий кўчалари ҳам нотекис, тор ва тирбанд, бозорларида тартиб йўқ эди. Ободончиликда ҳам қолоқ бўлган.

Аммо бугунги Асака кечаги Асака эмас. Кўчалар кенгайди, равонлашди. Бозорлар тартибга тушди. Бир-биридан шинам янги уй-жойлар қурилди.

Аллақачон шундай бўлиши керак эди. Ахир Марказий Осиёда биринчи автомобиль заводи ҳам Асакада қурилган.

Хуш овози билан донғи кетган раҳматли Шерали Жўраев ҳам асакалик эди.

Маҳаллий аҳолининг табиати ҳам ўзига хос. Ҳар бири бир олам. Керакли одам бўлсангиз, мулозаматни қойиллатишади. Зиёлилари жудаям ўткир. Топиб, кесиб гапиришади. Гоҳида суҳбатдошингнинг тили билан дили бирми-йўқми, ажрата олмай қоласан. Буям – бор гап.

Роппа-роса бундан бир йил аввал Асака тумани ҳокими Насибулла Мўминов билан учрашиб, туманда жадал суръатлар билан олиб борилаётган ишлар ҳақида ёзмоқчи бўлгандим. Ҳоким камтаринлик қилиб: “Худо хоҳласа, келгуси йили шу пайтга бориб бошлаган ишларимиз натижа бериб қолади, ўшанда ёзсангиз арзийди”, деганди. Фаришталар омин деган экан. Бир йил ўтиб, Насибулла Мўминов бошлиқ Асака тумани тўртлиги раҳбарлари ҳаётида унутилмас воқеа бўлди. Улар туб ислоҳотлар ва давлат дастурлари ижросини муваффақиятли амалга оширгани, туманнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини юксалтириш борасидаги катта хизматлари ва “Ислоҳотлар штаби” фаолиятини самарали йўлга қўйгани учун Президентимиз Фармони билан нуфузли давлат мукофотларига сазовор бўлишди. Ўзларининг бой билим ва тажрибаси, ташкилотчилик ва ташаббускорлик қобилияти билан ҳудудлар инфраструктурасини такомиллаштириб, халқ манфаатларини рўёбга чиқаришгани, аҳоли тинчлиги ва фаровонлигини таъминлагани учун тақдирландилар.

Туман ҳокими Насибулла Мўминов “Дўстлик” ордени билан, туман прокурори Акмалжон Мирзакаримов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Шоҳруҳбек Назиров, туман солиқ инспекцияси бошлиғи Илҳомжон Раҳимов, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти масъул ходими Фарҳод Набиевлар “Шуҳрат” медали билан тақдирланишди. Улар Ватан учун, миллат учун, халқ учун қилган фидокорона меҳнатлари туфайли Президентимиз назарига тушди.

Ўтган жума куни эрталаб Асака тумани ҳокимиятида бўлдик. Ҳоким мурожаат билан келган фуқароларни қабул қилаётган экан, камина ҳам шу жараёнда иштирок этдим. Мурожаатчиларнинг муаммоларини тинглаб, жойида ҳал этиш учун ечим топиш ҳокимнинг зеҳний иқтидорига боғлиқ эканига ишонч ҳосил қилдим.

Туман ҳокимияти қаршисидан Шаҳрихонсой ўтади. Ёшлар сайилгоҳи бунёд этилибди. Қабулдан сўнг у ерда биз тадбиркор Аҳрориддин Отахонов фаолияти билан ҳам танишдик.

— Ўтган йили сойнинг у томонидаги савдо ва овқатланиш шохобчаларимизда 13 киши ишларди, — деди у сой бўйига юзланиб. — Ҳокимимиз таклифи билан сойнинг бу қирғоғида янги замонавий овқатланиш ва савдо шохобчаларини очдим. Ҳозирги кунда қўшимча 57 нафар ёшга ишчи ўринлари яратилди. Энг катта янгилик: ҳокимимиз Насибулла ака ташаббуси билан сойга пиёдалар учун кўприк қурилди.

У билан туман марказий кўчасидаги эски уйлар ва ташқи кўринишни бузиб турган айрим бинолар ўрнида қурилаётган кўп қаватли замонавий уй-жойлар билан танишдик. Бир пайтлар ёзишга уят ҳолатга келиб қолган ер ости йўли таъмирланиб, бир томонига дўконлар очилибди. Деҳқон бозорига кираверишдаги маданий манзара ҳам кишини қувонтиради. Бундан икки йил аввалги бозор билан бугунги бозор ер билан осмончалик фарқ қилади.

Туман марказидаги янгидан қурилаётган беш қаватли 55-мактаб биносини кўздан кечирдик. У ерда сўнгги пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Туман прокурори Акмалжан Мирзакаримов мактаб қурилишини назорат қилаётган экан. Ўттиз саккиз ёшли прокурорни давлат мукофоти билан табрикладим.

— Медаль олганимга ҳаммадан ҳам кўпроқ дадам хурсанд бўлдилар, — деди у. — “Бир умр давлат ишларида мукофот олишни орзу қилиб ишлаганман, сенга насиб қилгани учун Президентимизга раҳмат!” деб таъсирланиб йиғлаб юбордилар. Дадам хурсанд бўлганлари учун ҳам бахтлиман.

Прокурор газета журналисти эканимни эшитиб, бир воқеани гапириб берди. Отаси хўжалик судида раҳбарлик лавозимларида ишлагани учун жуда кўп газета ўқир экан.

— Газеталарда бериладиган жиноят ва жазога оид мақолаларни ўқиб, прокурор бўлишни орзу қилганман, — деди у самимият билан менга юзланиб.

У ўрнидан туриб, хизмат автомашинаси юкхонасини очиб, менга юзланди. Ўзи ўқиган бир нечта китоблар орасидан “Бобурнома”ни олиб кўрсатди.

— Сиз Хайриддин Султоновнинг “Бобурийнома”сини ҳам ўқиганмисиз? — сўрадим ундан. — Агар ўқимаган бўлсангиз, ҳокимнинг фуқаролар қабулхонасида бор экан, кўрдим, олиб албатта ўқиб кўринг.

Очиғини айтганда китоб, газета-журнал ўқишни ёқтирадиган одамлар тобора камайиб бораётган замонда, прокурорлар орасида ҳам шундай маърифатли инсонларни учратганингизда қувониб кетар экансиз. Туман прокурорига таклифим жуда маъқул тушди. “Сиз айтган адибни жуда яхши биламан, бир қанча китобларини ўқиган эдим. Аммо “Бобурийнома”ни ҳозирча ўқимаган эканман. Албатта, бу асарни ҳам тез кунларда ўқийман”, деди у.

Асакадаги қайта жиҳозланган марказий шифохонадамиз. Тўғриси, бундан бир неча йил аввал шу шифохонага танишимни кўргани боргандим. Ўшанда Андижонда шунақа хароб касалхона борлигига жуда ачингандим. Ўша уятли манзараларни таърифламай қўя қолай. Энди-чи? Пойтахтда ҳам кам учрайдиган, жаҳон андозаларидаги тиббиёт жиҳозлари билан таъминланган замонавий касалхонани ва беморларга яратилган шароитларни кўриб, ҳайратимни яшира олмадим.

— Вилоят ҳокимимиз Шуҳрат Абдураҳмонов марказий касалхонамизнинг қайтадан таъмирланиб жиҳозланишига ўзи бош-қош бўлди, — деди Насибулла Мўминов.

Инсульт хасталиги оқибатларини бартараф этиш мақсадида даволанаётган мўйсафид оқсоқол ётган палатага  кирдик. Бемор шундай шароитлар яратиб бергани учун Президентимизни, ҳукуматимизни алқаб узоқ дуо қилди. Муқаддас ҳадисларда беморлар дуоси мустажоб бўлади, дейилган. Биз ҳам дуога қўл очдик.

Туман ҳокими Насибулла Мўминов амалга оширишни режалаштираётган ишлари ҳақида батафсил гапириб берди.

Асака — мамлакатимиздаги жадал комплекс ривожлантириш режалаштирилган туманлар қаторига қўшилди. Соғлиқни сақлаш, янги бошқарув тизимини ташкил қилиш, коррупция ва жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича ҳам намуна сифатида Асака тумани танланганлиги қувонарли.

Халқ қабулхонаси туман ҳокимлиги ёнидаги бинога кўчирилди. Ҳоким кунлик иш фаолиятини эрталаб фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш ва ҳал қилиш билан бошлаётир. Йил бошидан буён 1100 дан ортиқ мурожаатнинг 78 фоизи ижобий ҳал қилинибди.

— Бандликни таъминлаш, камбағалликдан чиқариш, инвестиция ва экспорт ҳамда муҳит барқарорлигини таъминлаш учун ҳудудлар салоҳиятини чуқурроқ ўрганиш зарур эди. Қўшимча имкониятлар ва захира манбаларни аниқламасдан бу вазифаларни тўлиқ бажара олмаймиз, деди ҳоким.

Шу боис туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида “Ислоҳотлар штаби” фаолият бошлади. Қўшимча инвестиция ва экспорт ҳажмини ошириш мақсадида чет давлатлардаги элчилар билан телемост ўтказиш йўлга қўйилгани ибратга молик.

Ишчи гуруҳ билан биргаликда барча йўналишлар маҳаллабай хатловдан ўтказилди. Туманни уч йиллик ривожлантириш бўйича манзилли стратегия ишлаб чиқилди.

800 гектар адирлик қисмидан янги ер ўзлаштиришга киришилди.

Тадбиркор бўламан деган ва фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган талабгорлар иштирокида 155 та саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги бўйича янги лойиҳаларни шакллантириб, амалга ошириш бошланди.

Туманда янги Ўзбекистон массиви қурилмоқда. Эски уйлар реновация қилинмоқда.

Маҳалла еттилигини жалб қилган ҳолда, ишсиз фуқароларни автобусларда ишлаб чиқариш корхоналарига саёҳатга олиб бориб, шу жойнинг ўзида бандлигини таъминлаш амалиёти жорий қилинди. Шу туфайли 1,5 мингдан ортиқ фуқаролар доимий иш ўринларига жойлаштирилди.

75 та маҳалла имкониятидан келиб чиқиб ихтисослаштирилмоқда. “Агростар” МЧЖ томонидан 5 гектар ер майдонида замонавий “яшил технологиялар” асосида иссиқхона ташкил этиш лойиҳаси локомотив сифатида белгилаб олинди. Уни аҳоли хонадонлари билан боғлаб, 11 та иссиқхонага ихтисослаштирилган маҳаллани йил якунигача 20 тага етказиш мақсад қилинди. Бу орқали яна 7 минг хонадон томорқасидан 3-4 маротабадан ҳосил олиш имконияти яратилади.

70 млн долларлик “Sino International” металл конструкция, трансформатор, кара ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳаси жалб қилинди.

Рақамлаштириш — давр талаби. Бозор, тиббиёт, таълим, иқтисодиёт ва барча соҳаларни рақамлаштириш такомиллаштирилмоқда. Натижада яширин иқтисодиётни камайтириш ҳисобига солиқ режасидан иккинчи чорак якуни бўйича 7,5 млрд сўм қўшимча тушум бўлди.

Шу йилнинг ўзида камбағаллик даражаси 3,4 фоизга туширилади. Туманни коррупция ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсадида астойдил изланяпмиз, — деди ҳоким.

Юқорида алоҳида таъкидланган ишлар, режаларни бежиз келтирмадик. Юртимизнинг ўзига хос гўшаси бўлмиш бугунги Асакадаги ўзгаришлардан сиз азиз муштарийларни хабардор қилишни истадик. Албатта, Асакага боринг, кўзингиз ва дилингиз қувнасин.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 3 =