Мадҳиямизни куйламоқ фахрдир, лекин…

Бу йил “Биринчи қўнғироқ” ва “Билимлар куни”га бағишлаб ўтказилган иккита тадбирда иштирок этдик. 2 сентябрь куни умумтаълим мактабларида, бир кун кейин эса техникумлар ва олий ўқув юртларида янги ўқув йилининг бошланиши зўр тантаналар билан кечди.
Бироқ бир нарса табиатимизни тирриқ қилди. Ҳар иккала таълим муассасасида байрамга шукуҳ бағишлайдиган мадҳиямиз янграганда устозлару шогирдлар қўлларини кўксиларига қўйиб, аммо оғизларига толқон солгандек жим туришди. Ваҳоланки, юртимизда биргаликда куйлайдиган қўшиқларимиз унчалик кўп эмас. Мадҳиямиз эса ёшу қари, эл-улуснинг бошини қўшадиган қўшиғимиздир. Бундай кезларда бир оғизлик кучли бўлган миллатларга ҳавасимиз келади. Масалан, беш-ўнта гуржи бир жойга тўпланиб қолса, биргаликда куйлашни бошлаб юборишади. Уларнинг тотувлигига ҳавасимиз келади.
Аслида, ҳар бир таълим муассасасида мадҳиямиз билан боғлиқ алоҳида тадбирлар бўлади. Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ҳар чоршанба тантанали линейка ўтказилиб, барча ўқитувчи ва ўқувчилар мадҳиямизни баралла куйлашар экан.
Камина иштирок этган ҳар икки йиғилишда атай сўз сўраб, бир таклифни ўртага ташладик. Бундан кейин тадбирларда мадҳиямизнинг фақат куйи янграса-ю, тадбир қатнашчилари уни жўровоз бўлиб куйлашса, айни муддао бўларди, дедик. Куй ва мадҳиямиз матни ёзилган тарона янграганда тадбир қатнашчилари фақат тинглаш билан андармон бўлиб қолишмоқда. Албатта, бу ерда таълим муассасаларидаги раҳбарларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари савияси ҳам яққол кўзга ташланиб қолади.
Мадҳиямиз давлатимиз рамзларидан биридир. Уни ҳар бир киши билмоғи ва куйламоғи фахрдир.
Албатта, давлат идораларида, ташкилотларда, у таълим-тарбия даргоҳлари ёки маданият муассасалари бўладими, бари-барида ўтказиладиган тадбирлар, айтайлик, байрам кунлари, маълум саналардаги кечаларда мадҳиямиз фахр ила айтилса, жуда ярашиқли, шундай эмасми? Лекин бу маросимни ҳар куни, ҳар жойда қуруқ расмиятчилик учун ўтказавериш ҳам тўғри бўлмаса керак. Бундан бир неча йил аввал жойларда ташкилот, корхоналар, айниқса, маҳалла идораларида ҳар куни эрталаб мадҳия айтиб, сўнгра иш кунини бошлашни ташаббус қилинган эди. Бу бир қараганда ҳавас қиларли кўринади. Бироқ одамларнинг энсасини қотирган. Шундай экан, ҳаммаси ўз ўрнида ва ярашиқли бўлиши керак. Сунъий тантанаворлик ҳам ортиқча бўлиб, ҳеч қачон ҳеч кимга наф келтирмаган.
Муҳаммадали АҲМАД,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.