“Жисмимни куйдириб учган овозим”

Ўзбек халқининг фидойи ўғлони, шоир Абдулҳамид Чўлпон ҳинд халқининг улуғ донишманд шоири Робиндранат Тҳакур ҳақида мақола ёзаётиб, ул зотнинг ҳайбати, салобати босиб, ҳаяжонга тушганини, анча вақт тилига сўз келмаганини зикр қилади.

Шавкат Раҳмон деган бир ҳассос шоирнинг сиймоси қаршисида ана шундай ҳаяжондаман, десам,муболаға бўлмас.

Шавкат ака билан ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Тошкентда, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг йиллик ҳисобот мажлисида учрашиш, кўришиш, суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлганман. Бу лаҳзалар ҳаётимнинг энг нурли саҳифаларидан бири бўлган эди.

Шавкат Раҳмон шеърияти… Шавкатли, муқаддас, чинакам ҳодиса бўлган бу шеърият ҳақидаги мулоҳазаларимизни жаҳон шеъриятининг айрим мўъжизалари билан уйғунликда, муштаракликда баён қилсак, тўғри бўлар.

Ҳар бир халқнинг шундай шоирлари бўладики, улар ижодида мазкур халқнинг дарди, қайғуси, орзуси ўзининг самимий ифодасини топади. Эл дарди, қайғуси шоир дардига, қайғусига айланади ва қоғозга шеър бўлиб тўкилади. Шоир ўз халқининг виждонига айланади.

Ҳазрат Навоийда шундай мисралар бор:

 

Одами эрсанг, демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

 

Ёки улуғ ҳинд шоири Робиндранат Тҳакур бир шеърида қаламига шундай мурожаат қилади:

 

Бошимга тушганда қайғули кунлар,

Ялинаман ўз қаламимга:

— Шарманда қилма мени!

Ошкор қила кўрмагин

ҳамманинг қайғусига

айланмаган қайғумни.

 

Ёхуд эрон шоири Бомдод Аҳмад Шомлу бундай ёзган эди:

 

Ўз элин дардини меники демоқ —

бугунги шоирга эмас бегона.

У табассум қилади —

ўзгаларнинг лаблари билан.

Халойиқ дардини, орзуларини

пайванд эта бошлар суякларига.

 

Худди шунингдек, Шавкат Раҳмон тилида эмас, балки дилида, бутун вужуди билан, аъмоли билан эли учун қайғурган, элу юрт дардини, ҳасрату армонларини шеър мисраларига, мисралардаги ҳар битта сўзга жойлаган шоирдир. У ўзининг қисқа умрида қувонч ҳақида, бахт ҳақида гапиришдан андиша қилиб ўтди, “бахтиёрман” деган сўзни айтмай яшади:

 

Оғир ботмасмикин

бу сўз кимгадир,

тегиб кетмасмикин оҳ-воҳларига,

қандоқ бардош бериб

яшайман кейин

бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига.

Аввало, бу сўзни ўзгалар айтсин,

айтсинлар кўзлари қувончга тўлиб,

элнинг бахти учун умрини тиккан

шоирлар айтмасин биринчи бўлиб.

 

Шоирнинг аксарият шеърларида, хусусан, “Кўп йиғлама”, “Ўзгалар дарди”, “Армон”, “Алдаб қўяр”, “Бир хоин хусусида”, “Қодирий ва ҳозирги ёшлар”, “Аравон кўринишлари”, “Нечун бахт сўзини айтмайсан, Мафтун?”, “Қулоғимда қолган йиғи” каби шеърларида юрт келажаги, эл тақдири, қисмати учун қайғуриш оҳанглари бўртиб туради. Шавкат Раҳмон — эл дардини суякларига пайванд этган шоир. Шавкат Раҳмон — юрт қайғуси жисмини куйдирган шоир. У ёзади:

 

Кўз ёшини кўрсатмай мангу

Йиғлайдиган кўзим кўксимда.

 

Шоир шеърларида қайғу бор, ҳасрат бор, дард бор, ғам бор, бироқ йиғи, йиғлоқилик йўқ. Аксинча, ички бир туғён бор, муҳитга қарши исён бор, ўжарлик бор, ғанимларга, ҳатто ношуд миллатдошларга нисбатан аёвсизлик бор! Унинг улкан йиғиси кўзида эмас, кўксида эди… Тилида эмас, жисму жонида эди…

Шавкат Раҳмон ХХ асрнинг сўнгги чораги ўзбек шеъриятига Эрк ва Озодлик мотивларини дадил олиб кирган шоирдир. Бироқ Шавкат Раҳмон баъзи замонасоз назмбозлар сингари “истиқлол”, “мустақиллик” деб кўкрагига уриб айюҳаннос солган эмас. Эрк, Озодлик, Истиқлолга интилиш туйғулари, ғоялари унинг ҳар бир шеъридан, мисрасидан сизиб чиқади. У айтиш мумкин бўлмаган пайтларда тоза виждон билан ўзининг ҳур фикрларини айта олган эди:

 

Сурилар бу темир пардалар,

истибдоднинг туғлари қулар,

моғор босган қора қаърлардан

миллион озод руҳлилар турар.

 

Шоир эътиқодига кўра, эрк йўли, озодлик йўли мазлумлар учун “ягона йўлдир” — “сўнгги йўлдир”. Назаримизда, қатағон йиллари шўровий ғанимлар Чўлпон қўлидан тортиб олган Эрк қаламини узоқ йиллардан сўнг, ўтган асрнинг 80-йилларида Шавкат Раҳмон ғанимлар қўлидан қайтариб олгандай, Чўлпон шеърияти Шавкат Раҳмон шеъриятида давом этгандай гўё. Бундай маънавий-руҳий яқинлик улар шеъриятидаги Эрк, Озодлик мотиви, туйғулари билан боғлиқдир.

Таниқли адабиётшунос олим, профессор Умарали Норматов 2000 йили Ўшда, Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрида, шоир таваллудининг 50 йиллигига бағишланган хотира кечасида шундай бир холис ва ҳаққоний фикр айтган эдилар: “ХХ аср ўзбек шеърияти Чўлпон билан бошланиб, Шавкат Раҳмон шеърияти билан тугади”. Ҳа. Шавкат Раҳмон аср шеъриятини якунлаган шоирдир!

Ўз даврида Фитрату Чўлпонлар кўтариб чиққан туркчилик ғояси, туркий қавмларнинг бирлиги ғояси Шавкат Раҳмон шеъриятининг муҳим қирраларидан бирини ташкил қилади:

 

…шоир юрагимни юлиб берардим

биргина Туркистон деган сўз учун, —

 

деб ёзади шоир “Автобусдаги ўйлар” шеърида.

Ғанимларнинг ифлос оёқлари остида топталган Ватан — Турон замин қисмати, фожиаси шоир дилини, жисму жонини ўртайди:

 

Ватаним дейман-у, бағрим қон бўлар,

бу қандай ватанки хоки бирикмас,

буюк Турон кенгликларида

уруғлар бир-бирин еди тириклай.

Бу қандай ватанки, шоҳизиндалар

бир ғариб элининг орини сотса,

шоирлар салтанат зиналарида

мансабу мартаба тиланиб ётса.

Эй, сиз, адашганлар…

Буюк Турон кенгликларида

кўмилиб ётибди ҳадсиз хазина…

 

Шоирнинг “Туркийлар”, “Кайфият манзараси”, “Шарҳиҳол”, “Жезотлиқ”, “Хиргойи”, “Синов майдони”, “Кенглик соғинчи” каби шеърларида ҳам ана шу руҳ ҳукмрон.

Ўтган асрнинг 60-70-йилларида Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева каби шоирлар авлоди ўзбек шеърияти қаддини кўтардилар, “уни яна саҳнага олиб чиқдилар”. Шавкат Раҳмон эса ана шу қадди тикланаётган шеъриятни яна бир поғона кўтарган шоирлар авлодига мансубдир. Унинг шеърияти — мазмун, руҳ, айниқса, шакл жиҳатидан янгича шеърият, ўктам шеърият. Шоир ҳар бир сўзга бир олам залворли маъно юклайди. “Тоғ”, “тош”, “харсанг”, “дарахт”, “гиёҳ” “қуш” каби кўплаб поэтик образлар, рамзлар ўз маъно қирраларига эга.

Шавкат Раҳмон шеърияти ҳали кўп ўрганилади. Бу буюк меросни ўрганиш, шоир шеърларидаги нафосатни, “қайралган сўзлар” маъноларини кашф этиш, поэтик жозибасини тадқиқ ва талқин этиш ҳозирги авлоднинг бурчи, вазифасидир.

Шавкат Раҳмон шеърияти шеъриятимиз осмонидаги шундай бир ёруғ юлдузки, биз вақт нисбатида ундан қанча узоқлашсак, у шунчалик ёрқинроқ нур сочиб, ўзига мафтун этаверади, ўзига чорлайверади. Шоир бир шеърида фахр ва ишонч шундай ёзган эди:

 

Агар етти қават ернинг қаърида

ётсам-да, ларзага солиб ҳавони,

элимнинг юрагин топар барибир

жисмимни куйдириб учган овозим.

 

Ҳа, Шавкат Раҳмон шахсияти ва шеърияти билан элини, халқини топган шоирдир.

Саидакбар МАХСУМХОНОВ,

филология фанлари номзоди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + 15 =