Орзулар рўёби

Талабалик — умр кундалигимизнинг ёрқин саҳифаларини безайдиган бетакрор давр. Энг беғубор орзуларимиз рўёби мана шу давр билан боғлиқ.
Бугун мамлакатимизда ёшларга яратиб берилаётган кенг имкониятлар замирида Давлатимиз раҳбарининг ёш авлод тақдирига бефарқ эмаслиги, уларга ҳар доим мотивация бағишлаб, қўллаб-қувватлаши каби юксак эътибор мужассам.
Олий ўқув юртида таҳсил олаётган минглаб талаба-ёшлар бизнинг эртанги кунимизни ҳамда истиқболимизни белгилаб берувчи муҳим қатлам ҳисобланади. Талабаларнинг эришаётган ютуқлари, улкан марраларни забт этишга бўлган иштиёқини кўриб, жуда хурсанд бўламан. Гоҳида улардаги жўшқинлик ва ёшликка хос бўлган кучли шижоатидан ўзимга мотивация оламан. Жамиятимизда ўз ўрнига эга бўлган талаба-ёшлар ҳар доим диққат марказида бўлиб келмоқда.
Ҳар бир инсон ҳаётида талабалик йиллари унутилмас ва қимматли давр ҳисобланади. Бу йилларда талабалар билим олади, ўз соҳасининг чуқур сир-асрорларига кириб боради, шу билан бирга ҳаёт мактабидан ҳам дарс олади.
Бугун юртимиз олий таълим муассасаларида юзлаб, минглаб ёшлар диплом олиб, мустақил ҳаётга қадам қўймоқдалар. Улар мамлакат тараққиёти ва миллат равнақи йўлида муҳим ўрин тутадиган янги авлод вакилларидир.
Битирувчи талабаларнинг ҳар бири юксак орзу-умидлар билан катта ҳаёт сари йўл олмоқда. Улар учун талабалик — изланиш ва меҳнат, шу билан бирга дўстлик ва унутилмас хотиралар даври бўлиб қолди. Эндиликда эса улар олдида масъулиятли вазифа — ўз билим ва салоҳиятларини амалда намоён этиш, Ватан равнақи йўлида хизмат қилиш туради.
Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган имкониятлар ва давлатнинг ёшларга бўлган эътибори улар учун катта таянчдир. Замонавий билим, инновация ва ташаббускорлик билан қуролланган битирувчилар эртанги кун тараққиётининг асосий қуввати бўлиб хизмат қилади.
Шубҳасиз, битирувчи талабаларнинг юртимиз тараққиётидаги иштироки янги имкониятлар эшигини очади. Маънавият ва маърифатга асосланган тараққиёт йўлида ёш авлоднинг билими, салоҳияти ва ташаббускорлиги энг муҳим омилдир. Улар — янги Ўзбекистоннинг келажак пойдевори, юрт шаъни ва миллат шарафини юксалтирувчи, эртанги кунни, миллат шарафини юксалтирувчи кучли авлоддир.
Юқоридаги фикрларимизнинг яққол далил, исботи сифатида 2025 йил 23 август куни Тошкент менежмент ва иқтисодиёт институтида битирув кечаси тантанали равишда бўлиб ўтди. Мазкур тадбир институт тарихидаги энг унутилмас воқеалардан бири сифатида ёдда қолди.
Тадбирда профессор-ўқитувчилар, битирувчи талабалар, уларнинг ота-оналари ҳамда меҳмонлар иштирок этдилар. Маросимда институт раҳбарияти сўзга чиқиб, талабаларни самимий табриклади, уларга келгуси фаолиятларида омад ва зафарлар тилади. Мамлакатимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, янги ислоҳотлар ва инновацион жараёнларда битирувчиларнинг иштироки ҳақида сўз юритилди.
Тантана давомида битирувчиларга диплом ва сертификатлар берилди.
Институтда таълим олиш давомида эришилган ютуқлар, илмий ишлар ва турли соҳаларда қўлга киритилган муваффақиятлар ёдга олинди.
Талабалар ва меҳмонлар учун мусиқий чиқишлар, шеърий парчалар ҳамда театрлаштирилган саҳналар намойиш этилди. Ҳар бир чиқиш битирувчиларнинг самимий қувончи ва шодлигини ифода этди.
Институтни битирган ёш мутахассислар бугун янги ҳаёт босқичига қадам қўймоқдалар. Улардан мамлакат тараққиёти ва иқтисодий ислоҳотлар жараёнида муносиб ҳисса қўшишлари кутилмоқда.
Шубҳасиз, 2025 йилнинг мазкур битирув кечаси талабалар учун нафақат унутилмас хотира, балки келажак йўлида янги мақсад ва интилишлар учун катта рағбат бўлиб хизмат қилади.
Содиржон ЯКУБОВ,
Тошкент менежмент ва
иқтисодиёт институти
профессори.