Кичик ҳикоялар

Ўролбой ҚОБИЛ
Муаллиф ҳақида: Ўролбой Қобил – 1955 йилда Қамаши тумани Гулистон қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олган. Кўп йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган. Ҳозирги кунда нафақада. Муаллифнинг “Кечиккан карвон қўнғироғи”, “Адир ортидаги қишлоқ”, “Эна тупроқ”, “Қамаши гурунглари”, “Кўнгилга йўл” номли китоблари чоп этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ЁНИБ ТУРГАН ЧИРОҚ
— Ҳув, газадаги уй Хушбоқ бобоники, бечора кеча вафот этди, — деди суҳбатдошим Собир муаллим кўнгли бузилиб.
— Нима, қариндош эдими? — сўрадим ундан.
— Йўқ, аммо фақат менга эмас, бутун Дўнгқишлоққа азиз одам эди, бечоранинг чироғини ёқадигани қолмагани чатоқ бўлди-да…
— Ёш бола эдик, — дея сўзини давом эттирди суҳбатдошим. — Хушбоқ бобонинг бир туп ёнғоғи бор эди, меваси пишгач, худди чуғурчуқдек ёпирилардик. Чол ҳам, кампир ҳам бизларни қувламасди, чўнтагимизни, этагимизни тўлдириб ёнғоқ берарди. Фақат битта шарти бор эди.
— Қанақа шарт? — дедим қизиқиб.
— Ўлсак, бовом деб, момом деб йиғлайсизлар, — деб тайинларди. Бизлар “хўп”, “хўп” деб кетардик.
Чол билан кампир ортимиздан кулиб кузатиб қолишарди. Аввал Ойтош момо ўлди, бутун қишлоқ энамлаб кўмди. Бир йил ўтиб, буғдой пишиғида Хушбоқ бобо ҳам оламдан ўтди. Эл-улус отамлаб кўмиб келди. Жанозада биров айтди: ҳатто қирқ йил раис бўлган Саттор оқсоқолнинг маъракасида ҳам бунчалик халойиқ тўпланмаган экан.
Тепадаги ҳовлига қарайман, бир туп ёнғоқ дарахти Хушбоқ бобо ва Ойтош момодан қолган тирик ёдгорлик эди.
Ҳа, бобо-момодан фарзандлар қолмаган бўлса-да, уларни дуо қиладиган эл — бутун қишлоқ аҳли ва бир туп катта ёнғоқ қолди. Демак, уларнинг чироғи ёниб туради…
АРМОН
Қирқ йил мактабда директорлик қилган фидойи муаллим ҳақида мақола ёзган эдим. Орадан анча фурсат ўтиб, ўша муаллимнинг вафот этганини эшитиб, таъзия билдириш учун уйига бордим.
Ҳол-аҳвол сўрашиб бўлгач, муаллимнинг ўғли деди:
— Отам ҳақида мақола ёзмоқчи эдингиз, ёздингизми? Отам бечора ўшани кўп кутди-да…
Мен ҳайрон бўлдим. Ахир мақола бир ҳафта ўтиб, газетада босилган эди.
— Биз ўқимадик…
Ўртага ноқулай жимлик чўкди. Шу пайт дераза рахида турган, гултувак тагига тўшалган газетага кўзим тушди. Синчиклаб қарадим, ўша газета!
— Ана, ўша газета! — дедим.
Ўғил ўрнидан туриб, газетани олди ва мақолани кўрди, сўнгра ўтириб қолди, юзлари қизарди, кўзларидан ёш оқди.
— Отам бечора буни қанчалар кутган эди-я…
Ҳолбуки, марҳумнинг уч ўғли ва келини олий маълумотли, ўқимишли эди.
ЭЛ
Ниҳоят, қабр устига сўнгги чим босилди. Мулла фотиҳа ўқишни бошлади. Фотиҳа тугаб, ҳамма ўрнидан туриб тарқалаётган пайтда Шерқул бобо марҳумнинг ўғлини тўхтатди:
— Ўғлим, отанг менинг болалик дўстим эди, тақдирни қаранг, унга шаҳарда яшаш насиб этди. Аҳён-аҳёнда бозорда учрашиб қолардик. Раҳматли рўзғор ташвишлари билан андармон бўлиб, туғилган қишлоғини, элини унутди. Ҳатто кексайганда ҳам бирор марта келмади. Элнинг тўйига, маъракасига бош қўшмади. Лекин, болам, эл кечиримли, элнинг бағри кенг, қара, отангнинг таъзиясида қанча одам қатнашди! Айт, қайси бирини танийсан?
Неъматжон “танимайман” деган оҳангда бош чайқади.
— Ҳа, тўғри, танимайсан, аммо бу сенинг эмас, отангнинг айби, сенга уруғ-аймоғи, хели-хеши ҳақида сўзламаган, уқтирмаган. Кўрдинг, тобутни қанча одам кўтарди, елкадош, ғамдош бўлди. Буни эл дейди, болам!
Неъматжон Шерқул бобонинг сўзларини диққат билан тинглаб дилига жойлади, ўзига зарур хулосалар чиқарди.
— Ҳа, буни эл дейдилар…
БИР ПАРЧА ЕР
Қишлоқ четидаги чимзор болаларнинг севимли жойи эди. Болалар сигир, қўй-эчкиларини шу ерга ҳайдаб келиб боқишар, футбол ўйнашарди.
Ўтган йили Содиқ фермер чимзорни ҳайдатиб ташлади. Ер унинг контурига тушган эмиш.
Парда бобо ошнаси Юсуф оқсоқолни эргаштириб, Содиқ фермерни излаб топишди. Фермер талмовсиради. Ер унга тегишли эмас экан.
Парда бобо аччиқ устида деди:
— Сендек фермерлар кўприк, чойхона қуриб беряпти элдошларига, ана, Шокир фермер юзта болага китоб олиб берибди. Ишқилиб, сенга ўхшаганларга кунимиз қолмасин-да… Мабодо қабристон сенга қарашли эмасми? Ё ўша жой ҳам контурингга тушганми?
Эртасига Парда бобо боғининг бир четидан болаларга футбол ўйнашлари учун жой ажратди. Болалар ҳам бобога бедани ўришда, меваларни теришда ёрдам берамиз, деб сўз беришди.